Комплекс суд экспертизалари ўтказишнинг методик жиҳатлари

Аннотация.

Мақолада Ўзбекистон Республикасида суд экспертизаси институти ривожланишининг босқичлари таҳлил қилинган, замонавий шароитларда комплекс суд экспертизасининг янги турларининг шаклланиши ва ривожланиши, криминалистика ва суд экспертизаси соҳасида ҳам, бошқа илмий соҳаларда ҳам махсус билимларнинг ўзаро уйғунлашуви (интеграцияси) билан бевосита боғликлиги асосланган. Комплекс экспертизани ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида, Ўзбекистон Республикасининг суд-экспертиза муассасаларида (шу жумладан, нодавлат суд экспертиза ташқилотларида) комплекс экспертизаларни ўтказишни ташкил этиш бўйича умумий, ягона идоралараро услубий тавсиялар ишлаб чиқиш таклиф қилинган.

Калит сўзлар: суд экспертиза институти, комплекс суд экспертизаси, услубий таъминот, умумий услубиёт, хусусий комплекс экспертиза услубиёти, суд экспертиза тадқиқотлари услубиётини стандартлаштириш.

Forensic expert of the laboratory of “forensic ballistic and tracological examination” RCSE Mukhamedzhanova M.M.

METHODOLOGICAL ASPECTS OF CONDUCTING

COMPREHENSIVE FORENSIC EXAMINATIONS

Annotation.

The article analyzes the stages of development of the institute of forensic examination in the Republic of Uzbekistan, substantiates its direct connection with the formation and development in modern conditions of new types of complex forensic examination, mutual integration of special knowledge both in the field of criminology and forensic examination, and in other scientific fields. At the present stage of the development of complex expertise, the development of common, unified interdepartmental methodological recommendations for the organization of complex examinations in forensic expert institutions of the Republic of Uzbekistan (including non-governmental forensic expert organizations) is proposed.

Keywords: institute of forensic examination, complex forensic examination, methodological support, general methodology, private methodology of complex examination, standardization of methods of forensic research.

******************************************************************

Ўзбекистон Республикасида суд экспертизаси институти ривожланишининг ҳозирги босқичи қуйидаги анъаналар билан тавсифланади: илмий ва махсус билимларни ўзаро уйғунлашуви (интеграцияси) ва фарқланиши, эксперт-криминалистик технологияларнинг фаол ривожлантирилиши, экспертиза тадқиқотларининг турли усуллари ва воситаларини такомиллаштирилиши, инновацион техник-криминалистик воситалар ва экспертиза услубларини ишлаб чиқиш ва суд-экспертлик фаолиятига жорий этиш, шунингдек, бошқа, суд экспертиза институти ривожланишининг мазмун-моҳияти ва тузилишини белгилаб берувчи бошқа қонуниятлар.

Умуман олганда, суд экспертизаси ривожланишнинг ушбу истиқболлари экспертизалар ҳамда анъанавий ва янги, ноанъанавий тадқиқот объектларининг экспертиза тадқиқотларини ўтказиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиришга, шунингдек, суд экспертизасининг янги турлари ва оилаларини шакллантириш учун илмий билимларнинг бошқа тармоқлари ва соҳалари билан алоқаларни ташкил этишга имкон беради.

Суд экспертшунослиги суд экспертизаси институтининг назарий ва амалий асосларининг концептуал бирлигини таъминлайдиган билим соҳаси сифатида, суд экспертизасининг янги турлари, туркумлари ва оилаларини шакллантириш ва ривожлантириш қонуниятларини аниқлашга имкон беради.

Масалан, Н.С. Неретина суд экспертизасининг турлари (туркуми, оиласи) ривожланишининг қуйидаги қонуниятларини ажратиб кўрсатган: суд экспертизасининг турлари (туркуми, оиласи) шаклланиши ва ривожланиши билан суд-тергов амалиётининг эҳтиёжлари ўртасидаги боғлиқликнинг қонуниятлари; илмий билимларнинг ривожланиши, фанларнинг ўзаро уйғунлашуви (интеграцияси) ва фарқланиши (дифференциацияси) жараёнлари натижасида суд экспертизасининг турлари (туркуми, оиласи) пайдо бўлишининг қонуниятлари; суд-экспертлик фаолиятининг ривожланиши натижасида суд экспертизасининг турлари (туркуми, оиласи) ривожланишининг қонуниятлари [2, с.361].

