Республикамизда амалга оширилган солиқ ислоҳотлари доирасида 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 2020 йилдан амалга киритилиши Суд иқтисодий экспертиза бўлими ходимлари олдига ечилиши лозим бўлган янги масалалар кўламини белгилади. Тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда одил судловни амалга оширишда махсус билимлар қўлланилишини талаб этган масалалар таҳлили умумий саналган суд иқтисодий экспертиза тизимидан солиқ соҳасида ҳал этиладиган масалалар доирасини ажратиш, экспертнинг ваколати доирасини аниқлаш, экспертлик тадқиқотларининг илмий асосларини яратиш лозимлигини кўрсатди.
Экспертиза ўтказиш учун келиб тушаётган аксар маъмурий ва жиноят ишлари тадбиркорлик субъектларни фаолиятида солиқ қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан тузилган текшириш далолатномаларида қўшимча ҳисобланган солиқларнинг асослилиги масаласи текширув натижаларини расмийлаштириш шакллари, уларга қўйилган талаблар ва солиқ соҳасидаги ўзгаришларга эксперт тадқиқотларини мослаштириш, суд-иқтисодий экспертизада қўлланиладиган умумий услубларни мазкур синф экспертизалар ўтказишга хослаш лозимлигини тақозо этди. Шу сабаб
2021-йилда Суд иқтисодий экспертиза бўлимида бўлим экспертлари томонидан “Суд-солиқ экспертизаларни услубий асосларини такомиллаштириш” мавзусидаги услубий тавсияларда суд иқтисодий экспертизалар синфига кирадиган мустақил тур бўлган суд-солиқ экспертизасини ўтказишни назарий ва амалий жиҳатлари ўрганиб чиқиш натижасида экспертлар иш фаолиятида қўллаш учун мўлжалланган янги услубий қўлланма ишлаб чиқилган.
Услубий тавсияларни тайёрлашдан асосий мақсад эксперт-иқтисодчилар ўз фаолиятида хўжалик операцияларини ўзида акс эттирувчи бухгалтерия ва солиқ ҳисоби объектларининг мавжудлиги ва ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни акс эттирган бошланғич ва йиғма ҳисоб ҳужжатларини тадқиқ этишда замонавий усуллар ва услубларни қўллаш қобилиятларини шакллантириш, суд-солиқ экспертизасини бажариш учун услубий асос яратиш бўлди.
Мазкур услубий тавсияларни асосий вазифаси – суд –солиқ экспертизаси тушунчаси, предмети, объекти, суд-солиқ экспертизаси имкониятлари, шунингдек суд-солиқ экспертизасини ўтказишда иқтисодий ахборот ташувчиларни тадқиқ қилиш усуллари тўғрисида тушунча беришдан иборат.
Суд солиқ экспертизаси фуқаролик, иқтисодий, жиноят иши (шу жумладан, терговга қадар текширув материаллари), маъмурий ишларни кўриш жараёнида солиқ қонунчилиги талабларига кўра солиқ солиш объекти юзага келадиган турли хўжалик ёки молиявий операция содир этилиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича жамиятнинг солиқ ҳисоботида акс эттирилган ва бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқларни миқдорини белгилаш, қўшимча ҳисобланган солиқларнинг усулбий жиҳатдан асослилиги масаласини аниқлаш зарур бўлган ҳолларда тайинланиши мумкин.
Жиноят процессида суд-солиқ экспертизаси ўтказишга талаб жисмоний ёки юридик шахслар томонидан солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, солиқларни яшириш, солиқ органи томонидан ҳисобланган қўшимча солиқларнинг асослилигини аниқлаш билан боғлиқ ҳолатларда юзага келади.
Иқтисодий судларда мазкур турдаги экспертизани ўтказиш зарурати одатда солиқ органи ва солиқ тўловчи ўртасида солиқ солиш объектини аниқлаш, бюджетга тўланиши лозим бўлган баъзи солиқларни миқдори ва муддати тўғрисидаги низони ҳал қилиш лозимлигида пайдо бўлади.
