Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 17-январьдаги ПҚ-4125-сон «Суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарорининг мазмун-моҳияти

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ қонун устуворлигини таъминлаш ва суд ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар қаторида 2019-йил 17-январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4125-сон «Суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг нодавлат    суд-экспертиза ташкилотларини ташкил этишга рухсат бериш ва уларга қарорнинг           1-иловасида кўрсатилган рўйхатга мувофиқ суд экспертизаларининг айрим турларини ўтказиш ҳуқуқини бериш ҳақидаги таклифи маъқулланди (рўйхатда суд экспертизаларининг 44 тури кўрсатилган бўлиб, бу соғлом рақобат мухитини ривожлантиришга ва соҳадаги мавжуд тизимли муаммоларнинг бартараф этилишига замин яратади).

Шунингдек қарор билан:

– нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертлари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини пуллик асосда қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган давлат муассасаларида (рўйхатда кўрсатилган суд экспертизаларининг 44 туридан 38 тури бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида, 4 тури бўйича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Академиясида, 3 тури бўйича  Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Зоология институтида, 1 тури бўйича Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институтида, 1 тури бўйича Ўзбекистон Бадий академиясида) ўтайдилар;

– суд экспертизаси соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тамомлаган шахсларга уларнинг касбий лаёқатини ва суд экспертларига тегишли ихтисослик бўйича қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи суд эксперти сертификати берилади;

– суд эксперти сертификатини олган шахслар ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган Ягона реестрга киритилади;

– нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд эксперти томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда суд эксперти сертификатини олмасдан туриб суд экспертизаси ўтказилишига йўл қўйилмайди;

– нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертизасини ўтказишда давлат суд-экспертиза муассасалари каби функцияларни амалга оширади, улар каби ҳуқуққа эга бўлади, мажбуриятларни бажаради ва жавобгар ҳисобланади;

– суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) нодавлат суд-экспертиза ташкилоти томонидан ўтказилган суд экспертизаси хулосасига қўшилмаган тақдирда, такрорий суд экспертизаси фақат давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан амалга оширилади;

– Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан унинг расмий              веб-сайтида белгиланган тартибда жойлаштириладиган нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари рейтинги юритилади деб белгиланди.

2019-2020 йилларда суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» қарорнинг 3-иловасига мувофиқ тасдиқланди («Йўл харитаси»да қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилиниши, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарорининг қабул қилиниши белгиланган бўлиб 2019-йил 20-апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг     338-сон «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» Қарори қабул қилинди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бундан кейин қабул қилиниши назарда тутилган «Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарорининг лойиҳаси тайёрланиб ҳозирги кунда муҳокама қилиниб бўлинган).

   Шунингдек қарор билан Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази  ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан пуллик хизматлар кўрсатишдан келиб тушадиган ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Марказнинг янги бўлинмаларини ташкил этиш ва қўшимча штатлар бирлигини жорий қилиш ҳуқуқи берилди;

– марказ ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра лавозим маошини белгилашда тариф коэффициентлари бир ярим баробар миқдорда қўлланилади деб белгиланди;

– марказга кўрсатилган пуллик хизматлардан Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармасига тушадиган маблағларнинг 50 фоизигача бўлган қисмини Марказ ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш тадбирлари учун йўналтиришга рухсат берилди;

– илмий тадқиқотлар натижаларини суд-экспертлик фаолиятига татбиқ этиш, суд экспертизаларини ўтказиш услубиётини такомиллаштириш, давлат суд-экспертиза муассасаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналиши этиб белгиланди;

– Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасалари Марказнинг тегишли бўлим ва лабораторияларига қарорнинг 4-иловасига мувофиқ бириктирилди (Марказнинг 12 бўлим ва лабораторияларига уларда ўтказиладиган экспертизалар турларидан 45 тури бўйича тегишлича 19 та илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари бириктирилди).

– терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ходимлари суд экспертининг мустақиллиги тамойилларига сўзсиз риоя қилишлари ҳамда суд экспертларининг профессионал фаолиятига ҳар қандай кўринишларда, шу жумладан ортиқча бюрократик сансалорлик ҳолатларини юзага келтириш ва асоссиз чақирувлар орқали таъсир кўрсатишга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирилди.

Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил     17-январь куни қабул қилинган ПҚ-4125-сон «Суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарори суд экспертизаси соҳасида соғлом рақобат мухитини ривожлантиришга ва соҳадаги мавжуд тизимли муаммоларнинг бартараф этилишига замин яратади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги
Республика суд экспертизаси марказининг
Қорақалпоғистон Республикаси бўлими
катта эксперти                                                                                                           А.Торениязова

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги
Республика суд экспертизаси марказининг
Қорақалпоғистон Республикаси бўлими
эксперти                                                                                                                       Д.Тажиев