Суд экспертиза соҳасида давра суҳбати!

✅Жорий йилнинг 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида республиканинг барча суд экспертиза муассасалари, судлар, адвокатлар, олий таълим муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вакиллари иштирокида “Суд экспертиза соҳасидаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни ечимига оид амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

✅Давра суҳбатида Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази, Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Экспертиза – криминалистика бош маркази, Республика кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонаси ва бошқа суд-экспертиза муассасалари вакиллари иштирок этишди.

✅Ушбу тадбирда суд-экспертлик соҳасида эришилган натижалар билан бирга, соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича фикр алмашилди.

✅Тадбирда суд экспертиза муассасалари томонидан суд-тергов органлари қарорлари (ажримлари) ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари асосида тадқиқотлар ўтказилиб, экспертиза хулосалари берилганлиги, ушбу тадқиқотлар республикадаги жиноятчиликни фош этиш, одил судловни амалга ошириш ҳамда инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнаганлиги таъкидланди.

✅Шу билан бирга, нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишига руҳсат берилиши билан соҳадаги қонунчилик янада такомиллаштирилиши лозимлиги ҳамда суд экспертиза йўналишида илмий ишлар билан шуғулланувчи махсус муассаса ташкил этилиши суд экспертлик соҳасининг ривожига хизмат қилиши қайд этилди.

✅Тадбир иштирокчиларининг суд-экспертиза фаолиятига оид барча саволларига суд экспертиза муассасалари вакиллари томонидан тўлиқ жавоб берилди.

✅Тадбир якунида соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан ҳамкорликни амалга оширишга келишиб олинди.