Агар маъмурий жавобгарлик солиқ қонунчилигининг бузилиши билан боғлиқ ҳолда юзага келса, унда суд-солиқ экспертизаси маъмурий ишларни кўриш жараёнида тадбиркорлик субъекти томонидан солиқ органи қароридан норози бўлган ишлар юзасидан тайинланиши мумкин.
Солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун ҳеч бўлмаганда солиқ солинадиган базанинг миқдори ва ҳақиқатда ҳисобланиб, тўланган ҳажми тўғрисида маълумотга эга бўлиш лозим. Тўланадиган солиқ миқдорини ҳақиқий ҳисобланган ва тўланган сумма билан таққослаш орқали аниқланган қўшимча солиқ суммаси жиноий ишларни кўриш жараёнида солиқ тўлашдан бўйин товлаш аломатлари борлиги тўғрисида дастлабки фикрлар туғилишига асос бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда солиқ суммасини ўзгариши асослилиги билан боғлиқ вужудга келган иш ҳолатларини аниқлашга қаратилган масалаларни ҳал қилиш учун суд-солиқ экспертизаси тайинланади.
Бундан келиб чиқадики, суд-солиқ экспертизасининг предмети, солиқ солинадиган базанинг ҳажми, маълум давр учун бюджетга ҳисобланиши ва тўланиши лозим бўлган солиқ миқдори, бюджетга ҳақиқатда тўланган солиқлар тўғрисидаги фактик маълумотлардир (тергов қилинаётган ёки судда кўриб чиқилаётган ҳолатлар).
Бундай фактик ҳолатлар экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим)да келтирилган масала доирасида Ўзбекистон Республикасининг процессуал қонунчилигида белгиланган тартибда бунинг учун махсус ваколатланган шахс – эксперт томонидан аниқланади.
Суд-солиқ экспертизасини ўтказадиган эксперт солиқ қонунчилиги, шунингдек бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисоби соҳасида махсус иқтисодий билимларга эга бўлиши керак. Бунинг сабаби, солиқларни ҳисоблаш солиқ қонунчилиги нормалари асосида солиқ ва йиғимлар бўйича бюджет билан ҳисоблашишлар билан боғлиқ операцияларни бухгалтерия ҳисоби тизимида амалга оширилади. Ҳақиқатда ҳисобланган ва тўланган солиқ ва йиғимлар тўғрисида ахборот бухгалтерия ва солиқ ҳисоби маълумотларида сақланади.
Солиқ ва тўловларни тўлашдан бўйин товлаш ёки солиқ низоларини ҳал этиш билан боғлиқ суд муҳокамаси предметига айланган ишнинг фактик ҳолатларини аниқлаш учун суд эксперти муайян объектларни тадқиқот қилиши лозим. Солиқ солиш базаси тўғрисидаги маълумотлар бухгалтерия ва солиқ ҳисоби тизимида шаклланади. Ўзбекистон Ресубликасининг қонунчилиги талабларига мувофиқ Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юридик шахслар, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда ундан ташқарида жойлашган шуъба корхоналари, филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа таркибий бўлинмалари бухгалтерия ҳисобини юритишлари лозим.
Юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бухгалтерия ҳисобни юритади ва бухгалтерия (молия) ҳисоботини тақдим этади.[1]
Суд-солиқ экспертизаси объектлари бўлиб солиқ тўловчининг бошланғич ҳисоб ҳужжатлари, бухгалтерия ва солиқ ҳисоби регистрлари, молиявий ва солиқ ҳисоботлари (солиқ декларациялари), хўжалик шартномалари, солиқ текшируви далолатномалари, шунингдек солиқ ва йиғимлар ҳисоблашга асос бўлувчи хўжалик операциясини содир этилганлигини ўзида акс эттирган бошқа ҳужжатлар бўлиши мумкин.
