СУД – ИЗШУНОСЛИК ЭКСПЕРТИЗАСИ АҲАМИЯТИ ВА ҲАЛ ЭТАДИГАН МАСАЛАЛАР.

Бугунги кунда содир бўлаётган жиноятларни фош этишда тергов, суриштирув ва суд органларига жиноятнинг айрим жихатларини аниқлашда махсус билимлар заруриятини кун сайин ортиб бормоқда. Шу билан бир қаторда Суд-изшунослик (трасология) экспертизасига бўлган эхтиёж ҳам кўпайиб бормоқда. Ушбу экспертиза тури бўйича, “Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази” экспертиза муассаси Республикамизда ўзининг алохида ўрнига эгалигини такидлаб ўтиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Бухоро вилояти бўлимида ҳам, ҳозирги кунда ушбу турдаги экспертиза тадқиқотлари ўтказиб келинмоқда.

Ушбу мақолада Суд – изшунослик (трасология) экспертизаси ўтказишда ҳал этиладиган саволлар ва масалалар юзасида сўз юритилади.

Бугунги кунда бўлимнинг асосий вазифаларидан бири.

“Фуқаролик, иқтисодий ишлари, маъмурий ва жиноий ишлар, терговгача текширувлар материаллари бўйича суд экспертизаларини ўтказиш, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича ихтиёрийлик асосида эксперт ихтисосликларига мувофик пуллик тўлов асосида тадқиқотлар ўтказиб, мутахассис фикрлари бериш;” ҳисобланади.

Мутахассис фикр олиш учун фуқаро Марказнинг Бухоро вилоят бўлими мудири номига ариза билан, юридик шахс эса йўллама хат билан мурожаат қилади ва қандай савол ҳал этилишини ариза ёки мурожаатида кўрсатиб ўтади.

Шу билан бирга, Адлия вазирининг 2018 йил 31 октябрдаги 337-ум-сон буйруғи Иловасига асосан тарифлар қуйидагича: Мутахассис фикларини тарифлари эксперт ўтказадиган тадқиқотларнинг объектлари кам ёки кўплиги хамда ҳал етиладиган саволларнинг мураккаблигига қараб фарқланади. Улар оддий, ўрта ва мураккабга бўлинади.

Суд – изшунослик (трасология) экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 180-моддасига асосан терговчи, суриштирувчи ва прокурорнинг қарори ва суднинг ажрими асосида ўтказилади.

Трасология – криминалистиканинг бир объектнинг бошқасида қолдирган изларни ўрганадиган бўлмидир. Трасологик тадқиқотларнинг объекти бўлиб турли объектлар ташқи тузилишининг акс-излари ҳисобланади.

Трасологик экспертизанинг экспертиза вазифаларини ҳал этиш учун зарур маълумот ва ахборотлар манбалари бўлиб одам, бузиш қруоллари, механизмлар, транспорт воситалари, ҳайвонлар излари, ҳодиса содир бўлган жойнинг ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси ҳамда фотосуртларда қайд этилган моддий шароитлари ҳисобланади.

Ҳар бир аниқ трасологик тадқиқотнинг вазифаси терговчи, суриштирувчи ёки суднинг топшириғи билан аниқланади. Бу вазифалар учта аасосий гуруҳга ажралади: идентификацион, классификацион ва диагностик. Шунингдек, диагностик вазифалар ичига кирувчи яна бир алоҳида вазифа тури – ситуацион вазифаларни ажратиб кўрсатиш мумкин.

Идентификацион вазифа сифатида қолдирилган изларга кўра объектни айнанлигини аниқлаш (масалан, бармоқ излари гумон қилинувчи шахс томонидан қолдирилганми ёки бузиш излари аниқ бир қуролдан қолдирилганми ёхуд текшрилаётган буюмлар аниқ бир қурилмада тайёрланганми ва ҳ.к.). Қисмларга кўра бир бутунни аниқлаш бўйича вазифаларни ҳам идентификацион вазифалар сирасига киритиш мумкин.

Изларнинг таснифланиши – бу тегишли изларни муайян гуруҳларга тақсимлашдир (масалан, ҳодиса содир бўлган жойдаги излар қандай турдаги транспорт воситасидан қолдирилган ёки бузиш излари айнан қандай турдаги бузиш қуролидан қолдирилган ва ҳ.к.).

