Ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий белгиларидан бири бу — эркин, очиқ сайлов тизимининг мавжудлиги ҳисобланади. Давлат ҳокимяти вакиллик органларини шакиллантиришда сайловнинг ўрни беқиёс саналади. Сайловлар ўтказиш орқали фуқаролар конституцион ҳуқуқларини амалга ошириш орқали давлат ва жамият бошқарувида иштирок этади. Бош қомусимиз ҳисобланмиш Конституцияга мувофиқ, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи фуқаронинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқлари сирасига киради.
Ҳамамизга маълумки, жорий йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайловлар бўлиб ўтиши белгиланган. Мамлактда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнларда овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш ҳақида сўз юритамиз.
Қабул қилинганига ҳали кўп бўлмаган Сайлов кодексимизнинг 49- моддасида овоз бериш бинолари махсус ажратилган жойлар бўлиб, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланиши, сайлов бюллетенларини бериш учун жойлар ажратилиши ҳамда сайлов қутилари ўрнатилиши керак.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, овоз бериш биносида бошқа ҳеч қандай сиёсий тадбирлар ўтказилишига рухсат этилмайди. Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун зарур бинолар ва жиҳозларни сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб туриши шарт.
Кодексга асосан, овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.
Сайловчи овоз бериш биносига келгач, участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.
Сайловчи сайлов бюллетенини олгач, уни яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида тўлдиради. Сайлов бюллетенини тўлдириш чоғида овоз берувчи шахсдан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли, бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно. Сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «» ёхуд «х» белгисини қўяди.
Овоз берувчи тўлдирилган сайлов бюллетенини сайлов қутисига ташлайди. Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши (юқори чап бурчагини кесиш йўли билан) лозим ва алоҳида сақланади.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, сайловчининг соғлиғи ҳолтига кўра овоз бериш биносига кела олмаганда, Сайлов кодексининг 56-моддасига мувофиқ, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этади.
Бундан ташқари, Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.
Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади.
Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни айта оламизки, мамлакат тақдирини белгилайдиган президент сайловида ўзингиз учун муносиб номозодга овоз беринг. Унутманг! Сизнинг овозингиз муҳим аҳамиятга эга!
Намозов Шохрух-Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси
лабораторияси иш ўрганувчи стажёри