Бугунги кунда фуқаролик, хўжалик, маъмурий, иқтисодий, жиноят ишлари бўйича суд ва тергов амалиётини замонавий фан ва технологияларнинг имкониятларидан фойдаланиб ўтказиладиган суд экспертиза хулосалари ва инкор этиб бўлмайдиган далилларининг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу жумладан, суд ва тергов жараёнида шахс ва биологик из идентификацияси ҳамда биологик қариндошликни аниқлаш масалаларини ҳал этишда суд генетик ДНК экспертизасининг алоҳида ўрни бор.
Биологик оталик (оналик) фактини аниқлаш бўйича ўтказиладиган ДНК текширувлари суднинг ажрими ёки тергов органининг қарори асосида, жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаси асосида хусусий тартибда, аноним сўров анкетаси асосида ва адвокат сўровига кўра ўтказилиши мумкин.
Ажрим ёки қарорга асосан ўтказиладиган ДНК экспертизаси нима?
ДНК экспертизаларининг аксарияти одатда суднинг ажрими ёки суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарорига асосан тайинланади. Бунда ДНК экспертизасини тайинлаш ҳақидаги ажрим ёки қарор асосида тахминдаги ота, она ҳамда боладан биологик намуналар (одатда сўлак ёки қон намунаси) суднинг (ёки тергов органининг) вакили ва холислар иштирокида олиниб баённомалаштирилади, шундан сўнг ДНК экспертизаси текшируви учун тақдим этилади. Эксперт ўтказилган экспертиза тадқиқотлари натижасида ўз хулосасини беради. Экспертиза хулосаси суд ва тергов жараёнида юридик кучга эга далил ҳисобланади.
Хусусий ДНК экспертизаси нима?
Хусусий ДНК экспертизаси – ахборот характерига эга бўлиб, ДНК тадқиқотлари иштирокчиларнинг ўзи учун ўтказилади, олинган тадқиқот натижаси (мутахассис фикри) кейинчалик биологик оталик (оналик)ни аниқлаш ёки биологик оталик (оналик)ка эътироз билдириш бўйича суд ёки тергов органига даъво аризасини киритишга асос бўлиши мумкин.
Аноним ДНК тадқиқотлари нима?
Аноним ДНК тадқиқотлари – тўлиқ ёки қисман анонимлик талаб этилганда ўтказиладиган тадқиқот туридир. Бунда сўров анкетасида иштирокчилар ҳақидаги минимал маълумотлар – аниқланиши зарур бўлган қариндошлик даражаси, тадқиқот тури кабилар акс эттирилиб, текширув иштирокчиларининг исм шарифлари ҳужжатда кўрсатилмайди, намуна олиш мураккаб бўлган иштирокчиларнинг биологик намуналари олинган шахсдан сир тутилиб, унинг хабарисиз ўтказилиши мумкин. Тадқиқот натижаси юридик кучга эга бўлмайди, балки, фуқароларнинг шахсий ташаббусига кўра маълумот учун фойдаланиш мақсадида ўтказилади.
Адвокат сўровига кўра ўтказиладиган ДНК тести нима?
ДНК экспертизаси шартнома асосида ишонч билдирувчи шахс розилиги билан адвокат сўровига кўра ҳам ўтказилиши мумкин. Адвокат сўровига кўра ўтказилган ДНК экспертиза хулосаси иш материалларига қўшиб қўйилиши ва суд томонидан ушбу хулоса ишдаги мавжуд далиллар билан биргаликда баҳоланиши мумкин. Адвокат сўровига ордернинг кўчирма нусхаси, ўрганиш объектлари ва тўлақонли экспертиза ўтказиш учун зарур бўлган иш материаллари ҳам илова қилинади.
Генетик ДНК экспертизаси нафақат одамнинг биологик намунасидан фойдаланиб, балки одам танаси билан яқин бўлган нобиологик объект ташувчиларидаги биологик излар бўйича ҳам ўтказилади.
