Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Ўзбекистонда суд экспертлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар орасида биринчи бўлиб “Тадқиқот ва калибрлаш лабораторияларининг ваколатлилигига қўйиладиган талаблар” ISO 17025:2019 стандарт талаблари бўйича халқаро аккредитация аттестатини қўлга киритди.
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида бўлиб ўтган тадбир, ISO 17025:2019 стандарт талаблари бўйича халқаро аккредитация аттестатини топширилишига бағишланди.
Аккредитация нима ўзи ?
Аккредитация бу Марказ фаолиятининг стандартнинг белгиланган кўрсатгич, мезон ва талабларига мос келишини расман тасдиқланиш жараёни ҳисобланади.
Аккредитация буюртмачиларнинг лаборатория бажариши мумкин бўлган тадқиқотларнинг сифати ва ваколатлилигига бўлган ишончини таъминлаш механизмларидан бири бўлиб ҳисобланади. Аккредитация лабораториянинг тадқиқот, ўлчов ва текшириш соҳаларида буюртмачиларни талабини бажарилишини ҳамда маълум турдаги тадқиқотлар ва ўлчовларни ўтказишдаги техник ваколатлилигини расмий тан олинишини билдиради.
Аккредитациянинг асосий мақсади – тадқиқотлар, тестлар ва ўлчов натижаларини ягоналигини таъминланиши ва тан олиниши билан боғлиқ. Аккредитацияга эга бўлиши унинг тадқиқот натижаларини аниқ ва ишончли эканлигини кўрсатади.
Марказ қандай аккредитация мезонлари асосида ўрганилди ?
Марказ асосан 3 та йўналиш бўйича ўрганилди. Булар, лабораторияларнинг замон талабларига мос равишда жиҳозланганлиги, ушбу лабораторияларда ишлайдилан ходимларнинг ваколатлилиги, яъни тегишли малакага эга эканлиги ва охиргиси, лабораторияларнинг сифат тизимига мослиги.
Муваффақият формуласи.
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ушбу аттестатни қўлга киритиш учун нималар қилди?
Марказ фаолиятида сифат менеджмент тизимини ISO 17025:2019 стандарт талаблари бўйича ташкил этиш ва амалиётга тадбиқ этиш билан боғлиқ аккредитация ишлари қарийб 3 йил олдин, 2017 йилдан бошлаб БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашишнинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонасининг Марказий Осиё давлатлари учун 2015-2020 йилларга мўлжалланган “Илмий тадқиқотлар ва тенденциялар таҳлили” мавзусидаги лойиҳасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги эксперт-криминалистик лабораториялари имкониятларини мустаҳкамлаш” компоненти доирасида бажариб келинди.
2018 йилда лойиҳа доирасида аккредитация бўйича халқаро маслаҳатчилар жалб этилди ва Марказ лабораториялари фаолиятининг ISO 17025:2019 халқаро стандарт талабларига мувофиқлик даражаси баҳоланди. Халқаро консультантларнинг ўрганилган таҳлил натижалари, тавсиялари ва улар томонидан аниқланган камчиликлар юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва камчиликлар бартараф этилди.
Марказ ходимлари ISO 17025:2019 халқаро стандарт талаблари бўйича ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, валидация ва верификация, ўлчов ноаниқлиги, тузатиш ҳаракатларини ўтказишни назорат қилиш, тадқиқотлар узвийлигини кузатиш, ДНК ва наркотик моддалар экспертизасининг замонавий имкониятлари, аккредитация соҳаси ва ички аудит ўтказиш мавзулари бўйича ўқув семинар ва тренингларида иштирок этиб, махсус сертификатларга эга бўлишди. Шунингдек, Марказ ходимлари махсус делегация билан биргаликда Литва Республикаси Полиция криминалистик тадқиқотлар марказида малака ошириб қайтишди.
2018-2019 йилларда Марказнинг Одам ДНКси суд биологик экспертизаси лабораторияси ва Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларида сифат менеджменти ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш бўйича эксперт-маслаҳатчилар ёрдами жалб этилди.
Стандарт талабларига асосан Марказнинг Сифат соҳасидаги сиёсати, Сифат бўйича қўлланма ва 19 та умумий жараён хужжатлари, лабораторияларнинг техник жараён хужжатлари, аккредитация соҳалари бўйича йўриқномалари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Аккредитация соҳалари бўйича усуллар валидацияси ўтказилиб, ҳисоботлари стандарт талабларига кўра расмийлаштирилди. Стандарт талаблари бўйича умумий жараён хужжатларининг махсус шакллари амалиётга жорий этилди.
Лабораторияда ходимларнинг мунтазам равишда билим ва кўникмаларини текшириш мақсадида профессионал тест текширувлари ўтказилиб, ишлаб чиқарувчи ташкилот томонидан тадқиқот натижалари тўғри ўтказилганлиги тўғрисидаги ижобий хулосалари олинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 апрелдаги 338-сонли қарори асосида Марказнинг моддий-техника базани модернизация қилиш ва замонавий лаборатор ускуналар билан жихозлаш учун 3 млн. 326 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиб, Марказ лабораториялари зарурий асбоб-ускуна ва технологиялар билан таъминланди.
Марказ тузилмасига бугунги кун талабларидан келиб чиққан холда ўзгартишлар киритилиб, Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик билан алоқалар, Ахборот технологиялари ва инновацияларни жорий қилиш, Сифат менежменти каби бир қатор янги бўлимлар ташкил этилиб, ходимлар штат бирлиги сезиларли даражада оширилди.
Жорий йилнинг март ойида халқаро “Миллий аккредитация маркази”нинг аудиторлари томонидан Марказ ISO 17025:2019 халқаро стандарт талаблари асосида ўрганилиб, ижобий ҳусола олинди.
Аккредитация нима беради?
Аккредитация Марказга тадқиқотларни халқаро стандартлар даражасида бажариш имконини беради, бу эса олинган натижаларни барча томонлар ва иштирокчилар томонидан тан олинишини таъминлайди.
ISO 17025:2019 стандарт талаблари бўйича халқаро аккредитациядан ўтиш лабораториялар томонидан берилган тадқиқот натижаларини (хулосаларни) халқаро миқиёсда шубҳасиз тан олинишини, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишига ва одил судловни таъминланишига хизмат қилади.
Тадбир тавсилотлари.
Мазкур тадбирда Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази раҳбарияти, Aдлия вазирининг ўринбосари Худоёр Мелиев ва БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги Минтақавий вакили Aшита Миттал хоним қатнашдилар. Шунингдек, Тадбирда AҚШнинг Ўзбекистондаги Миссияси раҳбарининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Дебора Робинсон хоним ва АҚШ Давлат департаменти гиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш халқаро Бюроси ходими Азиз Юсупов онлайн видеоалоқа орқали иштирок этишди. Бундан ташқари, тадбирда турли ОАВ вакиллари ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идора ходимлари қатнашди.
“Тўғри, осон бўлгани йўқ, лекин хамкор ташкилотлар хамда Адлия вазирлиги кўмаги, шунингдек Марказнинг фидойи ходимларининг самарали ва тинимсиз меҳнати натижасида ушбу синовларни енгиб, аккредитациядан мувафақиятли ўтдик. Демак, Аккредитация Марказимизга тадқиқотларни халқаро стандартлар даражасида бажариш имконини беради, бу эса олинган натижаларни барча томонлар ва иштирокчилар томонидан тан олинишини таъминлайди.
Хулоса ўрнида ISO 17025:2019 стандарт талаблари бўйича халқаро аккредитациядан ўтиш лабораториялар томонидан берилган тадқиқот натижаларини (хулосаларни) халқаро миқёсда шубҳасиз тан олинишини пировардида, фуқароларимизнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам ишончли ҳимоя қилинишига хамда одил судловни таъминланишига хизмат қилади” деди Марказ директори Акрам Халилов.
Тадбир жараёнида, “Энди Республика суд экспертизаси марказининг гиёҳванд моддаларни таҳлил қилиш ва ДНКни ўрганиш бўйича лабораторияларининг техник ваколати ташқи мустақил аккредитация органи томонидан ISO 17025:2019 Халқаро Стандартига тўлиқ мос келади деб тан олинди. ISO 17025:2019 стандарти бўйича халқаро аккредитация сертификати Сизнинг буюртмачиларингизга лабораториянгиз сифатни қадрлашини ва бажарилган экпертиза натижаларининг аниқ ва ишончли бўлишини таъминлаш борасида чоралар кўраётганлигини яққол намоён қилмоқда”, – дея таъкидлади Миттал хоним.
Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев “Уч йиллик жамоавий ҳаракатлар ва ҳамкорлик, умуман, Адлия вазирлигининг ва хусусан, Марказнинг катта ютуғи бўлган аккредитацияни олишга олиб келди. Ҳозирда Марказ жаҳон миқёсида тан олинган аниқ ва ишончли маълумотлар тақдим қилувчи ташкилот сифатида катта обрўга эга бўлди. Сертификат марказга халқаро ишончни тасдиқлайди. Бу ютуқ Ўзбекистонда Президент Ш. Мирзиёев раҳбарлигида ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотларга мос келишига ва суд экспертизаси соҳасининг ривожланишига ҳисса қўшишига ишонаман.” деб таъкидлади.
“Мазкур дастур АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг энг ижобий қиррасини, яъни умумий мақсад йўлида биргаликда ишлаш қобилиятимизни акс эттиради. Учта давлат суд экспертизаси лабораториясининг халқаро аккредитациядан ўтганлиги Ўзбекистон учун жиноят судлов тизими ва қонун устуворлигини янада кучайтириш борасида муҳим ютуқдир”, – дея таъкидлади АҚШ элчихонаси бошлиғининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Дебора Робинсон хоним.
Тадбир якунида ОАВ вакиллари Марказнинг аккредитациясига оид барча саволларига жавоб олдилар.
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг
Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик
билан алоқалар бўлими