Диагностик вазифалар изларни аниқлаш ва қайд этиш, уларнинг идентификацион тадқиқотлар учун яроқлилигини аниқлаш, шунингдек изларнинг ҳосил бўлиш механизмини, изларнинг йўналиши ва ўзаро жойлашиши, излар ҳосил бўлишининг кетма-кетлигини (ситуацион вазифа) аниқлашга йўналган. Тадқиқот объектларининг хусусиятлари (масалан, қулфнинг созлиги)ни ва пломбаларнинг бузиш ёки бутилкалар қопқоғини очиш усулларини аниқлаш бўйича вазифалар ҳам диагностик вазифа ҳисобланади.

Ҳозирги кунда акс-изларни қолдирувчи объектларнинг турларига боғлиқ равишда, изларнинг қуйидаги тўрт гуруҳи ажратилади (ушбу гуруҳларнинг ўзи яна бир неча кичик гуруҳларга ажратилиши мумкин):

а) одам излари (оёқ излари; тиш ва одам танасининг бошқа аъзолари излари);

б) қуроллар, асбоб-ускуналар, ишлаб чиқариш механизмларининг излари (бузиш қуроллари излари; қулф ва бошқа беркитувчи механизмлардаги излар; пломба ва беркитувчи-пломбаловчи мосламалардаги излар; ишлаб чиқариш механизмларининг маҳсулотлардаги излари; микрообъектлар);

в) рельсли ва рельссиз транспорт воситалари (ТВ) излари, транспорт воситаларидаги излар;

г) ҳайвонлар излари (панжалар, туёқлар ва шохларининг излари).

Суд – изшунослик (трасология) экспертизаси тури бўйича ҳал килинадиган масалалар қуйдагилардан иборат:

Пойафзал излари бўйича трасологик экспертизада ҳал этиш учун қуйидаги саволлар шакллантирилиши мумкин:

  • Тадқиқотга тақдим этилган из қандай турдаги пойафзалдан қолдирилган?
  • Тадқиқотга тақдим этилган из қандай ўлчамдаги пойафзалдан қолдирилган?
  • Ҳодиса содир бўлган жойда аниқлаб олинган пойафзал излари идентификацион тадқиқотлар учун яроқлими?
  • Ҳодиса содир бўлган жойда аниқланган пойафзал излари йўлакчаси гумон қилинувчи томонидан қолдирилган пойафзал излари йўлакчаси билан мос тушадими?
  • Турли ҳодисалар содир бўлган жойдан аниқлаб олинган пойафзал излари айнан бир пойафзалдан қолдирилганми?
  • Излар гумон қилинувчи шахсдан олинган пойафзалдан қолдирилганми?
  • Ҳодиса жойидан топилган пойафзални аниқ бир шахс (гумон қилинувчи) кий­ганми;
  • Пойафзалнинг ягона излари ёки излар йўлакчасида одам оёғининг қандай хусусиятлари акс этган?

Юқорида келтирилган саволлар рўйхати тахминий ҳисобланади ва ишнинг ҳолатига қараб экспертизада ҳал этиш учун бошқа саволлар ҳам қўйилиши мумкин.

Бузиш қуроллари изларининг трасологик эксперти олдига ҳал қилиш учун қўйиладиган саволлар ҳар бир хусусий ҳолда тадқиқот мақсади ва объектларига боғлиқ тарзда шакллантирилади, шу боис бузиш қуроллари изларининг трасологик экспертизасида ҳал этилиши мумкин бўлган саволларнинг тўлиқ рўйхатини шакллантиришнинг имони йўқ. Энг умумий ҳолда бу саволлар диагностик ва идентификацион саволларга ажратилади ҳамда тахминан қуйидагича шакллантирилиши мумкин:

Диагностик турдаги саволар:

  • Беркитувчи ёки назорат қурилмасининг тўсиғи қандай усулда бузилган?
  • Тўсиқ (қулф, беркитувчи ёки назорат қурилмаси) қайси томонидан (ички ёки ташқи) бузилган?
  • Тўсиқ (қулф, беркитувчи ёки назорат қурилмаси) бир қурол ёки бир неча қуроллар ёрдамида бузилганми?
  • Бузилган тўсиқдаги мавжуд изларнинг қолиш кетма-кетлиги қандай?

Идентификацион турдаги саволар:

  • Турли ҳодисалар содир бўлган жойлардан олинган излар айнан бир бузиш қуролидан қолдирилганми?
  • Бузилган тўсиқдаги излар тадқиқотга тақдим этилган бузиш қуролидан қолдирилганми?