Шу муносабат билан суд экспертиза институтини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири суд экспертизасининг янги турлари (туркуми, оиласи) шакллантириш жараёни ҳисобланади. Бу каби экспертиза турларидан бири комплекс суд экспертизаси суд экспертизаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал кодексига мувофиқ, “Экспертиза бир хил (комиссиявий экспертиза) ёки турли хил (комплекс экспертиза) суд-эксперт ихтисослигидаги бир неча эксперт томонидан ўтказилиши мумкин” [1].

Фалсафий (гносеологик) нуқтаи назардан, комплекс экспертиза, суд экспертизасининг алоҳида тури сифатида, экспертизанинг янги турлари, туркумлари ва оилаларини шакллантириш учун фундаментал асосдир. Масалан: комплекс суд-иқтисодий экспертизалар; комплекс суд-қурилиш-техник экспертизалар, комплекс су-экологик экспертизалар; комплекс суд-автотехник экспертизалар; комплекс суд-биологик экспертизалар; комплекс суд-психологик-психиатрия экспертизалари ва бошқ.

Замонавий шароитларда суд экспертизасининг янги турларининг шаклланиши ва ривожланиши, криминалистика ва суд экспертизаси соҳасида ҳам, бошқа илмий соҳаларда ҳам махсус билимларнинг ўзаро уйғунлашуви (интеграцияси) билан бевосита боғлиқдир. Ушбу жараёнларнинг натижаси эса комплекс экспертизанинг услубий асосларини, жумладан, бу турдаги экспертиза ўтказишнинг услубий шаклини такомиллаштириш ва ўзгартиришдир. Бугунги кунда комплекс суд экспертизаларини услубий таъминоти муаммолари энг баҳсталаб масалалардан бири ҳисобланади.

Комплекс экспертизаларни ўтказиш бўйича услубий тавсияларни ишлаб чиқиш бўйича эришилган муҳим натижаларга қарамай, аксарият ҳолларда айрим эксперт мутахассисликлари (комплекс суд-тиббий-криминалистик экспертиза, комплекс суд-психологик-психиатрик экспертиза, комплекс суд автотехникавий-трасологик экспертиза, комплекс суд-молия-иқтисодий экспертиза ва бошқ.) бўйича, ҳозирги вақтда турли муаллифлар томонидан комплекс экспертизаларни ўткаишда умумий услубий ёндашувдан фойдаланиш бўйича таклифлар билдирилмоқда [3].

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги қоида барча турдаги суд экспертизалари учун амал қилади. Масалан, А.А.Бессонов: “ҳозирги вақтда суд-экспертлик фаолиятининг энг долзарб муаммоларидан бири – суд экспертизасининг барча турлари учун, шу жумладан ушбу масала бўйича илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, илмий асосланган экспертиза услубиёти стандартларини ишлаб чиқиш зарурати бўлиб қолмоқда” [4, с.62].

Бинобарин, комплекс суд экспертизасининг асосий вазифаси – турли хил эксперт мутахассисликларига оид махсус билимларни уйғунликда қўллаб турли синф, оила ёки турдаги экспертизаларининг турдош вазифаларини ҳал қилиш – бўлганлиги сабабли, комплекс экспертизаларни ўтказишда идоралараро даражада бир хил (ягона) умумий услубиётни ишлаб чиқиш суд-экспертлик фаолиятининг долзарб йўналиши ҳисобланади.

Юқоридагиларга асосланиб, комплекс экспертизаларни услубий таъминоти ҳозирги кунда бошқа процессуал турдаги (масалан, бирламчи, қайта ёки қўшимча) суд экспертизаларига нисбатан бир мунча пастроқ деб хулоса қилиш мумкин. Шу сабабли, сўнгги пайтларда комплекс суд экспертизасини ривожлантиришнинг асосий йўналиши ҳозирда мавжуд бўлган комплекс экспертиза тадқиқотлари услубларини такомиллаштириш ва бойитиш, шунингдек, янги хусусий комплекс услубиётларни яратишдир.

Ушбу муаммони бартараф қилишда муҳим тўсиқ – бу комплекс суд экспертизаларини ўтказишнинг умумий турга (оила, синф) оди услубиётининг йўқлиги ҳисобланади.

Тарихга мурожаат қилинса, илгари экспертлик амалиётида, комплекс суд экспертизаларини ўтказиш бўйича идоралараро “Суд-экспертиза муассасаларида комплекс экспертизаларни ўтказишни ташкил этиш тўғрисидаги Йўриқнома” мавжуд бўлганлигини кўриш мумкин. Ушбу Йўриқномада комплекс экспертизаларни ўтказишнинг асосий қоидалари ва умумий тартиби мустаҳкамланган эди. Бироқ, ушбу Йўриқномада бу турдаги экспертизани ўткаишнинг босқичма-босқич услублари мавжуд эмас эди [5, с.163-164].

