Одам ДНКси суд биологик экспертизаси бўйича аноним мурожаат қилиш тартибини биласизми?

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатли ҳимоя қилиниши, адолатни қарор топтиришда суд экспертизанинг аҳамияти катта. Бугунги кунда суд экспертиза имкониятларидан фуқаролар ҳам фойдаланишлари учун имкониятлар кенгаймоқда. Одам ДНКси суд биологик экспертизаси бўйича фуқаролар томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Фуқаролар мурожаатларидан келиб чиқиб ва уларга қўлайликлар яратиш мақсадида жорий йилдан бошлаб, одам ДНКси суд биологик экспертизаси бўйича аноним мурожаатлар асосида экспертиза тайинлаш йўлга қўйилди. Лекин фуқароларнинг кўпчилигида одам ДНКси суд биологик экспертизасига аноним мурожаат қилиш тартиби юзасидан маълумотлар кам ва тушунчалар етарли даражада эмас. Шу сабабли одам ДНКси суд биологик экспертизасига аноним мурожаат қилиш тартиби юзасидан қуйидаги қўшимча маълумотларни келтириб ўтамиз.

Одам ДНКси суд биологик экспертизаси бўйича аноним мурожаат қилган шахсларнинг шахсига доир маълумотларни махсус белгилар асосида қайд этиш орқали тадқиқотлар ўтказилади. Яъни, текшириш обектларини тақдим қилувчилардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва бошқалар) талаб қилинмайди. Сўров анкетасида шахсга доир маълумотлар кўрсатилмайди, тадқиқотнинг тури ва тақдим қиланаётган биологик материаллар махсус белгилар орқали ифодаланади. Тадқиқот натижаси юридик кучга эга бўлмайди.

Одам ДНКси суд биологик экспертизаси бўйича аноним ДНК тадқиқотлари қуйидаги масалаларни ҳал қилади:

– биологик оталик фактини аниқлаш;

– биологик оналик фактини аниқлаш;

– биологик ака-укалик фактини аниқлаш;

– биологик опа-сингиллик фактини аниқлаш;

– биологик бобо-бувалик фактини аниқлаш;

– ота авлод бўйича биологик қариндошликни аниқлаш (Y-хромосома бўйича);

– ташувчидаги (текшириш учун тақдим қилинган обектдаги) биологик изнинг генотипини, жинсини ва кимга тегишли эканлигини (агар солиштирма намунаси тақдим қилинса) аниқлаш.

Одам ДНКси суд биологик экспертизаси бўйича аноним ДНК тадқиқотларига текширтириш учун қуйидаги одам биологик материалларни тақдим қилиш мумкин:

– қон намунаси;

– сўлак намунаси;

– соч толаси;

– тирноқ ости биоматериаллари;

– мушак тўқимаси;

– суяк тўқимаси;

– маний.

Ўзида одам биоматериалларини сақловчи қуйидаги обектларни тақдим қилиш мумкин:

– тиш тозалагич (щётка), мисвак таёқчаси;

– сақич;

– болалар сўрғичи, сўрғичли идишлар;

– ишлатилган ичимлик найчаси;

– соқол олиш воситалари;

– тароқ;

– кийилган пайпоқ;

– ишлатилган дастрўмолча, салфетка;

– ишлатилган бир марталик қўлқоп;

– қўл соати, браслет, ёки катта ҳажмли тақинчоқлар;

– сочиқ, чойшаб, кийим ва бошқа нарсаларда қон, тер доғлар мавжуд соҳаларидан қирқмалар;

– аёллар гигиеник воситалари;

– ишлатилган жинсий ҳимоя воситаси;

– маний доғлари мавжуд чойшаб, сочиқ, нам салфетка, аёллар ёки эркаклар ички кийимлари.

