Янги экспертиза жорий қилинмоқда

Суд экспертлик фаолияти долзарб соҳавий йўналишлардан бири бўлиб, мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатли ҳимоя қилиниши, фуқароларнинг ишончини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бугун Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, суд экспертлик фаолияти самарадорлигини ошириш, ушбу соҳани замонавий, юқори аниқликдаги таҳлил воситалари билан жиҳозлаш орқали одил судловни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жаҳонда жиноят ишлари бўйича махсус билимлардан фойдаланишнинг процессуал ва криминалистик жиҳатларини такомиллаштириш, экспертлар ва мутахассислар имкониятларидан фойдаланишнинг тактик усулларини ривожлантириш, жиноят процессида шахс билан боғлиқ экспертиза ўтказиш жараёнларида уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланишининг таъсирчан янги механизмларини жорий этиш зарурати бу борада илмий-тадқиқот ишлари олиб борилишини тақозо этмоқда.

 

Ҳайвонлар ДНКси текширувининг аҳамияти

Жиноятларни очишда ҳайвон ДНКси бўйича молекуляр генетик тадқиқотлардан фойдаланиш йил сайин долзарб аҳамият касб этмоқда. Гап шундаки, бундай экспертиза фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи дахлсизлигига қарши жиноятлар факти бўйича қўзғатилган жиноий ишларни тергов қилишда, шунингдек номаълум жасадларни аниқлашда криминологларнинг энг замонавий ва самарали воситаларидан бири ҳисобланади.

Одамнинг биологик намуналарини кимга тегишли эканлигини аниқлаш бир қаторда ДНК дактилоскопияси криминалистик тадқиқотларининг бошқа кўплаб жиҳатларида ҳам қўлланилади. Буларга ҳайвон турларини, ўсимликларни ва ҳатто микроорганизмларни аниқлаш киради.

ДНК дактилоскопиясини тергов амалиётидаги қўлланишига яққол мисол браконерлик ёки йўқолиб бораётган турлар савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишни келтиримиз мумкин.

Бундан ташқари, ҳайвон ДНКси экспертизаси озиқ-овқат саноатидаги йирик фирибгарлик схемаларини текширишда, масалан, гўшт ёки балиқ маҳсулотларида мавжуд бўлган турларни баҳолаш учун ишлатилади. Пулни тежаш учун баъзи ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларига арзонроқ гўшт, балиқ турларини қўшишлари мумкин ёки ҳайвон оқсилларини ўсимлик оқсиллари билан алмаштиришлари ҳам мумкин. Бундай ҳолатларда албатта ҳайвонлар ёки уларнинг маҳсулотларининг ДНК таҳлили ҳақиқатни аниқлашда ёрдам берувчи асосий восита ҳисобланади.

Маълумки, ҳайвонлар ДНКси бўйича таҳлиллар инсон геномини аниқлаш билан боғлиқ илмий изланишлар билан параллель равишда олиб борилади.

Шу каби изланишлар одамлар учун юқори ижтимоий аҳамиятга эга бўлган баъзи уй ҳайвонлари инсоннинг жиноий фаолияти билан потенциал алоқаси туфайли дастлабки таҳлиллар ушбу йўналишларда олиб борилган. 1987 йилда британиялик генетик олим Алек Жеффрис инсон ДНК генотипи бўйича илмий ишини итлар ва мушукларга оддий такрорланадиган кетма-кетликлардан иборат тарқор аутосомал полиморфик бўлакларни аниқлаш орқали кенгайтирди.

Ҳодиса содир бўлган жойларда инсонга тегишли бўлмаган ашёлар ҳам тергов жараёнида муҳим аҳамият касб этиши мумкинлигини эсдан чиқармаслик зарур.

1995 йилда АҚШ суд ишида биринчи бор уй мушугини идентификация қилиш учун микросателлит маркерларининг характеристикаси орқали ҳайвонларнинг ДНК генотиплаш маълумотларидан фойдаланган.

Шунга ўхшаш ҳайвонлар ДНКсидан тергов жараёнида фойдаланилганликнинг бир қанча холатлари мавжуд. Мисол учун, Канададаги шаҳзода Эдуар оролида қотиллик содир бўлган жойдан жабрланувчининг қонига буланган чарм кўйлак топилади. Полицияда эса асосий гумондорни қонли чарм кўйлак билан боғлайдиган далиллар йўқ эди. Бироқ, мазкур кўйлакда инсонга ёд бўлган кўплаб оқ соч толалари топилади. Ҳайвон ДНКси экспертизаси ушбу оқ толалар мушукники эканлигини аниқлайди. Бу эса тергов жараёнида калаванинг учини топишга ва қотилни фош этишга сабаб бўлди. Яъни, мушукники эканлиги аниқланган оқ толалар кейинги босқичда қотиллик қурбони бўлган марҳум аёлнинг турмуш ўртоғи мушугининг юнги билан экспертиза орқали солиштирилади. Шундан сўнг қотилликни аёлнинг турмуш ўртоғи келиб, амалга оширгани маълум бўлади. Чунки аёлнинг турмуш ўртоғи аввалига мушуги билан уйда қолганлигини айтган эди.

Ҳозирги вақтда тадқиқотчилар бир нечта уй ҳайвонлари турларининг бутун геномларини тавсифлаш, популяцияни ўрганиш, келиб чиқишини таҳлил қилиш, рўйхатга олиш маълумотлар базалари ва итлар, мушуклар, отлар, буғу ва кийиклар ва бошқа тур ҳайвонлар биологик намуналарини таҳлил қилиш орқали криминологияда ноёб идентификация қилиш имкониятини яратмоқда. Бу каби тадқиқотлар эса инсон ва бошқа ҳайвонларнинг геном хусусиятларини тўғридан-тўғри таққослаш учун асос яратади.

Ушбу турдаги ДНК текширувларини республикамизда ҳам жорий қилиш учун айни вақтда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказида ҳайвонлар ДНКси бўйича экспертиза тадқиқотларни жорий қилиш бўйича изланишларни олиб борилмоқда.

Маълумки, одамни идентификация қилишда ДНК тадқиқоти учун одамнинг қон, сперма ёки бошқа одамга тегишли намуналари олинади. Ушбу манбаларга қўшимча равишда ҳайвонларни идентификация қилиш учун янада ноёб манбалардан, шу жумладан тук намуналари, нажас, қайта ишланган маҳсулотлардан (масалан, тери ёки гўшт маҳсулотлари) ва эҳтимол анъанавий таркибий қисмлар сифатида олиш мумкин. Ушбу турли хил манбалардан ДНКни ажратиб олиш ва сақлаш учун ҳайвонларнинг маҳсус жараёнлар амалга оширилиши зарур.

Биологик намуналар тўғри йиғилгандан ва улардан ДНК ажратилгандан сўнг, ҳайвоннинг ноёб идентификацияси учун ҳар бир турга хос бўлган махсус зондлар ёки праймерлардан фойдаланиш мақбулдир. Бироқ, алоҳида турлар учун махсус маркерларнинг ривожланиши кўп вақт ва харажатларни талаб қилади.

Бу каби изланишларнинг кенгайиши албатта келгусида жиноятларни  тергов қилишда аниқ далилларни топлашга ҳамда тергов ҳаракатларини тўғри йўналтиришга асос бўлиб хизмат қилади.

 

Нийёра Саитова,

 Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази

Суд экспертлик илмий-тадқиқот институтининг Суд-тиббий,

психиатрия, психологик ва биологик экспертизалари

илмий тадқиқот бўлим бошлиғи

Skip to content