Товарларни баҳолаш тўғрисида гап кетганда аввало биз товар тушунчасига эътибор беришимиз лозим бўлади.
Товар бу – инсоннинг ақлий тафаккури ва меҳнати орқали махсус меҳнат шароитида яратилган, шунингдек инсониятнинг маълум бир мақсадга қаратилган эҳтиёжини қондириш мақсадида ишлаб чиқарилган маҳсулот.
Товарлар зарурий эҳтиёжни қондирувчи маҳсулот бўлиш билан бирга у ишлаб чиқарилганда ва сотилганда – даромад манбаи, харид қилинса ва сақланса – мулк, шунинг билан бир вақтда даромад келтирувчи ишлаб чиқариш воситаси ҳам бўлиши мумкин. Шу сабабли товарларнинг сотиш ва харид қилиш, ҳамда мулк сифатида сақлаш давридаги баҳосини аниқлаш зарур ҳисобланади.
Сотувчи ўз товарини бозордаги энг юқори нархда сотишни хохласа, харидор сотиб олган маҳсулотининг қийматида алданиб қолмасликни хохлади. Шунинг учун сотувчи ҳам, харидор ҳам аксарият ҳолларда сотувга чиқарилаётган ва харид қилинаётган товарларнинг бугунги кундаги бозор баҳосидан хабардор бўлишни ва бу ҳақда тасдиқланган асосли маълумотларга эга бўлишни хохлайди.
Ҳозирги глобаллашган бозор шароитида товарларнинг асослантирилган бозор баҳосини аниқлаш борасида тадқиқотлар олиб бориш, ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг мурожаатлари асосида уларга мулк хуқуқи асосида тегишли бўлган товарларнинг бугунги кундаги бозор баҳосини аниқлаш юзасидан тадқиқотлар олиб бориш ва мутахассис фикри бериш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази зиммасига юклатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6256-сонли Фармони билан Суд экспертиза хизмати республикамизда мутлақо янги босқичга олиб чиқилди.
Жумладан ушбу Фармоннинг 7-банди билан:
“2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:
давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ, суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқот ўтказиш ҳуқуқи берилсин. Бунда, тадқиқот натижаларига кўра мутахассис фикри тақдим этилади;
Фармонда белгиланган ушбу тартибнинг маъноси шундан иборатки, жисмоний ва юридик шахслар эндиликда суд экспертиза муассасасига мурожаат қилиб ўзларига мулк хуқуқи асосида тегишли бўлган товарларнинг бугунги кундаги ўртача бозор баҳосини аниқлаш бўйича шартнома асосида тўланган ҳақ эвазига мутахассис фикрини олишлари мумкин.
Бунинг учун жисмоний ёки юридик шахс ўзига мулк хуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк, яъни ишлаб чиқариш ускуналари, омборларда сақланаётган ускуна ва эҳтиёт қисмлар, хом-ашё ва материаллар, офись ва ошхона жиҳозлари ва бошқа турдаги товарларнинг бугунги кундаги бозор баҳосини аниқлаб мутахассис фикри бериш тўғрисида экспертиза муассасасига мурожаат қилиши мумкин.
Экспертиза муассасасига тақдим этиладиган мурожаат хатда баҳоланиши керак бўлган товарларнинг номи, русуми ва сони кўрсатилиши, шунингдек ушбу товарларнинг ишлаб чиқарилган йили, жойи, хусусияти ва фойдаланиш бўйича кўрсатмаларга оид маълумот ва ҳужжатлар мулк эгаси томонидан хатга илова қилинган ҳолда тақдим этилиши лозим бўлади.
Баҳоланиши сўралаётган товарлар тўғрисидаги маълумотларнинг қанчалик тўлиқ ва аниқ бўлиши ушбу товарларнинг бугунги кундаги ўртача бозор баҳосини тўғри аниқлаш имконини беради. Ҳозирги кунда товарлар бозори жуда ҳам кенг ва хилма-хиллиги, ҳамда бир турдаги товарларни турли жойлардаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётганлиги сабабли, бир корхона томонидан ишлаб чиқарилган товарни бошқа корхона томонидан ишлаб чиқарилган товарлардан фарқлаб олиш учун ушбу товарларга тегишли бўлган ёрлиқлар, сертификатлар, юк хатлари, фойдаланиш бўйича қўлланмалар ва бошқа маълумотлар ҳамда ҳужжатлар зарур бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан Х.Сулаймонова номидаги РСЭМда ва барча вилоятларда, шу жумладан бизнинг Сирдарё вилоят бўлимида товарларнинг бозор баҳосини аниқлаш йўналиши бўйича мутахассис фикри бериш тартиби йўлга қўйилган ва ҳозирги кунда бажарилиб келинмоқда.