Замонавий ДНК экспертизаси усуллари юқори сезувчанликка эга бўлиб, таҳлил учун ўта кам миқдордаги ДНК намуналари бўйича ҳам текширув ўтказиш имкониятига эга. Юқорида қайд этилганидек, тадқиқот учун асосий биологик намуналар сифатида оғиз бўшлиғидан олинган буккал эпителий суртмалари ва қон намуналаридан фойдаланилади. Жаҳон амалиётида биологик қариндошликни аниқлаш мақсадида ўтказиладиган ДНК тадқиқотларининг аксариятида стандарт оғиз бўшлиғидан олинган буккал эпителий ДНК намуналари текширилади.
Шундай қилиб, биологик қариндошликни аниқлаш ва биологик изни идентификация қилиш бўйича ўтказиладиган ДНК тадқиқотларининг текширув объектлари ўзида ДНК молекулаларини сақлайдиган стандарт ва ностандарт намуналар (биоматериаллар)ни ўз ичига олади.
Стандарт ДНК намунаси нима?
ДНК стандарт намунасига – одамнинг кўп миқдордаги ДНК ҳужайраларини ўзида сақловчи оғиз бўшлиғидаги шиллиқ қаватнинг буккал эпителий ҳужайралари киради.
Буккал эпителий намунаси алоҳида қоидаларга амал қилган ҳолда уй шароитида мустақил ёки тегишли суд экспертиза муассасаси ва тиббиёт пунктларида мутахассис иштирокида олиниши мумкин.
Буккал эпителий ҳужайралари қуйидаги сабабларга кўра ДНК тест текширувлари учун қулай ва универсал бўлиб ҳисобланади:
- Намуна олиш жараёни оддий, оғриқсиз ва алоҳида маҳорат талаб этмайди;
- Намуна олиш тартибига риоя этилганда ДНК ажратиш эҳтимоллиги – 99 % га тенг.
- Буккал эпителийни сақлаш ва ташиш алоҳида шароитни талаб этмайди;
- Муқобил шароитда узоқ муддатгача сақланиши мумкин.
Текшириладиган одамдан биологик материални олишнинг имконияти бўлмаганда, генетик экспертизани ўтказишда ўша одамга тегишли бўлган ва фойдаланган тиш четкаси, кийимлари, устараси, тамаки қолдиғи, соати, ич кийими, стакани каби шахсий нарсалари текширилиши мумкин. Бундай ҳолатда тақдим этилган ностандарт намуналардаги биологик изларни айнан тахмин қилинаётган шахсга ёки бошқа шахсга тегишлилигини аниқлаш вазифаси қўйилади.
Бошқача айтганда, тадқиқотларни тўлиқ махфийликда ўтказиш талаб этиладиган ҳолатларда (аноним мурожаатлар бўйича) стандарт бўлмаган ДНК намуналаридан фойдаланиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2022 йил 14 мардаги 7-мҳ-сонли буйруғига асосан, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида “Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси бўйича аноним мурожаат қилган шахсларнинг шахсига доир маълумотларни махсус белгилар асосида қайд этиш орқали тадқиқотларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом”га асосан аноним равишда биологик қариндошликни аниқлаш, этник келиб чиқишни аниқлаш ва шахс идентификацияси бўйича ДНК тадқиқотлари ўтказилиб, мутахассис фикрлари бериб келинмоқда.
Аноним генетик ДНК экспертизасида одатда, турли оилавий низолар сабабли, генетик текширувларни ўтказиш учун текширув ўтказилаётган айрим иштирокчилардан (чақалоқ, турмуш ўртоғи ва ҳ.к.) стандарт ДНК намуналарини олишни имкони бўлмайди. Бундай ҳолатда стандарт бўлмаган ДНК намуналари олинади. Стандарт ДНК намуналардан фарқли равишда, ностандарт ДНК намуналарини олиш одатдаги турмуш тарзида қийинчилик туғдирмайди ва бугунги ҳаётимизда ички оилавий низоларга барҳам бериш мақсадида ўтказиладиган ДНК тадқиқотлари учун энг мақбул йўл бўлиб ҳисобланади.
Стандарт ва ностандарт ДНК намуналари орқали қуйидаги экспертиза масалалари ҳал этилади:
-Биологик оталик фактини аниқлаш;
-биологик оналик фактини аниқлаш;
-биологик ака-ука, опа-сингиллик фактини аниқлаш (Сиблинг тести);
-биологик амаки, амма, тоға, холанинг жиянга нисбатан қариндошлик фактини аниқлаш (Авункуляр тест);
-бобо-бува орқали неваранинг қариндошлик фактини аниқлаш;
-ота авлод бўйича биологик қариндошликни аниқлаш (Y-хромосома тести);
-Y-хромосома бўйича гаплогуруҳни ва этник келиб чиқиш аниқлаш;
-ядровий аутосом ДНК бўйича генетик паспортни аниқлаш;
-ташувчидаги биологик из генотипи ва жинсини аниқлаш.
