KPI асосида иш самарадорлигини бошқаришга бағишланган семинар

Жорий йилнинг 30 июль куни адлия органлари ва муассасалари кадрларини бошқариш соҳасида ходимлар учун семинар-тренинг ташкил этилди.

“Самарадорликнинг муҳим кўрсатгичлари (СМК) – иш самарадорлигини бошқариш” (“KPI and Performance Management”) мавзусидаги семинарнинг мақсади СМК (KPI) концепцияси билан танишиш ва KPI тизими бўйича ташкилот фаолияти ҳамда ходимларнинг самарадорлигини баҳолашда маҳоратни ривожлантиришдан иборат.

Семинарни вазирликнинг Буюк Британия Халқаро ҳукумат шериклик агентлиги (Government Partnership International) билан ҳамкорлиги доирасида кадрлар бошқаруви бўйича британиялик мутахассис Девид Кнот ўтказди.

Семинар-тренинг давомида Д.Кнот давлат ташкилотларида KPI ни жорий этиш ва қўллашда Буюк Британия ҳамда бошқа Европа мамлакатларининг илғор тажрибалари билан ўртоқлашди. Хусусан, KPIни шакллантириш манбалари таҳлил қилиниб, уларга SMART механизмидан фойдаланиш асослари, иш фаолиятини бошқариш воситалари ва ташкилот мақсадларини шакллантириш тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, кичик гуруҳларда ташкил этилган машғулотлар давомида семинар қатнашчилари вазирликнинг умумий стратегик мақсадлари асосида вазирликнинг аниқ бир бўлинмаси мақсадини шакллантириш устида иш олиб боришди ва ушбу бўлимнинг мақсадга эришишда самарадорлигини баҳолаш учун KPI ни ишлаб чиқишди.

Вазирликда KPI тизимини жорий қилиш ва ходимларнинг бу соҳада хабардорлигини ошириш, вазирлик ва ходимларнинг ишини тартибга солишга, ижро интизоми ва мотивациясини кучайтиришга ёрдам беради ҳамда ходимларнинг саъй-ҳаракатларини вазирлик мақсадларига эришишга йўналтиради.

Эслатиб ўтамиз, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг 15-бандига биноан KPI асосида давлат хизматчиларининг фаолиятини баҳолаш мезонлари ва усулларини жорий этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

 

 

 

Манба

Skip to content