СУД ЕР ЭКСПЕРТИЗАСИ ИМКОНИЯТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан буён ўтган вақт кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар, шу юртнинг, шу халқнинг фаровонлиги ва тинчлигини таъминлаш учун узлуксиз курашлар даври бўлди.

Мамлакатда қонун устуворлигини, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминловчи ҳуқуқий муҳит яратилди.

Ана шу ислоҳотларнинг таркибий қисмларидан бири суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, энг аввало қонунларни либераллаштириш, шу билан бирга содир этилган жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш тамойилларига асослантирилди.

Жаҳонда юз бераётган воқеалар ривожи нафақат бутун дунёда, балки бизнинг мамлакатимизда ҳам, жиноятчиликка, унинг уюшган кўринишларига,  ҳалқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашни янада кучайтириш, фаолиятимизнинг шакл ва услубларини янада такомиллаштириб боришни талаб этмоқда.

Айниқса жиноятчиликка қарши курашда, жиноятларни фош этишда суд экспертизасининг роли ниҳоятда муҳимдир.

Қачонки суд-тергов жарёнида суриштирувчи, терговчи, судья қўлидаги иш юзасидан махcус билимга эга мутахаcсиснинг фикри талаб қилинганда суд экспертига мурожаат қилади. У берган хулоса тергов ва суд органларига иш юзасидан далилларга баҳо беришда ҳал қилувчи ўринга эга бўлади. Шундай экан, суд экспертлари уларнинг энг яқин ёрдамчилари десак тўғри бўлади.

Олиб борилган илмий изланишлар натижасида кейинги 3 йил ичида Суд лингвистика экспертизаси, Суд компьютер-техник экспертизаси, Суд автомобиль йўллари экспертизаси, Суд электротехника экспертизаси, Озиқ-овқат маҳсулотлари суд экспертизаси, Суд психологик экспертизаси каби янги экспертиза турлари яратилиб, суд экспертлик жараёнига татбиқ этилди. Натижада амалга ошириладиган суд экспертлик турлари ва мутахассисликлар ошди.

Мана шундай экспертизалар сафига инженер-техник экспертизалар (портловчи моддалар экспертизаси; суд-ёнғин-техник экспертизаси; суд-қурилиш-техник экспертизаси; суд-ер экспертизаси)ни ҳам киритиш мумкин.

Хусусан, суд-ер экспертизасини кўриб чиқадиган бўлсак, бу экспертиза тадқиқот объектига ер майдонлари ва ер майдонида жойлашган бино, иншоотлар, муҳандис тармоқлари, ер майдонлари режаси, ер ажратиш режалари, ер ости ва ер усти коммуникацияларнинг режалари киради.

Суд-ер экспертизаси қуйидаги асосий масалаларни ҳал этади:

-ажратилган ер майдонларининг ҳақиқий ўлчамларини ер ажратиш кадастр ҳужжатларидаги ўлчамлари билан мослигини аниқлаш;

-турар-жой биноларини бўлишда ер майдонларини бўлиш имкониятларини аниқлаш;

-турар-жой биноларини бўлиб фойдаланишда ер майдонларидан бўлиб фойдаланиш тартибини белгилаш имкониятларини аниқлаш;

-турар-жой биноларини бўлиб (ажратиб) “серветут” фойдаланишда ер майдонларини бўлиб (фойдаланиш тартибини аниқлаш) фойдаланиш имкониятларини аниқлаш;

-ер майдонларига қўшни ерларни қўшимча ўзлаштирилган (ўзлаштирилмаган)лигини аниқлаш ва бошқалар.

Бугун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар том маънода халқчил тузилмага айланди. Одамларнинг одил судловга бўлган ишончи ортди. Ҳақиқат излаган минглаб фуқаролар мақсадига эришди.

Таъкидлаш жоизки, бу борадаги чора-тадбирлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган бўлиб, унда белгиланган вазифаларни бажариш доирасида суд-ҳуқуқ тизимининг ажралмас, муҳим бўғинларидан бири – суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш борасида салмоқли натижалар қўлга киритилди.

Президентимизнинг жорий йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Демак, суд ер экспертизаси имкониятларини ҳам мана шу имкониятлар меваси десак, муболаға бўлмайди ва келгусида бу имкониятлар янада кенгаяди.

Қашқадарё вилояти бўлими эксперти

К.У. бекмуратов

Skip to content