Стандарт ДНК технологияси орқали юқорида қайд этилганидек, биринчи ёки иккинчи даражали қариндошлик фактини аниқлаб, суд учун зарур маълумотларни бериш имкони мавжуд. Хозирда технологияларни тобора ривожланиб бораётганлиги нафақат биринчи ёки иккинчи даражали, балки учинчи ёки тўртинчи даражали қариндошлик фактини аниқлашда ҳам экспертизанинг аҳамияти жуда юқори эканлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, мавжуд услублар текширилаётган шахсларни бир ота ёки она линияси бўйича қариндош ёки йўқлигини аниқлаш имконини бермоқда. Бу аслида биологик ота-она бўлмаган холатда, меърос билан боғлиқ масалаларни хал қилишда қўл келади.
Шунингдек, тақдим этилган ташувчилар (ўзида биологик материални тутувчи жисмлар) даги биологик изларнинг айнан кимга тегишлилигини аниқлаш, яъни идентификация қилиш масалалари ҳам ҳал этилади. Бунинг учун биологик из тегишли бўлган шахсни солиштириш учун гумондаги шахснинг назорат намунаси ҳам текширувга тақдим этилиши мумкин. Бу каби ДНК тадқиқотлари натижасида эр-хотин ўртасидаги хиёнат, туғруқхонада бола алмашиб қолиш ҳолатлари ва меърос масаласи билан боғлиқ турли қариндошлик муносабатларида юзага келадиган муаммолар ўз ечимини топади.
Ностандарт ДНК намуналарига нималар киради?
1-гуруҳга ДНК молекулаларини ажратиш эҳтимоллиги юқори бўлган ностандарт ДНК намуналари киради:
Биологик материал номи | Намунани олиш ва сақлаш қоидаси | ДНК молекулаларини ажратиш имконияти |
Илдиз қисми мавжуд соч толалари | Илдиз қисми мавжуд 5-10 дона соч толалари олинади.
Кесилган ва тўкилган сочлар тадқиқотлар учун тўғри келмайди! (ДНК ажратиш эҳтимоли нисбатан кам бўлади). Тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. |
50-100 % |
Тирноқ | Қўл ва оёқлардан олинган, полдан ёки ахлат қутисидан олинган 5-6 дона тирноқлар, янги туғилган чақалоқдан нисбатан кўпроқ олинади.
Тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. |
95-100% |
Тамаки қолдиғи (окурка) | Ахлат қутиси ёки кулдондаги 3-4 дона тамаки окуркалари тоза пинцет ёки стерил қўлқоп билан олинади.
Тоза қоғоз конверт ёки полиэтилен пакетга солиб тақдим этилади. |
80-100% |
Сақич | Идишдаги ёки ахлат қутисидаги фойдаланилган сақич стерил қўлқоп билан олинади.
Тоза салфеткада қуритиб олиб, тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. |
90-100% |
Тиш тозалагич (щётка) | Фойдаланилган тиш щёткаси 1,5-2 соат давомида хона ҳароратида қуритиб олинади. Тиш щёткасини иссиқ сувда ювиш ёки чайиш, тўғридан-тўғри қуёш нури тушиши мумкин эмас!
Тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. |
60-100% |
Қулоқ муми суртмаси |
Қулоқдаги мум суртмасини олиш учун 2-3 дона қулоқ тозаланган пахтали таёқчалар олинади.
Пахтали таёқчалар тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. |
80-100% |
Болалар сўрғичи | Чақалоқ томонидан фойдаланилган болалар сўрғичи стерил қўлқоп билан олинади. Сўрғични ювиш ёки стериллаш мумкин эмас!
Тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. |
30-60% |
Пахта таёқчасига олинган маний | Мустақил равишда жинсий ҳимоя воситаси (презерватив) дан маний олиш учун стерил қўлқоп билан 2-3 дона тоза пахтали таёқча (таёқчанинг пахтали 2-учи олиб ташланади) жинсий ҳимоя воситасидаги манийга суртиб олинади ва тоза қоғоз конвертга солиниб хона ҳароратида қуритилади. Намуна қуёш нури тўғридан-тўғри тушмайдиган қуруқ шароитда сақланади. | 95-100% |
Соқол олиш воситалари | Бир марталик ёки кўп марталик соқол олиш воситаси стерил қўлқоп билан олинади. Соқол олиш воситасини ювиш, дезинфекциялаш ва чайиш мумкин эмас!Хона ҳароратида қуритилади ва тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. |
85-100% |
Аёллар гигиеник воситалари (тампон/прокладка) | Фойдаланилган аёллар гигиеник воситалари (тампон/прокладка) агар нам ҳолатда бўлса хона ҳароратида қуритиб олиб, тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади.
|
80-100% |
Суюқ қон | Суюқ қон махсус вакуум идишда қатъий ҳарорат режимига (холодильникда +2+8оС да 7 кунгача, музлатгичда -20 оС да 2 йилгача) амал қилган ҳолда тақдим этилади.
|
99-100% |
Ишлатилган дастрўмолча/салфеткалар | Ишлатилган дастрўмолча/салфетка тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. Дастрўмолча/салфетка фақатгина бир одам томонидан фойдаланилган бўлиши лозим. |
80-100% |
Қуруқ қон/маний | Кийим, дастрўмолча, салфетка, мато, пахта, дока ёки қаттиқ ташувчи юзасидаги қуруқ қон/маний доғлари (1 см дан кам бўлмаслиги керак) стерил қўлқоп билан олинади. Қаттиқ ташувчи юзасидаги қуруқ қон/маний доғлари стерил дистилланган сув ёрдамида докага ювма қилиб олиниши ҳам мумкин. Хона ҳароратида 2 соат қуритилади ва тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. | 90-100% |
Тароқ | Тароқ ичидаги соч толалари билан бирга тоза қоғоз конвертга ёки пакетга солиб тақдим этилади. | 60-100% |
Кийимдаги ёки сочиқлардаги доғлар | Ҳар қандай кийим, чойшаб, сочиқ, ич кийимлардаги биологик изларни (масалан, куйлакдаги биологик тер излари мавжуд манжет ва ёқа қисмлари, бош кийимдаги пешона қисми ва б.) кийим билан бирга ёки кийимдаги биологик из мавжуд қисмини алоҳида қирқиб олиб тақдим этиш мумкин.
Биологик изларни олишда қўл билан ушлаш мақсадга мувофиқ эмас! Стерил қўлқоплардан фойдаланиш зарур. Тоза крафт пакет ёки қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. |
60-100%
|
Ишлатилган жинсий ҳимоя воситаси (презерватив) | Фойдаланилган жинсий ҳимоя воситаси (презерватив) стерил қўлқоп билан олинади ва тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. |
90-100% |
Маний доғлари | Ич кийим, чойшаб, сочиқ, полдаги ва бошқа кийимдаги маний доғлари стерил қўлқоп билан олинади ва тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. |
95-100% |
Бир марталик ва доимий ошхона идишлари | Фойдаланилган бир қанча идишлар, стакан, чашка, қошиқ, санчқи стерил қўлқоп билан олинади.Тоза қоғоз конверт ёки полиэтилен пакетга солиб тақдим этилади. | 40-60% |
Тиш тозалагич | Фойдаланилган тиш тозалагичлар стерил қўлқоп билан олинади ва тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади.
|
60-70% |
Диабет беморларнинг ишлатилган тест таёқчалари | Диабет бемор фойдаланган қон доғи мавжуд тест таёқчанинг 5-6 донаси олинади ва тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади.
|
90-100% |
Ишлатилган ичимлик найчаси | Фойдаланилган ичимлик найчаси стерил қўлқоп билан олинади ва тоза қоғоз конвертга солиб тақдим этилади. | 60-100% |
Тил ва сўлак ёрдамида ёпилган конверт (табрикнома ва хатлар)
|
Тил ва сўлак ёрдамида ёпилган конвертни стерил қўлқоп билан олинади ва тоза қоғоз конвертга солиб текширув учун тақдим этилади. | 25% |
2-гуруҳга ДНК молекулаларини ажратиш эҳтимоллиги ўрта ва ўртадан паст бўлган ностандарт ДНК намуналари киради:
Биологик материал номи | Намунани олиш ва сақлаш қоидаси | ДНК молекулаларини ажратиш имконияти |
Аборт қилинган материал
|
ДНК текшируви учун аборт қилинган биологик материал табиий аборт ёки сунъий аборт жараёнидан сўнг тақдим этилади.
