Суд-экспертлик амалиётида ДНК таҳлили молекуляр-генетик тадқиқотлар орқали суд ва тергов учун муҳим маълумотларни олиш учун қўлланилади.
Ҳозирги вақтга келиб криминалистик ДНК таҳлил учун ишлаб чиқарилаётган реактивларнинг янги авлоди илгари яроқсиз бўлган объектлардан ҳам натижа олиш имконини бермоқда.
ДНК технологиялари сезгирлик даражаси нияҳоятда юқорилиги сабабли, ҳаттоки 4 дона ҳужайрадаги генетик биоматериал ПЗР(полимераза занжирий реакция) орқали миллион маротаба ошириш орқали шахсни идентификация қилиш учун етарли бўлади.
Аммо, молекуляр-генетика соҳасидаги технологияларнинг ривожланиши тадқиқотчилар олдига “КОНТАМЕНАЦИЯ” деб аталадиган муаммога алоҳида эътибор қаратишни тақазо этмоқда.
Контаменация ўзи нима? Контаменация инглизча “contamination”-сўзидан келиб чиққан бўлиб, “ифлосланиш” деб таржима қилинади. Экспертлик амалиётида контаменация тушунчаси бир шахс биоматериалини бошқа шахс биоматериали билан аралишиб қолиши ёки умуман ишга алоқаси бўлмаган ашёвий далилдаги биоматериал ўзга шахслар биоматериали билан кирлаланишини билдиради.
Келинг тарихга бир назар ташлайлик. 1980-йилларда, ДНК экспертизаси дастлабки ривожланиш экспертлар фақатгина қон, сўлак, маний каби тана ажратмаларини экспертиза объектлари сифатида ишлатишган. Бу борадаги тасаввурларнинг барчаси ДНК молекулаларини нафақат суюқликлардан, балки одам бармоқ изидан ҳам ажратиб олиш мумкинлиги исботлагандан сўнг ўзгариб кетди. Кашфиёт илмий доираларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур янгилик дунёнинг бир неча ривожланган давлатлари лабораторияларда ўрганиб чиқилиб, дарҳақиат турли шахслар ДНК молекуласи қисқа муддатда, узоқ масофаларга тарқалиши мумкинлигини исботланди.
Бунинг учун қуйида тажриба ўтказилган. Бир стол атрофига кўнгилиларни йиғиб, улардан бир нечтаси шарбат солинган бир идишни қўлма-қўл узатиб ичишган. Қолганлари эса, стакандаги шарбатдан ичиб кўрмаган ва шарбат солинган идишни ушламаган. 20 дақиқадан сўнг, стол-стул, стакандан ва кўнгиллиларнинг кафтларидан суртмалар олинган. Ўтказилган ДНК тадқиқотлри натижасига стаканни ушламаган 25% иштрокчининг биоматериали суртмаларда аниқланган. Шунингдек, тажрибада қатнашган кўнгиллилар бир-бирлари билан қўл узатиб кўришмаган бўлсаларда, уларнинг кафтларидан олинган суртмаларнинг 50 фоизида суҳбатдошларнинг ДНК молекуласи мавжудлиги аниқланган. Бундан ташқари кўнгиллилар кафтидан олинган суртмаларда тажриба хонасида иштирок этмаган номаълум шахслар генетик материалларини ҳам аниқланган. Бунинг ягона сабаби-кўнгиллилар ўзлари билан кун давомида муомалада бўлган бошқа шахсларнинг “ДНКсини олиб кирганлиги” билан изоҳлади.
Тажрибадан олинган хулоса шуки, ҳар биримиз,бошқа шахслар биоматерили ташувчиси бўлиши мумкин экан (транспортдаги ҳаракати давомида, бошқа шахслар билан муомалада бўлиш вақтида ёки умумий фойдаланишда бўлган турли предметларни ушлаши).