Юқорида келтирилган саволлар рўйхати тахминий ҳисобланади ва ишнинг ҳолатига қараб экспертизада ҳал этиш учун бошқа саволлар ҳам қўйилиши мумкин.

Қулфларнинг Трасологик Тадқиқотлари: Қулфларнинг криминалистик экспертизаси анъанавий трасологик экспертиза ҳисобланади. Ушбу турдаги экспертизаларнинг объектлари бўлиб қулфлар билан бир қаторда қуйидагилар ҳам бўлиши мумкин: ҳақиқий, қалбаки ва танланган калитлар; махсус очгичлар (отмичкалар); бузиш қуроллари ва асбоблари; маиший-турмушда ишлатишга мўлжалланган турли буюм ва моддалар (ёпишқоқ моддалар, пластилин ва ҳ.к.). Қулфларнинг трасологик экспертизасида ҳал этиладиган вазифалар асосан диагностик хусусиятга эга. Идентификацион масалалар эса излари қулф ёки бирорта тўсиқда мавжуд бўлган турли асбоб-ускуналар, бузиш қуроллари, калит ва махсус очгичларнинг айнанлигини аниқлаш бўйича вазифаларни ўзига қамраб олади.

Қулфларнинг трасологик экспертизаларида, экспертлар олдига қуйидагича саволлар қўйилиши мумкин:

  • Тақдим этилган қулф соз ҳолатдами?
  • Агар тақдим этилган қулф носоз бўлса, унинг сабаби нимада?
  • Тақдим этилган қулф ишлатилганми?
  • Тақдим этилган қулф бегона буюмлар ёрдамида очилганми?
  • Қулфнинг ички сиртларида, тадқиқотга тақдим этилган буюмларга хос бўлган излар мавжудми?
  • Текширилаётган назорат қулфни, унинг назорат мосламасига таъсир кўрсатмасдан бузиш мумкинми?
  • Қулфдаги бузилишлар, у очиқ бўлганда ёки ёпиқ бўлганда еткказилганми?
  • Қулфдаги бузилишлар, у муайян эшикка ўрнатилган пайтда еетказилганми ёки бошқа жойдами?
  • Тадқдим этилган қулф қайси усулда бузилган ёки очилган?
  • Тақдим этилган қулф тадқиқотга келтирилган қурол билан бузилганми?
  • Тақдим этилган бир неча қулфлар айнан бир усулда очилганми ёки бузилганми?

Юқорида келтирилган саволлар рўйхати тахминий ҳисобланади ва ишнинг ҳолатига қараб экспертизада ҳал этиш учун бошқа саволлар ҳам қўйилиши мумкин.

Кийимлардаги Шикастланишларнинг Трасологик Экспертизаси: Кийим изларининг трасологик экспертизаларида идентификацион ва диагностик тусдаги масалалар ҳал этилиши мумкин. Кийимларнинг айнанлигини аниқлаш учун изларни яроқлигини аниқлаш, изларнинг ҳосил бўлиш механизмини аниқлаш, шунингдек, кийимларнинг тури, русуми ва бошқа тегишли хусусияларини аниқлаш зарурати юзага келганда диагностик тадқиқотлар ўтказилади. Бу ҳолда эксперт олдига қўйиладиган саволлар қуйидагича бўлиши мумкин:

  • Ҳодиса содир бўлган жойдан олинган излар кийимлар изи бўлиши мумкинми?
  • Аниқланган излар одамнинг пайпоқ (узун пайпоқ) кийган оёғи излари бўлиши мумкинми?
  • Излар идентификация учун яроқлими?
  • Излар, из қабул қилувчи объект ва одам танасининг кийимли қайси аъзосининг қандай таъсирлашиши (тегиб ўтиш, ишқаланиш, нормал ҳолатдан четлашмаган тарздаги таъсирлашиш ва ҳ.к.) натижасида ҳосил бўлган?
  • Тақдим этилган излар, из қабул қилувчи объект билан кийимнинг бирор соҳасининг ўзаро таъсирлаши натижасида ҳосил бўлганми?
  • Изларни қолдирган кийимларни кийган одам билан бу излар акс этган объектларнинг ўзаро жойлашиши қандай бўлган?
  • Изларни қолдирган кийимларнинг материали қандай ва ундан қанда йтурдаги маҳсулотлар тайёрланади?
  • Излар қандай кийимнинг қайси соҳасидан қолдирилган?
  • Изда кийимнинг қандай конструктив хусусиятлари акс этган?