Биологик материал Стерил контейнерга солиб, текширувга юборилгунга қадар музлатгичда -1-3 °С да сақланади. Мушак намуналарини ДНК лабораториясига олиб бориш учун -20 -30 оС хладоэлементли термоконтейнердан фойдаланса ҳам бўлади. |
80-100% |
Мушак тўқимаси
|
Тахминан 4-10 грамм мушак тўқимаси қуруқ ёки табиий ҳолатда олинади ва стерил идишга солиб, текширувга юборилгунга қадар музлатгичда -20 оС да сақланади. Мушак намуналарини ДНК лабораториясига олиб бориш учун -20 -30 оС хладоэлементли термоконтейнердан фойдаланса ҳам бўлади. | 80-100% |
Ҳомила йўлдоши
|
Онанинг биоматериали билан бирга қуритилган ҳолатда тақдим этилади. Текширувга юборилгунга қадар музлатгичда -20 оС да сақланади. Ҳомила йўлдошини ДНК лабораториясига олиб бориш учун -20 -30 оС хладоэлементли термоконтейнердан фойдаланса ҳам бўлади. | 60-90% |
Парафинланган блоклар
|
Тадқиқот учун ўлчами 1 см 3 дан кам бўлмаган биологик тўқима намунаси олинади. ДНК тадқиқотлари натижасида парафин блок ва ундаги тўқима тўлиқ ёки қисман парчаланади. Тоза крафт пакет ёки қоғоз конвертга солиб текширув учун тақдим этилади. |
50-100% |
Мўмиёланган тўқима | Биологик мўмиёланган тўқима стерил қўлқопда олинади ва тоза крафт пакет ёки қоғоз конвертга солиб текширув учун тақдим этилади.
|
50-100% |
Қўл соати (камари)
|
Қўл соати ёки унинг камари стерил қўлқоп билан олинади ва тоза полиэтилен пакет ёки қоғоз конвертга солиб текширув учун тақдим этилади.
|
70-100% (>50%) |
Бальзамланган тўқима | Бальзамланган тўқима (тахминан 4-10 грамм) тоза қоғоз пакет ёки конвертга солиб текширув учун тақдим этилади. Конверт нам из йўқолгунга қадар хона ҳароратида 1-2 соат қуритилади. | 10-50% |
Формалиндаги тўқима | Формалиндаги мушак тўқимасини (тахминан 4-10 грамм) 50 мл ли пробиркага солиб, устидан 70% ли спирт қуйилади. Хона ҳароратида сақланади ва текширувга тақдим этилади. | 0-30% |
Буюм ойначасидаги гистологик препарат
|
Буюм ойначасидаги гистологик препарат қоғоз конвертга солиб текширув учун тақдим этилади. Қоида бўйича, гистологик препаратлар ДНК структурасини парчаланишига олиб келадиган кимёвий моддалар билан фиксация қилиниши сабабли, гистологик препаратдаги биоматериални ажратиб олиш эҳтимоли жуда кам бўлади. | 0-20% |
3-гуруҳга ҳам ДНК молекулаларини ажратиш эҳтимоллиги ўрта ва ўртадан паст бўлган ностандарт ДНК намуналари киради:
Биологик материал номи | Намунани олиш ва сақлаш қоидаси | ДНК молекулаларини ажратиш имконияти |
Тишлар | Тиш намуналарини узоқ муддат давомида қоғоз конверт ёки полиэтилен пакетга солиб сақлаш ва текширв учун тақдим этиш мумкин. | 60-70% |
Суяк намуналари | Суяк илиги ва остеокласт ҳужайралари узоқ йиллар давомида (ҳатто биологик ўлимдан сўнг ҳам) ўзида кўп миқдорда ДНК молекулаларини сақлаб қолади. Текширувга юборилгунга қадар музлатгичда -20 оС да сақланади. Агар имкон бўлса, ДНК текшируви учун найсимон суяк фрагментлари (елка, сон, болдир ва б.) тақдим этилиши мақсадга мувофиқ. | 90-100% |
ДНК намуналарини олишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш лозим!
