Бугунги кунда автомобиль транспортининг кундан кунга кўпайиб бораётганлиги инсоният учун бир қанча қулайликларни яратди. Аммо, шу билан бирга техника тараққиётининг салбий оқибатлари, йўл-транспорт ҳодисаларининг таъсири борган сари кўпайиб бормоқда. Республикамизнинг йўлларида ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг оқими ортиб бориши, йўл транспорт ҳодисаларини содир бўлиш ҳолатлари эҳтимоллигини ошири шубҳасиз. Юзага келадиган йўл транспорт ҳодисаларини дастлабки суриштирув ўтказиш, тергов қилиш, шунингдек одилона суд қарорларини қабул қилиш учун хар томонлама асосланган экспертиза хулосаларига эҳтиёж сезилади. Судга оид автотехника экспертизасининг “Йўл-транспорт ҳодисаларини математик ҳисоблар билан тадқиқот қилиш экспертизаси” тури махсус билимлардан самарали фойдаланишда алоҳида аҳамият касб этади. Шунинг учун суд-автотехника экспертизалар иш ҳолатларини белгилаш одил судловни амалга оширишда муҳим далил воситаси ҳисобланади.
Транспорт воситасининг техникавий ҳолатини, воқеа содир бўлган жойдаги йўл вазияти ва воқеа иштирокчиларининг ҳаракатини, шунингдек, воқеа юз беришига сабабчи бўлган ҳолатларни белгилаб берувчи, йўл-транспорт ходисасининг механизми (жараёни) билан боғлиқ бўлган ҳақиқий маълумотлар автотехника тадқиқотнинг предмети ҳисобланади.
Йўл-транспорт ҳодисаларини математик ҳисоблар билан тадқиқот қилиш экспертизаси учун қуйидагилар тадқиқот объектлари ҳисобланади:
– йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиси бўлган автотранспорт, электротранспорт, трактор ва бошқа ўзиюрар механизмлар (мосламалар).
– йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган йўл, дала, ховли, шунингдек транспорт ҳаракатланадиган бошқа жойлар.
– йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ бўлган ашёвий далиллар ва жиноий иш ҳужжатлари (материаллари).
Йўл-транспорт ҳодисаси математик ҳисоблар билан тадқиқот қилиш экспертизаси, ходиса жараёни ёки унинг алоҳида томонларини тадқиқ қилишга қаратилган. Ушбу экспертиза предметини Йўл-транспорт ҳодисасининг хақиқий ҳолатларини ташкил қилади.
Йўл-транспорт ходисаси ҳолатлари экспертизаси вазифаларига қуйидагилар киради:
– транспорт воситасининг ҳаракат тезлигини аниқлаш;
– транспорт воситасини тўхтатиш ва тўхташ масофаларини аниқлаш;
– йўл-транспорт ҳодисасининг турли вақтларда транспорт воситаларининг ўзаро яқинлашиб келиш ҳолатларини аниқлаш;
– транспорт воситасининг маълум масофани босиб ўтиш учун сарфлайдиган вақтини аниқлаш;
– ҳайдовчининг йўл-транспорт ҳодисасининг бартараф этиш учун охирги имконияти қолган вақтда транспорт воситаси билан ҳодисанинг иккинчи иштирокчисини ўзаро ҳолатларини қандай бўлганлигини аниқлаш.
Йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиларининг ҳаракатини қуйидаги мақсадларда тадқиқ қилиш:
– ҳайдовчининг “Йўл ҳаракати қоидадари”нинг тегишли талабларини бажариш учун техник имконияти бор-йўқлигини;
– ҳайдовчининг тергов органи томонидан аниқлаб берилган ҳавфли вазият пайдо бўлган вақтда транспорт воситаси тезлигини камайтириш йўли билан йўл-транспорт ҳодисаси олдини олиш учун техник имконият бор-йўқлигини ;
Йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш масаласини фақат тергов идораси ёки суд томонидан берилган маълумотлар асосида аниқлаш билан чекланмай, йўл-транспорт ҳодисаларини математик ҳисоблар билан тадқиқот қилиш экспертизаси тадқиқотлари натижасида аниқланган маълумотлар ва махсус билимлар асосида хулоса ҳолатларини бир нечта вариантлар бўйича тадқиқ қилиши мумкин.
РСЭМнинг Қорақалпоғистон Республикаси
бўлими эксперти А.Қ.Сабуров