Бугунги кунда автомобилсозлик саноати – миллий иқтисодиётнинг энг жадал қадамлар билан ривожланиб бораётган соҳаси ҳисобланиб, у ўз ичига кўплаб корхоналарни қамраб олган. Қисқа муддатларда мамлакатимизда автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва ҳозирда бу саноат тури жадал қадамлар билан олдинга бормоқда. Статистика агентлигининг олинган идоравий маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига республикамизда жисмоний шахсларга тегишли енгил автомобиллар сони 3 396 520 тани ташкил этган бўлиб, 2022 йил мобайнида жисмоний шахсларга тегишли енгил автомобиллар сони 344 786 тага ошган.
Бироқ, автомобил транспортининг кенг тарқалиши салбий оқибатларга ҳам олиб келди: йўл ҳаракати хавфсизлиги ва транспорт хавфсизлиги муаммолари, катта шаҳарларда (мегаполисларда) тирбандлик ва автомобил йўлларининг меъёрдан юқори юкланиши, атроф-муҳитга зарарли таъсир. Транспортдаги бахтсиз ҳодисалар бизнинг давримизнинг глобал муаммоларидан биридир. Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили 1,2 миллионга яқин одам йўл-транспорт ҳодисаларида (ЙТҲ) ҳалок бўлади ва 50 миллионга яқин киши жароҳат олади, бу бешта йирик шаҳарнинг умумий аҳолисига тенг.
Таъкидлаш жоизки, юртимиз автомобиллар паркининг ўсиши билан бир қаторда йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ҳам ортиб бормоқда, уларнинг айримлари ҳайдовчи ёки пиёдаларни ҳаракатлари туфайли содир бўлса, айримларининг келиб чиқиш сабаби йўл қатнов қисмининг носозликлари, йўл белгиларининг нотўғри ўрнатилиши ёки белгиланган жойда мавжуд бўлмаганлиги, йўл чизиқларининг ўчиб кетиши ёки нотуғри чизилиши ва бошқалар ҳисобланади.
Йўл-транспорт ҳодисасини тергов қилиш жараёнида суд-тергов идоралари томонидан йўл холатига боғлиқ бўлган саволлар билан кўплаб мурожаатлар келиб тушганлигини инобатга олиб, 2017 йил 13 апрель кунидаги 206-сонли “Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда суд экспертларининг малакасини ошириш тизимини ташкил қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг қарорига кўра, 2019 йилда Марказнинг суд-автотехника экспертизаси лабораториясида янги турдаги “Суд автомобиллар йўллари экспертизаси” жорий этилди ва шу йўналишда суд экспертлар учун янги услубий қўлланма ишлаб чиқилди.
Суд-автомобиль йўллари экспертизаси муҳандислик экспертизаларнинг бир тури ҳисобланиб, йўлларнинг техник ҳолатини диагностика қилиш, йўл инфратузилмасини таҳлил қилиш ва бошқа шу каби масалалрни ҳал этади.
Суд-автомобиль йўллари экспертизасини ўтказишда қуйидаги масалалар ҳал этилади:
Йўл-транспорт ҳодисаси жойини тадқиқ этиш: йўл қатнов қисмининг техник ҳолати, йўл ёқаси ва унга туташ бўлган қисмларнинг техник ҳолатини тадқиқ этиш;
Транспорт воситаларининг ҳаракатини белгиловчи коэффициентлар ва қийматларни аниқлаш (ишқаланиш коэффициенти ва ҳ.к.)
Йўл-транспорт ҳодисаси жойидаги йўлнинг бўйлама ва кўндаланг кесимидаги қиялик даражасини, бурилиш радиусини аниқлаш;
Йўл-транспорт ҳодисасини олдини олиш имкониятини аниқлашда йўлнинг техник ҳолатини инобатга олган ҳолда тегишли тадқиқотларни ўтказиш;
Йўл-транспорт ҳодисасига олиб келиши мумкин бўлган йўлнинг техник ҳолатини тахлил қилиш, шу жумладан, йўлда тегишли йўл белгиларни мавжуд эмаслиги ёки нотўғри ўрнатилганлиги.
Йўл-транспорт ҳодисаси жойида йўл чизиқларни мавжудлиги ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мослиги ва ҳ.к.;
Ушбу тадқиқотларнинг мақсади бўлиб муайян йўл-транспорт ҳодисасини келиб чиқишига автомобил йўл техник ҳолатининг бўлган таъсирини ўрганиш хисобланади.
Ўрганилиши лозим бўлган йўл ҳолатлари қуйидагилар: қатнов қисмининг, йўл ёқа қисмининг кенглиги; йўлнинг қиялик радиуси; равонлиги; йўл қопламасининг ишқаланиш коэффициентини аниқлаш; йўлни сақлаш даражаси, яъни, тозалиги, сув ва ёғингарчиликдан, яхмалакдан мунтазам тозалаб турилиши; тегишли йўл белгиларини ва йўл чизиқларни мажудлиги.
Автомобиль йўллар экспертизаси олдига хал этилиши учун қўйиладиган асосий саволлар қўйилиши мумкин:
- Йўлнинг ЙТҲ содир бўлган жойи лойиха ҳужжатлари талабларига жавоб берадими?
- Йўлнинг ЙТҲ содир бўлган жойи тегишли стандартлар талабларига жавоб берадими?
- Автомобил йўлида муҳандислик қурилмалари мавжудми ва улар қатнов қисмига нисбатан қандай жойлашган (устунлар, ёритиш устунлари, тўсиқлар ва ҳ.к.)?
- ЙТҲ содир бўлган жойда йўл ҳаракати қандай ташкил этилганлиги (светофорлар, йўл белгилари, уларнинг ўлчамлари ва б.)?
- ЙТҲ чизмасида қайд этилган йўл участкасининг эксплуатацион ҳусусиятлари қандай норматив-техник ҳужжатлари билан белгиланган ?
- Йўлнинг асфальт қисмдаги чуқурликни носозлик деб эътироф этиш мумкинми?
- Йўлнинг ҳолати норматив-техник ҳужжатлар талабларига мос келадими, мос келмаса ушбу носозлик ЙТҲ билан сабабий боғланишда бўлганми?
- Автомобил йўлнинг фойдаланиш масъул бўлган шахслар қандай норматив-техник ҳужжатлар талаблирига амал қилишлари лозим эди?
Шунигдек, бу саволлардан ташқари эксперт ваколатига кирувчи бошқа саволлар ҳам қўйилиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, суд-автомобиллар йўллари экспертизасисини бажариш жараёнида талаб этилган ҳолатларда мутахассилар ёрдамидан фойдаланиш лозим бўлади.
Хулоса тариқасида Суд-автомобиллар йўллари экспертизаси – бу техник-ҳуқуқий фани хисобланишини, Суд-автомобиллар йўллари экспертизаси тергов объектини таснифлаш, идентификация ва диагностика қилиш касбий функцияларига риоя қилмаслик билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш, кўриб чиқиш ва аниқлаш учун зарурдир. Улар жиноят ишининг барча салбий ҳолатларини ҳар томонлама ва объектив ўрганишга, суд-автомобиллар йўллари экспертизаси бажарилиш вақтини қисқартиришга, тадқиқотларни олиб боришда фан ва технологияларнинг ютуқларидан кенг фойдаланишга ёрдам беришини таъқидлаб ўтиш лозим.
Муроджон Захидович Махкамов
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг
Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти директори в.в.б.