-Намуна олишда қўл билан тегиш мумкин эмас, стерил бир марталик қўлқоплардан фойдаланиш лозим;
-Нам ҳолатдаги намуналарни олдин тоза хона ҳароратида қуритиб, сўнг қадоқлаш;
-Текширув объектларини илгари ишлатилмаган тоза янги қоғоз пакетга ёки конвертга солиб қадоқлаш;
-ДНК излари мавжуд деб тахмин қилинган жойларга қўл билан тегиш мумкин эмас;
-ДНК намуналарини тўғридан-тўғри қуёш нури тушадиган жойда ва иситиш мосламалари ёнида сақлаш мумкин эмас;
-ДНК намуналарини вакуумли полиэтилен пакетларда солиб сақлаш мумкин эмас, анаэроб шароитда ДНК деградация (парчаланиш)га учраши мумкин;
-Ностандарт ДНК намуналарини имкон доирасида кўпроқ олиб тақдим этилганда мақсадга мувофиқ бўлади (ДНК молекулаларини етарли миқдорда ва тоза ҳолатда ажратиб олиш учун);
-ДНК объектларини олиш жараёнида акса уриш, гаплашиш, йўталиш мумкин эмас, намуна олинаётганда қўл билан юз, бурун ёки бошқа аъзоларга тегиш мумкин эмас!
ДНК экспертизаси қандай ўтказилади?
Бугунги кунда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Одам ДНКси суд биологик экспертизаси лабораториясида ўтказиладиган ДНК экспертизаси тадқиқотларида ДНК молекулаларини ажратишнинг органик, автомат ва магнит экспресс усуллари, ДНК махсус қисмларини (STR локусларини) ПЗРси орқали амплификация қилиш ва фрагмент таҳлил усуллари қўлланилади. Барча тадқиқот босқичлари энг сўнгги замонавий молекуляр генетик технология жиҳозларида ўтказилиб, аутосом ядровий ДНК ва Y-хромосоманинг 16, 19, 21, 23, 26, 27, 28 ва 29 та STR локусларини таҳлил қилиш имконини берадиган махсус ДНК маркер тўпламларидан фойдаланилади. Олинган генетик паспортлар статистик популяцион генетик маълумотлар ва махсус компьютер дастурларидан фойдаланиб қариндошлик эҳтимоллик даражалари ҳисобланади ҳамда идентификация масалалари ҳал этилади.
Биологик оталик (оналик) ни аниқлаш тадқиқот услуби бир-бирига бирикмаган полиморф локуслар аллелларининг ирсият қонунларига бўйсунган ҳолда ота-онадан болага ўтиш қонуниятига асосланган. Биологик қондошликни (оталикни ёхуд оналикни) илмий тадқиқот орқали аниқлаш учун қондош индивидлар генотипидаги аллель рақамларининг ўзаро қиёсий-солиштирма таҳлили ўтказилади. Маълумки, уруғланиш жараёнида ота ва она жинсий хужайралари гаплоид ҳолатда, яъни ўзининг хромосомалар жуфтининг тенг ярмидан таркиб топган бўлади. Уруғланиш даврида тухум ҳужайра ва уруғ ҳужайраси бирлашади. Ушбу жараёнда хомила (бола)нинг ҳар бир ДНК локуси отадан битта ва онадан битта аллелни олади ва болада гомологик хромосомалар жуфти тикланади. Бунда фарзанднинг ДНК локусларини генетик рақамли кўриниши аниқланганда унинг ҳар бир локуси иккита рақамдан, яъни бири отадан олинган, бири онадан олинган аллеллардан ташкил топган бўлади. Ушбу қонуният экспертиза тадқиқоти объектларида текширилади.
ДНК экспертизасининг аниқлик даражаси қандай?
