Дунёда йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ)нинг олдини олиш, уларнинг сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганишда қолган изларни трасологик тадқиқ этишга бўлган талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Айниқса, йўл-транспорт ҳодисаларини содир этган транспорт воситалари излари, уларнинг тўқнашуви натижасидаги изларнинг ҳосил бўлиш механизмини аниқлаш, мазкур излар транспорт воситасининг одам танаси билан тўқнашиши натижасида ҳосил бўлганлигини тасдиқловчи ёки инкор этувчи ҳолатларни, одам уриб юбориш динамикасини аниқлаш, транспорт воситасини идентификация қилиш мақсадида ўтказиладиган трасологик экспертизалар самарадорлигини ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра йўл-транспорт ҳодисалари натижасида ҳар йили 1,25 миллионга яқин инсон ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, 20 миллиондан ортиқ одам турли даражада тан жароҳатлари олиб, уларнинг аксарияти ногирон бўлиб қолмоқда[1].
Жаҳонда йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ суд-трасологик экспертизаларни ўтказишнинг илмий-назарий асосларини тадқиқ этиш ва ривoжлaнтириш, бу борада эксперт-криминалистик теxнoлoгиялaрни, экспертиза тадқиқоти усул ва воситаларини такомиллаштириш, мазкур жараёнга иннoвaциoн теxник-криминалистик вoситaлaр ҳамда экспертизаларнинг янги, замонавий услубларини татбиқ этиш, шунингдек, суд экспертизаси муассасаларида трасологик экспертизаларни ўтказишнинг ягона илмий асосланган услубиётини жорий этиш орқали йўл-транспорт ҳодисалари натижасида қолган изларни трасологик тадқиқ этиш самарадорлигини оширишга қаратилган илмий-амалий ҳамда инновацион тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Республикамизда транспорт воситалари, йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ортганлиги натижасида улардан жабрланган пиёдалар сони ҳам кўпаймоқда. Жумладан, Мамлакатимизда транспорт воситалари, йўл-транспорт ҳодисаларининг сони ортганлиги натижасида улардан жабрланган пиёдалар сони ҳам кўпаймоқда. Жумладан, 2016 йилда содир этилган 10 265 та йўл-транспорт ҳодисаларининг 54 фоизида, 2017 йилда содир этилган 10 044 та йўл-транспорт ҳодисаларининг 55,4 фоизида 2018 йилда содир этилган 8 990 та йўл-транспорт ҳодисаларининг 53,9 фоизида, 2019 йилда содир этилган 8 092 та йўл-транспорт ҳодисаларининг 10,5 фоизида, 2020 йилда содир этилган 6 982 та йўл-транспорт ҳодисаларининг 11,6 фоизида, 2021 йилда содир этилган 10 001 та йўл-транспорт ҳодисаларининг 35,7 фоизида пиёдалар уриб юборилган[2].
Айнан шу масалада 2022 йил 11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида ҳам таъкидлаб ўтилди. Жумладан, Давлатимиз раҳбари “Бу масалани охирги беш йилда бирор раҳбар, бирорта ташкилот жиддий ва таҳлилий муҳокама қилмаган. Бу соҳа бўйича қонунлар, ишлар мутлақо қониқарсиз. Йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи издан чиқиб кетган. Бу одамларнинг эътирозига сабаб бўлаяпти. Мамлакатимизда 2021 йилда 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ инсон жароҳатланган. Энг ачинарлиси, 2 минг 500 га яқин одам ҳалок бўлган”[3] деб таъкидлади.
Йўл-транспорт ҳодисалари бўйича трасологик тадқиқотлар сифати ва самарадорлигининг пастлиги, тадқиқот натижалари бўйича берилган хулосаларнинг аниқ эмаслиги, жумладан хулоса беришнинг иложи йўқлиги, қўйилган саволга жавоб беришнинг имкони йўқлиги тўғрисидаги хулосаларнинг ортиб бораётгани натижасида хабарнома ва материалларнинг ижро этилмай қайтарилиши кузатилмоқда.