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда кийимлар тайёрлаш учун ишлатиладиган материаллар ва замонавий технологияларни ҳисобга олган ҳолда, кийимлардаги шикастланишларнинг трасологик экспертизаларини методик жиҳатдан тўлиқ ва тўғри таъминлаш учун алоҳида ёндашув талаб этилади. Ундан ташқари экспертиза олдига қўйилган саволларнинг шакллантириш даражасига ҳам алоҳида эътибор талаб этилади. Ҳозиргда, экспертлар олдига ҳал этиш учун қўйиладиган тахминий саволлар рўйхати қуйидагича шакллантирилиши мумкин:

Диагностик саволлар:

  • Ҳодиса содир бўлган жойда аниқлаб олинган кийимлардаги излар (шикастланишлар), уларни ҳосил қилган объектни айнанлигини аниқлаш (идентификация қилиш) учун яроқлими?
  • Тақдим этилган кийим (лар)да механик (термик, кимёвий0 келиб чиқишга эга шикастланишлар мавжудми?

Идентификацион саволлар:

  • Тадқиқотга тақдим этилган кийимнинг қисмларидаги шикастланишлар айнан бир объект томонидан қолдирилганми?
  • Тадқиқотга тақдим этилган кийимдаги излар тақдим этилган буюм (маиший-турмушда ишлатилиш учун мўлжалланган буюм, совуқ қурол, автомобил кузови қисми ва ҳ.к.)дан қолдирилганми?

Юқорида келтирилган саволлар рўйхати тахминий ҳисобланади ва ишнинг ҳолатига қараб экспертизада ҳал этиш учун бошқа саволлар ҳам қўйилиши мумкин.

Қуроллар ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш-технологик изларининг трасологик экспертизаси: Трасологик тадқиқот объекти бўлиб кўпинча ишлаб чиқаришга оид механизмлар қисмларининг тайёр маҳсулот ёки ярим фабрикатларда қолдирган излари ҳисобланади. Булар механик қайта ишлов берилган буюмлардаги излар бўлиши мумкин, масалан: босим билан ишлов бериш (сим ва ундан ишланган маҳсулотлар – чўзиш, металл шаклдаги тугмалар–қолиплаш); кесиб тайёрлаш (ўғрилар “асбоби”, портловчи қурилмаларнинг деталлари, ясама совуқ қурол ва ҳоказо); экструзия (полимер пленка ва ундан ясалган маҳсулотлар, транспорт воситаларининг ойналари учун резина зичлагич); чиғирлаш (пленка, изоляция тасмаси ва ҳоказо); пресслаш (пойафзал, шиналар, фара ёруғлик тарқатувчиси, идиш-товоқ ва ҳоказо).

  • Ишлаб чиқариш механизмлари изларини тадқиқ этиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
  • пойафзал, шина каби анъанавий трасологик объектларни тегишлилигини текшириш, башарти уларни эксплуатация қилишнинг аниқ аломатлари бўлмаса;
  • қисмлар орқали бутунни аниқлаш (фара ёруғлик тарқатувчиси, сим, кабель, полимер пленка), бунда текширилаётган қисмлар бутун билан бўлиниш жойига эга эмас, ёки бўлиниш чизиғи билинар-билинмас бўлса;
  • турли истеъмолга оид маҳсулотларни талон-тарож қилиш, ёки жиноий фаолият буюмларини ишлаб чиқариш жойини аниқлаш учун (қурол-яроғ, портловчи қурилмалар, ўғрилик “асбоблари”) тадқиқ қилинаётган буюмларни ясашда кўмак берган муайян механизмлар (асбоблар) орасидаги ўхшашликни аниқлаш;
  • вино-ароқ маҳсулотларини қўлбола тиқинлаш, автотранспорт воситаларининг қалбаки деталлари, контрафакт (сохта) ауди ва видео компакт дискларни аниқлаш;
  • турли жойларда, турли вақтда ва турли шахслардан олинган маҳсулотлар гуруҳи (улар қисмлари)нинг умумий ишлаб чиқариш манбаинини аниқлаш.

