Эксперт тавсияси: Газ баллонларидан хавфсиз фойдаланишни биласизми?

Юртимиздаги автотранспорт воситаларининг бугунги кундаги сонини бундан 10 йил аввалги сони билан таққосланганда, бир неча маротабага кўпайганлигини кўришимиз мумкин.

Ҳаммамизга маълумки, кейинги йилларда фуқароларимиз томонидан аксарият автотранспорт воситалари билан ҳаракатланишда нисбатан арзон ҳамда экологик тоза ёқилғи тури бўлган сиқилган табиий газдан кенг фойдаланилмоқда.

Бироқ, аҳолимизнинг автотранспорт воситаларида газ баллонларидан фойдаланиш талаб ва тартибларни билмаслиги, айрим ҳолатларда билган ҳолларда бепарволиги натижасида газ баллонлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сони йилдан-йилга кўпаяётганлигини кўришимиз мумкин.

Ушбу бахтсиз ходисалар инсон ҳаёти ва саломатлигига, айрим ҳолатларда инсонлар ўлимига сабаб бўлаётганлиги ачинарли ҳолатдир.

Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида
Ёнғин-техникавий экспертизаси лабораторияси мавжуд бўлиб, ушбу лаборатория томонидан ҳал этиладиган масалалардан бири ҳам айнан автотранспорт воситаларида газ балонлари билан боғлиқ ёнғинлар келиб чиқиш сабабини аниқлаш ҳисобланади.

Лабораториямиз томонидан ўтказилган кўплаб тадқиқотлар давомида автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларида газ баллонларини тўлдиришда ўрнатилган талаб ва қоидаларнинг бузилиши, газ баллони ускуналарининг бириккан жойлари зичлигининг бузилиши, шунингдек, жисмонан ва маънан эскирган газ баллонларидан фойдаланиш, автотранспорт воситасининг ва уларга ўрнатилган газ ускуналарининг техник носозлиги, ўрнатишда талаб ва қоидаларга амал қилинмаслик натижасида автотранспорт воситаларида бахтсиз ҳодисаларни келиб чиқишига  сабаб бўлаётганлиги аниқланмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, сиқилган табиий газ балонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларидан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш, бахтсиз ҳодисаларни олдини олишга хизмат қилади.

Бунинг учун нафақат хуқуқ тартибот органлари, фуқароларимизнинг ўзи ҳам курашишлари зарур бўлади. Табиий газнинг специфик характерини ҳисобга олиб, табиий газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларидан фойдаланишда бу тўғридаги барча ўрнатилган тартиб қоидаларга амал қилиш зарур бўлади.

Ушбу соҳада фаолият юритувчи эксперт сифатида автотранспорт воситаларидан фойдаланувчи юртдошларимиз қуйидагиларга эътибор қаратиши зарур:

Аввало, сиқилган табиий газ баллонлари билан жиҳозланган транспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириб юриш ва унинг созлигини таъминлаш автомобилдан хавфсиз фойдаланишнинг асосий гарови ҳисобланади. Автотранспорт воситасини носозлиги натижасида содир бўладиган йўл-транспорт ҳодисалари газ баллонларининг портлаши, ёниши каби фожеали холатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.

Жумладан, газ баллонларнинг фойдаланиш муддати 15 йил ёки 15000 маротаба газ қуйиш деб белгиланган бўлсада, аммо, уни сақлаш ва ишлатиш шароитидан келиб чиқиб, бу муддат камроқ бўлиши мумкин.

Мисол тариқасида шуни келтириш мумкинки, одатий ҳолатларда ҳар сафар автомобилимиздаги газ баллонини газ билан тўлдирганимизда, баллон босимдан кўзга кўринмас холда шишади ва автомобилнинг двигатели ишлаши жараёнида газ баллони жойига қайтади, шу тариқа йиллар давомида баллонга газ қуйишда шишиб, сўнг ўрнига қайтиб даврийлик цикли ўтиб боради.

Автотранспорт воситасига ўрнатилган газ баллонларининг даврийлик цикли газ баллонга бир йилда неча марта газ қуйиш кераклигини англатади. Бу кўрсаткич ишлаб чиқарувчилар томонидан қайд этилади
ҳамда бундан кўпроқ газ қуйиш баллоннинг ишлатиш даврини камайишига олиб келади.