Америкалик адвокат Эрин Мёрфи ўзининг “Ҳужайра ичида”(Incide the cell) китобида одам бир кунда 50 миллион атрофида тери ҳужайраларини ташқи муҳитга ажратишини маълум қилади. Чунки тери эпидермис ҳужайралари одамдаги энг тез янгиланувчи ҳужайралар сирасига киради. Физиолог олимлар ҳисобларига кўра, тери эпидермиси ҳар 14 кунда буткул янгиланади. Ўз-ўзидан маълумки, янги ҳужайралар эскиларини ташқи муҳитга сиқиб чиқаради. Бу эса ҳар бир одам кун давомида ўз ДНК молекуласини тери эпидермиси орқали тарқатувчисига айланади.
Контаменация оқибатида жиноятга алоқаси бўлмаган инсонлар жиноий жавобгарликка тортилиши, жиноятчилар эса жазодан қутулиб қолиши ёки тергов йўналиши бутунлай тескари томонга бурилиб кетиши ҳоллари юзага келиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, бегуноҳ шахсларни жиноятни содир этишда айбланишига сабаб бўлиши мумкин.
Контаминациянинг тергов жараёнига таъсири ҳақида маълумотлар жуда кам бўлсада, бу ҳақида, ОАВда қуйидаги мисоллар келтирилган.
2008 йил Германия полицияси ўзининг диққатини “Хайльборн шарпаси” деб номланган бир қанча ўғрилик ва қотиллик жиноятларини содир этган аёл генетик жинсидаги номаълум шахсни тутишга йўналтирди. Жиноятчини ҳаракатларида аниқ кетма-кетлик йўқлиги ва унинг ДНК заррчаларини Германия, Франция ва Австриядаги 40 ортиқ жойдан топилганлиги сабабли, уни топишга полиция умумий ҳисобда 16000 соат вақт (деярли 2 йил) сарфлади. Охир-оқибатда изқуварлар “шарпа”ни топишга муваффақ бўладилар. “Шарпа” -жиноят содир бўлган жойдан ДНК материалини олишда фойдаланиладиган тампонларни ишлаб чиқарувчи завод ишчиси бўлиб чиқади. Номаълум сабабларга кўра аёл иш вақтида биоматериал олинадиган тампонларга ўзининг генетик материалини тушириб қолдирган ва бунинг оқибатида унинг ДНКси турли Европанинг турли мамлакатларда, турли шахслар томонидан содир этилган ва бир-бирига умуман алоқаси бўлмаган жиноятларда аниқланган ва терговни нотўғри йўналишда кетишига сабаб бўлган. Шунингдек, интернетдаги суд экспертлар форумида қуйидаги ҳолат фаол муҳокама қилинганлини мисол сифатида келтириш мумкин. Россия Федерацияси вилоятларининг бирида қотиллик содир этилганлиги ва мурданинг кийимларида номаълум шахс генотипи(ҳар бир шахс учун индивидуал бўлган генетик белгилар мажмуаси) аниқланади. Орадан унча кўп вақт ўтмай яна бир бошқа қотиллик содир этилади. Мазкур жиноят бўйича гумонланувчи топилиб, ўз айбига иқрор бўлиб турган бир вақтда, ўтказилган ДНК экспертизаси хулосасига кўра биринчи содир этилган жиноят ишидаги номаълум шахс генотипи иккинчи жиноят ишига таалуқли ашёвий далилларда ҳам аниқланади. Бу ҳолат гумондорни айбсиз деб тан олишга асос бўлади. Бироқ, бир қанча муддат вақт ўтиб, бошқа бир мурда топилади. Унинг ҳам кийимларидан бундан аввал содир этилган жиноятлардаги номаълум шахс генотипи аниқланади. Изқуварлар энди ростманасига сериали қотил ҳақидаги версияни олға сура бошлайдилар. Уч жиноят бўйича далиллар бир-бирига қарама-қарши бўлганлиги ва ягона гумондаги шахс топилмаганлиги сабабли терговчилар барча гумонланувчиларни қўйиб юборишга мажбур бўладилар. Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида аслида мавжуд бўлмаган “серияли қотил” учала ишда ҳам воқеа жойига биринчи бўлиб етиб келган полиция тезкор ходими эканлиги аниқланди. Аниқланишича, у ҳар сафар жиноят содир бўлган жойга ҳаммадан эрта келиб ашёвий далилларга ўзининг биоматериалини беихтиёр тарқатишга улгурган бўлиб чиқади.
