Суд автотехника экспертизаси лабораториясида транспорт-изшунослик, транспорт воситаларини техник ҳолатини тадқиқот қилиш, транспорт-баҳолаш ва йўл-транспорт ҳодисалари механизмини математик услублар билан тадқиқ қилиш бўйича экспертизалар ўтказилади.
Транспорт-изшунослик экспертизасида транспорт воситаларининг қайси қисмлари билан дастлаб тўқнашганлиги, неча марта тўқнашганлиги, транспорт воситаларининг бўйлама ўқлари орасидаги бурчак катталиги, тўқнашув вақтида транспорт воситалари ҳаракатда бўлган ёки тўхтаб турганлиги, транспорт воситалари орқага ҳаракатланган ёки ҳаракатланмаганлиги факти, қайси автомобиль йўналишини ўзгартирганлиги, тўқнашув жойи каби саволлар ҳал этилади;
Масалан: бир йўналишдан ҳаракатланиб келаётган икки автомобил ўзаро тўқнашган. Бундай ҳолатда, эксперт томонидан тўқнашув вақтидаги автомобилларнинг бўйлама ўқлари орасидаги бурчак, тўқнашув жойи йўлнинг қайси қисмида содир бўлганлигини, тўқнашув вақтида автомобиллар ҳаракатда бўлган ёки улардан бири тўхтаб турганлигини ҳамда қайси автомобил йўналишини ўзгартириши оқибатида тўқнашув содир бўлганлиги аниқланади.
Транспорт воситаларининг техник ҳолатини тадқиқ этиш экспертизасида транспорт воситаларининг ҳаракат хавфсизлигига таъсир этувчи қисм ва агрегатларининг техник ҳолати текширилади, яъни руль бошқармаси, тормоз тизими, ёритиш чироқлари, юриш қисми, ғилдираклари соз ёки носозлигини аниқлаш, носозлик қачон вужудга келганлигини, яъни ЙТҲдан олдинми ёки ЙТҲ вақтидаги. Агар носозлик ЙТҲдан аввал вужудга келган бўлса, уни ҳайдовчи аниқлаш имкониятига эга эдими ёки йўқми каби саволлар ҳал этилади.
Масалан: автомобил ҳаракатланиб кетаётган вақтида ағдарилиб ёки йўлдан чиқиб кетди. Эксперт томонидан автомобилнинг рул бошқаруви ёки юриш қисми техник жихатдан соз ёки носозлиги, агар носоз бўлса, носозлик ЙТХдан олдин, ЙТХ вақтида ёки ЙТХдан кейин содир бўлганлигини. Агар ЙТХдан олдин солдир бўлган бўлса, аниқланган носозликнинг ЙТХни келиб чиқиши билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини аниқлайди.
Транспорт баҳолаш экспертизасида транспорт воситаларини ва уларнинг алоҳида қисм ва агрегатларини бугунги кундаги бозор баҳоси, транспорт воситаларига ЙТҲ натижасида етказилган моддий зарар миқдори, транспорт воситаларини тиклаш учун сарфланадиган харажатлар миқдори аниқланади.
Масалан: автомобил ЙТХ натижасида бирор қисми техник шикастланди. Бунда автомобилга етказилган зарар миқдори аниқланади. Шунингдек, эр ва хотин ўртасидаги мулкни бўлиш учун ҳам автомобилнинг бугунги кундаги бозор нархи аниқланади.
Йўл-транспорт ҳодисалари механизмини математик услублар билан тадқиқ қилиш бўйича суд автотехника экспертизасида, транспорт воситаларининг тезликларини, транспорт воситасининг воқеа жойидан бўлган узоқлик масофаси, тўхтатиш масофасини ва ҳайдовчининг йўл транспорт ходисани олдини олиш имкониятига эга бўлган ёки бўлмаганлиги аниқланади.
Масалан: воқеа жойида колган тормоз изи ёки видеотасвир бўйича автомобил тезлиги аниқланади.
Суд автотехника экспертизаси бўйича тадқиқотлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатига биноан ёки терговчи, прокурор, суриштирувчининг қарори ва суднинг ажрими асосида ўтказилади.
Йўл транспорт ҳодисаси йўлнинг носозлиги сабабли юз берса, буни экспертиза орқали қандай исботлаш мумкин?
2020 йилдан бошлаб янги жорий этилган йўл экспертизаси тадқиқотлари билан Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисаси йўлнинг носозлиги сабабли юз берганини экспертиза орқали исботлаш мумкин.
