Мустақиллик бебаҳо неъмат

Нишанова Нигора

Ҳадича Сулоймонова номидаги

 республика суд экспертиза

Маркази Ҳужжатлар криминалистикаси

экспертизаси давлат суд эксперти

 

Бундан 31 йил муқаддам – 1990 йилнинг 20 июнида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик декларацияси қабул қилинди. Мазкур ҳужжат замонавий ўзбек давлатчилигини барпо этиш, уни мустаҳкамлаш жараёнини бошлаб берди.

Бу ҳужжатнинг тарихий аҳамияти шундан иборатки, унда ўзбек халқининг давлат қурилишидаги тарихий тажрибаси ва асрлар давомида шаклланган бой анъаналари, миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи, шунингдек, ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашдан иборат олий мақсади акс эттирилган. Ҳужжат Ўзбекистон халқининг келажаги учун тарихий масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда қабул қилинган ва у халқаро ҳуқуқ қоидаларига, миллий ва умумбашарий қадриятлар ҳамда демократия принципларига таянади.

Ушбу ҳужжатнинг ўтган асрнинг 90-йилларидаги ўта мураккаб шароитларда қабул қилиниши Ўзбекистон халқининг мустақилликка эришиш йўлида ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан дадил қадам ташлай олишининг, мамлакат миллий манфаатлари устувор аҳамиятга эга эканлигининг исботи дейиш мумкин.

Мустақиллик декларацияси амалда 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонунини қабул қилишга, мамлакатимизнинг мустақил ривожланиш йўлини танлашига асос яратди. Шунингдек, Ўзбекистон халқининг ўз тарихи ва буюк мероси билан фахрланиши, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилди.

Шу билан бирга, мазкур декларация нафақат бугунги кунда мамлакатимизни бошқа давлатлар билан ўзининг сиёсий, иқтисодий маданий ва бошқа муносабатларини амалга оширишга, балки маданият ва фанимизнинг ўтмишдаги буюк мутафаккирлари — Баҳоуддин Нақшбанд, Абу Райҳон Беруний, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Алишер Навоий, Нажмиддин Кубро, Хожа Аҳмад Яссавий, Имом Абу Мансур Мотурудий, Бурҳониддин Марғилоний, Аҳмад Фарғоний, Ҳаким Термизий, Хожа Аҳрор Валий каби кўплаб номларни тиклашга хизмат қилди.

Мустақилликнинг ўтган даврида мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маънавий соҳаларида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Ушбу ислоҳотлар кўлами Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони асосида янги тарихий даврини бошлаб берди. Ҳаракатлар стратегияси мамлакатни янги сиёсий шароитларда тараққий эттиришнинг бешта устувор йўналишларини белгилаб берди. Бугунги кунда мазкур дастурий ҳужжат доирасида амалга оширилган долзарб вазифалар ўз натижасини бермоқда.

Буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси суверен давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. Бозор иқтисодиётига асосланган демократик тузум барпо қилишга киришилди. Бунинг учун сиёсий, иқтисодий ва маънавий жиҳатдан туб ислоҳотлар амалга оширилди. Мамлакат ва халқ олдига ривожланган давлатлар сафидан муносиб ўрин олиш вазифаси қўйилди. Ана шу тарихан қисқа бир даврда жуда катта ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўл босиб ўтилди. Мустақиллик Ватанимиз тарихида мутлақо янги саҳифа очди.

Даврлар ўтгани сари мустақиллигимиз тарихини ўрганиш, бу улуғ неъматга қандай эришганимиз моҳиятига етиш, истиқлолимиз қадрини чуқур англашнинг аҳамияти тобора ортиб бораверади.

Ҳаёт ҳеч қачон тўхтаб турмайди, у илгарилаб бораверади. Аммо шу жараёнда, тараққиётни кучайтириш мақсадида яна бир бор фикр-мулоҳаза қилиб кўрадиган, бошқача айтганда, янгиланишлар пайтлари ҳам бўлади. Мамлакатимиз ҳозир шундай янги босқичга кирди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинган.

Ушбу бешта устувор йўналиш айнан нималардан иборат? Бу ерда уларни санаб ўтишни ўринли деб ҳисоблаймиз:

Биринчи йўналиш. Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш.

Иккинчи йўналиш. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш.

Учинчи йўналиш. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш.

Тўртинчи йўналиш. Ижтимоий соҳани ривожлантириш.

Бешинчи йўналиш. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш.

Мустақиллик тарихини айнан мазкур йўналишларда нималар қилинганини ўрганиш бўйича ёритиш ҳам мумкин. Ана шунда масала янада ойдинлашади. Яъни бу борада қўлга киритилган ютуқларни аниқлаш амалда бундан буён қилиниши зарур бўлган ишларни белгилаб беришга ҳам хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган қўшма мажлисидаги нутқи матбуотда “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган ном билан эълон қилинди.

 

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси ҳам фаолият юритяпти. Барча идора ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимиятларнинг шундай қабулхоналари ташкил этилди.

Халқ билан мулоқот ҳаётдаги муаммоларни ойдинлаштиради. Одамлар ҳамма масала ечимини давлатдан кутавермайди. Аммо шундай нарсалар борки, уни фақат ва фақат давлат идоралари амалга оширади ёхуд халқ бундай муаммони давлат билан биргаликдагина ечади.

Оммавий ахборот воситалари халқ билан мулоқотнинг синалган, катта кучга эга, тайёр механизми ҳисобланади. Эндиликда оммавий ахборот воситаларини халқнинг зиёлилари учун чинакам минбарга айлантирилиши вақти етди. Ахир, зиёлилар халқнинг локомотивлари ҳисобланади-ку. Шунинг учун образли қилиб, яъни рамзий маънода “тўртинчи ҳокимият” дейилади.

Масаланинг бундан ҳам муҳим бир жиҳати бор. Бу давлат ҳокимият идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириши билан боғлиқ. “Адолат – қонун устуворлигида”, – деган ҳаётий тамойилга қатъий амал қилишга шу йўл билан эришилади.

Мамлакатимизда шу тариқа давлат ва халқ ўртасидаги чамбарчас боғлиқликни кучайтириш даври бошланди. Мустақилликнинг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурида, жумладан, “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деган тамойилга асосан мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, давлат бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини янада ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш орқали давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишларни атрофлича ёритиш кўрсатилган.

Бу борада мамлакатимиз ўтган йиллар мобайнида тамоман ўзига хос тарихий йўлни босиб ўтди. Бу ишларни ким амалга оширади? Албатта, давлатимиз раҳнамолигида мард ва олижаноб халқимиз. Бундан буён ҳам тараққиётимиз айнан ана шу давлат ва халқнинг жипслигига таянади. Бусиз ҳеч бир мамлакат ўз олдига қўйган эзгу мақсадларга эришган эмас.

Яна бир тамойил юқоридагиси билан чамбарчас боғланиб кетади. Бу – “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган тамойил.

Ўтган 30 йил мобайнида халқимиз ўз миллий давлатини қурди. Давлат қуриш эса халқ ва мамлакат тарихида жуда мураккаб ҳамда ўта муҳим босқич ҳисобланади.

 

Skip to content