Аҳоли пунктлари ҳудудлари қисмлари учун аҳоли пункти бош режаси асосида ишлаб чиқиладиган шаҳарсозлик ҳужжати бўлиб, у қизил чизиқларни, қурилишни бошқариш ва ер участкаларидан фойдаланиш чизиқларини, ердан фойдаланиш чегараларини, ҳудудларни зоналарга ажратишни ва уларда қурилиш навбатини, ҳимоя қилинадиган зоналардан фойдаланиш режимини, кўчалар, йўлаклар, пиёда юриш зоналарини, шунингдек, транспорт, алоқа, муҳандислик ускуналари ҳамда ҳудудни ободонлаштириш иншоотлари ва коммуникациялари параметрларини, қурилишнинг ҳажм-фазовий ва маъмурий-тархий ечимини, шунингдек, қурилиш зичлиги ва параметрларини, бинолар ва иншоотларнинг қаватлилигини, турини белгилайди.
Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари мазкур Низомнинг
6-бандида кўрсатилган алоҳида тоифадаги фуқароларга уларнинг аризалари асосида аукционсиз берилади.
Ер участкалари фақат шаҳарсозлик ҳужжатлари (аҳоли пунктининг бош режаси ва аҳоли пункти тегишли қисмининг БРЛ) билан таъминланган аҳоли пунктлари ҳудудларида берилади (аукционга қўйилади).
Аҳоли пункти бош режасида якка тартибда уй-жой қуриш назарда тутилган аҳоли пункти қисмларининг БРЛ бўлмаган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармалари томонидан белгиланган тартибда туман (шаҳар) ҳокимликлари тақдим этган якка тартибдаги уй-жой қуриш учун бўш ер участкалари рўйхати асосида БРЛ ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши таъминланади.
Якка тартибли уй-жой қурилиши учун БРЛ ишлаб чиқишни молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг тегишли маҳаллий бюджетлари махсус ғазначилик ҳисобварақларига ер участкаларига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини аукционларда реализация қилишдан, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан амалга оширилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари уларга ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва фойдаланилган вақтда қилинган сарф-харажатлар қопланмаган тарзда тегишлилигига кўра қайтарилади.
Ер участкаларини фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш, шу жумладан, ундаги иморатларни бузиш ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига биноан ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади.
Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси олиш учун ариза туман (шаҳар) ҳокимлигига берилади. Аризага ариза берувчининг доимий яшаш жойи бўйича турар жойларнинг кадастр иши нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда) ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг оиланинг таркиби тўғрисидаги маълумотномаси илова қилинади. «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси иштирокида якка тартибда уй-жой қурилиши учун ажратилган ер массивида уй-жой қуришга буюртма расмийлаштирган якка тартибда уй-жой қурувчи компаниянинг ҳудудий филиалларига аниқ ер участкасини ва танлаб олинган намунавий лойиҳани кўрсатган ҳолда ёзма ариза билан мурожаат қилади. Ариза туман (шаҳар) ҳокими бошчилик қиладиган, ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича доимий ишлайдиган комиссия (кейинги ўринларда «комиссия» деб юритилади) томонидан кўриб чиқилади. Комиссия таркибига «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, табиатни муҳофаза қилиш, архитектура ва қурилиш органлари, санитария-эпидемиология хизмати, фуқаролар йиғинлари вакиллари ва бошқа шахслар киритилади. Комиссия ариза олинган кундан бошлаб 10 кун муддатда ер участкаси беришнинг мақсадга мувофиқлиги ёки ер участкаси бериш асосли равишда рад этилиши тўғрисида хулоса чиқаради. Фуқароларга белгиланган тартибда кимошди савдосида ер участкасини сотишда комиссиянинг қарори талаб қилинмайди.
Ер участкалари биринчи навбатда:
-Ер давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйлари бузилаётган фуқароларга;
-Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчиларига;
-байналмилал жангчиларга;
-ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг оилаларига;
-меҳнат фахрийларига;
-ўзлари эгаллаб турган давлат турар жой фондининг турар жойларини шаҳар ва туман ҳокимликларига бераётган фуқароларга берилади.
