Йўл-транспорт ҳодисаларини текшириш ва уларнинг механизмини илмий-техник нуқтаи назардан аниқлашда ҳодиса содир бўлган жойни ўз вақтида, тўлиқ ва тўғри кўздан кечириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
ЙТҲ қисқа вақт ичида содир бўлади, бироқ унинг механизми тўғрисидаги маълумотларнинг катта қисми ҳодиса содир бўлган жойда қолган моддий изларда акс этади. Булар: транспорт воситаларининг якуний ҳолати, ғилдирак ва шиналарнинг излари, тормозланиш ва сирпаниш излари, транспорт воситалари тўқнашувидан қолган излар, йўл қопламасидаги тирналиш ва ўйилишлар, суюқлик тўкилиш излари, шиша, пластмасса, металл ва лак-бўёқ парчалари, транспорт воситаларининг деформациялари, пиёда ёки бошқа объектларнинг жойлашуви, йўл ва муҳит шароитларидан иборат бўлади.
Шу маънода ЙТҲ жойини кўздан кечиришни фақат процессуал расмийлаштириш жараёни сифатида эмас, балки келгусидаги суд автотехника экспертизасининг дастлабки ахборот базасини шакллантирувчи комплекс процессуал-техник ҳаракат сифатида қараш лозим.
ЙТҲ жойини кўздан кечиришнинг процессуал моҳияти. Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал қонунчилигида ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш мустақил процессуал ҳаракат сифатида белгиланган. Ҳодиса содир бўлган жойда жиноят содир этилганлиги ёки унинг излари мавжудлиги ҳақида маълумот бўлган ҳолларда мазкур жой кўздан кечирилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда ҳодиса жойини кўздан кечириш жиноят иши қўзғатилишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин. ЙТҲ ҳолатларида бундай ёндашув алоҳида аҳамиятга эга, чунки ҳодиса жойидаги кўплаб излар: транспорт воситалари ҳаракати, ёғингарчилик, йўлни тозалаш, транспорт воситаларини жойидан кўчириш, одамларнинг ҳаракатланиши, эвакуация ишлари натижасида қисқа вақт ичида ўзгариши ёки йўқолиши мумкин. Шу сабабли ЙТҲ жойидаги вазиятни имкони борича дастлабки ҳолатида қайд этиш муҳим ҳисобланади.
Кўздан кечиришнинг асосий вазифаси. ЙТҲ жойини кўздан кечиришнинг асосий мақсади кейинчалик ҳодиса механизмини тиклаш имконини берадиган объектив маълумотларни аниқлаш ва қайд этишдир.
Бу жараёнда: аниқлаш → ўлчаш → қайд этиш → фото-видео фиксация → схемага киритиш → объектларни олиш ва сақлаш → процессуал расмийлаштириш кетма-кетлиги таъминланиши лозим. Бунда маълумотни шунчаки қайд қилиш эмас, унинг фазовий координаталарини аниқлаш алоҳида аҳамиятга эга.
Масалан: “Йўлда тормоз изи мавжуд” деган маълумот эксперт учун етарли эмас. Экспертга камида унинг: бошланиш нуқтаси, тугаш нуқтаси, узунлиги, қайси ғилдиракка тегишлилиги, йўл чегарасига нисбатан жойлашуви, узлуксиз ёки узуқ-узуқлиги, тўқнашув жойига нисбатан ҳолати тўғрисидаги маълумотлар зарур бўлади.
ЙТҲ жойини кўздан кечиришда “ўзгарувчан далиллар” устуворлиги. Замонавий криминалистик ёндашувда тез йўқолиши мумкин бўлган изларни биринчи навбатда қайд этиш мақсадга мувофиқ. ЙТҲ учун буларга: шиналар излари, суюқлик излари, сочилган майда қисмлар, йўл қопламасидаги янги тирналишлар, транспорт воситаларининг дастлабки жойлашуви, светофорнинг иш режимига оид мавжуд маълумот, об-ҳаво ва ёритилганлик ҳолати киради. Бу принципни шартли равишда: “аввал йўқолиши мумкин бўлган маълумотни сақлаб қол, кейин барқарор объектларни ўлча” деган методик қоида билан ифодалаш мумкин. ЙТҲ жойини текширишни уч босқичга ажратиш мақсадга мувофиқ:
I босқич — Умумий кўриниш; Ҳодиса жойининг умумий ҳолати қайд қилинади. Йўлнинг йўналиши, транспорт воситалари, чорраҳа, йўл белгилари ва бошқа объектлар бир кадрда ёки ўзаро боғлиқ кадрларда акс эттирилади.
