«Tashкent Law Spring» халқаро юридик форуми доирасида бўлиб ўтган “Суд экспертиза” мавзусидаги давра суҳбати якунлари ҳақида

2019 йил 25 апрель куни, Тошкент шаҳридаги “Uzexpocentre” мажмуасининг “ITC” анжуманлар залида, «Tashкent Law Spring» халқаро юридик форуми доирасида “Суд экспертизаси” йўналиши бўйича хорижий давлатлардан ташриф буюрган мутахассислар иштирокида конференция тадбири ташкил этилди.

Ҳалқаро конференцияга Озарбайжон Республикаси Адлия вазирлиги суд экспертизаси марказидан (Сифат менеджменти бўлими бошлиғи Джабир Ахмет), Белорусь Республикаси Давлат суд экспертиза қўмитаси
Илмий-амалий марказидан (Марказ директори Мороз Игорь Анатольевич), Кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Институтидан (Ректор Лапина Ирена Александровна ҳамда Институт таълимни илмий-методик таъминлаш ва халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Островская Анна Анатольевна),  Германия полициясидан (БКА) К34-Федерал Бошқармаси (Катта суд эксперти Райнер Даленбург), Грузиянинг Л.Самхараули номидаги суд экспертиза Милий Бюросидан (Миллий Бюро директори, Георгий Тваури), Италиянинг Ўзбекистондаги Элчихонасидан (Хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи Федерико Куатрини, Наркотиклар ва хавфсизлик бўйича офицер ёрдамчиси Фуркат Каюмходжаев ва эксперт Серена Детти), Литва Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Литва суд экспертиза Марказидан (Марказ директорининг ўринбосари Видмантас Вайтекунас), Литва полицияси суд-криминалистик тадқиқотлар Марказидан (Сифат бўйича менеджер Дайва Якубаускиене), Нидерландия ENFSI – суд экспертиза муассасаларининг Европа тармоғидан (маслаҳатчи Вим Нойтебум), Россия Федерацияси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Россия суд экспертизаси Федерал Марказидан (Марказ директори Смирнова Светлана Аркадьевна, етакчи илмий ходим Кузьмин Сергей Анатольевич), Буюк Британия бирлашган қироллиги ва Шимолий Ирландиянинг жиноятларни тергов қилиш бўйича Миллий Агентлигидан (Марказий Осиё бўйича минтақавий координатор Фредерик Хеллон, Марказий Осиё бўйича дастурлар менеджери Луиза Ханипова ва эксперт Эшли Берроу), АҚШ Адлия Департаментидан (суд экспертизалари бўйича катта маслаҳатчи Марк Могл),  АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасидан (Сиёсий масалалар бўйича бўлим ходимлари Марина Ритсема ва Кетрин Лемери, дастурчи мутахассис Азизбек Юсупов) вакиллар ҳамда суд экспертиза муассасалари раҳбарлари, мутахассислар, шунингдек Ўзбекистон Республикасидаги давлат
суд-экспертиза муассасалари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этдилар.

Ҳалқаро конференцияни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази директори А.Халилов табрик сўзи билан очди.

Ташриф буюрган хорижий мутахассислардан Марк Могл томонидан  “АҚШда суд экспертизанинг ислоҳотлари ва халқаро аккредитациянинг аҳамияти” мавзусида; Смирнова Светлана Аркадьевна томонидан Россия Федерациясида суд-экспертлик фаолиятининг замонавий ҳолати мавзусида; Мороз Игорь Анатольевич томонидан Беларусь Республикаси Давлат суд экспертиза қўмитаси марказининг замонавий босқичдаги фаолияти ҳақида;           Райнер Даленбург томонидан Германиянинг суд экспертиза тизими ҳақида;           Видмантас Вайтекунас томонидан Литвада суд экспертиза институцияси фаолиятини ташкил қилиш ҳақида; Эшли Берроу томонидан Буюк Британиянинг эксперт-криминалистика хизмати ҳақида; Вим Нойтебум Эксперт-криминалистик хизмат тузилишининг шаклланиши – Голландия нигоҳи мавзусида; Серена Детти Италия полициясининг эксперт-криминалистика хизмати мавзусида; Георгий Тваури томонидан Грузия Миллий суд экспертиза бюроси фаолияти ҳамда амалиётлари ҳақида презентация намойишларини ўтказдилар.

Хорижий мутахассислар томонидан намойиш этилган презентициялар, фикр ва мулоҳазалар бўйича ўзаро фикр алмашинилди. Илғор хориж мамалакатларида мавжуд бўлган амалий ва назарий билимларни мамлакатимизда кенг қўллаш, суд экспертлик фаолиятини янада юқори босқичларга кўтариш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинди. Хориж мамлакатлари суд экспертизаси идоралари билан доимий ҳамкорлик ўрнатиш, шунингдек олинган таклифларни амалиётда қўллаш мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.

Тадбир давомида Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ва Беларусь Республикаси суд экспертизалар Давлат кўмитасининг илмий-амалий маркази  ўртасида хамкорлик тўғрисида битим имзоланди.