Суд транспорт-трасология экспертизасини ўтказишда ҳал этиладиган масалалар.

Трасология сўзининг маъноси из ва фикрлаш сўзларидан ташкил топган бўлиб, суд транспорт-трасология  экспертизаси  транспорт воситалари тўқнашганганлиги факти тасдиқланганидан сўнг, ўзаро тўқнашган транспорт воситаларидаги излар бўйича ўтказиладиган тадқиқотларни ифодалайди.

Суд транспорт-трасология экспертизасини ўтказиш натижасида қуйидаги асосий (ва бошқа) масалаларни ҳал этиш мумкин, хусусан:

  1. Транспорт воситаларининг тўқнашуви уларнинг қайси қисмлари билан содир этилганлигини;
  2. Бирламчи тўқнашув вақтида транспорт воситаларининг ўзаро жойлашув вазиятини;
  3. Бирламчи тўқнашув вақтида транспорт воситаларининг йўлнинг бўйлама ўқига нисбатан жойлашиш   вазиятини;
  4. Тўқнашувнинг қайси жойда содир бўлганлигини;
  5. Тўқнашувни йўлнинг қатнов қисмини қайси томонида содир бўлганлигини;
  6. Транспорт воситаларидаги жароҳатларнинг содир бўлиш кетма-кетлигини;
  7. Транспорт воситалари ҳаракатининг тўқнашувдан кейинги йўналиши ва ҳарактерини;
  8. Бирламчи тўқнашув вақтида транспорт воситаларини ҳаракатда бўлганлиги ёки улардан бирини тўхтаб турганлигини;
  9.  Транспорт воситаларини тўқнашув вақтида орқага харакатланганлик холатини;
  10. Бир йўналишда ҳаракатланган транспорт воситаларини тўқнашувида улардан бирининг йўналиши ўзгартирганлигини;
  11. ЙТҲ механизмини;
  12. Тўқнашувда қатнашган транспорт воситалари ҳайдовчилари, гувоҳлар, холислар ва бошқаларнинг кўрсатмаларини ЙТҲнинг механизмига тўғри келиш-келмаслиги масаласига ойдинлик киритиш ва бошқа масалаларни.

Энди, юқорида баён қилинган яъни суд транспорт-трасология экспертизасини ўтказиш натижасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларнинг ҳар бирини тадқиқот қилиш кетма-кетлигига тўхталиб ўтамиз.

