Суд экспертизаларини ўтказишга сарфланадиган вақтни қисқартириш, хулосаларни расмийлаштиришда ортиқча қоғозбозлик, почта харажатлари ва бюрократик ҳолатларга барҳам беришга ҳаракат қилинмоқда.
Давлат суд-экспертиза муассасалари ва суд-тергов органлари ўртасида электрон ҳамкорлик йўлга қўйилиши бунга йўл очади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини бошқариш кенгашининг навбатдаги йиғилишида шу ҳақда гап борди.
Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларидан мақсадли фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди. Кенгаш аъзолари томонидан жамғарманинг 2024 йилга мўлжалланган харажатлар сметасига ўзгартириш киритиш масаласи маъқулланиб, суд-экспертлик соҳасини янада рақамлаштириш ва суд экспертизасини ўтказиш жараёнларида “E-ekspertiza” ахборот тизимини жорий этиш (интеграция қилиш)га маблағлар ажратилиши белгиланди.
Таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 декабрдаги 705-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомда жамғарма маблағлари “E-ekspertiza” электрон ахборот тизимини жорий этиш, техник қўллаб-қувватлаш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни қоплашга йўналтирилиши қайд этилган.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар натижасида давлат суд-экспертиза муассасаларининг амалиётига “E-ekspertiza” ягона ахборот тизими тўлиқ жорий этилади ҳамда суд-тергов органларининг, хусусан, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Божхона қўмитасининг ягона ахборот тизимларига интеграция қилинади.
Н.Абдураимова,
ЎзА