Суд экспертизаси муассасаларида бу турдаги экспертизаларни ўтказишнинг илмий асосланган ягона услубиётининг маънан эскирганлиги ва бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги тадқиқотларда ҳодиса иштирокчиларининг ўзаро таъсирлашиши (тўқнашиши), одам танаси, кийимлари билан транспорт воситаси сирти орасида катта фарқ борлиги каби ҳоллар ягона услубни қўллаш имконини бермайди.
Йўл-транспорт ҳодисалари бўйича комплекс тадқиқотлар учун қуйидаги суд эксперизалари тайинланиши мумкин: суд-тиббий экспертизаси, суд-биологик экспертизаси; суд-тиббий экпертиза, одам ДНКси биологик экспертизаси, суд-автотехникавий экспертизаси, трасологик экспертизаси, суд-дактилоскопик экспертиза, материаллар, ашёлар ва буюмларнинг криминалистик экспертизалари ва ҳ.к.
Материаллар, ашёлар ва буюмларнинг криминалистик экспертизаларининг бир неча турлари мавжуд, жумладан: 1) гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, прекурсорлар ва кучли таъсир қилувчи дорилар экспертизаси; 2) металлар, қотишмалар ва улардан тайёрланадиган буюмлар экспертизаси; 3) толали материаллар ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси; 4) лок-бўёқ материаллари ва қопламаларининг экспертизаси; 5) нефть маҳсулотлари ва ёнилғи-мойлаш материали эксперизаси; 6) шиша ва ундан тайёрланган буюмлар экспертизаси; 7) махсус кукунлар экспертизаси; 8) таркибида спирти бўлган суюқликлар экспертизаси; 9) полимер материаллар (пластмассалар, резина, елимли материаллар) ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси.
Йўл-транспорт ҳодисаларини тергов қилиш ва судда кўришда толали табиатга эга бўлган объектларнинг (тўқимачилик материаллари) тадқиқоти воқеа вазиятларини аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Йўл транспорт ҳодисалари бўйича жабрланувчи, айбланувчиларнинг кийим-кечаклари ва ҳар хил буюмлар сатҳида қолган майда толаларни текшириш алоҳида аҳамиятга эга. Пиёдани уриб кетиш билан боғлиқ йўл транспорт ходисалари натижасида автотранспорт воситаларига унинг эгнидаги кийимлардан толалар ўтиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Толали материаллар ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси иккита асосий вазифани ҳал қилиш зарурати билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади: тўқимачилик маҳсулотлари қисмларининг бир бутунга тегишлилиги аниқлаш ҳамда турли шахсларнинг кийимлари ўзаро таъсирлашиш ҳолати ёки кийимларнинг ҳодиса содир бўлган жойидаги турли хил буюмлари билан таъсирлашиш фактини аниқлаш. Бу турдаги тадқиқотлар мустақил (масалан, кийимдаги микротолаларнинг бирламчи оддий экспертизаси) ёки комплекс экспертизанинг бир қисми (хусусан, транспорт воситасини кийимдаги шикастланишлар ва микротолаларга кўра идентификация қилиш) бўлиши мумкин.
Бу турдаги экспертизаларнинг тадқиқот объектлари бўлиб, микротолалар ташувчилари бўлган буюмлар; ҳодиса содир бўлган жойдан аниқлаб олинган микротолалар; толали материаллардан тайёрланган маҳсулотлар (иплар, арқонлар, матолар, тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқ.); юқорида санаб ўтилган объектларнинг куйган ва кул шаклидаги қолдиқлари бўлиши мумкин.
Тўқимачилик материаллари кўпинча жиноятчилар томонидан мурдани, унинг қисмларини, ўғирланган буюмларни яшириш учун ўраш материаллари (турли матолар, бўз, чойшаб) сифатида ишлатилади. Тўқилган (бурама) ва ўрилган маҳсулотлар (арқонлар, иплар, тўрлар) жабрланувчини бўғиш, мурдани чўктириш пайтида юкни маҳкамлаш, жабрланувчини боғлаш воситаси сифатида ишлатилади.
Ҳодиса содир бўлган жойда кўп ҳолларда кийим қисмлари (мато бўлаклари, тугмалар, иплар) ёки унинг алоҳида элементлари (қўлқоп, камар, рўмолча ва бошқ.) қолдирилади. Бундай ҳолларда, кийимнинг ажралган қисмларини илгари бир бутунга тегишли эканлигини аниқлаш зарур: кийим элементини – унинг тўпламига (қўлқопни – бир жуфт қўлқопга, камарни – курткага ва бошқ.).
Гумон қилинувчининг кийимида жабрланувчининг кийими материали таркибига кирувчи толалар билан бир ҳил микротолаларнинг мавжудлиги (уларнинг тури ва рангини ҳисобга олган ҳолда), шунингдек ушбу толаларнинг ўзаро жойлашиши жиноятни содир этиш механизмини ҳамда уларнинг ўзаро сабабий алоқадорлиги ҳолатини аниқлашга ёрдам беради.
Толали материаллар ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси ёрдамида қуйидагиларни аниқлаш мумкин:
1) тўқимачилик микротолалари, иплар, матолар, трикотаж ва бошқа толали материаллар зарраларининг умумий ва гуруҳий мансублигини;
2) тўқимачилик микротолаларининг ташувчи объектларда аниқланган микротолаларнинг жойлашиши ва ўзаро жойлашиши ҳамда уларнинг кўрилаётган жиноятнинг содир қилиш механизмига мослигини;
3) тўқимачилик микротолаларига кўра (бошқа микрозаррачалар – ёқилғи-мойлаш материаллари, лок-бўёқ қопламалари ва ҳ.к. билан биргаликда) кийим тўпламини жиноятни содир этиш қуроли ёки транспорт воситаси билан ўзаро таъсирлашиш ҳолатини;
4) кийим элементлари ва толали материалли бошқа объектларининг ёнишдан қолган қолдиқларига кўра уларнинг дастлабки кўириниш ҳамда мўлжалланган мақсадини;
5) микротолалар ва текширилаётган кийимдаги ифлосланишларга кўра, кийим тўпламларининг ўзаро таъсирлашганлик ҳолатини;
6) кийим элементларининг (пайпоқлар, қўлқоплар) материаллар (толалар, иплар, бўёқлар), кийилиш белгилари ва бегона моддалар (ифлосланишлар) бўйича айнанлигин (идентификация).
Таъкидлаш жоизки, толали материаллар ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси самарали ўтказилиши ҳамда эксперт хулосасининг ишончли бўлишининг асосий шарти – бу турдаги экспертизаларинг тадқиқот объекти бўлган ашёвий далилларнинг ўз вақтида тўғри олиниши ҳамда ўзгартирмай экспертиза муассасасига етказилиши ҳисобланади.
Суриштирувчи, терговчи ва судья кийимларнинг ўзаро контактда бўлганлигини аниқлашга қаратилган экспертизага ашёвий далилларни олиш ва кўздан кечириш ҳақидаги баённомаларни тақдим қилиши лозим. Баённомада ашёвий далил сифатида олинган кийимлар воқеа содир бўлгандан кейин тозаланганлиги, ювилганлиги ва ишлатилганлиги тўғрисида батафсил маълумотлар келтирилиши шарт.
РСЭМ “Материаллар, ашёлар ва буюмларнинг криминалистик экспертизаси” лабораториясининг ҳисобот ҳужжатлари таҳлил қилинса қуйидагиларни кўриш мумкин:
2021 йилда 148 та толали материаллар ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизаси тайинланган, улардан 90 таси йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ холатларда тайинланган ва экспертиза ўтказилиб, эксперт хулосалари берилган.
