КУЧЛИ ТАЪСИР ҚИЛУВЧИ МОДДАЛАРНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ!

Маълумки, бугунги кунда гиёҳванд воситалари билан бир қаторда, кучли таъсир қилувчи моддалар билан ҳам қонунга хилоф равищда муомала қилиш инсонларнинг соғлиги ва фаровон ҳаёт кечиришига жиддий ҳавф солмоқда.

Кучли таъсир қилувчи моддаларни ноқонуний равишда вояга етмаганлар ёки носоғлом одамлар томонидан истеъмол қилиниши оқибатида, ёш оилаларнинг барбод бўлишига сабаб бўлмоқда. Кўплаб ҳар хил жиноятлар аксарият ёшлар томонидан содир қилинмокда. Шунингдек дори-дармон бизнеси туфайли катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи моддаларни Россия, Қозоғистон, Покистон, Афғонистон, Хитой ва бошқа мамлакатлардан Ўзбекистон Республикаси худудига олиб ўтиш, ёки транзит сифатида фойдаланиш, айрим шахслар ёки гуруҳлар томонидан мўмай даромад учун турли хил йўллар ва техник воситалардан фойдаланиб, одамларнинг маънавий қиёфасига жуда катта салбий таъсирини кўрсатмокда. Ҳозирги кунда сир эмаски кучли таъсир қилувчи моддаларни ноқонуний равишда истеъмол қилиш ҳолатларининг учраб туриши ҳамда, ёшларимизнинг рухан ва жисмонан соғлом бўлиб етишишлари, замонавий билим ва касбга эга бўлишлари учун барча шарт-шароитлар яратилиб берилган бўлишига қарамай шу каби моддалар билан боғлиқ жиноятларни содир қилишлари ва гиёҳвандлик йўлига кириб кетаётганлиги ачинарли ҳолдир.

Кучли таъсир қилувчи моддаларни ёки уларнинг қалбаки кўринишдаги дори-препаратларининг келтириб чиқарадиган салбий фармакологик таъсирлари ҳақида айтиш лозимки, уларнинг одам организмига таъсир этиш хусусиятлари кўп қиррали ва мураккабдир. Улар истеъмол қилинганида қуйидаги салбий ҳусусият (синдром)ларни келтириб чиқаради :

1) Толерантлик – айрим дори воситаларини узоқ муддат қабул қилиш натижасида уларнинг таъсирини сусайиши (организмнинг дори препаратларига сезувчанлигини камайиши, натижада кўпроқ дори талаб қилади);

2) Препаратга ўрганиб қолишлилик (жисмоний ва рухий ўрганиб қолиб ва яна қабул қилишликка мойиллик келтириб чиқарувчи);

3) Препаратни мунтазам қабул қилинганда одамни руҳан ва жисмонан издан чиқариб, инсонийлик қиёфасини йўқолишига олиб келувчи;

4) Организмнинг бирор таъсиротга нисбатан жуда сезгир бўлиб қолиши ва ҳокозолар.

Суд экспертиза амалиётидан кўриш мумкинки, кўп ҳолларда айрим ўсмирлар бу заҳри қотил домига тушиб қолмоқдалар. Бугунги кунда бу препаратларнинг тури ва сони кун сайин ортиб бормоқда. Сўнгги йилларда суд экспертиза амалиётида кўплаб учраётган кучли таъсир қилувчи моддалар – Прегабалин, Тропикамид, Залеплон дори воситалари шулар жумласидандир.

Бу дорилар дастлаб кучли оғриқ билан даволанаётган беморлар учун оғриқ кучини қолдирувчи дори воситаси сифатида фойдаланишган. Унга саломатлик бахш этувчи даво сифатида қаралган. Ҳозирги кунда мазкур дори воситаларидан баъзи бир инсонлар наркобизнес йўлида кенг фойдаланиб, ёшларни алдов йўли билан бу дори воситасига қарам қилиб қўйишмоқда. Бу эса ҳаётимизда гиёҳвандликнинг янгича кўринишини пайдо қилмоқда. Ушбу арзимасдек кўринган дори воситалари ёшларни йўлдан адаштирадиган, қолаверса, уларни соғлом ҳаёт тарзидан узоқлаштирадиган восита сифатида қаралмоқда.

Ҳозирги кунда ноқонуний равишда кучли таъсир қилувчи моддаларни  ёки уларнинг соҳталаштирилган турларини истеъмол қилиш, тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш билан боғлиқ бўлган вазиятларнинг мураккаблашиб кетиши ҳушёрликни янада кучайтириш заруриятини келтириб чиқармоқда. Маълумки, шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида”ги 818-сонли қарори билан 78 турдаги кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати ҳамда жиноий ҳаракатни таснифлашда ушбу моддаларнинг кўп миқдор кўрсаткичлари тасдиқланди. Ушбу рўйхатга прегабалин, тропикамид, залеплон, циклопентолат ва шу каби экспертиза амалиётида тез тез учраб турадиган дори воситалари киритилди ҳамда ушбу дори воситаларининг чакана савдоси фақат ижтимоий дорихоналар, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ҳамда тарқатиш ҳуқуқига эга бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Тиббиёт ходимларининг аниқ кўрсатмаларисиз ноқонуний кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишдан огоҳ бўлиш-келажакда  фарзандларимизни носоғлом, ногирон (мажруҳ) бўлиб қолишини олдини олади.

 

“Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик

экспертизаси” лабораторияси бош эксперти,

1-даражали юрист,

фармацевтика фанлари номзоди                                       Халилова Н.Ш.

Skip to content