Юқорида келтирилган мисоллар жиноятга алоқаси бўлмаган, айбсиз шахслар ДНК зарралари воқеа жойидан олинган ашёвий далилларга юқишига ёхуд полиция ходимининг ўзбошимчалиги ва экспертиза учун намуналарни олиш қоидаларига амал қилмаганлиги терговни узоқ муддат қимматли вақтини беҳуда сарфланишига сабаб бўлган.
Контаменация жараёнини вақт нуқтаи назаридан шартли икки босқичга бўлиш мумкин бўлади. Экспертиза тадқиқотларига қадар контаминация ва тадқиқотлар бошлангандан сўнг юзага келган контаминация. Буни олдини олиш учун доимо антиконтаминация чора тадбирларини ўтказиш лозим бўлади.
Экспертиза тадқиқотларига қадар контаменация сабаблари ичида энг кўп тарқалгани бу-жиноят содир бўлган жойни кўздан кечиришда иштирок этувчи шахсларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида ва ДНК экспертизасига қадар ўтказиладиган бошқа турдаги экспертиза тадқиқотлар жараёнида ашёвий далилларни кирланиши. Буни олдини олиш учун доимо антиконтаминация чора тадбирларини ўтказиш лозим бўлади. Аввало, жиноят содир бўлган жойни изоляция қилиш орқали бегона шахсларни киритмаслик;
воқеа жойига чиққан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва экспертлар бир марталик экипировкадан фойдаланиш;
ашёвий далиллардан намуна олиш учун фақат стерил бир марталик жиҳозлар (масалан, мурданинг тирноқ пластинкасини олиш учун ишлатиладиган бир марталик қайчи, пинцет ва ҳ.з.лар) ишлатилиши; ҳар бир ашёвий далил алоҳида махсус ҳаво ўтказувчи пакетга ёки стерил идишга қадоқланиши шарт бўлади.
Экспертиза тадқиқотлари жараёнидаги контаминация суд экспертиза лабораторияда ўтказиладиган суд экспертиза тадқиқотлари жараёнида рўй бериши мумкин. Лабораторияда келиб чиқиши мумкин бўлган контаминация сабабларидан бири – бир вақтнинг ўзида бир хонада ашёвий далил ва солиштирма намуналарни тадқиқотини олиб бориши, шунингдек, муқаддам ўтказилган экспертиза тадқиқот объектларини кейинчалик ўтказиладиган экспертизаларда “намоён” бўлишини мисол қилсак бўлади.
Нотўғри натижаларни олдини олиш мақсадида, ДНК лабораториясида доимий равишда антиконтаминация иш жойини, жиҳозларни, ускуналарни махсус ДНК молекуласини парчаловчи реагентлар, масалан “DNA cleaner” билан ишлов бериш тўлиқ тозалаш, бир марталик махсус кийим (ниқоб, қўлқоп, бош кийим ва ҳ.з)дан фойдалаш, ҳар ойда “тозалик” кунини ўтказиш лозим бўлади.
Чет эл криминалистик лабораторияларида бундан ташқари “элиминация рўйхати”, яъни “инкор этиш рўйхати”ни тузиш амалиёти мавжуд. Мазкур рўйхатга ҳодиса жойида чиққан барча шахслар ҳамда ДНК лабораторияси худудига киришга рухсати бўлган барча шахслар (лаборатория ходимлари ва бошқалар) генетик паспорт маълумотлари киритилади ва шу орқали контаменация юзага келган ҳолатларни аниқланашга ёрдам беради.
ДНК экспертизаси лабораторияларида эса ИСО 17025 стандарти талабларига қатъий амал қилган ҳолда ишламоғи даркор бўлади.
Бундан ташқари Европа суд экспертиза лабораториялари тармоғи (ENFSI) халқаро ДНК экспертлари ишчи гуруҳларининг ҳисоботларида доимий равишда контаминация жараёни ҳақида бюллитен чоп этиладиган умумий антиконтаминация чора тадбирларини жорий этиш бўйича техник тавсияларни доимий равишда амалиётга тадбиқ қилиш контаменацияга қарши яхши профилактик самара беради.
Одам ДНКси СБЭ лабораторияси эскперти Б.Б.Ахмедов