Транспорт-трасология экспертизасининг структураси эксперт олдига қўйилган классификацион, идентификацион ёки диагностикага оид саволларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқади. Транспорт воситасида вужудга келган излар, ажралиб тушиб қолган деталлар асосида транспорт воситаси модели (классификацияга оид) ва асли (идентификацияга оид)га ойдинлик киритилади.
Диагностик масалалар тоифасига йўл-транспорт ҳодисаси механизмига ойдинлик киритиш, тўқнашув жойини белгилаш, тўқнашув вақтида транспорт воситаларининг ўзаро жойлашуви, тўқнашув зарби ва тўқнашувдан сўнг транспорт воситасининг ҳаракат йўналишини аниқлаш каби масалалар киради. Транспорт воситаларининг тўқнашув вақтидаги бир-бирига нисбатан жойлашуви деганда уларнинг бўйлама ўқ чизиқлари орасидаги бурчак тушунилади. Транспорт воситаларининг тўқнашув вақтидаги ўзаро жойлашуви уларда вужудга келган жуфт жароҳатлар асосида тўқнашув ҳолатини тиклаш йўли билан аниқланади. Бунинг учун транспорт воситаларида вужудга келган техник шикастларнинг жойлашуви, ўлчамлари ва характерига кўра тўқнашув модели яратилади.
Транспорт-трасология экспертизаси йўл-транспорт ҳодисасига оид ишларни олиб боришнинг турли босқичларида – ҳодиса юз берган жойни кўздан кечириш, йўл-транспорт ҳодисаси механизмини тиклаш жараёнида тергов органига услубий ёрдам беришга қодир. Транспорт воситаларида вужудга келган изларнинг келиб чиқиш сабаблари ва ҳосил бўлиш механизмига ойдинлик киритишда транспорт-трасология экспертизаси алоҳида аҳамиятлидир. Олинган ахборотлар орқали транспорт-трасология экспертизаси тергов ва суд органларига йўл-транспорт ҳодисасининг содир бўлиш ва ривожланиб бориш механизми тўғрисида таҳлилий маълумотлар беради.
Тўқнашувда транспорт воситаларининг ўзаро таъсири механизми. Транспорт воситаларининг бир-бирига таъсир қилиш механизми контакт жараёнида пайдо бўлган ўзгаришлар кўламидан келиб чиқади. Транспорт воситаларининг ҳаракатланиши давомида контактда бўлган қисмлар конфигурациясига боғлиқ ҳолда ҳар-хил ўлчамли тўқнашув белгилари вужудга келади.
Деформацияларнинг ҳосил бўлиши. Тўқнашувнинг турига қараб транспорт воситасида вужудга келган деформациялар ва уларнинг характерига баҳо бериш мумкин. Тўқнашув натижасида вужудга келган ўзгаришлар характери, ўлчамлари ва жойлашуви бўйича транспорт воситаларининг ўзаро тўқнашувда бўлган қисмлари ҳамда тўқнашув вақтида уларнинг ўзаро жойлашувига аниқлик киритилади.
Тезликнинг ўзгариши. Тўқнашувнинг туридан келиб чиқиб транспорт воситасининг тезлиги кескин камайиши (рўпарадан ҳаракатланиб келган транспорт воситаси билан тўқнашув ҳолатида) ёки ортиб кетиши (бир йўналишдаги транспорт воситаларининг тўқнашуви ҳолатида) кузатилади. Шу билан бирга транспорт воситасининг ҳаракат йўналиши ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Транспорт воситаларидаги жароҳатлар ва изларнинг эксперт тадқиқотлари уларнинг ўзаро контактда бўлганларида таъсир жараёнини аниқлаш имконини беради.
Тўқнашув вақтида транспорт воситаларининг ўзаро жойлашувини аниқлаш. Транспорт воситаларидаги жароҳатлар ва изларни зксперт тадқиқот қилиш қуйидаги вазифаларни ҳал қилади:
– тўқнашув вақтида транспорт воситаларининг ўзаро жойлашув бурчагини аниқлаш;
– транспорт воситаларининг бирламчи контактда бўлган нуқталарини аниқлаш.
Ушбу икки саволнинг ечими тўқнашув вақтида транспорт воситаларининг йўлнинг қатнов қисмидаги вазиятларини аниқлаш имконини беради. Бунинг учун тўқнашув ҳолати акс этган чизма йўлнинг параметрлари ва тўқнашув жойининг геометрик ўрни ҳамда транспорт воситалари ғилдиракларидан қолган тормоз излари билан тўлдирилади.
