Суд-товаршунослик экспертизаси утказишнинг ахамияти ва унда кўлланиладиган методлар.

Мамлакатда бозор муносабатлари ривожланиб бориши баробарида унга боғлиқ равишда товарнинг эркин бозордаги ҳаракатини таъминловчи хизмат кўрсатиш турлари хилма-хиллиги ҳам ўсиб бормоқда. Ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлили шуни кўрсатадики, суд-тергов органларининг товаршуносликка оид билимларни қўллашига эҳтиёж ортиб бормоқда, иқтисодий жиноятларни, мулкий низоларни судда кўриб чиқишда объектив ва қонуний иш олиб бориш турли объектларнинг товар сифатини баҳолашни талаб этади. Шу сабабли низоли масалаларни одил судлов орқали ҳал этиш товаршунослик соҳасига оид махсус билимлардан фойдаланишни талаб этади. Иш олиб боришнинг самараси кўп жиҳатдан мазкур экспертиза имкониятларидан қанчалик тўлиқ фойдаланилганлигига боғлиқ.

Мол-мулкни бўлиш, мулкни ҳисобдан чиқариш, мулкка зарар етказганлик ёки бузганлик учун зарарни қоплаш, сифатсиз маҳсулотларни реализация қилганлик билан боғлиқ фуқаролик даъво ишларини кўриб чиқишда кўплаб экспертизалар ўтказилади.

Суд-товаршунослик экспертизасининг мазмуни маҳсулотларнинг ҳақиқий сифатини аниқлаш учун махсус билимлар воситасида уларнинг товар (истеъмол) хусусиятларини аниқлашдан иборат. Ишнинг аниқ ҳолатларини аниқлаш товаршунос экспертнинг имкониятлари ҳамда ваколатлари чегарасини белгилаб беради.

Товаршунослик илмий соҳасида келтирилган назарий ва услубий асослар объектнинг ҳолатини унинг истеъиол (товар) хусусиятлари ҳамда сифатини ўрганишни, шунингдек, атроф-муҳит билан ўзаро алоқага киришиш натижасида  товарнинг хусусиятларида ўзгаришлар пайдо бўлган аниқ шароитларни ўрганишни назарда тутади.

           Уларни суд-товаршунослик экспертизаси масалаларини ечишда қўллаш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, Ўзбекистон Республикаси Баҳолаш  миллий стандартлари, “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасаларида суд экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома талабларига, Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза Марказида суд-товаршуномлик экспертизаларини ўтказиш талаблари ва тартибига мувофиқ амалга оширилиши лозим.

Эксперт тадқиқотининг объектларига диагностик вазифаларни ҳал этишда ҳар қандай халқ истеъмоли моллари (шу қаторда фойдаланишдаги маҳсулотлар ҳам) бўлиши мумкин, бевосита объект бўлиб эса товарнинг келиб чиқишини тавсифловчи ва тадқиқот жараёнига муайян классификациялаш хусусиятларга комплекс хусусиятларни киритувчи, товарларни ташкил этувчи сифат ва миқдорий бирлигининг доимий ва барқарор белгилар тизими (хусусиятлар йиғиндиси) ҳисобланади.

Булар:

          – турли мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган мебель жиҳозлари ва интерьер буюмлари;

– текстиль, тикув, трикотаж маҳсулотлари (кийим, шу жумладан мўйнали, поябзал, бош кийимлар);

– бижутерия (қимматбаҳо бўлмаган металлардан, пластмасса, рангли шиша ва ш.к.лардан тайёрланган узуклар, зираклар, билакузуклар, кулонлар, мунчоқлар, захллагичлар, брошлар ва ҳ.к.);

– атторлик, парфюмерия ва косметика товарлари;

– маиший товарлар (электр асбоблар ва анжомлар);

– хўжалик-маиший  мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган товарлар;

          – радио-, видео- ва телеаппаратура;

– оргтехника (офис техникаси) ва комплектни ташкил этувчи буюмлар;

          – алоқа воситалари (стационар ва уяли алоқа телефонлари);

– тикув, тўқув, ёзув ва ҳисоблаш машиналари, телефон аппаратлари;

         – мусиқа асбоблари;

         – фото- кино- видео аппаратура, оптики предметлари, соатлар;

– гиламлар, гилам маҳсулотлари, ёпинчиқлар, дастурхонлар, пардалар;

– идишлар ва столни тузаш буюмлари;

– хўжалик ва уй-жой ашёлари, хўжалик ва спорт инвентари;

– стол ўйинлари: бильярд, шахмат, шашка, фикрлашни ўстириш учун таълим ўйинлар, домино, бадминтон, стол тенниси, нараы ва ҳ.к..

– болалар ва катталар ўйинчоқлари;

– тасвирий санъат ва амалий безак санъати намуналари (антиқа буюмлардан ташқари), ҳайкаллар, ҳайкалчалар, фигуралар, декоратив вазалар, панно, шкатулкалар, шамдонлар, патнислар, сувенир қўғирчоқлар, декоратив гуллар;

– канцелярия товарлари ва ёзув анжомлари;

– сифат ва миқдор кўрсаткичлари қайд этилган ҳужжатлар ва техник паспортлар, фотосуратлар, сизмалар, божхона декларацияси ва товарга оид ҳужжатлар;

          – турли мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган жиҳозлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари;

– ишлаб чиқариш ва технология тармоқлари;

– бошқарув элементлари мавжуд бўлмаган темирйўл транспорти (турли марка ва моделдаги вагонлар)

Суд-товаршунослик экспертизаларини ўтказишда ўлчов, рўйхатга олиш, ҳисоблаш, органолептик ва бошқа методлардан фойдаланилади. Мазкур методларнинг қўлланилиши одатда комплекс хусусият касб этади, чунки бири иккинчисининг имкониятларини тўлдиради ва объект тўғрисида махсус маълумотни беради.

          Органолептик метод товар сифатини сезги органлари ёрдамида унинг рангига, ҳидига, таъмига, ташқи кўринишига кўра аниқлашга асосланади. У қўллашда нисбатан оддий, чунки махсус жиҳозлар, анжомларни қўллашни талаб этмайди ва ўрганиш деярли ҳар қандай шароитда жуда тез ўтказилаверади. Бироқ уни қўллаш экспертнинг тажрибасига муайян талаблар қўяди, ўргантлаётган объектнинг хусусиятларини оқилона юзага чиқарф олиш қобилиятларини талаб қилади.

           Ўлчов, лаборатория методи ўлчашда техник воситалардан фойдаланишни талаб қилади, маҳсулотларнинг материали табиатини аниқлаш билан боғлиқ оддий хусусиятлари кўрсаткичларини бевосита рақамлар олиш имкониятини беради ва ўз ичига физик-механик, кимёвий, микробиологик, микроскопик ва бошқа тадқиқот методларини олади. Ушбу методлар анча аниқроқ, олинган рақамли натижалар эса назорат қилувчи норматив ҳужжатлар кўрсаткичлари билан қиёслаш учун қулай.

          Физико-механик методлар материалларнинг қуйидаги хусусиятларини ўрганиш учун қўлланилади: физик (қаттиқлик, нисбий масса, ҳажм массаси, бир квадрат метрнинг массаси), иссиқлик (иссиқлик сиғими, ҳароратга чидамлилик ва кенгайиш, материалнинг агрегат ҳолатини ўлчаш), электрик, оптик, сўрилиш хусусиятлари.

          Кимёвий методлар товарларнинг кимёвий хоссаларини – таркибини аниқлаш, турли аралашмалар мавжудлигини, бўёқнинг мустаҳкамлигини, материалнинг кислоталар, ишқорлар ва ҳ.к. билан реакцияга киришиш хоссаларини ўрганиш мақсадида амалга оширилади.

          Ушбу методлар суд экспертизасининг биринчи навбатда объектнинг бутунлигини бузмаслик сингари махсус талабларини ҳисобга олган ҳолда қўлланилади ҳамда иложи борича шундай методлар билан чекланади.

          Рўйхатга олиш методи белгилар сонини ҳисоблашга асосланади (масалан матонинг зичлиги 10 см2 юзадаги иплар сонини ҳисоблаш ҳисоблаш орқали аниқланади).

 Ҳисоблаш методи ўлчов методи натижасида олинган параметрлардан фойдаланган ҳолда ҳамда ушбу метод билан ўзаро боғлиқ равишда сифат кўрсаткичларини ҳисоблашга асосланади. Масалан, калаванинг метр рақамлари (ипларнинг чизиқли зичлиги) ҳисобланади.

Ҳисоблаш натижалари физик шкалаларда (“ҳисобланадиган” хусусиятлар) билан бир қаторда таҳлил қилинаётган белгидаги ўзгаришларни ифодалайдиган, экспертлар томонидан қўлланиладиган сифат даражалари кўринишида (“ҳисобланмайдиган” хусусиятлар) ифодаланадиган кўринишда ҳам бўлиши мумкин.

          Ўрганиш натижалари (хусусият кўрсаткичлари) аналогик базавий (норматив, намунавий) хусусиятлар билан таққосланади ва маҳсулотнинг намунага мувофиқлиги (номувофиқлиги) аниқланади.

          Олинган натижаларни баҳолаш тадқиқотнинг қуйидаги муҳим босқичи таҳлили билан бир қаторда амалга оширилади. У қиёсий таҳлил натижаларига асосланади ва сифат даражасини аниқлаш жараёнини ўзида ифодалайди. Истеъмол хусусиятларини баҳолаш алоҳида кўрсаткичлар ўртасидаги функционал-миқдорий алоқадорликни ва умумий сифатни аниқлашда, шунингдек, комплекс сифат кўрсаткичларини аниқлашда ифодаланади.

Маҳсулотнинг бутун истеъмол хусусиятларига тааллуқли бўлган комплекс сифат кўрсаткичини барча баҳолаш бирликларини бирлаштириш йўли билан (ўлчанган баҳолаш) топилади. У одатда ўлчанмайдиган бирликлар тизимида ифодаланади (масалан, маҳсулотнинг мўлжалланган мақсадда фойдаланишга яроқлилиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш).

 

Х.Сулаймонова номидаги
Республика суд экспертиза маркази
Товаршунослик экспертизаси бўлими
эксперти С.У.Жураев

Skip to content