  1. Транспорт воситаларининг тўқнашуви уларнинг қайси қисмлари билан содир этилганлиги масаласи ТВни кўздан кечириш жараёнида, транспорт воситаларини тўқнашув жойидаги дастлаб урилган холатида иштирок этган юзаларни ва улардаги мос жарохат изларини аниқлаш орқали ҳал этилади. Бунда, транспорт воситаларидаги техник шикатланишлар ўзларининг ўлчамлари, ер сатхидан баландлиги, содир бўлиш механизми ва айрим ҳолатларда юза қисмларида  қолдириладиган ўзига хос белгилари(бўёқ юқумлари ва бошқалар)га кўра бир-бирига тўғри келган ҳолатлардагина, улар мос жарохатлар, деб қабул қилинади. Кўздан кечириш транспорт воситалари экспертиза тайинлаган орган(шасх)нинг мажбурий иштирокида ўтказилади ва тегишли баённома билан расмийлаштирилади.
  2. Бирламчи тўқнашув вақтидаги транспорт воситаларининг ўзаро жойлашув вазиятини аниқлаш учун, улар ўртасидаги бирламчи контакт қайси қисмлари билан содир этилганлиги ва бунда иштирок этган  юзалардаги мос жарохат излари аниқланиб олинганидан сўнг, мос жарохатлар асосида транспорт воситаларининг бирламчи тўқнашув вақтидаги ўзаро жойлашув вазияти натура (бир-бирига амалий) ёки масштабли (бир-бирига чизма) шаклда яқинлаштириш усули бўйича тикланиб, сўнгра уларнинг бўйлама ўқлари орасидаги бурчак ўлчанади. Транспорт воситаларининг бирламчи тўқнашув вақтидаги бўйлама ўқлари орасидаги бурчак, уларнинг ўзаро  жойлашув вазиятини белгилайди.
  3. Бирламчи тўқнашув вақтида транспорт воситаларининг йўлнинг бўйлама ўқига нисбатан жойлашиш вазиятини,ҳеч бўлмаганда битта транспорт воситасидан ходисага қадар тормоз излари қолдирилган холатда аниқлаш мумкин бўлади. Бунда, дастлаб ходисага қадар тормоз изи қолдирилган транспорт воситасининг бирламчи тўқнашув вақтида йўлнинг бўйлама ўқига нисбатан жойлашиш вазияти аниқланади. Ундан кейин, транспорт воситаларининг бирламчи тўқнашув вақтидаги ўзаро  жойлашув вазияти аниқланади. Юқорида баён қилиб ўтилган икки маълумот асосида, ходисага қадар тормоз излари қолдирмаган транспорт воситасининг  йўлнинг бўйлама ўқига нисбатан жойлашиш вазияти аниқланади.
  4. Тўқнашувнинг қайси жойда содир бўлганлиги, услубиятга асосан тупроқ уюми, воқеа жойидаги тормоз излари тугаган жой, уларнинг йўналиши кескин ўзгарган жой, асфальтдаги қирилиш излар, шиша синиқлари, тўкилмалар, мой излари ва синган эхтиёт қисмлар сочилган жойлари каби белгилар асосида аниқланади.
  5. Тўқнашувни йўлнинг қатнов қисмини қайси томонида содир бўлганлиги, тўқнашув жойи аниқланганидан кейин “тўқнашув жойи”ни аниқлашга асос бўлган белгиларни воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси ва унинг чизмасида йўлнинг қатнов қисмини қайси томонида белгиланганлигидан, ушбу белгиларни йўлнинг қатнов қисми чегараларига нисбатан жойлашиш кординаталаридан ҳамда бунга алоқадор маълумотлардан келиб чиқиб аниқланади.
  6. Транспорт воситаларидаги жароҳатларнинг содир бўлиш кетма-кетлиги, транспорт воситаларининг тўқнашувдан олдинги ҳаракат йўналишлари, бирламчи тўқнашув уларнинг қайси қисмлари билан содир этилганлиги, транспорт воситаларини олган техник шикастланишларининг содир бўлиш механизми, техник шикастланишларнинг жойлашуви- чуқурлиги-ер сатҳидан баландлиги, жарохатларнинг юзасидаги ўзига хос белгилари ҳамда шикастланган қисмларнинг ҳажмига қараб аниқланади.
  7. Транспорт воситалари ҳаракатининг тўқнашувдан кейинги йўналиши ва характери, уларнинг тўқнашувдан олдинги ҳаракат йўналишлари ва тезликларини, бирламчи тўқнашув уларнинг қайси қисмлари билан содир этилганлигини, уларнинг шахсий оғирликлари ва юкланганлик даражасини, габарит ўлчамларини, уларнинг тўқнашув бурчагини ҳамда йўлнинг тўқнашув вақтидаги холатини таҳлил қилиниб аниқланади.
  8. Бирламчи тўқнашув вақтида транспорт воситаларини ҳаракатда бўлганлиги ёки улардан бирини тўхтаб турганлиги масаласи,транспорт воситаларининг тўқнашувдан олдинги ҳаракат йўналишига нисбатан олган техник жарохатларнинг йўналишлари, жойлашуви ва транспорт воситаларини тўқнашувдан кейинги ҳолатлари инобатга олиб аниқланади.
  9. Транспорт воситаларини тўқнашув вақтида орқага харакатланганлик холати транспорт воситаларини олган техник шикастланишлари, воқеа куни тузилган чизма ва транспорт воситаларини тўқнашувдан кейинги холатларидан келиб чиқиб аниқланади.
  10. Бир йўналишда ҳаракатланган транспорт воситаларининг тўқнашувида улардан бирининг йўналиши ўзгартирганлиги масаласи, транспорт воситаларини олган техник шикастланишлари, тўқнашув бурчаги ва транспорт воситаларини тўқнашувдан олдинги ва тўқнашувдан кейинги холатларидан келиб чиқиб аниқланади.
  11. Транспорт-трасология экспертизасининг асосий вазифаларидан бири, бу бўлиб ўтган тўқнашувдан кейин йўл транспорт ҳодисаси механизмини тиклашдан иборатдир. Транспорт воситаларининг тўқнашуви бўйича ЙТҲ механизми дейилганида, ўзаро тўқнашган транспорт воситаларини бир-бирига яқинлашиши, контактга киришиши-бир биридан ажралиши ва уларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтагунича бўлган холатларни ўз ичига олган жараён тушунилади. Транспорт воситаларининг тўқнашуви бўйича ЙТҲ механизми, транспорт воситаларининг тўқнашувгача бўлган ҳаракат йўналишлари, бирламчи тўқнашув уларнинг қайси қисмлари билан содир этилганлиги, уларнинг тўқнашув вақтидаги ўзаро ва йўл ўқига нисбатан жойлашиш ҳолати, уларнинг тўқнашувдан кейинги ҳаракат траекториялари, тўқнашувдан кейин ҳаракатдан тўхтаган жойларининг йўлнинг қатнов қисми қирғоқларига нисбатан жойлашиш кординаталари билан ифодаланади.
  12. Тўқнашувда қатнашган транспорт воситалари ҳайдовчилари, гувоҳлар, холислар ва бошқаларнинг кўрсатмаларини ЙТҲнинг механизмига тўғри келиш-келмаслиги масаласи, юқорида кўрсатиб ўтилган саволларнинг техник ечимларидан келиб чиқиб мазмунан ҳал этилади.