– тўқнашув чизиғи йўналишини аниқлаш. Ушбу саволнинг ечими тўқнашувдан сўнг транспорт воситалари йўналишини ва характерини аниқлаш имконини беради;
– тўқнашув бурчагини аниқлаш. Тўқнашув бурчаги транспорт воситалари ҳаракат йўналишига аниқлик киритишга ёрдам беради.
Тўқнашув вақтида зарб кучининг йўналишини аниқлаш. Тўқнашув вақтидаги зарб секунднинг кичик улушларида юз берадиган қисқа жараён, бу вақтда транспорт воситаларининг кинетик энергияси деформацияланишга сарф бўлади. Транспорт воситаларининг тўқнашувидан контактда бўлган юзалар бир-бирига нисбатан киришиб кетиши, деформацияланиши, ишқаланиб ўтиши мумкин. Бу вақтда улар орасида турли йўналишда ўзаро таъсир этувчи кучлар вужудга келади.
Тўқнашув жойини аниқлаш бўйича экспертиза тадқиқотлари. Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш мустақил тергов ҳаракати сифатида Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 135-141-моддалари билан тартибга солинган. У бошланғич ва кечиктириб бўлмайдиган энг муҳим тергов ҳаракати ҳисобланади, акс ҳолда жиноят излари табиий таъсирлар натижасида бузилиб кетиши ёки атайлаб йўқотилиши мумкин. Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечиришда ҳақиқий ҳодиса ҳолатини аниқлаш ва холисона терговни таъминлашда катта аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар, яъни кўздан кечирилаётган объектларнинг аҳволи, ўзига хос белгилари аниқланади. Транспорт воситаларининг ва улардан қолган изларнинг жойлашуви, изларнинг йўналиши ва характери, йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойда қолган предметлар – автомобилдан синиб тушган қисмлар, шиша синиқлари, тўкилган мой доғлари, сув, электролит, тормоз суюқлиги ва ҳ.к. кўздан кечириш баённомасига тўлиқ қайд қилиниши ва чизмада кўрсатилиши шарт, чунки, кейинчалик ушбу маълумотлар орқали йўл-транспорт ҳодисасининг содир бўлиш механизми ўрганилади. Амалдаги қонун талабларига кўра, баённомага фақатгина кўздан кечириш вақтида мавжуд бўлган маълумотлар киритилади.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришда тўқнашув жойининг ўрни алоҳида аҳамиятлидир. Шунинг учун, тергов йўли билан тўқнашув жойини аниқлаш имкони бўлмаганда ушбу савол транспорт-трасолгия экспертизаси муҳокамасига қўйилади. Экспертиза тадқиқотларида тўқнашув жойини ҳамда транспорт воситаларининг йўлдаги вазиятларини аниқлаш имкониятлари тақдим қилинган маълумотлардан келиб чиқади.
Ҳодиса жойидаги вазиятни ҳужжатларга қайд қилиш иложи борича тез бажарилади. Йўлдаги ҳаракатнинг чекланиши, яъни тўхтатилиши транспорт воситаларининг йиғилиб қолишига олиб келади. Айрим ҳолларда ҳаракат иштирокчиси бўлган транпорт воситаси йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб қолган бўлиб, уни жойидан қўзғатиш билан ғилдираклар излари йўқолиши мумкин. Воқеа жойи ва транспорт воситаси ҳар тарафдан фотосуратларга (имкони бўлса, видеотасвирга) олинади. Фото ва видео тасвирларнинг аниқлиги, кўпинча, тергов ҳаракатларининг муваффақияти омили ҳисобланади. Транспорт воситасини ҳодисадан сўнг вақтинча сақлаш жойига транспортировка жараёнида ундаги дастлабги ўзгаришлар (пачоқлар, дам қўйиб юборган шиналар)нинг характери сақланиб қолиши керак, бунинг учун эвакуаторлар хизматидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Амалиётда қўлланилаётган услубга кўра, транспорт воситалари тўқнашган жойни аниқлашда воқеа жойига улардан тўкилган тупроқ юқумлари, ёнилғи ва мойлаш материаллари, шиша синиқлари ҳамда ажралиб тушиб қолган ҳар-хил деталларнинг жойлашуви, йўл юзасида транспорт воситалари ғилдиракларидан қолган тормоз ва сирпаниш излари, уларнинг тўқнашувга қадар бўлган ҳаракат йўналишлари, тўқнашувдан кейинги траекториялари ва шу каби бир қанча маълумотлар асос қилиб олинади.
