Депутат қонун ҳужжатларини тўғри таҳлил қилмаса, бошқалардан нима кутиш мумкин?

Қонунчилик палатаси депутати Р. Кушербаевнинг “Х. Сулаймонова номидаги суд экспертиза маркази баҳолаш фаолиятини амалга ошириши таъқиқланган” номли постидаги асоссиз ва жамоатчиликни чалкаштирувчи маълумотлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Биринчидан, қонун ҳужжатларида баҳоловчи ташкилот лицензияга эга бўлиши талаби мавжуд эмас.

“Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 4 -2-моддасига мувофиқ, баҳоловчи белгиланган тартибда ваколатли орган томонидан берилган баҳоловчининг малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахсдир.

Иккинчидан, баҳоловчилар “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги Қонун ва Ягона Миллий баҳолаш стандарти асосида ишлайди ҳамда баҳолаш якуни бўйича ҳисобот тузади.

Суд экспертлари эса “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонунига асосан ишлайди ва суд-экспертлик тадқиқотларини ўтказиб, натижаси бўйича экспертиза хулосасини беради.

Депутат бу иккита қонун орасидаги фарқни англай олиши керак эди.

Яъни, суд экспертлари баҳолаш фаолиятини амалга оширмайди, балки суд экспертизасини ўтказилишини таъминлайди, аниқ қўйилган масалалар юзасидан тадқиқотлар олиб боради ва махсус билимларига таяниб хулоса (фикр) беради. Уларга қонуний талаблар умуман бошқа асосларга биноан шаклланади.

Жумладан, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида суд экспертларига талаблар баён этилган ва уларни аттестация қилиш орқали тегишли ҳуқуқларга эга бўлиши белгиланган.

Учинчидан, Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ихтисослаштирилган муассаса бўлиб, унда 52 та экспертиза турлари бўйича тадқиқотлар амалга оширилади.

Марказнинг суд-қурилиш техник экспертиза соҳасида тадқиқот ўтказишга ихтисослаштирилган бўлими 1966 йилдан (!) буён фаолият юритиб келмоқда. У кўчмас мулк бўйича тадқиқотлар олиб боради.

Тўртинчидан, Фуқаролик процессуал кодексида иш муҳокамаси чоғида келиб чиққан, махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириш учун суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига ёки ўз ташаббусига кўра экспертиза тайинлаши мумкинлиги белгиланган.

Қонунчиликка кўра, ҳеч бир далил суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас. Экспертнинг хулосаси суриштирувчи, терговчи ёки суд учун муқаррар далил сифатида кўрилмаслиги мумкин.

Яъни, эксперт ўзининг тегишли соҳадаги билим ва кўникмаларидан келиб чиқиб ўз хулосаси (фикри)ни баён этади, уни қабул қилиш ёки қилмаслик тегишли органларга ҳавола қилинади.

Бешинчидан, депутат Р. Кушербаев қонунда умуман мавжуд бўлмаган нормаларни асос қилиб, янглишган. Оддийгина Lex.uz базасига кириб қонун матнини ўқиганида, депутат бундай ҳолатга тушмасди. Масалан, “Баҳолаш фаолияти тўғрисида” ги Қонуннинг 4-1-моддасида лицензия талаби мавжуд эмас, ундан ташқари ушбу моддада “Қонун ҳужжатлари” эмас, “қонунчиликда” сўзи ишлатилган.  Натижада, шу хатолар орқасидан, бошқа янглиш хулосалар келиб чиққан.

Агар қайсидир фаолият учун лицензия талаб этилганида ҳам, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига асосан давлат муассасалари лицензиясиз фаолият юритиш мумкин.

Ушбу соҳадаги хорижий амалиёт таҳлил қилинганда, бир қатор хорижий давлатларнинг Давлат суд экспертиза муассасалари томонидан ҳам мол-мулкни баҳолаш билан боғлиқ экспертизалар ўтказилиб келинаётганлигини кўриш мумкин. Бунда давлат суд экспертиза муассасасига лицензия талаб этилмайди ҳамда суд экспертлари баҳоловчи сертификатини ҳам олиш мажбурий эмас.

Бу каби қўпол хатолар қонун чиқарувчи олий орган вакилига ярашмайдиган ҳолатдир.

Юқоридагиларга асосан, Қонунчилик палатаси депутатининг асоссиз фикрлари Суд-экспертиза маркази ходимлари ва кўп йиллик шу даргоҳда меҳнат қилиб келаётган экспертларни қаттиқ ранжитди.

Ҳурматли депутат мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан объектив таҳлиллар асосида таклиф бериши мумкин эди, лекин бунинг ўрнига у суд экспертларининг шунча йиллик фаолиятини ноқонуний дея асоссиз ва текширилмаган ахборот тарқатишни танлаган кўринади.

Суд-экспертиза маркази кўп йиллар мобайнида жамиятда ҳақиқатни қарор топишига ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Қонунчилик палатаси депутати бутун бошли жамоани ноқонуний фаолиятда айблаши жуда катта одобсизлик деб қабул қиламиз ва жамоанинг ишчанлик обрўсига салбий таъсир қилади, деб ҳисоблаймиз.

Шу муносабат билан, депутат Р.Кушербаевдан Х.Сулаймонова номидаги Суд-экспертиза маркази ходимларидан узр сўрашини ҳамда тегишли равишда раддия беришини сўраймиз.

 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Республика суд экспертизаси маркази жамоаси

 

Skip to content