Шу муносабат билан, комплекс экспертизани ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида, Ўзбекистон Республикасининг суд-экспертиза муассасаларида (шу жумладан, нодавлат суд экспертиза ташқилотларида) комплекс экспертизаларни ўтказишни ташкил этиш тўғрисида” умумий, ягона идоралараро услубий тавсиялар ишлаб чиқиш таклиф қилинади. Ушбу услубий тавсияларда фикримизча, комплекс экспертизани ўтказиш услубиёти батафсил баён қилиниши, бу турдаги экспертизаларни ўтказишнинг алоҳида босқичларини кўриб чиқиш ва очиб бериш лозим.

Юқорида айтилганлар комплекс суд экспертизаларини ўтказиш учун умумий (тур, синф ва оилага оид) услубиётини яратиш зарурлигини белгилайди. Ушбу турдаги услубиётни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш суд экспертизасининг янги турлари (туркуми, оиласи)ни шакллантириш ва ривожлантириш, янги хусусий комплекс суд экспертизаси услубларини яратиш самарадорлигининг ажралмас шартидир, шунингдек, умуман суд экспертизаси тадқиқот усулларини стандартлаштиришнинг ажралмас асосидир.

Суд-экспертлик фаолиятини стандартлаштириш, хусусан, суд экспертизасини ўтказишни услубий таъминотида яона ёндашувни белгилаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Суд эксперизаси тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуни лойиҳасида “Суд-экспертлик фаолиятини мувофиқлаштириш” номли яги модда киритилган. Ушбу моддага кўра: “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги суд-экспертиза фаолиятини мувофиқлаштирувчи ваколатли орган ҳисобланади ва қуйидаги функцияларни амалга оширади:

суд экспертизасини ўтказиш соҳасида тадқиқот ва илмий-услубий ишларни ташкил этишга кўмаклашади; суд-экспертлик соҳасидаги муассаса ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилади ва умумлаштиради; суд-экспертлик соҳасидаги илмий услубиётларни такомиллаштириш шунингдек, янги экспертиза турларини жорий этиш бўйича таклифларни суд-экспертлик фаолиятининг идоралараро илмий-услубий кенгашига киритади; суд-экспертлик фаолиятини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқади; суд экспертларини тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги тегишли ишларни амалга оширади; суд-экспертиза ташкилотлари ҳамда суд экспертлари шунингдек, суд-экспертлик тадқиқотлари услубиётларининг давлат реестрларини юритади ва ундан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлайди; нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан суд экспертизасини ўтказиш учун махсус жиҳозланган бинолар ва ҳар бир экспертиза турида фойдаланишга доир жиҳозларга ҳамда мутахассисларнинг маълумоти даражасига қўйиладиган минимал талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди; нодавлат суд экспертларини аттестациядан ўтказиш қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди; нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертларини малака комиссияси фаолиятини ташкил этади; суд экспертининг касб этикаси бўйича намунавий қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди; суд экспертизасини услубий таъминлашнинг ҳолати юзасидан ихтиёрий сертификатлаштириш тартибини белгилайди ҳамда сертификатлаштиришни ташкил этади; суд-экспертиза соҳасидаги тизимли муаммоларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқади ва кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади; қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин”.

Кўриниб турибди-ки, юқорида ислоҳотлар натижасида комплекс суд экспертизаларини ўтказишнинг умумий (тур, синф ва оилага оид) услубиётини яратиш ва экспертлик амалиётига жорий этиш бўйича ишлар жадал давом этмоқда.

Комплекс экспертизаларни методик таъминотининг яна бир долзарб жиҳати – идоралараро даражада ишлаб чиқилган суд-экспертиза тадқиқотларига оид намунавий комплекс услубиётларнинг чекланган миқдоридир.

Амалда, аксарият ҳолларда, комплекс экспертиза тадқиқотлари ва экспертизаларини ўтказишда, турли хил мутахассисликлар бўйича экспертиза тадқиқотларининг хусусий услубиётлари усуллари биргаликда қўлланилади, бироқ, бу ҳолда ушбу услубиётларни биргаликда қўллаш бўйича услубий тавсиялар эса инобатга олнмай қолади.