Қуйида, аниқ холат бўйича бажарилган судга оид транспорт-трасолгия экспертизаси мисолида, транспорт воситаларини бирламчи тўқнашув вақтида ўзаро ва йўл ўқига нисбатан жойлашишини ифодалаш бўйича тадқиқотларнинг асосий қисмини (қисқартирилган ҳолда) ва “Чизма”ни маълумот учун келтириб ўтамиз:

Қаралаётган ҳолатда “GM UZ MALIBU 2”  русумли ва “ISUZU/NQR 71PL” русумли автомобилларидаги қуйидаги асосий жарохатлар ўзларининг ўлчамлари, ер сатҳидан баландлиги ва содир бўлиш характерига кўра ўзаро мос келади:

Жадвал №1.

Т/р

 

 “GM UZ MALIBU 2”  русумли автомобили бўйича “ISUZU/NQR 71PL” русумли автомобили бўйича
1.  – чап ён томонининг олд габарит нуқтадан орқага 0,60 м.даги, олд томонининг чап ён габарит нуқтадан ўнгга 0,67 м.даги (ер сатхидан 0,55…0,70м. баландликдаги) ташкил қилувчилари қаттиқ жисмнинг чапдан-ўнгга ва қисман олдиндан-орқага йўналишдаги таъсиридан пачоқланиб-орқага силжиганлиги, бундан хосил бўлган пачоқланган юзанинг периметри 0,90м.ни ташкил қилишлиги (12-сурат); – рамасининг олд қисми (соз ҳолати бўйича кенглиги 0,90м., ер сатхидан баландлиги 0,55…0,70м.) қаттиқ жисмнинг ўнгдан-чапга ва олдиндан-орқага йўналишдаги таъсиридан “чапга” эгилганлиги, олд ғилдираклари осма деталлари (рессоралар тугунининг олд қисми)ни ўнгдан-чапга силжиганлиги, бунда “қора” рангга бўялган трансмиссия қисмининг ташкил қилувчиларида “оқ” бўёқ юқумлари қолдирилганлиги (23-25-суратлар);
2.  – чап ён габарит нуқтасидан ўнгга 0,15м. дан кейин олд чап блокфараси ўрнига тўғри келадиган (ер сатхидан 0,55…0,70 м. баландликдаги) қисми ва унинг атрофидаги ташкил қилувчиларида қаттиқ жисмнинг чапдан-ўнгга ва қисман олдиндан-орқага йўналишдаги таъсиридан содир бўлган “ботиқ” жарохати мавжудлиги (29-сурат);  – рамасининг олд ўнг бурчак қисми (ўнг ён габарит нуқтасидан чапга 0,40 м.дан кейин 0,15м. кенгликда, ер сатхидан 0,55…0,70 м. баландликда) қаттиқ жисмнинг ўнгдан-чапга ва олдиндан-орқага йўналишдаги таъсиридан жарохатланган, “чапга” силжиган      (30-сурат);
3. – кузовининг олд кўндаланг кучайтиргичининг чап учи ва аккумулятор батареясининг махкамлаш панелига тўғри келадиган (ер сатхидан 0,55…0,70 м. баландликдаги) қисмини “бўртиб” туриб қолганлиги, унинг атрофидаги ташкил қилувчиларини эса қаттиқ жисмнинг чапдан-ўнгга ва қисман олдиндан-орқага йўналишдаги таъсиридан ўз конструкцион ўрнига нисбатан “орқага” силжиганлиги (31-сурат); – рамасининг олд кўндаланг ташкил қилувчисини (ер сатхидан 0,55…0,70 м. баландликда) қаттиқ жисмнинг ўнгдан-чапга ва олдиндан-орқага йўналишдаги таъсиридан эгилиб-йиртилганлиги ҳамда “орқага” силжиганлиги (32-сурат);
4. – олд томонида, чап блокфара ўрнига тўғри келадиган “ботиқ” жарохатдан ўнгда 0,60 м.дан кейин (ер сатхидан 0,55…0,70 м. баландликдаги) қисми ва унинг атрофидаги ташкил қилувчиларида қаттиқ жисмнинг чапдан-ўнгга ва қисман олдиндан-орқага йўналишдаги таъсирида содир бўлган “ботиқ” жарохати мавжудлиги (33-сурат). – рамасининг олд чап бурчак қисмини (ер сатхидан 0,55…0,70 м. баландликда) қаттиқ жисмнинг ўнгдан-чапга ва олдиндан-орқага йўналишдаги таъсиридан жарохатланганлиги, ушбу қисмини “чапга” силжиганлиги          (34-сурат).

 

Қаралаётган ҳолатда, транспорт воситаларини ўз ҳаракатлари билан бир-бирига яқинлаштириш имконияти йўқлиги сабабли, уларни бир-бирига масштабли яқинлаштириш усули ёрдамида “Жадвал №1”да  баён қилинган асосий ўзаро мос жарохатлар ҳамда бу жарохатларнинг ўлчамларига кўра, транспорт воситаларининг биламчи тўқнашув пайтидаги ўзаро жойлашиш холати тикланиб, уларнинг бўйлама ўқлари орасидаги бурчак ўлчанганида, бурчак α=131 даражани ташкил қилишлиги маълум бўлди.

Транспорт воситаларини бирламчи тўқнашув вақтидаги ўзаро ва йўлга нисбатан жойлашиш ҳолати бўйича

Демак, бирламчи тўқнашув вақтида:

– “ISUZU/NQR 71PL” русумли ва “GM UZ MALIBU 2” русумли автомобиллар ўзаро, бўйлама ўқлари α=131±2 даража бурчак остида жойлашган ҳолатда бўлган;

– “ISUZU/NQR 71PL” русумли автомобили бўйлама ўқи йўлнинг “ўқ чизиғига” (1.5 ётиқ чизиқга) нисбатан β=11 даража бурчакга “чапга” оғиган (олд чап бурчак қисми эса 1.5 ётиқ чизиқдан 2,2 м.га чапга чиққан) ҳолатда жойлашган бўлган;

– “GM UZ MALIBU 2”  русумли автомобили бўйлама ўқи йўлнинг “ўқ чизиғига” (1.5 ётиқ чизиқга) нисбатан g=38±2 даража бурчакга “ўнгга” оғиган (чап орқа бурчак қисми эса 1.5 ётиқ чизиқдан 1,9м. чапга чиққан) ҳолатда жойлашган бўлган.

 

РСЭМ Сирдарё вилоят бўлими

етакчи эксперти:

  Б.Б.Ахмедов

 

Skip to content