Маҳсулотда муайян механизм изларининг айнанлигини аниқлаш учун экспертиза қилиш учун қуйидаги объектлар юборилади:

  1. Механизм (техник қурилма) бутунлигича, башарти бунинг иложиси бўлса, ёки унинг ишловчи қисмлари (матрица (ўйма қолип), пуансон, профил бошчаси ва ҳоказо)
  2. Ишлаб чиқариш механизмлари (асбоблар)нинг ишловчи қисмлари ташқи қурилиши излари ўзида акс этган буюмлар (ишлаб чиқариш маҳсулотлари ва ҳоказо).
  3. Таққослаш учун намуналар: текширилаётган маҳсулотлар билан бир вақтнинг ўзида аниқланаётган асбоблар ёрамида ясалган буюмлар, текширилаётган буюмлар ясалган шароитга максимал яқинлаштирилган шароитда ясалган экспериментал намуна буюмлар.

Умумий ишлаб чиқариш манбаини аниқлаш мақсадида экспертизага қуйидагилар юборилади:

  1. Турли шахслар ва турли жойлардан олинган маҳсулотлар.
  2. Оддий буюмларнинг бузилган (бўлакларга ажратилган) қисмлари.
  3. Мураккаб таркибли буюмлар ёки комплектларнинг ажратилган қисмлари (бўлаклари).

Ишлаб чиқариш механизмларининг изларини экспертиза қилиш – муайян ишлаб чиқариш механизмининг буюмдаги изларига айнанлигини (ёки изларнинг умуман йўқлиги)ни, шунингдек, тикланаётган буюм қисмларининг умумий ишлаб чиқариш манбаини аниқлашдан иборат.

Муайян механизмнинг излари орқали айнанлигини аниқлашда экспертиза томонидан қуйидаги масалалар ҳал қилинади:

  • муайян шахс ёки жойдан олинган буюмлар ёки яримфабрикатлар муайян механизмлар, асбоблар (қолиплар, штамплар, каландр ва ҳоказо) ёрдамида ясалганини аниқлаш.
  • Экспертиза томонидан умумий ишлаб чиқариш манбаини аниқлашда қуйидаги масалалар ҳал қилинади:
  • Турли шахслар ва турли жойлардан олинган буюмлар бир механизм (асбоб) билан ясалган-ясалмаганини аниқлаш;
  • Буюм қисмлари айнан бир механизм (асбоб) билан ясалганми? Аввал улар бир бутун буюмнинг бўлаклари бўлганми?
  • Муайян механизмни излари орқали айнанлигини аниқлашда экспертизада қуйидаги масалалар ҳал қилинади:
  • Муайян шахс ёки жойдан олинган буюмлар ёки яримфабрикатлар муайян механизмлар, асбоблар (қолиплар, штамплар, каландр ва ҳоказо) ёрдамида ясалганини аниқлаш.
  • Экспертиза томонидан умумий ишлаб чиқариш манбаини аниқлашда қуйидаги масалалар ҳал қилинади:
  • Турли шахслар ва турли жойлардан олинган буюмлар бир механизм (асбоб) билан ясалган-ясалмаганини аниқлаш;
  • буюм қисмлари айнан бир механизм (асбоб) билан ясалганми? Аввал улар бир бутун буюмнинг бўлаклари бўлганми?

Юқорида келтирилган саволлар рўйхати тахминий ҳисобланади ва ишнинг ҳолатига қараб экспертизада ҳал этиш учун бошқа саволлар ҳам қўйилиши мумкин.

Транспорт воситалари ва улар изларининг трасологик экспертизаси (автомобилнинг турли қисмларида рақамлар тадқиқотлари билан бирга) Автотранспорт воситалари шиналари изларининг экспертиза жуда кўп ҳолларда шиналарни гуруҳий тегишлилиги ва айнанлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади. Айрим ҳолларда танспорт воситаси шинасининг изи идентификация қилиш учун яроқлими деган вазифани ҳал этиш мақсадида ҳам тадқиқот қилинади. Транспорт воситаси шинаси русумини аниқлаш алоҳида экспертиза вазифаси ҳисобланади. Шу билан бирга, бу каби русумни аниқлаш идентификацон вазифаларни ҳал этиш жараёнида ҳам ўтказилиши мумкин. Транспорт воситалари изларининг трасологик экспертизаси, трасологик экспертизасининг ҳар хил объектларда қолдирилган автотранспорт ғилдираклари изларини топиш ва аниқлаш. Тадқиқот учун юборилган объектда автомобиль ғилдирагининг излари борлигини аниқлаш, ғилдирак изларига қараб бу излар қайси турдаги транспорт воситасидан қолдирилганлигини аниқлаш (юк ташувчи, енгил, трактор), ғилдирак изларига қараб автотранспорт воситасининг ҳаракат йўналишини ва бурилганлигини аниқлаш, қолдирилган изларга қараб ғилдиракнинг моделини аниқлаш, қолдирилган ғилдирак изларига қараб транспорт воситасининг турини аниқлаш, изларга қараб ғилдиракни таққослаш каби саволларга жавоб бериш учун тадқиқотлар ўтказиш билан шуғулланадиган бўлими. Бундан ташқари, транспорт воситасининг юриш қисмлари изларидан қуйидаги техник маълумотлар (белгилари) аниқланиши мумкин: колея, база, ўқлари ва ғилдиракларининг миқдори, ғилдиракларнинг тури ва айрим ўлчамлари.

