ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ТАРМОҒИ ВА ҲАРАКАТ ХАВФСИЗЛИГИ

ХIХ асрнинг охири ХХ асрнинг бошлари автомобилсозликнинг  соҳа сифатида пайдо бўлиши даври ҳисобланади, ҳозирги пайтда ер юзида 1,0  млрд.дан ортиқ автомобиль бўлиб, машинасозлик саноати йилига яна 80 млн.дан ортиқ автомобиль ишлаб чиқармоқда. Автомобиль транспортининг ривожланиб бориши инсон ҳаётида бир қанча қулайликларни яратиб унинг турмуш тарзини кескин ўзгартириб юборди. Инсониятга хизмат қилиб келаётган ушбу техника вақт ўтиши билан ўзининг зарарли оқибатларини тобора намоён қилиб бормоқда.  Ўтган асрнинг 50-60 йилларидан бошлаб биринчилар бўлиб бу ҳақда мутахассислар бонг ура бошладилар. Айниқса, америкалик ҳуқуқшунос Р.Найдернинг 1965 йил “ҳар қандай тезликда ҳам хавфли” номли китобининг нашр этилиши  ҳаракат хавфсизлиги  мавзусига кенг жамоатчилик эътиборини қаратди. Агар, жаҳон автомобиль индустриясининг бошланиши 1910 йиллар деб ҳисобланса, ўшандан бери ўтган даврда автомобиллар сони 300 мартага, йўл-транспорт ҳодисалари 150 мартага ошди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, оғир жароҳатларга олиб келадиган шикастланишлар орасида криминал жиноятлардан сўнг йўл-транспорт ҳодисаси иккинчи ўрнини эгаллайди. Республикамиз ҳудудида ҳар йили 6-7 минг йўл-транспорт ҳодисаси рўй беради. Ўзбекистон Республикаси  Ички Ишлар Вазирлиги  йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизматининг расмий маълумотлари бўйича 2023  йилнинг 8 ойи мобайнида  республикамиз ҳудудидаги йўлларда 5772 йўл-транспорт ҳодисаси қайд қилинган, уларда 1415 одам нобуд бўлган, 5448  одамга тан жароҳатлари етказилган, ушбу даврда ҳайдовчиларнинг “Йўл ҳаракати қоидалари”га риоя этмаган 9 млндан ортиқ ҳуқуқбузарликлари рўйхатга олинган.

Маълумотларга кўра, транспорт воситаси одамни уриб кетиши оқибатида ўлим ҳолатининг қайд этилиши илк бор 1869 йил британиялик олим Мери Уорд билан содир бўлган. У буғ двигатели билан ишлайдиган автомобилдан тушиб кетиб, тўғри ғилдирак остига йиқилган. Шундан буён ички ёнув двигатели билан ҳаракатланадиган транспорт воситалари сони, тури ва табиийки автомобиль билан боғлиқ ҳалокатлар миқдори ошиб борди. 2016 йил май ойида ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобиль иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасида  илк ўлим қайд этилди. АҚШнинг  Флорида шаҳрида “Tesla model S” русумли  техника чапга бурилаётган тиркамага бориб тўқнашган, чунки бу вақти “Tesla model S”нинг видеокамераси осмонда қуёш чарақлаб тургани боис йўлидаги оқ рангли тиркамани “кўрмай қолган”. Худди шундай воқеа Хитойда ҳам кузатилди. 2023 йил март ойигача APLEE компаниясининг ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобиллари билан 16 марта ЙТҲ содир этилган, бошқа компаниялар транспортларида ушбу кўрсаткич 72 дан 245 гача  марта юз берган.

Йўловчи ташиш транспорти паркининг ўсиши, шу билан бирга, шахсий автомобилларнинг кўпайиб бориши йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиши эҳтимолини кучайтирмоқда. Автоҳалокатларнинг бир қатор  сабаблари аниқланган, жумладан, транспорт воситасининг номукаммал техник хусусиятлари ва носоз техник ҳолати, йўл шароитлари ва йўл жиҳозларининг хавфсизлик  талабларига мос келмаслиги,  бошқа транспорт воситалари ёки пиёдаларнинг  “Йўл ҳаракати қоидалари”га зид  ҳаракатлари ва ҳ.к.  Ҳайдовчиларнинг йўлларда ўзаро ҳурмат билан муносабатда бўлишлари ва қоидаларга амал қилишлари, хавфсизлик элементларининг мавжудлиги  (хавфсизлик камарларини тақиб юришлари, велосипедчиларнинг шлем кийишлари), йўл инфраструктурасининг сифати (йўлларнинг қордан тозаланиши, ерости йўллари ва кўприкларнинг мавжудлиги, велосипед ва пиёдалар йўлкаларининг муҳофазаланганлиги, ўтиш жойлари пиёдалар бошқарадиган контактли светофорлар билан жиҳозланганлиги, кўриниш чекланган жойларда махсус кўзгулар ўрнатилганлиги), транспорт воситасининг юқори даражадаги техник параметрлари ва жиҳозланганлиги, альтернатив транспорт турлари, ҳайдовчиларнинг психофизиологик ҳолати  ҳаракат хавфсизлигига таъсир қилувчи факторлар ҳисобланади.

