Фуқаро Вадим Буров 2021 йил 20 октябрь куни ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали “Водители ташкента” гуруҳида ҳамда Соҳибқирон Ҳазратлари ўзининг “Президентни қўллаб-қувватлаш гуруҳи” гуруҳида (кейинчалик бошқа ижтимоий тармоқ гуруҳларида тарқалган) Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази Суд-автотехника экспертизаси лабораторияси мудири Қ.Умидиллаев томонидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ишларни юритиш бўлими инспектори катта сержант А.Бегаевнинг судга оид транспорт-изшунослик экспертизасини тайинлаш ҳақидаги 2021 йил
17 сентябрь куни чиқарган қарори юзасидан бажарилган Суд транспорт трасология экспертизаси хулосаси нусхасини ижтимоий тармоқларда тарқатиб, ЙПХ ходимларининг ҳаракатларидан норози эканлигини баён қилган.
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази ушбу ҳолат юзасидан қуйидагича баёнот беради:
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ишларни юритиш бўлими инспектори катта сержант А.Бегаев томонидан судга оид транспорт-изшунослик экспертизасини тайинлаш ҳақидаги 2021 йил 17 сентябрь куни чиқарган қарори юзасидан 2021 йил 14 октябрь куни Суд-автотехника экспертизаси лабораторияси мудири Қ.Умидиллаев томонидан суд транспорт трасология экспертиза хулосаси берилган.
Шуни қайд этиш жоизки, иш ҳужжатлари билан бирга ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеотасвирлар суриштирувчи томонидан экспертга тақдим этилмаган.
Иш бўйича суд транспорт трасология экспертизаси бажарилган бўлиб, бунда тўқнашув вақтида “ЛАСЕТТИ” ва “Мерседес Бенц” русумли автомобилларининг бўйлама ўқлари орасидаги бурчак чамаси 80±5 даражани ташкил этганлиги аниқланган. Кейинчалик ижтимоий тармоқларда тарқатилган видео тасвирда ҳам, ушбу тўқнашув бурчаги воқеа куни чизилган чизмаларга ҳам мос келади.
Эксперт олдига қўйилган савол бўйича тўқнашув вақтида “ЛАСЕТТИ” русумли автомобили ҳаракатда бўлганлиги кўрсатилган. Бу ҳолат кейинчалик ижтимоий тармоқларда тарқатилган видео тасвирда ҳам тўқнашувдан кейин “ЛАСЕТТИ” русумли автомобили олдинга силжиганлиги ҳамда “Мерседес Бенц” русумли автомобили ён томонга силкинганлиги билан тасдиқланади.
Транспорт трасология экспертиза хулосаси қайси ҳайдовчининг “Йўл ҳаракати қоидалари”ни бузганлигини белгиламайди. Фақат транспорт воситаларининг бир бирига нисбатан жойлашуви ҳамда ҳаракатда бўлган ёки бўлмаганлиги аниқлайди. Ҳайдовчиларнинг ҳаракатлари Йўл ҳаракати қоидаларига мос ёки мос бўлмаганлиги бошқа тур экспертиза яъни Суд автотехника экспертизасида аниқланиши мумкин. Бу турдаги суд экспертизаси ушбу иш бўйича бугунги кунгача суд автотехника экспертизаси Марказга тайинланмаган ҳамда ўтказилмаган.
“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисидаги” Йўриқноманинг19 бандига мувофиқ суд экспертига тақдим этилган текшириш объектлари, таққословчи материаллар, маълумотларнинг ишончлилиги учун суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) жавоб бериши белгиланган.
Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчиларнинг айбдорлик ҳолатлари ҳақида билдирилган фикрларда воқеликдан илгарилаб кетилган.
Айрим оммавий ахборот воситалари томонидан асослантирилмаган, тасдиқланмаган маълумотларни тарқатилиши оммани чалғитиб, расмий идораларга бўлган ишончни салбий томонга ўзгартиришга олиб келади.
Фурсатдан фойдаланиб, барча блогерлар ва ижтимоий тармоқ юритувчи ва фойдаланувчиларидан турли ҳолатлар билан боғлиқ ҳар қандай ахборот ёки танқидий чиқишда холисликни акс эттиришларини сўраб қоламиз ва барча ахборотларни расмий манбалардан олиб фойдаланишни тавсия этамиз.
Х.Сулаймонова номидаги Республика
суд экспертизаси маркази
Ахборот хизмати.