“Ўзбекистон президентининг 4125-сонли қарорига асосан, Республика суд экспертизаси марказида бир қатор янги турдаги экспертизалар жорий этилиши назарда тутилган. Улар орасида марказнинг Суд-автотехника экспертизаси лабораториясига тегишли суд автомобиль йўллари экспертизаси йўлга қўйилиши белгиланган эди. Ушбу янги турдаги экспертизани амалиётга татбиқ қилиш ва экспертлар учун методик қўлланмани ишлаб чиқиш мақсадида республикадаги автомобиль йўлларига тегишли барча меъёрий ҳужжатлар ва стандартлар ўрганиб чиқилди, мазкур йўналишда илмий ишлар олиб борилди.
Бундан ташқари, илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида марказимизнинг бир қатор ходимлари Беларусь Республикаси суд экспертиза қўмитасида малака ошириб қайтишди. Улар сафида суд автотехника экспертизаси экспрерти М.Махкамов ҳам олти ой давомида ушбу йўналиш бўйича билим олдим, малакамни ошириб келди. Ҳозирги кунда суд автомобиль йўллари экспертизаси бўйича экспертлар учун методик қўлланма ишлаб чиқилди, махсус ускуналарни сотиб олишга буюртма берилди. Ускуналар етиб келишига янги экспертиза билан шуғуллана бошланади.
Суд автомобиль йўллари экспертизаси дунёдаги энг илғор, талаб юқори бўлган экспертиза турларидан ҳисобланади. Қолаверса, Ўзбекистондаги йўлларнинг ҳолати, йўл-транспорт ҳодисаларининг маълум бир қисми йўллардаги носозлик боис юзага келиши инобатга олиниб, Ўзбекистонда ҳам ушбу эспертиза жорий этилмоқда.
Ўзбекистон йўлларида ҳам экспертизага тегишли масалалар бор. Шу сабабли президент қарори билан янги турдаги экспертиза амалиётга татбиқ этилмоқда. Суд автомобиль йўллари экспертизаси ЙТҲ бўлган шароитни ўрганиб чиқади, воқеа жойидаги йўл носозликларини, йўлнинг стандартларга мослигини ва йўлдаги носозлик ҳодисанинг содир бўлишида қанчалик роль ўйнаганини аниқлашга қаратилган экспертиза ҳисобланади.
Автомобиль йўлларининг қурилиш ва фойдаланиш хусусиятлари, унинг элементлари, атроф-муҳит билан ўзаро таъсири, шунингдек, ЙТҲ билан боғлиқ бўлган хусусиятлари суд автомобиль йўллари экспертизасининг предмети ҳисобланади. Экспертиза давомида, юқоридагилардан ташқари, йўл чизиқлари ва белгилари ҳам ўрганилиб, уларнинг белгиланган меъёр талабларига қанчалик мослиги аниқланади. Шунингдек, йўл белгилари ва йўл чизиқларининг бир-бирига қай даражада мувофиқлиги, яъни тескари эмаслиги ва бу ҳолатнинг йўл-транспорт ҳодисасига таъсири ҳам албатта ўрганилади.
Суд автомобиль йўллари экспертизаси қуйидаги вазифаларни ҳал этади:
- йўлларнинг квалификацион тавсифини аниқлаш;
- йўлнинг ва йўл шароитининг таркибий элементлари техник ҳолатини аниқлаш;
- ЙТҲ содир бўлган йўл участкасининг техник ҳолатини, унинг элементлари ва йўл шароитларининг норматив-техник ҳужжатларга мос келиши;
- ҳаракат хавфсизлигига таъсир этувчи йўл нуқсонларининг вужудга келиш вақти ва сабабларини аниқлаш;
- ҳодиса механизмига йўл ва унинг таркибий элементлари эксплуатацион хусусиятларининг пасайиб кетишининг таъсирини аниқлаш;
- тадқиқ этилаётган йўл бўлагида ҳайдовчининг йўл шароитлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш даражасини аниқлаш ва ҳ.к.;
- ЙТҲ жойида йўл чизиқларининг ҳолати, йўл белгиларини ва бошқа йўл иншоотлари ҳолати, уларнинг стандартларга мос келиши;
- ушбу йўлдаги носозликлар, йўл чизиқлари нотўғри чизилганлиги, йўл белгилари нотўғри ўрнатилганлиги айнан йўл транспорт ҳодисаси келиб чиқиш сабабчиси бўлганлигини аниқлаш.
Суд автомобиль йўллари экспертизаси суд-тергов ёки прокуратура органи қарори ёхуд суднинг ажримига асосан ўтказилади, Йўл-транспорт ҳодисасига учраган ва бу ҳолат йўлдаги носозлик сабабли юзага келганига амин бўлган фуқаролар ҳам Республика суд экспертизаси марказига мурожаат қилиши мумкин, ушбу ҳолатда суд экспертиза хулосаси эмас, балки мутахассис фикри берилади. Фуқароларга кўрсатиладиган мазкур хизмат тўлов асосида амалга оширилади.