Ўзбекистон Республикаси “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунининг
17-моддасига асосан суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг
ёки судьянинг қарори, суднинг ажрими суд экспертизасини ўтказиш асосларидир. Суд экспертизаси тегишли қарор ёки ажрим чиқарилган кундан эътиборан тайинланган ҳисобланади.
Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) текширишларни ўтказиш ва хулоса бериш учун суд экспертига зарур бўлган текшириш объектлари ҳамда иш материалларини такдим этади.
Суд экспертизасини тайинлаган орган (шахс) текшириш учун намуналар олади ва уларни процессуал қонунда белгиланган тартибда ишга қўшиб қўяди. Зарур ҳолларда, бундай намуналарни олиш суд экспертизасини ўтказиш топширилган суд эксперти ёки мутахассис иштирокида амалга оширилади.
Агар текшириш учун намуналар олиш текширишларнинг бир қисми ҳисобланса ва суд экспертизасига такдим этилган текшириш объектларидан фойдаланилган ҳолда суд эксперт томонидан амалга оширилса, суд экспертизаси тугалланганидан кейин мазкур наъмуналар уни тайинлаган органга (шахсга юборилади ёхуд қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат суд-экспертиза муассасасида, агар суд экспертизаси ушбу муассасада ўтказилган бўлса, сақланади. Суд экспертизаси қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ўтказилади.
Шунингдек, қонунийлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши, суд экспертининг мустақиллиги, суд-эксперт текширишларининг ҳолислиги, ҳар томонламалиги ва тўлиқлиги суд-экспертлик фаолиятининг асосий принципларидир. Суд-экспертлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади. Суд-экспертлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунларида назарда тутилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади. Шахснинг эркинлигини вақтинча чеклашни ёки унинг шахсий дахлсизлиги бузилишини талаб этувчи суд-эксперт текширишлари фақат қонунда белгиланган асослар ва тартибда ўтказилади.
Давлат суд-экспертиза муассасаси ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилот томонидан суд экспертизаси ўтказилиши муносабати билан қабул қилинган қарорлар, суд экспертининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ўз ҳуқуқ ва эркинликларининг чекланишига олиб келди деб ҳисоблаган шахс мазкур қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.
Марказ юристконсули Б.Махсадов