Депутат ўз хатосини тан олсада, қонунни нотўғри талқин қилишдан нима манфаат?

Қонунчилик палатаси депутати Р. Кушербаев Х. Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертиза маркази фаолиятига нисбатан нотўғри ва чалғитувчи маълумот тарқатишда давом этмоқда. Депутатнинг “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 4-1-моддасига асосан “баҳоловчи ташкилотнинг раҳбари баҳоловчи бўлиши шарт. Шундан келиб чиқсак, Х. Сулаймонова номидаги суд экспертиза маркази раҳбари баҳоловчими?” номли пости бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

Биринчидан, постда Марказнинг хатоларини беркитиш учун Қонун ўзгартирилди дейилмоқда. Ҳурматли депутатимизга эслатиб ўтмоқчимизки, ушбу ўзгартириш 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сон Қонун билан 298 та Қонунларга, шу жумладан, “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Қонунига ҳам киритилган. У Қонунчилик палатасида муҳокама қилинган ва аксарият депутатлар томонидан маъқулланган.

Аслида, мазкур ўзгартиришлар “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги ЎРҚ-682-сонли Қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши муносабати билан киритилган. Айнан бу ўзгартириш терминологик характерга эга бўлиб, эски таҳрири билан бир хил мазмунни берган. Яъни, биргина ташкилот хатоларини беркитиш учун Қонунни ўзгартириш имконсиз ва мантиққа зиддир.

Наҳотки, Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербаев бу ўзгартиришлардан ва уларнинг нима учун амалга оширилганидан бехабар?! Муҳокамаларда иштирок этмаганми?! Агар иштирок этмаган тақдирда ҳам,  ушбу ўзгартиришлар қандай эҳтиёж ва талаблар асосида киритилганини у депутат сифатида осон билиб олиши мумкин агар истаса.

Р.Кушербаев атайин масалага бир томонлама ёндашиб, фақат “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Қонунга ҳавола қилиб, ундаги нормаларни келтирмоқда, суд экспертизаси фаолиятига доир қонунчилик нормаларини эса умуман инобатга олмаяпти.

Депутат ўз хатосини тан олсада, масалани асл моҳиятига етмасдан уни нотўғри талқин қилиб келишидан нима манфаат бор?

Иккинчидан, Марказ жамоаси томонидан биринчи муносабатда баҳолаш ва суд-экспертлик фаолияти бўйича берилган тушунтиришларни депутат етарлича англамаган кўринади.

Суд экспертиза марказининг судларга берадиган хулосаси баҳолаш ҳисоботи эмас, балки экспертлик хулосасидир. Ушбу хулоса судлар томонидан муқаррар далил сифатида кўрилмайди. Бундан ташқари, судлар баҳолаш ҳисоботларини ҳам инобатга олиши мумкин. Бу суднинг ваколатидаги масала. Суд экспертиза маркази ўзининг ваколатлари ва касбий малакавий имкониятларидан келиб чиқиб суд-қурилиш тадқиқотларини ўтказади ва экспертлик хулосасини беради. Унинг экспертлик хулосасини баҳолаш ҳисоботи сифатида талқин қилиб жамоатчиликни чалкаштирмаслик лозим.

Яна бир бора таъкидлаймизки, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказини баҳоловчи ташкилот сифатида эмас балки экспертиза тадқиқотларини амалга оширувчи давлат муассасаси сифатида қабул қилиш ҳамда баҳоловчи ташкилотларга қўйилаётган талабларни унга нисбатан тадбиқ этиб бўлмаслигини тушуниш лозим.

Учинчидан, худди шу мантиққа асосан Марказ ходимларидан баҳоловчининг малака сертификатини талаб қилиш ҳам нотўғри.

Марказнинг барча суд экспертлари бир йилгача тегишли тайёргарликдан ўтган ҳолда аттестациядан ўтиш орқали суд-экспертлик гувоҳномасини олади.
Бу ўз навбатида уларга эксперт сифатида фаолият олиб бориш ҳуқуқини беради.

Тўртинчидан, Фуқаролик процессуал кодексида иш муҳокамаси чоғида келиб чиққан, махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириш учун суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига ёки ўз ташаббусига кўра экспертиза тайинлаши мумкинлиги белгиланган.

Шунингдек, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонун ва юқорида қайд этилган Фармонга асосан Марказ экспертлари томонидан терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг қарори, суднинг ажрими ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича тегишли ихтисосликларга мувофиқ тадқиқотлар ўтказилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, яна бир бор депутат Р.Кушербаев томонидан билдирилган фикрлар асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қиламиз. Депутатимиздан келгусида, бирон масалага муносабат билдиришда етарли билим ва кўникмага эга бўлиб, кейин катта аудиторияга маълумот беришини сўраймиз.

Шу билан бирга, келгусида бундай нотўғри фикрлар пайдо бўлишининг олдини олиш ҳамда суд-экспертлик фаолияти билан яқинроқ танишиш учун депутатимиз ва жамоатчиликни Марказга таклиф қилиб қоламиз.

Қолаверса, биз депутат Р. Кушербаевнинг хатоларини пойлаб юришдан манфаатдор эмасмиз ва ўз қизғин фаолиятимиз билан машғулмиз. Марказ ходимлари фаолиятига нисбатан нотўғри ва чалғитувчи маълумотлар тарқатиш айнан ўзи тушунмайдиган соҳада асоссиз ва қайсарлик билан баҳслашмайдиган Р. Кушербаев томонидан бўлаётганидан афсусдамиз.

 

Республика суд экспертизаси маркази экспертлари:

У.Узоқов, А.Пак, М.Маҳкамов, Э.Қаюмов, Н.Қалқонов

Skip to content