Фармонга кўра, Адлия органлари фаолиятини ҳудудларда самарали ташкил этиш ҳамда ҳуқуқий хизматлар қамровини янада ошириш мақсадида туман (шаҳар) адлия бўлимларига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
➖жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган долзарб муаммоларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда “Адлия куни” тадбирларини ўтказиш.
❕Бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматларини кўрсатиб бориш;
➖уйма-уй юриш ва “Ҳуқуқий кўмак” акцияларини ўтказиш орқали фуқаролар кундалик ҳаётида аниқланадиган ҳуқуқий муаммоларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
➖“маҳалла еттилиги”га қонунчилик ҳужжатларининг моҳияти
ва аҳамиятини оддий ва халқчил тилда етказиш, шунингдек улар томонидан “Online-mahalla” платформасига киритилган аҳолининг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларини ҳал этиб бориш;
➖аҳолига, авваламбор “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;
➖ёшлар, хотин-қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни, шунингдек тадбиркорлик субъектларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар, преференциялар, субсидиялар, грантлар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бошқа турлари ҳамда улардан фойдаланиш тартиби ҳақида хабардор қилиш;
➖давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш.