Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ва унинг ҳудудий бўлимларида судга оид транспорт-баҳолаш экспертизалари ўтказилади. Ҳозирги кунда транспорт баҳолаш тадқиқотлари бўйича мутахассис фикри бериш амалиёти ҳам йўлга қўйлган. Мутахассис фикри хизматлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига муфовиқ бажарилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6256-сонли Фармонининг 7-бандига биноан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ, суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқот ўтказиш ҳуқуқи берилди. Бунда тадқиқот натижаларига кўра мутахассис фикри тақдим этилиши ҳам белгилаб қўйилди.
Транспорт-баҳолаш тадқиқотлари бўйича мутахассис фикри берилишининг йўлга қўйилиши жисмоний ва юридик шахслар учун бирмунча қулайликлар туғдиради. Бунда мутахассис транспорт-баҳолаш тадқиқотларини судга оид транспорт-баҳолаш экспертизаси тадқиқотлари билан бир хил тартибда, бир хил шакл ва босқичларда олиб борилади. Транспорт-баҳолаш тадқиқотлари йўналиши бўйича мутахассис фикрлари транспорт-баҳолаш мутахассислиги бўйича махсус малака сертификатига эга бўлган Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ва унинг ҳудудий бўлимларининг ходимлари томонидан берилади ва тегишли муассаса муҳрлари билан тасдиқланади.
Мутахассис фикри хизматлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2021 йил 29-январдаги 36-ум сон буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида ўтказиладиган тадқиқотлар учун ҳақ миқдорлари”га мувофиқ, тадқиқотларнинг турлари ва мураккаблик даражасига кўра тасдиқланган тарифларга асосан тўловли тартибда амалга оширилади.
Транспот-баҳолаш тадқиқотлари йўналиши бўйича мутахассис фикри сўраб мурожаат қилган юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари биринчи навбатда экспертиза муассасаси раҳбари (бўлим мудири) томонидан кўриб чиқилади ва мурожаатчига мутахассис фикри берилиши учун зарур бўлган асосий талаблар тушунтирилади. Агарда мутахассис фикри берилиши сўралаётган масалалар юзасидан бўлимда ушбу тадқиқотларни олиб бориш учун етарли шарт-шароитлар, тадқиқот услублари ва мутахассислар мавжуд бўлса, мурожаат тегишли тартибда экспертиза тадқиқотлари билан бир қаторда рўйхатга олинади, тадқиқотлар ўтказилади ва натижаси ижрочига юборилади.
Транспорт-баҳолаш тадқиқотлари йўналиши бўйича мутахассис фикри сўраб берилган мурожаатлар билан биргаликда, текширилиши лозим бўлган тадқиқот объектларининг хужжатлари (қайд этиш гувоҳномаси) ҳам тақдим қилиниши лозим. Мурожаатда ҳам тадқиқот объектларининг сони ва русумига оид аниқ маълумотлар баён этилиш лозим.
Мурожаатлар асосида ўтказиладиган тадқиқотларнинг энг муҳим шартларидан бири, бу мутахассис фикри тадқиқотлари учун амалга оширилиши лозим бўладиган тўловни тадқиқотлар бошланишига қадар амалга оширилиши ҳисобланади, яъни мурожаатчи тадқиқотлар бошлангунига қадар белгиланган миқдордаги тўловини амалга ошириши лозим.
Қабул қилиб олинган мурожаат Х.Сулаймонова номидаги РСЭМнинг “rsem.uz” электрон дастурида рўйхатга олинади ва ушбу дастур орқали тегишли мутахассисга ижро учун юборилади.
Транспорт воситасини кўздан кечириш ишларини бошлашдан олдин мутахассис қуйидаги хужжатлар билан танишиб, керакли маълумотлар ёзиб олиши керак: транспорт воситаси эгаси тўғрисидаг маълумотлар; рўйхатдан ўтиш хужжатларининг маълумотлари; идентификация рақамлари (VIN); русуми (модификацияси); двигатель рақами, тури, ишчи хажми ва қуввати; ранги; агрегатларнинг алмаштирилган санаси (агар алмаштирилган бўлса); давлат рақам белгиси; ишлаб чиқаручи, импрот қилувчи давлат; хужжат асосида босиб ўтган йўли (агар сервис китобчаси мавжуд бўлса).
Тадқиқот объектларини кўздан кечириш мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс томонидан ташкил этилади ва мутахассис томонидан тадқиқот объектини кўздан кечирилиши учун шароит яратиб бериши лозим.