Автомобиль транспортида содир бўлаётган йўл-транспорт  ҳодисаларининг сабабларидан бири ҳайдовчиларнинг  йўл  шароитига  мос тезлик танлай олмаслиги ҳисобланади. Йўл вазиятига мувофиқ бўлмаган тезлик билан ҳаракатланаётган ҳолатда ҳайдовчида ҳодисани олдини олиш имкониятлари етарли бўлмайди. Тадқиқотчи олимларнинг фикрича, содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 34,0 фоизидан ортиғи транспорт  воситаларини рухсат этилгандан юқори тезликда бошқариш натижасидир. Автомобилни бошқаришда хавфсиз тезликни танлай  олиш  қобилияти  ҳайдовчининг юқори малакаси аломатидир. Меҳнат унумдорлиги нуқтаи назаридан,  транспорт воситасининг ҳаракат тезлиги юқори бўлиши  зарур, албатта, хавф туғилганда тўхтатиб қолиш ёки маневр қила олиш учун йўлнинг профили ва қатнов қисмининг ҳолатини эътиборга олган ҳолда. Ҳайдовчи  одатда,  автомобилни бошқариб борар экан,  ҳаракат режимини икки критерий(мезон),  яъни вақтни  иложи  борича кам сарфлаш ва хавфсизликни максимал даражада таъминлашни  назарда тутади. Ушбу критерийлар ўзаро зиддиятли бўлиб, ҳаракат тезлигининг ошиши йўл-транспорт ҳодисаси эҳтимолини кучайтиради.

Автомобилнинг ҳаракат тезлиги  унинг  хавфсиз  ҳаракатланиши учун аҳамиятли кўрсаткичлардан ҳисобланади,  чунки,   ҳаракатдаги автомобилнинг кинетик энергияси тезликнинг квадратига  пропорционал равишда ошиб боради.  Ҳаракат тезлигининг  ошиши  билан транспорт воситасининг вақт бирлигида босиб ўтадиган йўли  узайиб боради,  шунинг билан бирга,  вужудга келган хавфни  олдини  олиш учун ҳайдовчининг имкониятидаги вақт миқдори  камаяди.   Ҳаракат тезлигини пасайтириш, амалда, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш борасида асосий, кенг қўлланиладиган усуллардан бири ҳисобланади.

Ҳаракат тезлигини хавфсиз даражагача пасайтириш “Йўл ҳаракати қоидалари”да кўрсатиб ўтилган. Жумладан, ЎзР ВМнинг 2023 йил 03 апрель кунги 140-сонли қарорига биноан “Йўл ҳаракати  қоидалари”нинг 78-банди 2-қисми қуйидаги мазмунда: Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар ва туманларнинг марказларида, шунингдек, шаҳарлар ҳудудларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 60 км.дан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади.

Йўлларда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш муаммосининг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти, автоҳалокатлар миқёсининг ўсиши натижасида сезиларли даражада ошди. Республикамизда ҳам йўл-транспорт тармоғини яхшилаш, йўллар ва чорраҳаларнинг ўтказувчанлигини ошириш, транспорт воситалари зичлигини камайтириш йўналишида шаҳарсозлик назарияси ва амалиётининг замонавий принципларидан келиб чиқиб бир қатор тизимли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Транспорт воситаси ҳайдовчисининг маданияти ҳаракат хавфсизлигини белгиловчи омиллардан бири ҳисобланади. Ҳайдовчининг одоби қандай бўлиши керак, ҳайдовчилик маданияти нимадан иборат? Албатта, ҳайдовчининг маданиятида транспорт воситасини бошқариш маданияти марказий ўринни эгаллайди. Бинобарин, ҳайдовчи нафақат транспортни бошқариб бориш ваколатига эга бўлган ҳуқуқли шахс, балки жамият учун керакли мутахассис ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ҳайдовчининг маданияти унинг касбий маҳорати билан аҳлоқий сифатларнинг ўзаро уйғунлашуви деб баҳоланади. Ҳайдовчилик маданияти бир қанча қирраларни ўз ичига қамраб олган тўкис тушунча. Ҳайдовчилик маданиятининг барча ўлчовлари ҳам этик ва эстетик, профессионал маҳоратлар орқали баҳоланади, транспорт воситасининг техник ҳолати ва тозалиги, ҳайдовчининг бошқариш  маҳорати ва “Йўл ҳаракати қоидалари”га риоя этишини ўзи ичига олади.