2021 йил 06 август куни соат 14-30 ларда ҳайдовчи Р.Х. “Нексия” русумли автомобилни 4Р-19а йўлининг Янгиер шаҳри ҳудудидан ўтган 2-километрида бошқариб бораётиб, чорраҳага яқинлашганда, қарама-қарши йўналишда бўлган “Диялим” русумли скутер билан тўқнашув содир қилган. Ҳодиса юз берган жойга етиб келган тергов гуруҳи транспорт воситаларининг тўқнашув жойини ҳайдовчи Р.Х.нинг кўрсатмаларига асосланиб, “Нексия” русумли автомобиль ҳаракат бўлагида, унинг чорраҳа майдонидан чиқиш қисмида белгилаган, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси ва чизмаси расмийлаштирилган. Бу вақтда скутер ҳайдовчиси шифохонага олиб кетилган бўлиб, кўздан кечириш жараёнида иштирок этмаган. Орадан бир муддат ўтгандан сўнг баённома ва чизмада белгиланган тўқнашув жойига нисбатан скутер ҳайдовчиси томонидан эътирозлар юзага чиққан. Шундан сўнг ҳодиса юзасидан қўзғатилган жиноят иши жараёнини давом эттиришда бирмунча англашилмовчиликлар пайдо бўлди. Йўл-транспорт ҳодисаси бўйича тайинланган судга оид транспорт-трасология экспертизаси тадқиқотлари ҳолатга ойдинлик киритди. Тадқиқотлар бирламчи тўқнашув “Нексия” русумли автомобилнинг олд қисмлари (олд бампер) билан скутернинг олд қисмлари (олд ғилдирак ва ғилдирак вилкаси) ўртасида бўлганлигини, шундан сўнг скутер чап ён тарафи билан автомобиль бампери ва капотига урилганлигини кўрсатди. “Нексия ”ҳайдовчиси транспорт-трасология экспертизаси хулосаси билан танишиб чиққач йўл-транспорт ҳодисасининг аслида қандай юз берганлиги, яъни у автомобилни бошқариб чорраҳага яқинлашганда қарама-қарши ҳаракатланиб келган юк автомобили чапга бурилганлиги, шу вақти у “Нексия” йўналишини чапга олиб, ўз ҳаракат бўлагида бўлган скутер билан тўқнашув содир қилганлиги тўғрисида кўрсатмалар берди. Натижада транспорт воситалари ҳайдовчиларинингг ҳаракатлари бўйича адолатли қарор қабул қилиш имкони яратилди.
ТВларининг тўқнашув вақтида йўлдаги вазиятлари. ТВларининг тўқнашув вақтида қатнов қисмидаги вазиятларини аниқлаш учун тўқнашув ҳолати акс этган чизма йўлнинг параметрлари ва тўқнашув жойининг геометрик ўрни ҳамда уларнинг ғилдиракларидан тўқнашув жойига қадар қолган тормоз излари билан тўлдирилади. Натижада ТВларининг тўқнашув вақтида йўлнинг қатнов қисмида эгаллаган вазиятлари маълум бўлади.
ТВларининг тўқнашув вақтида ҳаракатда бўлган ёки бўлмаганлигини аниқлаш. Тўқнашув вақтида автомобилнинг ҳаракатда бўлган ёки бўлмаганлиги тўғрисидаги савол ўзига хос бўлиб, ҳар доим ҳам ечимга эга бўлмайди. Автомобилларнинг бири иккинчисига нисбатан кўндаланг йўналишда ҳаракатланиб тўқнашган ҳолатда саволга жавоб бериш эҳтимоли кучаяди. Тадқиқотлар давомида транспорт воситалари тўқнашувидан вужудга келган техник шикастлар (деталларнинг эгилиши, пачоқланиши, синиши, юзасида пайдо бўлган сидирилиш-ишқаланиш излари характери) орқали эксперт томонидан олинадиган ахборотлар тўплами қиёслаш, таққослаш орқали амалиёт тажрибалари билан қайта таҳлил қилинади ва якуний хулосага келинади.
Бугунги куннинг шиддати тез, шитоби баланд, давр талаби ва ўлчовлари юқори. Қонун адолат мезонларига таяниши, жамият ва шахс манфаатларига хизмат қилиши, унда замон руҳи акс этиши лозим. Бу борада транспорт-трасология экспертизасининг имкониятлари кенг, ўрни беқиёс ҳисобланади.
Х.Сулаймонова номидаги РСЭМ
Сирдарё вилоят бўлими етакчи эксперти О. Нўъмонов