“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”нинг 30-бандида “Кўрикдан ўтказиш талаб қилинадиган текшириш объектларини (экспертиза муассасасига тақдим этилган объектлардан ташқари) экспертизалардан ўтказишда суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) суд эксперти учун объектга тўсиқсиз киришни ва уни текшириш имконини таъминлаши кераклиги белгилаб қўйилган.
Мазкур йўриқноманинг 30-банди талаби мутахассис тадқиқотларини олиб бориш жараёни учун ҳам амал қилади. Яъни мутахассис фикри берилишини сўраб мурожаат қилган юридик ёки жисмоний шахс мутахассиснинг тадқиқот объектига тўсиқсиз киришини ва уни текшириш имконини таъминлаши керак.
Мурожаатларга мувофиқ ўтказиладиган тадқиқотларни бажаришда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2011 йил 2 март куни №2202-сон билан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” талабларига қаъий амал қилиниши лозим.
Умумий тартибда транспорт-баҳолаш тадқиқотлари объектига қуйидагилар киради: мураккаб буюм сифатида қараладиган барча русумдаги авто-мото транспорт воситалари; авто-мото транспорт воситаларининг агрегатлари, бирикмалари ва эҳтиёт қисмлари; автомобиль ишлаб чиқарувчи, автотаъмирлаш корхоналари вакилларининг, автомобиль ва унинг эҳтиёт қисмларини сотувчи шахслар ва ташкилотлар томонидан бериладиган маълумотлар; транспорт воситалари ва уларнинг қисмлари нархи ҳақидаги тадқиқот ўтказиш учун тақдим этиладиган хужжатлар.
Қуйидаги фактик маълумотлар транспорт-баҳолаш тадқиқотининг предмети бўлиб ҳизмат қилади: авто-мото транспорт воситаларининг русуми, модели, авто-мото транспорт воситалари ва ускуналарни тури; авто-мото транспорт воситалари ва ускуналарининг ишлаб чиқарилган вақти; авто-мото транспорт воситалари ва ускуналарининг юрган масофалари ёки ишлатилган вақти ва уларнинг умумий техниқ ҳолати; авто-мото транспорт воситалари ва ускуналарнинг тўплами; бирикмалар, агрегатлар ва эҳтиёт қисмларнинг тегишлилиги (агар бунинг учун бошқа турдаги тадқиқот ўтказилиши талаб этилмаса); авто-мото транспорт воситаларива ускуналарнинг шикастланиши, нуқсонлари, носозликлари; авто-мото транспорт воситалари ва ускуналарнинг баҳоси.
Транспорт-баҳолаш тадқиқотлари қуйидаги масалаларни ҳал этишга қаратилган:
- авто-мото транспорт воситалари ва ускуналарнинг турини, русумини, моделини, ишлаб чиқарилган вақтини ва техникавий кўрсаткичларини техник паспорт ёки бошқа хужжатларда кўрсатилган маълумотларга тўғри келишини текшириш, агар бунинг учун бошқа турдаги тадқиқот талаб этилмаса;
- авто-мото транспорт воситаларининг техникавий ҳолати ва шикастлар мавжудлиги ҳақида маълумотларни текшириш, агар бунинг учун бошқа турдаги тадқиқот талаб этилмаса;
- авто-мото транспорт воситалари шикастланиш характерини ва уларни бартараф этиш усулларини аниқлаш;
- авто-мото транспорт воситасига келтирилган моддий зарар миқдорини аниқлаш;
- авто-мото транспорт воситасини тиклаш харажатлари миқдорини аниқлаш;
- авто-мото транспорт воситаларининг эҳтиёт қисмлари нархини аниқлаш;
- тақдим этилган авто-мото транспорт воситасининг ишлаб чиқариш ва таъмирлаш сифатини аниқлаш;
- тақдим этилган авто-мото транспорт воситасини таъмирлаш бўйича сарф-харажатлар ҳисоботини амалдаги меъёрий хужжатларга мос келишини текшириш.
Транспорт баҳолаш тадқиқотлари Ўзбекистон Республикасининг “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Республикасининг “Ягона миллий бахолаш стандарти” талабларига мувофиқ ўтказади.
Х.Сулаймонова номидаги РСЭМнинг
Сирдарё вилоят бўлим мудири в.б.: А.А.Элибаев