Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ва жамиятнинг барча соҳаларини тўлиқ қамраб олган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, миллатлар ва фуқаролар ўртасида тотувликни сақлашга қаратилган. Ислоҳотлар ҳақида сўз кетар экан, Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичидаги энг муҳим йўналишлардан бири бу қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатдир. Бир сўз билан айтганда, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш биз учун ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда. Бу каби ислоҳотларнинг рўёбга чиқиши борасида мамлакатимизда етарли даражада қонунчилик базаси шаклланиб улгурди ва ҳозирда янада такомиллаштирилмоқда.
Маълумки, амалга оширилаётган барча ислоҳотлар мамлакатнинг чинакам ривожи, аҳоли турмуш даражасининг юксалиб бориши, аҳоли ялпи даромадларининг ўсиши, аҳолининг мулкка эга бўлиши, давлат бошқарувида фуқароларнинг фаоллиги, аҳоли ҳуқуқий онги ва маданиятининг юксалиши, давлат органларининг самарали фаолияти ҳамда бевосита уларнинг фаолиятида жамоатчилик назорати каби кўплаб ижобий кўринишларда намоён бўлмоқда. Юқоридаги мақсадларга эришишнинг асосий омилларидан бири жамиятда қонунийликни таъминлашдир. Қайд этилган устувор вазифани бажариш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суднинг асосий функциясини ташкил қилади. Зеро, фан техника ютуқларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва суд фаолиятига кенг татбиқ этиш ишларнинг юритилиш сифатини оширади. Шу маънода, экспертиза бугунги кунда суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнида етакчи уринлардан бирини эгалламоқда, шунингдек давлатимиз томонидан суд экспертизаси ва суд экспертлари фаолиятига катта эътибор қаратилмоқда.
Шу билан биргаликда суд экспертизаси соҳасида жисмоний ва юридик шахсларга бир қатор имкониятлар яратилмоқда.
Хусусан Ўзбекистон республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 5 июлдаги ПФ 6256 сонли Фармонида суд экспертизаси соҳасида жисмоний ва юридик шахсларга ишнинг сифатини ошириш ва муддатларни қисқартириш ва бошқаларни назарда тутувчи бир қатор яратиладиган имкониятлар тўғрисида тўхталиб ўтилган.
Унга кўра 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:
• давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ, суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқот ўтказиш ҳуқуқи берилиши. Бунда, тадқиқот натижаларига кўра мутахассис фикри тақдим этилади;
• иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга судга қадар тайёргарлик ва суд жараёнида эксперт хулосасини суд муҳокамасида тақдим этиш ҳуқуқи асосида давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида шартнома асосида адвокат сўровига кўра экспертиза ўтказиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилади;
• 2022 йил 1 мартдан бошлаб суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш, аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш, экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган «E-ekspertiza» ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади.
• ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳудудий бўлинмалари эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг (кейинги ўринларда — РСЭМ) ҳудудий бўлимларида жойлардаги зарур эҳтиёжлар ҳамда мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда экспертиза тадқиқотларининг қўшимча турларини жорий қилиш. Шу жумладан, Фарғона, Термиз, Урганч шаҳарларида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Самарқанд шаҳрида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини босқичма-босқич ташкил қилиш.
Бажарди: Марказнинг Андижон вилоят бўлими эксперти А.Т.Хайдаров