Суд-фонография экспертизасининг ҳозирги кундаги имкониятлари.

Ҳозирги кунда рақамли технологиялар ривожланиши муносабати билан видео-аудио ёзувларнинг криминалистика (суд-фонография) экспертизаси ҳам жўшқин ривожланиш босқичини ўтамоқда. Бу авваламбор, товуш ва тасвир ёзиш мосламалари имкониятларини яшин тезлигида ўсиб бориши ва товуш сигналларини таҳлил қилиш имкониятларини кенгайиши билан боғлиқдир. Жумладан, суд экспертизасининг муҳим турларидан бири – суд-фонография экспертизасини ўтказиш жараёнида мазкур технологиялар соҳамиздаги талайгина долзарб масалаларни ҳал қилишга кўмаклашмоқда.

Дарҳақиқат, суд-фонография экспертизаси бугунги кунда жиноятни очиш, уни содир қилган шахсни аниқлаш, қонуний хукмлар ва одилона ҳал қилув қарорлар чиқаришда муҳим ўрин эгаллайди.

Талайгина ҳолатларда жиноятга тайёргарликни ёки қонунбузарликга йўл қўйган шахсларни фош этишда исботловчи, гувоҳлик берувчи ҳолат ва материаллар мавжуд бўлмаган тақдирда, фақатгина уларнинг яширин равишда ёзиб олинган гап ва сўзлари мавжуд бўлганда, қилган жиноятларини очиш учун суд-фонография экспертизаси ягона исботловчи далил бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Суд-фонографик экспертизалари амалий фаолиятнинг бир соҳаси сифатида, турли меъёрий мувофиқлаштириш, фаолият субъектларининг мақоми ва функциялари, техник воситалар тизими, илмий асослар, экспертиза тадқиқотларининг метод ва методикаларидан иборат бўлган элементларнинг мураккаб тизимидан иборатдир. Шу сабабли, бу каби мураккаб ва динамик ривожланиб бораётган тизим тегишли техник воситаларни қўлламасдан мавжуд бўлиши ва ривожланиши мумкин эмас. Бундай техник воситалар орасида рақамли технологиялар муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги кунда илмий-техник тараққиёт, ахборот технологияларнинг кенг ҳажмда ривожланиши, шунингдек компьютер техникасининг тараққий этиши суд-фонографик экспертизаларининг мазмуни ва хусусиятларига янгича ёндашишни, ҳамда экспертиза тадқиқотларида замонавий техниканинг аҳамиятини сифат жиҳатдан ўзгартирадиган метод ва воситаларини жадал ривожланишини ҳосил қилди. Хусусан, илмий-техник тараққиётнинг суд-фонографик экспертизаларининг амалиётига таъсири шундаки, бу амалиётда, ўз табиатига кўра турли аппаратура (асбоб-ускуна), кўп миқдордаги қурилма ва қурилмалар тизимларини қўллаш, инновацион технологиялар билан умумий узвийликни ташкил қилувчи дастурий таъминотларни қўллашдан иборат бўлган методлардан фойдаланиш жуда кенг тарқалди.

Бундай услубларда тадқиқотларнинг бир ёки бир неча умумий – илмий методларнинг ўзига хос хусусиятларини фарқлаш мумкин. Умумий услублар сирасига суд экспертизаси амалий фаолиятининг барча соҳаларида қўлланиладиган услублар, яъни кузатиш (кўздан кечириш), таърифлаш, таққослаш, эксперимент, моделлаштириш (ҳаёлий, моддий); мантиқий методлар: таҳлил ва синтез, индукция ва дедукция, тусмол (гипотеза), аналогия ва ҳ.к.; математик методлар: ўлчаш, ҳисоблаш, геометрик тузиш, математик моделлаштириш ва ҳ.к.ларни санаб ўтиш мумкин.