Шу сабабли, толали материаллар ва улардан тайёрланган буюмлар экспертизасини тайинлашда, бу турдаги экспертиза тадқиқотларини самарали ўтказилиши учун, қуйидагилар тавсия қилинади:
1) толали материаллар ва улардан тайёрланган буюмларни топиб олиб қўйишда қуйидаги қоидаларга риоя этиш лозим:
– толали материаллар ва улардан тайёрланган буюмларни кўздан кечиришда лупа, қўлқоп ва пинцетдан фойдаланиш;
– толали ашёларни бир-бирига тегишига йўл қўймаслик;
– ҳар бир кийим алоҳида кўздан кечирлиш, агар кийим ҳўл бўлса, қуритиш;
– ҳар бир кийимни алоҳида ғилофга (қалин қоғозга ўраш ёки полиэтилен пакетчага) жойлаш ва тегишли маълумотларни ёзиб қўйиш.
Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, микротолалар бўйича экспертиза бошқа турдаги экспертизалардан (трасологик, баллистик, суд-тиббий ва бошқ.) олдин ўтказилиши керак, чунки уларни бажариш вақтида майда толалар йўқолиши мумкин. Бу талабга амал қилинмаслик нотўғри хулоса беришга ёки экспертиза олдига қўйилган масала ечилмай қолишига олиб келиши мумкин.
2) қуйидаги талабларга риоя қилиш юқорида қайд этилган хатоларни олдини олади:
– ашёвий далилларни кўздан кечиришни ва текширишни усти силлиқ қалин қоғоз ёки рангсиз синтетик плёнка солинган стол устида олиб бориш;
– гумондор ва жабрланувчи шахсларнинг кийимлари ўзаро бир-бири билан алоқада (контактда) бўлганлигини аниқлаш мақсадида уларни олиб қўйиш ва экспертизага йўллашда бир-бирига тегиб кетишдан (суркалишидан) эҳтиёт қилиш;
– сатҳида тола зарралари қолиши мумкин бўлган кийим ва бошқа буюмлар бошқа толали буюмларга (масалан, терговчининг кийими, мебель матолари ва ҳ.к.) билан суркалишга йўл қўймаслик;
– ашёвий далилларни (кийимлар) силкитиш-қоқиш, тозалаш, ювишга йўл қўймаслик;
– ҳар бир ашёвий далил алоҳида тахланиб қалин оқ қоғоз ўраш ёки полиэтилен қопчага солиш;
– ашёвий далилларни (кийимлар) газетага ўрамаслик;
– нам кийим-бошларни албатта қуритиб тахлаш керак, чунки улардаги биологик моддалар (қон, сўлак ва б.) қуритилмаса кийим бузилиши ҳамда текширишга яроқсиз бўлиб қолиши мумкин;
– ҳар бир ашёвий далил солинган пакетнинг тартиб белгиси ва тегишли изоҳ ёзуви бўлиши керак;
– майда толалар йўқолмаслиги учун сатҳида майда толалар бўлиши мумкин бўлган буюмлар (совуқ қурол, транспорт воситаларининг алоҳида қисмлари ва деталлари) жуда эҳтиётлик билан қоғозга ўралиши лозим;
– транспорт воситалар, тўсиқлар ва бошқа кўздан кечириш мураккаб бўлган объектларда қолдирилган қатламлар ёки заррачалар мутахассислар иштирокида олиниши шарт;
– жабрланувчи, гумонланувчи шахсларни ҳар бир бармоғининг тирноқ остидаги майда зарраларни алоҳида оқ қалин қоғозга ёки пробиркага солиш;
– ёнган нарсаларнинг қолдиқларини ва мўрт объектларни шиша идишга солиб, дастлабки кўринишини ўзгаришига йўл қўймаслик керак;
– қоғозга ўралган объектларни асраш мақсадида қўшимча плёнка қопчага солиш мақсадга мувофиқдир.
[1] Йўл-транспорт ҳодисалари экспертлар нигоҳида // URL: uz24.uz/society/ygl-transport.
[2] Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг расмий Веб-сайтидаги мавжуд статистик маълумотлар асосида берилмоқда.
[3] Халқ сўзи. Йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш чоралари муҳокама қилинди // https://xs.uz/uzkr/post/jol-harakati-khavfsizligini-kuchajtirish-choralari-muhokama-qilindi.
Абдуқодирова Шахноза Абдуқодир қизи
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Х.Сулаймонова номидаги Республика
суд экспертизаси маркази давлат суд эксперти