II босқич — Ўрта масштабда қайд қилиш; Транспорт воситалари ва асосий изларнинг бир-бирига нисбатан жойлашуви қайд қилинади.
III босқич — Деталли қайд қилиш; Алоҳида из ва объектлар: тормоз излари, тирналиш, синиқлар, деформация, шина излари, йўл қопламасидаги контакт излари масштабли фотосуратларда қайд этилади.
Экспертлик нуқтаи назаридан энг муҳим талаблардан бири – объектларнинг жойлашувини ягона координата тизимида қайд этишдир. Бунинг учун барқарор ориентир танланади. Масалан: йўл четининг аниқ нуқтаси, бино бурчаги, электр устунлари, йўл белгиси устуни, йўл ўқининг шартли нуқтаси. Барча асосий объектлар ушбу координата тизимига нисбатан ўлчанса, эксперт кейинчалик ҳодиса жойининг масштабли схемасини қайта тиклаши мумкин.
Ҳар бир транспорт воситасининг ҳолати камида икки мустақил координата билан қайд қилиниши мақсадга мувофиқ. Масалан, енгил автомобил учун: А нуқта — олд чап ғилдирак ўқи, В нуқта — орқа чап ғилдирак ўқи, Уларнинг базавий чизиққа нисбатан масофалари ўлчанади. Бу усул транспорт воситасининг нафақат жойлашган нуқтасини, балки унинг йўл ўқига нисбатан бурилиш ҳолатини ҳам тиклаш имконини беради.
ЙТҲ жойида қуйидаги геометрик параметрлар муҳим: қатнов қисми кенглиги, ҳаракат полосалари кенглиги, йўл ёқаси кенглиги, ажратувчи полоса, тротуар, йўл чизиқлари, чорраҳа геометрияси, эгрилик радиуси, бўйлама қиялик, кўндаланг қиялик. Йўлнинг бўйлама қиялиги айрим автотехник ҳисобларда бевосита аҳамиятга эга. Чунки қиялик транспорт воситасининг секинланиши ва тўхташ масофасига таъсир кўрсатади.
Йўл қопламасининг ҳолатини қайд этиш. “Асфальт йўл” деб ёзиш етарли эмас. Қоплама: қуруқ, нам, ҳўл, ифлосланган, музлаган, қор билан қопланган, шағалланган, локал шикастланган эканлиги қайд қилиниши керак. Чунки транспорт воситасининг тормозланиш имкониятини баҳолашда йўл-шина ўзаро таъсири асосий омиллардан ҳисобланади.
Шина ва тормоз изларини қайд этиш. ЙТҲ жойида аниқланган ғилдирак излари алоҳида тадқиқ қилиниши лозим. Излар шартли равишда, тормозланиш, блокланган ғилдирак сирпаниши, ёнлама сирпаниш, айланиб ҳаракатланиш, ABS ишлаши билан боғлиқ излар кўринишида бўлиши мумкин.
Бироқ изнинг тури фақат ташқи кўриниши асосида қатъий белгиланмаслиги лозим. Эксперт унинг: шакли, интенсивлиги, давомийлиги, транспорт воситаси траекторияси, шина ҳолати, автомобиль тузилиши билан ўзаро боғлиқлигини текширади.
Экспертлик амалиётида энг кўп учрайдиган муаммолардан бири тормоз изи бошланиш нуқтасининг нотўғри белгиланишидир. Из: бошланиш → кучайиш → барқарор из → сусайиш → тугаш структурасига эга бўлиши мумкин. Шунинг учун фақат “из 18 метр” деган маълумот етарли эмас. Изнинг қайси нуқтадан бошлаб ўлчанганлиги схема ва фотоматериалларда аниқ кўрсатилиши лозим.
Тўқнашув жойини аниқлаш. Тўқнашув жойи ЙТҲ механизмини реконструкция қилишнинг асосий параметрларидан биридир. Уни аниқлашда: транспорт воситаларининг излари, йўлдаги тирналишлар, ўйилишлар, сидирилиш, шиша парчалари, пластмасса қисмлари, лак-бўёқ заррачалари, суюқликлар, транспорт воситалари деформациялари, ҳаракат траекториялари, комплекс таҳлил қилинади. Битта аломат асосида тўқнашув жойини қатъий белгилашдан сақланиш керак. Бир нечта мустақил белгиларнинг ўзаро мувофиқлиги асосида белгиланса мақсадга мувофиқ.