Суд-солиқ экспертизаси – бу, авваламбор, эксперт ечимига қўйилган саволлар бўйича тадқиқот ўтказиш ва хулоса бериш учун зарур бўлган фактик маълумотларни ўзида мужассам қилган бухгалтерия ҳисоби ва солиқ ҳисобининг бирламчи ва йиғма ҳужжатлари, ҳисоб регистрларини экспертлик тадқиқотидир. Солиқ экспертизасини ўтказишда эксперт терговчи, суриштирувчи, судья томонидан қўйилган савол бўйича ишда мавжуд бўлган далилий ашёларнинг тадқиқотини ўтказади.
Суд-солиқ экспертизасининг мақсади – солиқ ва йиғимларнинг ҳисобланиши тўғрилиги ва тўлиқлигини амалдаги солиқ қонунчилиги талабларига мослигини аниқлаш.
Суд-солиқ экспертизасини ҳал этадиган вазифаларга қуйидагилар киради:
- солиқлар ва йиғимларни ҳисоблашнинг тўғрилиги ва тўлиқлигининг солиқ қонунчилиги талабларига мувофиқлигини аниқлаш;
- солиқ қонунчилиги талабларига риоя этмаганлик ҳолатларини аниқлаш (масалан, солиқ солиш базасини (ёки бошқа солиқ элементларини) аниқлашда солиқ қонунчилиги талабларига риоя этилганлиги),
- солиқ текшируви давомида аниқланган солиқ қонунчилиги талабларига риоя этилмаганлиги ҳолатининг ҳужжатлар билан тасдиқланганлигини аниқлаш.
Суд-солиқ экспертизаси олдига жисмоний ёки юридик шахс томонидан амалга оширилган молиявий-хўжалик операцияси оқибатида вужудга келган солиқ оқибатларини аниқлаш, солиқ ҳисобланишида солиқ қонунчилигини тартибга солувчи қоида ва меъёрларга риоя этилганлиги ҳолатларини аниқлаш тўғрисида саволлар ҳам қўйилиши мумкин.
Шуни таъкидлаш лозимки, суд-солиқ эксперти ваколатига фақат солиқ қонунчилиги талабларига риоя этиш ҳолатини аниқлаш кириб, бу ҳуқуқбузарлик (жиноят) сифатида баҳоланмаслиги лозим.
Чунки экспертнинг вазифаси бухгалтерия ҳисоби ва солиқ қонунчилиги соҳасида махсус билимларни қўллаган ҳолда тадқиқотлар ўтказилишини талаб этувчи саволларни ҳал этиш йўли билан иш ҳолатларини аниқлашда ёрдам беришдан иборат бўлиб, бунда аниқланган ҳолатнинг ҳуқуқий баҳосини белгилаш экспертнинг ваколатига кирмайди.
Шунингдек, қуйидаги саволлар эксперт ваколати доирасига кирмайди:
- “М” МЧЖ раҳбарияти томонидан солиқ бўйича қарздорлик ихтиёрий равишда тўланганми. Шахсларнинг ҳаракатига (“ихтиёрий равишда”, “ўз ташаббуси билан”) баҳо бериш эксперт томонидан амалга оширилиши мумкин эмас;
- Ташкилотда “бир кунлик фирмалар” белгилари мавжудми. Бундай масалаларни ҳал этиш солиқ органи ходимлари ваколатига киради.
- Белгиланган давр мобайнида корхонада “солиқларни тўлашдан бўйин товлаш” аломатлари мавжудми, агар бўлса, қанча миқдорда. Мазкур ҳолатда савол юридик шахс томонидан ноқонуний хатти-ҳаракат амалга оширилганлигини аниқлашга қаратилган. Шахсларнинг хатти-ҳаракатини баҳолаш, ҳаракатларидаги ниятни аниқлаш терговчининг ёки суднинг мутлақ ваколати ҳисобланади.
Экспертиза олдига ҳал қилиш учун фақат жавоби низони тўғри ҳал қилиш учун далил бўла оладиган ва фан, санъат, техника ёки ҳунар соҳасида махсус билим талаб қиладиган саволлар қўйилиши мумкин.