Агарда, ушбу баллонда завод томонидан деффекти бўлган тақдирда
ёки уни ишлатиш жараёнида баллонга зарар етказиш оқибатида унда микроёриқ пайдо бўлган бўлса, унинг босимга чидамлиги тушиб кетади ва портлашга олиб келади (норма 20мПа бўлса, деффект ҳисобига чидамлилиги 10мПа бўлиб қолиши мумкин). Ушбу ҳолатлар газ баллонлар юқори босим остида (опрессовка) синовдан ўтказилиши жараёнида аниқланади.

Техник талабларга кўра, автотранспорт воситаларига ўрнатилган барча баллонлар белгиланган талабларга мувофиқ сиқилган табиий газ баллонлар (метан) –  3 йилда 1 марта ҳамда суюлтирилган газ баллонлари (пропан) –  2 йилда 1 марта юқори босим остида (опрессовка) синовдан ўтказилиши керак. Акс холда, бу ҳам битта бахтсиз ҳодисанинг сабаби бўлиб хизмат қилади.

Ўрнатилган қоидаларга асосан, сиқилган табиий газ (СПГ) учун максимал ишчи босими 20 МПа, суюлтирилган нефть гази (СНГ) учун максимал ишчи босим 1,6 МПа белгиланган. Шу сабабли, автотранспорт воситасига ўрнатилган газ баллонларни тўлдиришда газ баллондаги босим ўрнатилган босим меъёридан ошиб кетмаслигини назорат қилиш зарур, босимнинг меъёрдан ортиши газ баллонининг ишдан чиқишига, микроёриқларнинг пайдо бўлишига, натижада портлашга олиб келиши мумкин.

Газ баллонлар фақат тегишли билим ва кўникмага эга бўлган мутахассислар томонидангина ўрнатилиши лозим. Газ ускуналарининг ўрнатилишида стандарт хавфсизлик клапанлари бўлиши лозим. Тадқиқотлар давомида арзон ва қўлбола хавфсизлик клапанлари тезда ишдан чиқиши мумкинлиги кўп бора аниқланмоқда.

Автотранспорт воситасига ўрнатилган газ баллонларини эксплуатация жараёнида баллонлар транспорт воситаларида ташиладиган юк таъсирида, доимий механик ёки кимёвий таъсирга дучор бўлмаслиги ёки ҳаракатда ишқаланиш натижасида шикастланмаслиги лозим.

Шу билан бир вақтда баллоннинг ташқи юзасига сув, вақти-вақти билан сувда қолиши ёки йўл шароитида сув сачраши, музнинг эришига ҳисса қўшадиган туздан фойдаланиш шароитида газ баллонларга сачраши, мунтазам ултрабинафша қуёш нурининг тушиши, агрессив кимёвий воситалар (эритувчилар, кислоталар, ўғитлар), автомобиль суюқликлари, шу жумладан бензин, гидравлик суюқликлар, гликол ва мойларнинг тушиши баллонларга зарарли таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли, мазкур ҳолатларнинг юзага келишидан юртдошларимиз эҳтиёт бўлишлари зарур.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиқилган табиий газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларидан хавфсиз фойдаланиш мақсадида қуйидагиларни тавсия этилади:

– сиқилган табиий газ баллонлари билан жиҳозланган транспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш ва унинг созлигини таъминлаш;

– қўлбола ёки синовдан ўтказилмаган газ баллонлардан фойдаланмаслик;

– сиқилган табиий газ баллонларининг газ узатиш мосламалари соз бўлишини таъминлаш;

– газ баллонга меъёрдан ортиқ газ қуймаслик;

– газ баллонларнинг ўрнатилишида малакали мутахассис хизматидан фойдаланиш;

– автомобилга ўрнатилган баллонларнинг металл белбоғлари, кузов ёки бошқа металл билан ишқаланишига йўл қўймаслик;

– автотранспорт воситаларига ўрнатилган барча баллонлар белгиланган талабларга мувофиқ сиқилган табиий газ баллонлар (метан) –  3 йилда 1 марта ҳамда суюлтирилган газ баллонлари (пропан) –  2 йилда 1 марта юқори босим остида (опрессовка) синовдан ўтказилишини таъминлаш.

                                                                               Рустемов Якубжон, Х. Сулаймонова номидаги Республика
суд экспертизаси марказининг
Ёнғин техникавий экспертизаси
лабораторияси мудири

Манба