Транспорт окимининг зичлиги(интенсивлиги) ҳаракат  тезлигига таъсир этувчи асосий факторлардан ҳисобланади. Ушбу  кўрсаткич вақт бирлигида йўл кесимидан ўтаётган транспорт  воситалари  сони билан ифодаланади. Узоқ йиллар давомида шаклланган ва замонавий транспорт воситаларининг талабларига мос бўлмаган  йўллар тармоғи, нисбатан эркин ҳисобланган пиёдалар ҳаракати, транспорт ҳаракатининг доимий ўсиб бориши шаҳар хаётидаги ҳолатни характерлайди. 2023 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда 4186521 транспорт воситаси рўйхатга олинган, Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган шахсий автомобиллар сони 600 мингдан ортиқ, улардан ташқари  автобуслар ва микроавтобуслар ҳамда вилоятлардан кириб келадиган транспорт оқими шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатланади. 2023 йил 23-24 октябрь кунлари Тошкент шаҳрининг бир неча  кўчаларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги боис, уларда транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилди, натижада шаҳарнинг бошқа йўлларида транспорт воситаларининг оқими кучайиб кетиб, 10 балл даражадаги тирбандликлар вужудга келди. Ўша кунлар 70 дан ортиқ  йўналишлардаги автобуслар қатнови ҳам издан чиқди.

Транспорт оқимининг зичлигини камайтириш мақсадида дунёнинг турли мамлакатларида ўзига хос услублар, баъзида сунъий тўсиқлар ўрнатиш тартиби қўлланилади. Пекин шаҳрида ҳафтанинг бир кунида давлат рақам белгиси тоқ рақам бўлган транспорт воситалари ҳаракатига рухсат этилса, эртаси куни жуфт рақамли транспорт воситалари ҳаракатланади. Сингапурда шахсий автомобилга  эга бўлиш ҳуқуқига рухсатнома давлат томонидан 70 минг доллардан 106 минг долларгача нарх белгиланган. 1992 йилдан кучга кирган қонун бўйича Индонезиянинг йирик шаҳарларида транспорт воситаларида камида 2 йўловчи бўлиши шарт, ушбу тартибга риоя этмаган ҳайдовчилар жаримага тортилади.

Аҳоли ва транспорт воситалари сонининг ўсиб бориши йўллардаги транспорт воситалари зичлигини оптималлаштириш, бунинг билан йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлиши эҳтимолини камайтириш борасида ривожланган мамлакатлар тажрибасидаги энг самарали усулларни қўллаш зарурлигини  қўллашни   тоқазо этмоқда. Транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш усулларини  шаҳарсозлик назарияси ва амалиётининг замонавий принципларидан келиб чиқиб қўллаш мантиқан тўғри бўлади. Жамиятни бошқариш  структурасида “номарказлаштириш” (рус тилида децентрализация) термини, транспорт соҳасида эса “аҳолининг транспортга бўлган эҳтиёжи” (русчасига транспортная подвижность населения) тушунчалари мавжуд. Ушбу усулларни қўллаш Ўзбекистон республикаси ҳудудидаги йўлларда транспорт воситалари зичлигини ва атмосферага чиқариладиган заҳарли моддалар миқдорини камайтириш имконини беради. Унинг маъноси шуни англатадики, пойтахтда мужассамланган йирик ташкилотлар, ишлаб чиқаруви корхоналар, бозорлар, олий ўқув юртларини мамлакат ҳудудига иложи борича тақсимлаш, вилоятлар билан ҳужжатлар алмашинувини онлайн режимига ўтказишдир. Бунинг билан жисмоний ёки юридик шахсларга муаммоларни ўз географик жойлашуви доирасида ҳал қилиш учун шароит яратиш орқали пойтахтдан ташқаридагиларнинг транспортга бўлган эҳтиёжини сўндиришга эришилади. Корхона, ташкилот ва ўқув юртларининг иш режимини оптималлаштириш ҳам эрталабги ва кечки тиғиз вақтларда  пассажир оқимини  қайта тақсимлашга (рус тилида “сглаживание пассажиропотока”) хизмат қилади.

Йўлларда транспорт воситалари оқимининг кучайиши бизни янада эҳтиёткорроқ, ҳушёрроқ бўлишимизни талаб қилади. Бир-биримизни ҳурмат қилайлик азизлар, “Йўл ҳаракати қоидалари”ни ҳам, ахир улар биз учун ишлаб чиқилган. Автомобиль ҳайдовчиларини тайёрлаш сифатини ошириш, иш фаолияти давомида ҳайдовчиларнинг малакасини ошириб бориш, уларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш ҳозирги давр талабидир. Ушбу мавзуни «Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинг, молингизни ва жонингизни асранг» деб якунлаб қоламиз.

 

 Х.Сулаймонова номидаги Республика

 суд экспертиза марказининг Сирдарё

 вилоят бўлими етакчи эксперти:  О. Нўъмонов

 

Skip to content