Bizning nashrlar

СУД ЭКСПЕРТИЗА МУАССАСАСИНИ МОДДИЙ ТЕХНИК БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида барча соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Суд-ҳуқуқ соҳаси ҳам бу ислоҳотлардан четда қолмади. Биламизки, инсон тақдири, унинг манфаатлари олий қадрият ҳисобланади. Шу боисдан суд экспертиза муассасалари томонидан ўтказилаётган ҳар қандай тадқиқот натижаси юртимиз фуқароларининг тақдирига у ёки бу маънода дахилдордир – десак муболаға бўлмайди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари ва раҳбарлигида 2017 йил 7 февралда қабул қилинган ҳамда изчил амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида мамлакатимиздаги барча соҳалар каби суд ҳуқуқ тизимининг ажралмас қисми, яьни муҳим бўғинларидан бири саналган суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш борасида ҳам зарурий ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.

Айниқса, охирги йиллар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази учун тарихий бўлди.

Ҳусусан, 2019 йилнинг 17 январь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4125-сон қарорига мувофиқ амалиётда илк бор нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Унга кўра, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига суд экспертизаларининг 44 та турини ўтказиш ҳуқуқини берилди, уларнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини ташкил қилиш ҳамда суд эксперти сертификатини олган шахсларнинг Ягона реестрини ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари рейтингини юритиш белгиланди.

Шунингдек, қарор билан 2019-2020 йилларда суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 25 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланди ва унга асосан суд-экспертиза хизматлари фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, амалиётга янги инновацион ишланмаларни жорий этиш, суд экспертизаларининг турларини кенгайтириш, уларнинг сифати ва ишончлилигини ошириш, Марказнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, суд-экспертлик фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, ихтисослаштирилган нодавлат суд экспертиза ташкилотларини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш йўналишлари белгиланди.

Шунингдек, Президент қарорларига мувофиқ Марказ ходимларнинг ижтимоий муҳофазаси, моддий таъминоти тубдан яхшиланди ва энг муҳими Ҳукуматимиз 2019 йил 20 апрелдаги 338-сон қарорига асосан моддий-техника базани модернизация қилиш ва замонавий лаборатор ускуналар билан жихозлаш учун 3 млн. 326 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди.

Шу билан бирга Марказ тузилмасига бугунги кун талабларидан келиб чиққан холда ўзгартишлар киритилиб, Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик билан алоқалар, Ахборот технологиялари ва инновацияларни жорий қилиш, Сифат менежменти, Ишлар бошқармаси, Ёнғин-техник экспертизаси лабораторияси, Товаршунослик экспертизаси бўлими, Ташкилий назорат ва таҳлил бўлими каби бир қатор янги бўлимлар ташкил этилиб, ходимлар штат бирлиги сезиларли даражада ошди.

Жумладан, Марказнинг Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ва Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини 2019 йилда 45 турдаги 182 та асбоб ва ускуналар,
47 турдаги 443 та махсус мебеллар, реагент ва сарф материаллари билан таъминлаш учун 2 674 000 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди.

Марказ томонидан, асбоб ва ускуналар ҳамда мебель жиҳозларини дастлабки нархини аниқлаш бўйича маркетинг олиб борилиб, зарур бўлган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги лойиҳалар ва импорт шартномаларни комплекс экспертиза қилиш марказига тақдим қилиниб ижобий хулоса олин.

Хулосадаги нархлар яна қўшимча равишда ўрганилиб, пасайтирилган нархда тендер савдоларига 2 568 663 АҚШ доллари миқдорида ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларига эълон берилди.

On-line тарзда бўлиб ўтган тендер савдолари якунига кўра 1 919 454 АҚШ доллари миқдорида шартномалар имзоланиб, ажратилган маблағларга нисбатан 754 546 АҚШ доллари миқдорида бюджет маблағлари иқтисод қилинди.

2020 йилда Марказнинг Суд-баллистика ва трасологик экспертизаси лабораторияси, Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораторияси, Суд-фонография экспертизаси лабораторияси, Суд-автотехника экспертизаси лабораторияси, Суд-қурилиш техник экспертизаси лабораториясини
14 турдаги 20 та асбоб ва ускуналар хариди учун 652.000 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилилиши белгиланган.

Белгиланган тартибда ўтказилган тендер ва аукцион савдолари натижасида Марказнинг Суд-фонография, Суд-автотехника ва Суд-баллистика экспертизаси лабораториялари учун асбоб-ускуналар хариди бўйича 168 071 АҚШ долларига шартнома тузилди.

Энг муҳими, қайд этиб ўтилган йўналишнинг амалий натижаси сифатида 2019 йилнинг апрель ойида Марказнинг янги, замонавий талабларга жавоб берадиган ихтисослашган биносида иш фаолиятимизни бошладик.

Бино 4 блокдан иборат бўлиб, унда суд экспертизанинг барча турларини ўтказиш имконияти, 3-та ўқув зал, 1 тадан катта анжуманлар ва давра суҳбатлар зали ҳамда тўлиқ жиҳозланган эксперт ҳоналари мавжуд.

