МАХСУС КУКУНЛАР ВА МАХСУС ҚАЛАМЛАР ЭКСПЕРТИЗАСИ

Огоҳ бўлинг!

Коррупцияни олдини олиш.

Оддий кўз билан ажрата олмаслик.

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертизаси марказининг “Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси” лабораториясида “Махсус кукунлар ва махсус маркерлар (қаламлар) экспертизаси” бўйича тадқиқотлар олиб борилади.

Коррупция, порахўрлик, фирибгарлик ва товламачилик каби жиноятларни очиш ва тергов қилиш мураккаб ҳисобланади. Кўпинча пора олиш ва бериш  ҳеч қандай гувоҳларсиз содир бўлади. Шунинг учун тергов идоралари бу жиноятларни очишда ҳозирги замон криминалистика  воситаларидан фойдаланади. Улар қаторида махсус кукунлар ва маркерлар (қаламлар) экспертизаси кенг қўлланилади.

Кўзга кўринмайдиган махсус кукунлар (люминофор) ва махсус маркерлар (қаламлар)дан фойдаланиш гумондор шахсни жиноят содир этилган вақтнинг ўзида қўлга олишга имкон беради. Люминофор моддалар сифатида  ФК-6,
Б-3С, 490 РТ, 540 Т, 458 Т ва 440 Т русумли махсус кукунлар ишлатилади. Улар ультрабинафша нурлар (УБ) таъсирида ҳар хил нурланиш хусусиятига эга бўлиб, уларни ташувчи турли буюмларда  (пулларда, қўлдан олинган суртмаларда, кийим сатҳларида, стол тортмаси, китоб орасида, қоғоз ичида
ва ҳ.к.) ҳар хил рангда нурланадилар. Бундай кукунлар ашёвий далилларда бор-йўқлигини аниқлашга қаратилган тадқиқотлар суд кимёвий экспертиза доирасида олиб борилади.

Ушбу экспертиза УБ-нурлари остида текшириш услуби, SPEСORD-200 русумли асбобда УБ-спектрал таҳлил ва микроскоп-спектрофотометр “LEICA DМ RXA MPV SP” ускунаси ёрдамида  ашёвий далилларнинг флуоресцент таҳлили – солиштириш тадқиқотлари ёрдамида олиб борилади. Бунда махсус кукунларнинг нурланиш ранги ва уларнинг ютилиш спектрлари максимумларининг бир бирларига мос келиши бўйича текширишлар олиб борилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, экспертиза тадқиқотларининг тез ва самарали бажарилиши – экспертизага тақдим этилган ашёвий далилларни ўз вақтида тўғри олинишига боғлиқдир.

Махсус кукунлар экспертизасини тайинлаш ўзига ҳос хусусиятларга эга. Экспертизага юбориладиган ашёвий далиллар (пул купюралари, кийим, конверт, газета ва ҳ.к.) бевосита олинган жойида (масалан, гумондор шахс ушланган ерда) кўздан кечирилади. Бунда ашёвий далиллар билан ишлашда эҳтиёткорлик зарур, чунки ундаги махсус кукунлар излари кам бўлиб, йўқолиб кетиши мумкин. Ашёвий далиллар холислар иштирокида қадоқланади
ва тегишли изоҳнома терговчи, холислар томонидан имзоланади.

Экспертизага ашёвий далиллар билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилиниши лозим: ашёвий далилларга махсус кукунлар билан ишлов бериш баённомаси, воқеа жойини кўздан кечириш баённомаси, ашёвий далилларни олиб қўйиш баённомаси. Ушбу ҳужжатларнинг ксеронусхалари экспертга тақдим этилиши зарур.

Махсус кукун (қалам) турдошлигини аниқлаш масаласи қўйилганда экспертизага шунингдек ашёвий далилга ишлов берилган кукун ва уларга ёзув ёзилган  қалам намуналари юборилади.

Экспертизага тақдим этилган ашёвий далилларда махсус кукун ва махсус қалам излари бор йўқлиги ва улар экспертиза ўтказиш учун намуна сифатида тақдим этилган махсус кукун ва махсус қалам намуналари билан ўзаро турдош эканлиги аниқланади.

 

 

Самадова Фарангез Зайниддиновна – Суд-экспертлик илмий-тадқиқот

институти Суд-тиббий, психиатрия, психологик

ва биологик экспертизалари илмий-тадқиқот бўлими

бош илмий ходими