Махсус услублар деганда эса, қўлланилиш соҳаси бир ёки бир неча фанлар доирасида чегараланган методларни тушуниш мумкин. Криминалистикада махсус услублар тизими қуйидагиларни қамраб олади: хусусий криминалистик методлар, яъни дастлаб криминалистика фанида ишлаб чиқилган ва фақат шу фан доирасида қўлланиладиган услублар (масалан, монтаж белгиларини аниқлашнинг фонография услуби); криминалистканинг махсус услублари, яъни бошқа фанлар доирасида ишлаб чиқилган ҳамда махсус криминалистик вазифаларни ҳал қилиш учун ўзгаришларсиз қўлланиладиган услублар.

Суд-фонография экспертизаларда қўлланиладиган услублар бу – таянч фанларнинг (акустика, лингвистика, радиофизика ва ҳ.к.) тегишли соҳаларига оид илмий билимларни қўллаш натижасидир. Фундаментал ва амалий фанларнинг ривожланиши билан бу услублар мураккаблашади, криминалистик фонографиянинг имкониятлари янада ортади ва натижада жиноят ёки фуқаролик ишлари бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун долзарб бўлган масалаларнинг кенгроқ кўламини ҳал қилиш имконияти ортиб боради, шунингдек, ушбу соҳага оид назарий ва амалий ёндашувларни такомиллашишига олиб келади. Бунда илмий билимларни интеграциялаш ва дифференциациялаш жараёнлари, таянч фанларни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш, уларни суд экспертизаларининг бошқа турлари билан уйғунлаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Ҳозирги кунда суд-фонографик экспертизаларини ўтказиш жараёнларида компьютер технологияларидан фойдаланишнинг самараси жуда сезиларли даражададир.

Шуни айтиш жоизки, ҳозирги вақтда суд-фонография лабораториясида экспертизанинг янги тури, яъни суд – видеотехника экспертизаси жорий қилинган. Видео ёзувлар кўпинча турли суд жараёнларида далил сифатида талқин этилади. Бундай ҳолларда видеоёзувларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш  жуда муҳимдир. Бундан ташқари, видеоматериалларни ёзиб олиш ва кўпайтириш ускуналарини экспертизадан ўтказиш видеофонограммаларни яратилиш шароитлари ва механизмини қайта қуришга хизмат қилмоқда. Замонавий овоз ёзиш ускуналари ўз ичига, жумладан, рақамли видеокамераларни, уяли (мобил) телефонларни, веб-камераларни, планшетларни ва бошқа электрон қурилмаларга ўрнатилган видеокамераларни олади. Видео – техник экспертизаси контрафакт маҳсулотларни аниқлаш, ёзувларни қалбакилаштиришни аниқлаш учун ҳам қўлланилади. Видеоёзув мазмунини текшириш, шунингдек, ёзиб олинган оммавий чиқишларда экстремистик ва бошқа мурожаатлар, муайян шахснинг шахсини ва ҳоказолар мавжудлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Ушбу ҳолатларнинг янгилиги ва долзарблиги, суд-фонография экспертиза соҳасининг ривожланиши, шунингдек, видеотасвирга олинган воқеалар (ходисалар) изларининг далилий қийматини оширадиган рақамли видеокузатув ва видеони қайд этиш тизимларининг кенг тарқалишидир. Шундай қилиб, турли хил рақамли қурилмалар томонидан қайд этилган аудиовизуал маълумотлар кўплаб жиноят ва ҳуқуқбузарликларни тергов қилишда, судда кўришда ҳам олдини олишда ҳам самарали ёрдам беради, деган хулосага келишимиз мумкин.

Бундай замонавий рақамли қурилмаларга автомобил видеорегистраторлари, ўз-ўзига хизмат кўрсатадиган банк қурилмаларининг ўрнатилган камералари (банкоматлар ва нақд пулсиз терминаллар) ва домофонлар, ёқилғи қуйиш шохобчалари, банклар ва бошқа муҳофаза қилинадиган объектлардаги туну-кун видеокузатув тизимлари мисол бўла олади.

Видео-техник экспертиза тайинлаш ва ишлаб чиқариш юқори сифатли кўргазмали ва далилли иллюстратив материални тақдим этишга ёрдам беради, кейинчалик улар тегишли норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳолда, алоҳида далил сифатида ишлатиладиган эксперт хулосаси шаклида тақдим этилади.

Н.Б. Абрарова – РСЭМнинг СФЭ лабораторияси мудири