Психотроп моддаларнинг салбий оқибатлари.

 

Психотроп моддалар — инсоннинг марказий асаб тизимига огоҳлантирувчи ёки сусайтирувчи таъсир кўрсатадиган, психотроп моддалар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалардир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги 878-сонли қарорига биноан Республика худудида муомаласи чекланган психотроп моддалар рўйхатига (3-рўйхат) 85 та моддалар киритилган.

Маълум бўлган психотроп моддаларнинг асосий қисми кўплаб руҳий касалликлар ва хатти-ҳаракатларнинг бузилиши каби касалликларни даволаш учун тиббий мақсадларда қўлланилади: бундан ташқари, улар илмий тадқиқотларда ҳам фойдаланилади.

Психотроп моддаларнинг бир нечта асосий гуруҳлари мавжуд бўлиб, уларга қуйидагилар киради:

Анксиолитиклар (кичик транквилизаторлар) – патологик қўрқув ва ваҳимани бартараф этиш ва уйқуни тиклаш учун ишлатиладиган энг кенг тарқалган гуруҳлардан бири. Баъзи транквилизаторлар тутқаноққа қарши ва вегетатив нерв системасини барқарорлаштирувчи таъсир кўрсатади.

Антидепрессантлар (тимоаналептиклар) – чегара шароитларини, оғриқ синдромларини, психосоматик касалликларни, депрессияни ва хавотирлик касалликларини даволаш учун ишлатилади.

Нейролептиклар (антипсихотик воситалар) – галлюцинациялар, тажовуз каби психоз белгиларини йўқотишда даволаш қобилиятига эга.

Психостимуляторлар – ақлий ва жисмоний иш фаолиятини оширадиган, ташқи огоҳлантиришларни идрок этиш қобилиятини яхшилайдиган (кўришни, эшитишни ва бошқаларни, жавобларни тезлаштирадиган), кайфиятни яхшилайдиган, чарчоқни енгувчи, тетиклантирувчи ва уйқуга бўлган эҳтиёжни вақтинча камайтириш хусусиятига эга дорилар гуруҳи бўлиб, ушбу гуруҳга кофеин, никотин, фенамин киради.

Ггаллюциногенлар – бу галлюцинациялар ёки онг ва фикрлашда субъектив ўзгаришларга олиб келиши мумкин бўлган кенг тоифадаги моддалар бўлиб, уларга лизергин кислотасининг диэтиламиди, псилоцибин ва бошқалар киради.

Биринчи учта гуруҳ психофармакотерапиянинг асоси бўлиб, тиббиётда кенг қўлланилади. Бундан ташқари, руҳий касалликларни даволаш учун ишлатиладиган нормотимик препаратлар, ноотропиклар ва этил спирти алоҳида гуруҳларга бўлинади.

Асаб тизимига таъсир қилишнинг асосий механизмига кўра, психотроп моддалар қўзғатувчи, тормозловчи ва аралаш таъсир этувчи каби гуруҳларга бўлинади.

Психотроп моддалар тайёрланиш усулига кўра келиб чиқиши ўсимликлар бўлган моддалар, синтетик ва ярим синтетик психотроп моддаларга бўлинади.

Шифокорнинг рецептисиз психотроп моддалардан фойдаланиш ноқонуний ҳисобланади. Аслида психотроп моддалар тиббиётда шифокор тавсиясига кўра, неврология, тутқаноқ, онкология ва кучли оғриққа қарши воситалар сифатида ишлатилади. Ушбу дорилар таркибида психотроп моддалар мавжуд бўлиб, улар мамлакатимиз қонунчилигига кўра, расман психотроп моддалар рўйхатига киритилган. Мазкур препаратларни жарроҳлик операцияларида оғриқсизлантириш мақсадида меъёр билан қўллаш мумкин. Аммо узоқ муддат қўлланилса ёки нотиббий мақсадда фойдаланилса, ўзига нисбатан руҳий ва жисмоний тобеликни юзага келтиради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, бугунги кунда дунёда 210 миллиондан ортиқ гиёҳвандлар қайд этилган. Ҳар йили ёшлар ўртасида гиёҳвандларнинг сони 15-20 фоизга кўпайиб бормоқда, 200 мингдан зиёд киши ушбу ажал тўридан чиқолмай ҳаётдан кўз юммоқда. Ўз навбатида, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.

Гиёҳвандлик – инсон организмининг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни муттасил равишда ошиб борувчи миқдорини қабул қилишга мойиллик шаклланиши билан боғлиқ оғир касаллик. Гиёҳвандлик – кайф берувчи гиёҳвандлик воситалари ёки суъний равишда тайёрланган  психотроп моддаларни истеъмол қилиш ёки инъекция йўли билан қон томирларига юборишдир. Психотроп моддалар ва гиёҳвандлик воситаларини салбий хусусияти шундаки, уларни бир марта татиб кўрган шахс унга мойил бўлади, 2-3 марта истеъмол қилиш эса уни ушбу моддани истеъмол этмай туролмайдиган ҳолатга дучор этади. Психотроп моддаларни узлуксиз қабул қилиш одамда руҳий ва жисмоний ўзгаришларга сабаб бўлади. Руҳий ўзгаришлар: уйқусизлик, хотира пасайиши, бош оғриғи, асабийлашиш, кайфиятнинг бузилиши, жаҳлдорлик, чарчаш, фикрнинг тарқоқлиги ва бошқа асаб тизимидаги ўзгаришлар (ўзи билан ўзи гаплашади, алаҳсирайди, ўқишга лаёқатсиз бўлиб қолади) кузатилади. Моддий ва маънавий қашшоқликка юз тутиб, охири руҳий хасталикка чалинади. Юқорида айтиб ўтилганидек, бундай ҳолатда у инсон соғлом бўлмайди. Ҳатто шу даражага борадики, остона ҳатлаб кўчага ҳам чиқа олмайди. Берилаётган миқдор оғриқларини боса олмагач, истеъмол миқдори кўпайтирилади. Натижада нафас олиши қийинлашиб, юраги кўтара олмаганидан безовта бўлади. Бир сўз билан айтганда, сўнгги қисмати ўлим билан якун топади.

Бугунги кунда ёшлар ўртасида анъанавий гиёҳвандлик воситаларидан воз кечиб, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилиш натижасида ёшлар томонидан оғир жиноятлар содир этилишини олдини олиш, ёшларни бундай моддаларга ўргатадиган ва бундай ажал уруғи савдосига аралаштирадиган кимсалардан фарзандларимизни эҳтиёт қилиш барчамизнинг муҳим вазифамиз ҳисобланади.

 

Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институти

бўлим бошлиғи,

фармацевтика фанлари номзоди

Халилова Нилуфар Шухратиллаевна

Skip to content