Иқтисодий муаммолар ечимида суд иқтисодий экспертизасининг ўрни

Суд- иқтисодий экспертизаси иқтисодий қонунбузарликларни аниқлаш, шунингдек суд- иқтисодий экспертизаси соҳаларида маҳсус билимларни талаб қилувчи саволлар пайдо бўлганда суд- ҳуқуқ ва тергов органлари томонидан тайинланади.

Суд- иқтисодий экспертизасини тайинлаш тўғрисида сўз юритилганда, аввало, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига эътибор қаратиш жоиз. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 174- моддасига асосан суд- иқтисодий экспертизаси фақат Давлат суд экспертиза муассасаларининг мутахассислари, алоҳида ҳолларда эса, бошқа корхона, муассаса, ташкилотларнинг мутахассислари ўтказади. Алоҳида ҳол экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда асослантирилиши лозимлиги қайд этилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2011 йил        2 мартдаги 53-мҳ-сон буйруғига Илова “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқномасининг 2-бандида экспертиза муассасаларида суд экспертизасининг турларига кўра, суд-иқтисодий экспертизаси ўтказилиши белгиланган.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикасининг “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонунини  алоҳида қайд этиш лозим. Хусусан, Қонуннинг “Суд экспертизасини ўтказиш” номли 3-бобининг 17-моддаси суд экспертизасини ўтказиш асослари ва муддатларига бағишланган бўлиб, унда терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг қарори, суднинг ажрими суд экспертизасини ўтказиш асосларидир. Суд экспертизаси тегишли қарор ёки ажрим чиқарилган кундан эътиборан тайинланган ҳисобланиши белгилаб қўйилган.

Хусусан, мазкур қонуннинг 18-моддасида қўшимча ва қайта суд экспертизалари тўғрисида сўз юритилган бўлиб, унга кўра қўшимча суд экспертизаси хулосадаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади, қайта суд экспертизаси эса  хулоса асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки суд экспертизасини ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда тайинланиши белгиланган.

Қайта суд экспертизаси тайинланганда суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) олдига илгари қўлланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.

Қайта суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда қайта суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) биринчи (олдинги) суд экспертизаси хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозимлиги баён этилган.

Шу билан бирга, Қонуннинг 19- моддасида суд экспертизасининг суд экспертлари комиссияси томонидан ўтказилиши тўғрисида батафсил ёритилган бўлиб, суд экспертизасининг суд экспертлари комиссияси томонидан ўтказилиши суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) ёки мазкур экспертизанинг ўтказилишини ташкил этувчи давлат суд экспертиза муассасаси ёхуд бошқа ташкилот раҳбари томонидан белгиланиши келтирилган.

Бундан ташқари, суд экспертизасини тайинлашда мазкур Қонуннинг 21-моддасида Комплекс суд экспертизаси иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни турли илм соҳаларидан фойдаланган ҳолда бир неча текшириш ўтказиш йўли билангина аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда тайинланиши шулар жумласидандир.

Бир сўз билан айтганда, суд- иқтисодий экспертизалар  суриштирувчи, терговчи, прокурорлар қарори ҳамда судда кўрилаётган фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлари ёки тергов қилинаётган жиноят ишлари бўйича суднинг ажрими асосида ўтказилади.

 

А.Назаров
РСЭМ Суд-иқтисодий экспертизаси бўлими эксперти

Skip to content