Марказга оптик алоқа тармоғи ва ички локал тармоқлари ўрнатилди ҳамда интернет 40 Мб/с бўлган тезликка уланди.

Шунингдек, Марказда ахборот хавфсизлиги таъминлаш ва унга риоя этилишини сўзсиз таъминлаш мақсадида ахборот хавфсизлиги сиёсатини ва зарур ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ шакллантирилди.

Марказда экспертиза учун ашёвий далилларни идентификациялаш (ИД рақам ва штрих код ёрдамида) дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Суд экспертиза муассасаларида автоматлаштирилган ахборот-қидирув тизимлари ва компьютер дастурлари, электрон маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий суд ва Бош прокуратура ҳамкорлигида, чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мазкур дастурда:

суд экспертларининг автоматлаштирилган иш ўринларини ташкил этиш;

эксперт хулосаларини рўйхатга олиш ва буюртмачиларга юбориш, шунингдек, суд экспертларининг қўшимча материаллар тақдим этилишини сўраб киритган илтимосномаларини юбориш ва уларни тақдим қилиш муддатларини қисқартириш мақсадида идоралараро электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий қилиш;

кўрилаётган иш натижасидан манфаатдор бўлган томонлардан бирининг ёки бошқа шахсларнинг фойдасига хулоса олиш учун суд экспертига таъсир кўрсатиш ҳолатлари, шунингдек, суд эксперти томонидан коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида тадқиқот объектларини шифрлаш (кодлаш) тизимини тўлиқ жорий этиш;

суд экспертизаларини ўтказиш кетма-кетлиги, шунингдек, уларнинг муддатини тўхтатиш ва узайтиришни назорат қилиш имкониятини яратиш белгиланган.

Шунга кўра, мазкур Дастур “БеПро дастурчилар маркази” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилиб, Марказ ва унинг вилоят ҳудудларида ишга туширилди. Ҳозирда Марказ билан экспертиза тайинлаш ваколатига эга бўлган органларни интеграция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Албатта мазкур электрон тизим ишга тушиши билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар ва суд экспертиза муассасаларининг ўзаро ҳужжат айланишида ва уни ҳавфсизлигини таъминлашда ижобий натижаларга эришилади.

Бундан ташқари, Суд экспертларининг иш жараёнини енгиллаштиради, ортиқча вақт ва қоғоз исрофгарлигини олди олади. Пировард натижада экспертр ходимларга янада кўпроқ экспертиза тадқиқотларини олиб боришга ҳамда илмий ишлар билан шуғилланишига имкон яратади.

Шу билан бирга суд-экспертлик фаолияти бўйича хорижий тажрибани ўрганиш учун зарур дастурий маҳсулотлар (маълумотлар базалари) ва бошқа халқаро маълумот-ҳуқуқий тизимларини харид қилиш ва келгусида янгилаб бориш юзасидан адлия вазири томонидан тасдиқланган дастур асосида ишимизни ташкил этдик.

Унга кўра, “Языкознание”, “Қурилиш” электрон журналлар коллекциясини, наркотик воситаларни идентификацияси учун мўлжаланган “АИПСИН-антинаркотиклар” ахборот-қидирув тизимини харид килиш ва янгилаб бориш, ЕВSСО компаниясининг электрон маълумотлар базаларига ҳамда бошқа электрон маьлумотлар базаларига уланиш белгиланди.

Натижада EBSCO компаниясининг (https://search.ebscohost.com), ҳамда бошқа электрон маълумотлар базаларининг (https://www.book.ru, https://www.proquest.com, https://academic.oup.com, https://www.jstor.org, https://www.polpred.com, https://biblio-online.ru, https://dlib.eastview.com, https://e.tspor.ru) логин ва пароллари олиниб, Марказнинг Ахборот ресурс марказига хизматда фойдаланиш учун жойлаштирилди.

Шу билан бирга, Беларусь Республикасининг “БелХардГрупп” ёпиқ акциядорлик жамияти билан музокаралар олиб борилиб, ушбу жамиятнинг наркотик воситалари идентификацияси учун ишлаб чиқилган “АИПСИН-антинаркотиклар” ахборот-қидирув тизими Марказ фаолиятига жорий этилди.

Бундан ташқари, Марказимизнинг Ахборот ресурс маркази Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона фондига уланди ва алоҳида логин орқали кутубхонада мавжуд бўлган адабиётлар билан танишиш имконияти яратилди.

Демак, бизнинг экспертлар, ўз иш жойидан туриб қизиқтирган адабиёт ва маълумотни онлайн қидириш ва ўқиш имкониятига эгадир. Бу экспертлар томонидан бериладиган хулосаларнинг сифатли ва жаҳондаги янги услубиётларга таянган ҳолда чиқарилишини таъминлайди.

Бир сўз билан айтгана, юқоридаги ишлар шуни кўрсатмоқдаки, ислоҳотлар давом этмоқда, бу йўналишдаги ишлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши таъбиий.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
ҳузуридаги Хадича Сулайманова номидаги
Республика
cуд экспертизаси маркази
директори
ўринбосари
Т.Орзиев

Матнда хато топсангиз, уни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини биргаликда босинг .