Жисмоний ва юридик шахслар томонидан мурожаатлар бериш, уларнинг мурожаатларини қабул қилиш, рўйхатга олиш, тадқиқотлар ўтказиш ва мутахассис фикрини тақдим қилиш бўйича қоидаларЎзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 февралдаги 73-сон қарори билан “Суд экспертизаси тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги намунавий низомда кўрсатиб ўтилган.
Бунда товарларнинг бозор баҳосини аниқлаш тадқиқотлари йўналиши бўйича бериладиган мутахассис фикрлари ишончлилик ва мукаммаллик даражаси бўйича худди шу йўналишлар бўйича бериладиган экспертиза хулосалари билан тенглаштирилади ва ҳамма учун тушунарли тилда баён қилинади.
Товарларнинг бозор баҳосини аниқлаш тадқиқотлари учун тўлов суммалари ҳам худди шу турдаги экспрертиза тадқиқотлари учун белгиланган тўлов суммасига тенг миқдорда шартнома асосида тўланади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига биноан баҳоланиши сўралаётган товарлар Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунига ва юқорида қайд этиб ўтилган намунавий низом талабларига мувофиқ суд экспертизаси муассасасига тақдим қилиниши керак бўлади. Бунда тақдим қилинган тадқиқот объектларининг бут сақланиши суд экспертизаси муассасаси томонидан таъминланади. Айрим ҳолларда мурожаатчини хабардор қилинган ҳолда товарларнинг сифати ва хусусиятларини текшириш мақсадида ўралган қадоқлар бузилиши, ҳамда ва лаборатория текширувлари учун товарлардан намуналар олиниши мумкин.
Экспертиза муассасасига олиб келиш имкони бўлмайдиган тадқиқот объектлари уларнинг жойлашган жойида мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс ёки унинг вакили иштирокида кўздан кечириш орқали амалга оширилади. Баҳоловчи мутахассис баҳолаш тадқиқотларига тақдим этилаётган товарнинг қаерда жойлашганлиги, кимнинг эгалигида эканлиги ва ҳужжатларида қайд этилган объект ҳақиқатдан ҳам шу объект билан бир хил кўриниш ва параметрларга эга эканлигига ишонч ҳосил қилган бўлиши лозим. Айрим ҳолларда иш ҳужжатларида қайд этилган товарлар йўқотилганлиги, топилмаганлиги ва шу каби ҳолатларда тадқиқот учун шу объектлар билан бир хил параметрларга эга бўлган бошқа объектлар тақдим этилиши мумкин. Лекин бундай ҳолларда мурожаатчи томонидан баҳолаш учун баҳоланиши лозим бўлган товарга айнан ўхшаш бўлган товар аналог тариқасида тақдим этилаётганлиги хат орқали баён қилиниши, ҳамда тақдим қилинган товарга тегишли ҳужжатлар тақдим қилиниши шарт.
Тадқиқот объектларини кўздан кечириш жараёнида уларнинг тури, гуруҳи, нима мақсадлар учун ишлатилиши, ҳозирги давр талабига мослиги, ишлаб чиқариш, қадоқлаш ва сақлаш тартибига риоя этилганлиги, ишлаб чиққаришда ва сақлаш жараёнидаги хатоликлар туфайли нуқсонлар (дефект) юзага келмаганлигига, комплектациясига, ишга яроқлилик даражасига ва таъмирлаш заруриятига эътибор қаратилади.
Бундай ҳужжатлар бўлмаган ёки ҳужжатлардаги маълумотлар етарли бўлмаган ҳолларда мулк эгаси ёки мурожаатчи томонидан мавжуд бўшлиқни тўлдириш учун ушбу соҳа мутахассисларининг асослантирилган хулосалари талаб қилиниши мумкин. Мисол учун ишлаб чиқариш линиясининг тўлиқ комплектланганлиги ва ишга яроқлилиги бўйича. Айрим ҳолларда тадқиқот объектининг қандай материалдан ясалганлиги, фойдаланиш йўналиши, чидамлилик даражаси ва келажакда ўз йўналиши бўйича мақсадли фойдаланиш учун яроқлилик даражасига ҳам соҳа мутахассислари томонидан қўшимча баҳо берилиши лозим бўлади.
Бир сўз билан айтганда Президент Фармони билан товарларнинг баҳосини аниқлаш тадқиқотлари йўналиши бўйича мутахассис фикрлари берилишининг йўлга қўйилиши юртимиздаги барча тадбиркор жисмоний ва юридик шахсларга яна бир кенг имконият яратди десак муболаға бўлмайди.
Зеро ҳар биримизнинг мақсадимиз юртимизда қонунчиликни таъминлаш, инсон хуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва халқимизга муносиб хизмат қилишдан иборатдир.
Х.Сулаймонова номидаги Республика
Суд экспертизаси марказининг Сирдарё
вилоят бўлими давлат суд эксперти Норбаев Абдуназар Ачилович