Транспорт воситалари изларидан қуйидагиларни аниқлаш мумкин:

– транспорт воситасининг гуруҳий таллуқлилигини, яъни унинг тури, русуми ва номланишини;

– транспорт воситаси ёки айрим қисмларини айнанлигини;

– ҳодиса натижасида транспортда қандай шикастланишлар вужудга келганлигини;

– ҳодисанинг алоҳида ҳолатларини (транспор воситасининг йўналиши, ҳаракат тезлиги, тўқнашиш жойини ва бошқалар) ва ҳоказоларни.

Транспорт воситаларининг изларини муваффақиятли тарзда ўрганиш учун эксперт транспорт воситаларининг ўзига хос хусусиятлари ва атроф-муҳит шароитини ўзида акс эттирган из ҳосил бўлиш қонуниятлари тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиши лозим.

Йўл-транспорт ҳодисаси бўлган жойни ёки транспорт воситасини кўздан кечиришда топилган излар ва объектларнинг хусусиятига қараб, экспертиза томонидан ҳал қилиш учун қуйидаги масалалар қўйилади:

  • Ғилдирак излари қолган транспорт воситаси қайси тур (хил, русум)га мансуб?
  • Транспорт воситаси қайси йўналишда ҳаракатланган?
  • Қолдирилган ғилдирак излари аниқ бир автомашинага тегишлими?
  • Шиша қолдиқлари ва бошқа объектлар фара шишаси, фара остидаги ёритгичлар (подфарник), кузов ва бошқалар аввал бир бутунни ташкил қилганми?
  • Муайян транспорт воситасида аниқ бир нарса (симёғоч, дарахт, зина ушлагичи) билан урилиш натижасида ҳосил бўлган букилиш (ғижимланиш), тирналиш излари борми?
  • Транспорт воситасида топилган ип ва мато бўлаклари жабрланувчининг кийим-кечагига тегишли бўлганми ёки бошқа бир объектларга тегишлими?

Транспорт воситаларининг кузови, двигатели, шассиларидаги маркировка белгиларининг экспертиза тадқиқотлари трасологик экспертизанинг умумий методикаси асосида ўтказилади, аммо ушбу турдаги тадқиқотларни ўтказишда инобатга олиш зарур бўлган бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга.

Шу боис, экспертлар олдига ҳал қилиш учун қуйидаги саволлар қўйилиши мумкин:

  • Тақдим этилган автомобил двигатели (кузови, шассиси)нинг рақамини аниқланг ва бу рақамлар ўзгаришларга учраганми?
  • Агар маркировка белгилари ўзгартирилган бўлса, у ҳолда дастлабки маркировка белгиларини аниқланг?
  • Тақдим этилган автомобил двигатели (кузови, шассиси)нинг рақамлари қайси усулда бажарилган?
  • Тақдим этилган автомобилнинг маркировка белгиларига бегона таъсир кўрсатиш издари мавжудми?

Бироқ шуни назарда тутиш лозимки, юқорида келтирилган рўйхат муайян объектни тергов қилишда юзага келиши мумкин бўлган масалаларни тўлалигича қамраб олмайди, шу боис, юқорида келтирилган саволлар рўйхати тахминий ҳисобланади ва ишнинг ҳолатига қараб экспертизада ҳал этиш учун бошқа саволлар ҳам қўйилиши мумкин.