Судлар эксперт олдига вазифа қўйишда экспертлар хизматига қайта мурожаат этмаслик учун жавоби муайян бир ишнинг тўғри ҳал этилиши учун аҳамиятга эга бўлган, барча комплекс саволларни қамраб олишлари лозим.
Экспертизани такроран ўтказмаслик мақсадида суд эксперти ёки суд экспертлари комиссияси олдига қўйилаётган саволлар экспертизани тўлиқ ўтказиш учун етарли даражада бўлиши лозим.
Ҳал қилиниши суднинг ваколатига кирувчи ҳуқуқий тусдаги саволлар эксперт олдига қўйилиши мумкин эмас.
Эксперт ечимига қўйилган текширишда аниқланган умумий солиқ қонунчилиги риоя этилганлиги бўйича аниқланган барча ҳолатлар асослилигини, қўшимча солиқлар ҳисобланиши тўғрилигини текшириш жамиятнинг молиявий хўжалик фаолияти бўйича тузилган хўжалик операцияларини акс эттирувчи бирламчи ҳужжатларни корхонанинг бухгалтерия ҳисоби регистрларида акс эттирилишини, уларни солиқ тўловчининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ҳамда бошқа ҳужжатларида тўғри юритилганлигини текшириш учун ҳисобни тиклаган ҳолда тафтиш ҳаракатларини ўтказишни талаб этганлиги сабабли эксперт-иқтисодчининг ваколати доирасига кирмайди.
Суд-солиқ экспертизасини бажариш жараёнини қуйидаги асосий тўрт босқичларга ажратиш мумкин:
– тайёрлов босқичи:
Тайёрлов босқичида эксперт суд-солиқ экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарор (ажрим) билан танишади, эксперт ечимига қўйилган масалаларини аниқлаб олади, тадқиқот объектларини дастлабки экспертлик кўригидан ўтказади;
Бу босқичда эксперт ўз ечимига қўйилган саволларни ўрганишда уларни суд-солиқ экспертизаси мутахассислигига мувофиқлигини, уларни ечиш учун махсус билим талаб этилишини, саволларни ечиш учун тадқиқот объектлари тўлиқ ҳажмда тақдим этилганлигини аниқлаб олиши лозим. Ишнинг барча материаллари тақдим этилган ҳолатда эксперт тақдим этилган материаллар ҳажмидан тадқиқот предметига тааллуқлисини танлаб олади ва мазкур тадқиқотни ўтказиш учун қўлланиладиган экспертлик тадқиқоти усулларини аниқлаштиради;
– тақсимлаш босқичи:
Мазкур босқичда экспертизага тақдим этилган объектларни ажратган ҳолда эксперт бюджетга тўланиши лозим бўлган аниқ солиқ суммасини аниқлашга ёрдам берадиган солиққа тортишга асос бўлган ҳужжатларни ҳар бирини алоҳида ўрганади;
– таққослаш тадқиқот бочқичи:
Бу босқичда иккинчи босқичда олинган натижалар солиқ тўловчининг бухгалтерия ва солиқ ҳисоботларига кўра ҳисобланган ва тўланган солиқлар тўғрисидаги маълумотлари билан солиштирилади.
– умумлаштириш, тадқиқот натижаларини баҳолаш ва хулосани ифода қилиш босқичи:
Якуний босқичда иккинчи ва учинчи босқичда олинган натижалардан келиб чиқиб, якуний натижалар шакллантирилади ва эксперт хулосаси тайёрланади.
Хулосалар (якунлар) тадқиқот натижаларини баҳолашдан иборат бўлиши ва қўйилган саволларга жавоблар қисқа, аниқ ва лўнда ифодаланиши лозим.
[1]Ўзбекистон Республикасининг 30.08.1996 й. 279-I-сон “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуни (Янги таҳрири) (ЎзР 13.04.2016 й. ЎРҚ-404-сон Қонуни билан тасдиқланган) 6-моддаси.
Суд-иқтисодий экспертиза бўлими бош эксперти
С.Халмухамедова