Пиёда уриб кетилган ҳолатларда қўшимча равишда: эҳтимолий биринчи контакт нуқтаси, пиёданинг кейинги ҳаракат йўналиши билан боғлиқ излар, транспорт воситасидаги контакт излари, кийим ёки бошқа объектларга оид излар, пиёдалар ўтиш жойи, йўл белгиси, светофор, кўриниш шароити қайд этилиши муҳим. Эксперт кейинчалик мазкур маълумотларни транспорт воситасидаги шикастланишлар билан ўзаро солиштириши мумкин.
Кўриниш ва кўзга ташланиш масофаси. Автотехник экспертизада икки тушунчани фарқлаш муҳим: умумий кўриниш масофаси ва муайян объектнинг кўзга ташланиш масофаси. Айниқса тунги вақтда улар бир хил бўлмаслиги мумкин. Тадқиқотда: йўл ёритилганлиги, транспорт воситасининг ёритиш приборлари, объектнинг контрасти, йўл геометрияси, об-ҳаво, тўсиқлар аҳамият касб этади.
Фото ва видеофиксация. Замонавий ЙТҲ текширувида фото-видеофиксация схема ўрнини босувчи эмас, балки уни тўлдирувчи ахборот манбаидир. Фотосуратлар: ориентирловчи → обзор → узел → детал кетма-кетлигида олиниши мақсадга мувофиқ. Деталли фотосуратларда зарур ҳолатда масштаб ўлчов воситасидан фойдаланиш мумкин. Фотоматериалнинг қиймати унинг бошқа процессуал маълумотлар билан боғланиши орқали ошади.
ЙТҲ схемасига қўйиладиган экспертлик талаблари. Схемада камида қуйидаги объектлар аниқ кўрсатилиши мақсадга мувофиқ: транспорт воситалари, ҳаракат йўналишлари, йўл чегаралари, йўл ўқи, полосалар, белгилар, чизиқлар, светофорлар, тормоз ва шина излари, сочилган қисмлар, эҳтимолий контакт зонаси, бошқа аҳамиятли объектлар, асосий ўлчамлар, танланган базавий чизиқ ва ориентирлар. Схемадаги ҳар бир муҳим объект баённома ва фотоматериаллар билан идентификация қилиниши лозим.
Экспертиза ташкилотига қандай материаллар тақдим этилиши керак?
Автотехник экспертизанинг тури ва қўйилган саволларга қараб материаллар тўплами фарқ қилади. Бироқ ЙТҲ механизмини тадқиқ қилишда қуйидаги материаллар алоҳида аҳамият касб этади: ЙТҲ жойини кўздан кечириш баённомаси, ЙТҲ схемаси, фотожадваллар, видеоёзувлар, транспорт воситаларини кўздан кечириш материаллари, транспорт воситаларига оид техник маълумотлар, йўл шароити ҳақида маълумот, зарур ўлчов натижалари, электрон ёки рақамли маълумотлар мавжуд бўлса, уларнинг процессуал тартибда олинган нусхалари, эксперт олдига қўйилган саволларни ҳал қилиш учун зарур бошқа иш материаллари.
Бу ерда асосий принцип: экспертга “кўпроқ ҳужжат” эмас, балки “саволни илмий ҳал қилиш учун етарли, ишончли ва текшириладиган маълумотлар мажмуаси” керак.
Эксперт нуқтаи назаридан таклиф этилаётган замонавий алгоритм. ЙТҲ жойини кўздан кечириш ва материалларни экспертизага тайёрлашнинг қуйидаги модели мақбул ҳисобланади: ЙТҲ ҳақида хабар → ҳодиса жойини муҳофаза қилиш → тез ўзгарувчан изларни фиксация қилиш → умумий фото-видео қайд → координата тизимини белгилаш → транспорт воситаларини ўлчаш → изларни ўлчаш → йўл параметрларини қайд қилиш → деталли фотофиксация → схема → процессуал баённома → объект ва рақамли маълумотларни тегишли тартибда расмийлаштириш → экспертиза турини белгилаш → эксперт саволларини шакллантириш → материалларнинг етарлилигини текшириш → экспертиза ташкилотига юбориш.
Энг муҳими, эксперт хулосасининг аниқлиги фақат экспертнинг малакасига эмас, балки унга қандай сифатдаги бошланғич маълумотлар тақдим этилганига ҳам бевосита боғлиқ. Шу сабабли ЙТҲ жойини кўздан кечирувчи субъектлар ва суд автотехника экспертлари ўртасида ягона методик ёндашувни шакллантириш суд-экспертлик амалиётини такомиллаш- тиришнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза
маркази Бухоро вилоят бўлими етакчи
экспертиИзамов Бахтиёр Бобомуродович.