Қисмлар орқали бир бутунни ёки қисмларнинг аниқ бир буюмга тегишлилигини аниқлаш бўйича трасологик экспертиза: Бутунни унинг қисмлари орқали аниқлаш (қисмларнинг бир бутунга ўзаро алоқадорлиги) трасологик экспертиза турларидан бири ҳисобланади. Мазкур экспертлик тадқиқотини қуйидаги саволлар ташкил этади: муайян буюм бошқасининг қисми ҳисобланадими, берилган объектлар аввал ягона яхлитликни ташкил этганми? Мазкур саволлар ижобий ҳал этилганда улар муҳим далилий аҳамиятга эга бўлиб, жиноят иши ҳолатларини аниқлашнинг ягона имкониятини ҳисобланади.

Криминалистик экспертизада “бутун” тушунчаси ҳал қилинаётган вазифалар хусусиятини ҳисобга олган ҳолда турлича талқин этилиши мумкин. Зеро бир ҳолатда объект қисм сифатида, бошқа ҳолатда бутун сифатида ифодаланади. Охир оқибатда объект қисмларининг ўзаро алоқадорлиги амалий аҳамиятга эга бўлади. Бутунни унинг қисмлари орқали экспертиза қилишда айнанликни аниқлашнинг анъанавий схемасидан фарқли равишда объектни алоҳидалаштирувчи белгилари эмас, ўзаро алоқадорликнинг индивидуал аломатлари тадқиқ этилади.

Криминалистика фанида уч турдаги яхлит тизимлар ажратилади:

  • Бир жинсли (монолит) буюмлар (пичоқ тиғи, фара шишаси, лом ва ҳоказо)
  • Қўшма предметлар, ўзаро алоҳида қисмлар (детал)лар билан бириккан бўлади (пистолет, қулф, велосипед, ёзув машинкаси ва ҳоказо)
  • Комплект яхлитлик – бир турдаги ва қўшма буюмларнинг мажмуи бўлиб, бир бири билан физикавий боғланишга эга бўлмай, биргаликда ишлатиш ва сақлаш хусусиятига эга (бир жуфт пойабзал, бир қути гугурт, бир қути папирос, пичоқ ва ғилоф, футляр ва кўзойнак в.ҳ.) Буюмлар комплекти (жуфти) биргаликда ишлатиш ва бирга сақланишга мўлжалланган.

Агар экспертизага бир турдаги объектлар юборилса, эксперт олдига қуйидаги масалаларни ҳал этиш вазифаси қўйилади:

  • Ҳодиса содир бўлган жойда топилган шиша синиқлари муайян траснпорт воситаси фарасининг нур тарқатгичи бўлаклари ҳисобланадими?
  • Ҳодиса содир бўлган жойда топилган парча муайян траснпорт воситаси кузов бортидан кўчиб тушганми?
  • Айбланувчидан олиб қўйилган андаза ва чарм парчаси бир бутун нарсанинг бўлаги ҳисобланадими?
  • Ҳодиса содир бўлган жойда қолдирилган мато парчаси айбланувчидан олиб қўйилган газлама бўлагини ташкил қиладими?
  • Ҳодиса содир этилган жойда қолдирилган газета парчаси К.дан олиб қўйилган газета қолдиғи билан яхлит бўлакни ташкил қилганми?

Қўшма предметларга тегишли объектларни экспертиза қилишга юборишда қуйидаги масалалар ҳал қилинади:

  • Ҳодиса содир этилган жойда олинган тепки ва айбланувчидан олиб қўйилган Макаров конструкцияли (ПМ) тўппончаси яхлит бир бутунни ташкил этганми?
  • Гумонланувчидан олиб қўйилган траснпорт воситаси эшигининг қулфи ва муайян транспорт воситаси эшиги яхлит бир бутун бўлганми?
  • Бир бутун комплект (жуфт)ни ташкил қилган объектларни ўрганишда саволлар қуйидагича берилади:
  • Ҳодиса содир бўлган жойдан олинган ғилоф ва гумонланувчидан олиб қўйилган пичоқ бир бирига тўғри келадими?
  • Гумонланувчидан олиб қўйилган қўнжсиз ботинка (махси) ҳодиса содир этилган жойдан топилган калиш билан бирга кийиб юрилганми?

Юқорида санаб ўтилган саволлар ўзгартирилиши ва кенгайтирилиши мумкин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги ҳузуридаги

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази

Бухоро вилояти бўлими эксперти, 3-даражали юрист

Бахтиёр Бобомуродович Изомов

Skip to content