Аноним ДНК тадқиқотларига текширтиришлик учун намуналарни олиш ва қадоқлашда амал қилиниши зарур бўлган қўшимча маслаҳатлар:

– биологик намуналарни олишда қўлларга стерилланган бир марталик қўлқопларни кийиш ва қўлқоп кийилган қўл билан юз, бурун, қулоқ ёки бошқа аъзоларга тегмаслик керак;

– биологик намуналарни олиш жараёнида гаплашиш, акса уриш, юталиш ёки ўзидан сўлак сачраши мумкин бўлган бошқа ҳаракатларни бажариш мумкин эмас;

– биологик намуналар имкон қадар кўпроқ олиниши керак. Чунки, текширувга тақдим қилинган обектдаги биоматериаллар одам ДНКси тадқиқотлари учун етарли миқдорда бўлиши зарур;

– қадоқланаётган биологик намуналар қуруқ ҳолда бўлгани мақсадга мувофиқ;

– олинган намуналарни полиэтилен пакетларга, ёки шунга ўхшаш ҳаво ўтказмайдиган қадоқларга солиш мумкин эмас;

– биологик намуналарни илгари ишлатилмаган, тозза қоғозга ёки қоғоз конвертларга қадоқлаш мақсадга мувофиқ;

– аноним ДНК тадқиқотларига теширтириш учун олинган намуналар, қадоқланган заҳоти қадоқнинг устига биологик намунаси солинган шахсга тегишли бўлган маълумотлар ёки махсус белгилар қўйилиши зарур. Шу орқали қадоқлар алмашиб қолишининг олдини олинади.

Аноним ДНК тадқиқотларини ўтказиш учун белгиланган тўловлар ва тўлов билан боғлиқ масалалар:

– суд экспертизаси маркази хизматидан фойдаланиш учун буюртмачи экспертиза харажатлари учун тўловни амалга оширган ҳолда ўз хоҳишига кўра шахсан ўзи келиб ёки масофадан туриб экспертиза тайинлаши мумкин;

– суд экспертизаси маркази мутахассиси иштирокида олинмаган тадқиқот намуналарининг сифати (яроқлилиги) учун буюртмачи масъул ҳисобланади;

– тадқиқотлар ўтказиш жараёнида суд экспертизаси маркази мутахассиси иштирокида олинмаган тадқиқот намуналарининг сифатсиз (яроқсиз) эканлиги аниқланган ҳолатларда амалга оширилган тўлов буюртмачига қайтариб берилмайди;

– бундан ташқари тадқиқотлар бошланган ва реагентлар сарф этилгандан сўнг буюртмачи томонидан тадқиқотни тўхтатиш ва тўлов пулини қайтариш сўралса амалга оширилган тўлов буюртмачига қайтарилмайди.

Одам ДНКси суд билогик экспертизаси тадқиқотлари учун тўлов суммаси обектларнинг сони ва мураккаблик даражасига яъни экспертиза харажатларига қараб қуйидагича белгиланади (06.12.2022 йил ҳолатига):

– оддий мураккаблик даражасидаги ДНК тадқиқотлари учун – 3 030 000 сўм;

– ўрта мураккаблик даражасидаги ДНК тадқиқотлари учун – 6 090 000 сўм;

– мураккаб даражадаги ДНК тадқиқотлари учун – 9 240 000 сўм этиб белгиланган.

Ҳозирги кунда одам ДНКси суд биологик экспертизаси лабораториялари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида ҳамда марказнинг Самарқанд вилояти бўлимида мавжуд.

Республика суд экспертиза маркази манзили: Тошкент шаҳри Миробод тумани, Фарғона йўли кўчаси. Телефон: +99871-209-11-55;

Самарқанд вилоят бўлими манзили: Самарқанд шаҳри Фирдавсий кўчаси. Телефон: +99855-704-02-72, +99855-704-91-63.

 

РСЕМнинг Самарқанд вилояти бўлими Одам ДНКси

суд биологик экспертизаси лабораторияси эксперти

Мардиев Абдулазиз Баҳронқул ўғли

 

Skip to content