Экспертиза услубиёти стандарт мақомига эга бўлиши учун – бу услубиёт шаклланиш, синовдан ўтказиш (апробация ва валидация) ҳамда амалиётга жорий қилиш каби босқичлардан ўтиши керак.

Комплекс экспертизалар услубиётининг асосий қоидалари ва босқичларини шакллантиришда турли эксперт ёки турли экспертлик мутахассислигига эга бўлган экспертлар комиссияси бу каби экспертиза тадқиқотлари ва экспертизаларини ўтказиш амалиётини ўрганиши, шунингдек, ўқув-услубий қўлланмаларда, йўриқномаларда, илмий-тадқиқот ишларида, илмий конференциялар қарорларида, илмий-амалий семинарларда, илмий-методик кенгашларнинг қарорларида берилган (мавжуд бўлган) услубий тавсияларни таҳлил қилиши керак.

Бу каби услубиётлар натижаларини суд-экспертиза муассасаларида синовдан ўтказиш дастлаб Илмий ёки илмий-методик кенгашларда (масалан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги РСЕМнинг Илмий Кенгаши, Ички ишлар вазирлиги ЭКБМнинг Эксперт-малакавий комиссияси, Мудофаа вазирлиги МСТПАЛнинг Илмий-Методик Кенгаши, Соғлиқни сақлаш вазирлиги РСТЕИАМнинг Илмий-Методик Кенгаши) амалга оширилади, у ерда услубиётлар муҳокама қилинади ва сертификатланади, сўнгра унинг натижалари амалиётга татбиқ этилади.

Ушбу комплекс услубиётни қўллаш натижалари синов (апробация) босқичидан муваффақиятли ўтганидан сўнг, улар тўғридан-тўғри экспертиза бўлинмалари ва лабораторияларига фаолиятга жорий этилиши керак.

Бу жараёндаги энг қийин босқич – суд-экспертиза тадқиқотининг комплекс услубиётини амалиётга жорий этиш босқичи ҳисоблнади. Бунинг сабаблари ҳар хил бўлиши мумкин, лекин улар асосан ташкилий хусусиятга эга бўлади. Натижада, ишлаб чиқилган, шаклланган ва синовдан ўтган комплекс экспертиза услубиёти фақат экспертиза ўтказишда услубий тавсиялар вазифасини бажаради.

Суд-экспертиза тадқиқотларининг янги комплекс услубларининг вужудга келиши бўлиши судда жиноят ва бошқа ишларни кўриб чиқишда исботлаш воситаси сифатида комплекс суд экспертизаларини ўтказиш самарадорлигига ва унинг ваколатларини кенгайтиришга сезиларли таъсир кўрсатади.

Юқорида айтилганларнинг барчасини умумлаштириб, хулоса қилишимиз мумкинки, комплекс суд экспертизасини ривожланишининг ҳозирги босқичи бу тураги экспертизаларни услубий таъминотининг паст даражаси билан белгиланади, шу сабабли, юқорида таъкидланган вазифаларни амалга ошириш учун комплекс суд экспертизалари тадқиқотларуслубиётини сезиларли даражада такомиллаштириш зарур.

Иқтибослар/Сноски/References:

  1. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси. – Т., 2022. 1761-м. / Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 2017 й., 1-сон, 1-модда, 13-сон, 194-модда, 24-сон, 487-модда, 36-сон, 943-модда, 37-сон, 978-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.02.2021 й., 03/21/673/0112-сон; 18.02.2021 й., 03/21/675/0126-сон.
  2. Неретина Н.С. Основные закономерности генезиса родов и видов судебных экспертиз // Изве­стия ТулГУ. Экономические и юридические науки. 2016. № 3-2. – С.360-366.
  3. Кудряшов Д.А. К вопросу об общем мето­дическом подходе при производстве комплексных судебных экспертиз // Уголовное судопроизводство: проблемы теории и практики. № 3. 2017. – С.46-50.
  4. Бессонов А.А. К вопросу о формировании единых экспертных методик // Информационный бюллетень «Вопросы экспертной практики» Специ­альный выпуск, март 2019. Материалы ИИИ Между­народной научно-практической конференции «Дис­куссионные вопросы теории и практики судебной экспертизы». – С.57-62.
  5. Кудряшов Д.А. Актуальные вопросы производства комплексных судебных экспертиз: методический аспект. Вест­ник экономической безопасности. 2020;(4): 162-5.

РСЭМ “Суд-баллистика ва трасологик экспертизаси лабораторияси суд-эксперти Мухамеджанова М.М.

Skip to content