Туман (шаҳар) ҳокими комиссиянинг ижобий хулосаси асосида 10 кун муддатда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Ер участкасини кимошди асосида сотишда ҳокимнинг қарори кимошди натижалари асосида 10 кун муддатда қабул қилинади.
Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш органлари томонидан «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг ҳудудий органлари билан биргаликда уч кун муддатда ер участкаси ажратиш ва унинг чегараларини натурада чиқариш амалга оширилади ҳамда қуйидаги ҳужжатлар берилади:
-туман (шаҳар) ҳокимининг қароридан кўчирма;
-участка чегаралари чизилган массивнинг бош режасидан нусха.
Ер участкалари бериш тўғрисида илтимос қилган барча фуқароларга ер участкалари ажратиш имконияти бўлмаган ҳолларда туман (шаҳар) ҳокимлиги ер участкалари олишга эҳтиёжмандларнинг ҳисобини юритади. Навбатда туриш тартибида ер участкалари олишга эҳтиёжманд бўлган фуқаролар рўйхати туман (шаҳар) ҳокими томонидан бир йилда камида бир марта тасдиқланади. Илтимос қилувчилар ер участкаси беришнинг тахминий муддати кўрсатилган ҳолда тасдиқланган рўйхатга киритилганлик тўғрисида хабардор қилиниши керак. Якка тартибда уй-жой қуриш учун мўлжалланган бўш ер участкалари мавжуд эмаслиги ер участкаси бериш рад этилиши учун асос ҳисобланади. Ер участкаси бериш рад этилган тақдирда ҳокимлик уч кун муддатда бу ҳақда ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади. Ер участкаси бериш рад этилиши устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.
Йўл кенгайиши, кўпқаватли бинолар қурилиши важида уйларнинг, тадбиркорлик объектларининг бузилиши ҳақидаги хабарлар кўпайиб қолди. Сўнгги вақтларда ОАВда ҳам бу мавзуга эътибор қаратилмоқдаки, қурилиш масаласидаги айрим ҳолатларда очиқ-ойдин қонун бузилиши кузатиляпти.
Аксарият эътирофига кўра, оддий аҳолининг «тинчи бузилиши», тадбиркорнинг «меҳнатига куйиб қолиши»га нима сабаб бўляпти? Бу ишларнинг ҳуқуқий асоси борми?
Ер кодексининг 16-моддасига кўра, ер давлат мулки — умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланиш зарур, у давлат томонидан муҳофаза этилади ҳамда олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
Таъкидланган истисно ҳолатлар шу кодекснинг 18-моддасида белгиланган, яъни юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари улар жойлашган ер участкалари билан бирга хусусийлаштирилганда вужудга келади.
Дипломатия ваколатхоналари ва уларга тенглаштирилган, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган халқаро ташкилотларнинг ер участкаларига мулк ҳуқуқи уларга ўзлари ваколатхона биноси сифатида фойдаланаётган иморат ёки иморатнинг қисмлари, шу жумладан ваколатхона бошлиғининг қароргоҳи улар жойлашган ер участкалари билан бирга, шунингдек мазкур ваколатхоналарнинг иморатларини қуриш учун ер участкалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда реализация қилинганда вужудга келади.
Дипломатик корпуси ходимларининг, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган матбуот вакилларининг, фирмалар, компаниялар ва халқаро ташкилотлар доимий ваколатхоналари ходимларининг, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарда доимий асосда ишловчи шахсларнинг, шунингдек, республикада доимий истиқомат қилувчи ва яшаш учун гувоҳномаси бўлган шахсларнинг ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи уларга уй-жой бинолари шу бинолар жойлашган ер участкалари билан бирга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда реализация қилинганда вужудга келади.
Х.Сулаймонова номидаги
Республика суд экспертиза маркази
Фарғона вилоят бўлими
Суд қурилиш экспертизаси эксперти
А.Т.Хайдаров