Жорий йилнинг 1-30 июнь кунлари Ҳалқаро Виртуал Интерпол Академияси томонидан навбатдаги “Biometric Data and International Data Sharing» (Биометрические данные и международный обмен данными) мавзусида 4 ҳафталик “Small Private Online Course SPOC” онлайн курси ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6256-сон Фармони бўйича тасдиқланган Йўл харитасининг 27-банд ижроси, хусусан, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахслар, жиноятчилар қолдирган биологик излар, таниб олинмаган мурдалар, бедарак йўқолган шахслар бўйича геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасини яратишга доир ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар комплексининг ижросини таъминлаш мақсадида юқорида қайд этилган онлайн ўқишда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Ахборот технологиялари ва инновацияларни жорий этиш бўлими бошлиғи М.Ёкубов, Сифат менеджмент бўлими бошлиғи Д.М.Тошева, Одам ДНКси СБЭ лабораториясининг давлат суд экспертлари Д.Ахмедова, Н.Саитова, С.Бахтиярова ва Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти Суд-компютер техникавий ва суд фонография экспертизалари илмий-тадқиқот бўлими бош илмий ходими Д.Атаниязовлар иштирок этишди.
Ўқиш давомида юқори сифатли биометрик маълумотларни халқаро алмашинуви, хусусан, Интерпол биометрик маълумотларини юбориш усуллари, ДНК профиллари алмашинуви, юз идентификацияси ва бармоқ излари маълумотлари ҳамда халқаро характерга эга бўлган оғир жиноятлар, хусусан, терроризмга қарши кураш, наркотик моддаларни ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликни очишда биометрик маълумотларнинг роли кўрсатиб берилди. Интерполнинг ДНК маълумотлар базаси, бармоқ излари маълумотлар базаси ва юз идентификацияси базалари билан ишлаш, шароитга қараб юқори сифатли биометрик маълумотларни шакллантириш ёки тайёрлаш принциплари ўрганилди. Курс бўйича ўрганилган билим ва кўникмалар келгусида бармоқ излари, юз идентификацияси ва ДНК миллий маълумотлар базасида ишлаш қонун қоидаларини белгилайди. Ҳафталик тест синовлари ўтказилиб, амалий машғулот топшириқлари бажарилди ва иштирокчиларнинг курсни ўзлаштириш даражалари ижобий баҳоланди.
Ўқиш якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси ИИВ Интерпол Миллий Марказий Бьюросида Интерпол Полиция хизматлари ижрочи Директори Stephen Kavanagh томонидан ўқиш иштирокчиларига сертификатлар топширилди ва келгусида халқаро Интерпол биометрик маълумотлари билан ишлашда муваффаққият тилаклари билдирилди.