ДНК тести – биологик оталик фактини аниқлашнинг энг аниқ усули бўлиб ҳисобланади. Биологик оталик (оналик) тасдиқланмаган ҳолатда аниқлик даражаси 100% бўлади. Биологик оталик (оналик) тасдиқланган ҳолатда эҳтимоллик даражаси 99,9+% – 99,99999% бўлади. Нима учун 100% эмас?,- деган савол туғилиши табиий. Тахминдаги отанинг бир тухумдан ривожланган эгизаги борлигини эҳтимоллигини инобатга олган ҳолда, шунингдек, текширилаётган шахсга нисбатан қариндош бўлмаган популяциядаги генетик белгилари тасодифий мос келиши мумкин бўлган шахсни инобатга олинган ҳолда, статистик ҳисоблаш натижасида 99,9+% эҳтимоллик даражасида берилади. Шу билан бирга, эҳтимоллик даражасининг кўрсатгичи, тадқиқотда қўлланилган ДНК маркерларининг сонига, яъни текширилган ДНКнинг махсус қисмлари (STR локуслари) сонига ҳам боғлиқ бўлади.
Биологик оталик фактини аниқлаш тестида онанинг намунаси олинмасдан ўтказилиши мумкинми?
Ҳа, албатта мумкин, бундай текширув одатда фақатгина тахминдаги ота ва бола учун ўтказилади. Онанинг розилиги талаб этилмайди. Аммо, агар тадқиқотда биологик онанинг намунаси ҳам текширилса, тадқиқот натижаси ва хулосанинг қатъийлик даражаси ортади.
Биологик оталик фактини аниқлаш бўйича намуна олишда бола нечи ёш бўлиши керак?
Биологик оталик (оналик) фактини аниқлашда бола ёшининг аҳамияти йўқ, янги туғилган чақалоқлардан ҳам биологик намуна олиш мумкин. Бунинг учун янги туғилган чақалоқдан оғриқсиз йўл билан стандарт буккал эпителийси олинади. Агар чақалоқ она сути билан озиқланадиган бўлса, сўнгги озиқланишидан камида 1 соат вақт ўтган бўлиши лозим.
Нархи қанча?
Одам ДНКси суд биологик экспертизаси тадқиқотлари учун тўлов суммаси текширув объектларининг сони ва мураккаблик даражасига қараб белгиланади.
Ўбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2021 йил 29 январдаги 36-ум-сонли буйруғига асосан:
Оддий мураккаблик даражасидаги ДНК тадқиқотлари учун – 3 030 000 сўм;
Ўрта мураккаблик даражасидаги ДНК тадқиқотлари учун -6 090 000 сўм;
Мураккаб даражадаги ДНК тадқиқотлари учун – 9 240 000 сўм этиб белгиланган (17.10.2022 йил ҳолатига).
Масалан,
- Биологик оталик фактини аниқлаш учун тахминдаги ота ва боланинг стандарт сўлак намунаси ёки докага шимдирилган қуритилган қон намуналари текширувга тақдим этилган бўлса, тўлов нархи базавий ҳисоблаш миқдорини 10,1 баробари, яъни – 3 030 000 сўмни ташкил этади;
- Биологик оталик фактини аниқлаш учун тахминдаги отанинг стандарт сўлак намунаси ва фарзанддан олинган ностандарт соч намунаси текширувга тақдим этилган бўлса, тўлов нархи базавий ҳисоблаш миқдорини 20,3 баробари, яъни – 6 090 000 сўмни ташкил этади;
- Агар биологик оталик фактини аниқлаш учун тахминдаги отанинг ностандарт бўлган тамаки қолдиғи ва фарзанддан олинган ностандарт болалар сўрғичи текширувга тақдим этилган бўлса, тўлов нархи базавий ҳисоблаш миқдорини 20,3 баробари, яъни – 6 090 000 сўмни ташкил этади;
- Эр хотин ўртасидаги хиёнат ва номусга тегиш ҳолатлари бўйича текширилган ностандарт намуналардаги биологик излар, яъни маний ва эпителиал ҳужайраларни идентификация қилиш учун тўлов нархи базавий ҳисоблаш миқдорини 30,8 баробари, яъни – 9 240 000 сўмни ташкил этади (мураккаб турдаги 10 тадан кўп бўлган объектлар учун).
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги
Республика суд экспертизаси маркази
Сифат менеджмент бўлими бошлиғи,
Одам ДНКси суд биологик экспертизаси
лабораторияси давлат суд эксперти,
Динара Тошева.