Суд ёнғин-техникавий экспертизаси (СЁТЭ) – ёнғин натижасида зарар кўрилган объектдаги ёнғиннинг бевосита келиб чиқиш сабаблари ва ёнғининг бошланган жойини аниқлаш учун тадқиқот олиб боради.
Ушбу ёнғинга одамларнинг ҳаракати (ёки ҳаракатсизлиги) сабаб бўлиш ҳолатларини ва ёнғин-техник тадқиқотлари орқали тузилган эксперт хулосасидаги маълумотларидан тероговга қадар текширув ишларида фойдаланиш муҳим аҳамият ҳисобланади.
Ёнғин-техник экспертиза ёнғинларнинг сабабларини ўрганиш билан бир қаторда, уларнинг ривожланиб бориши хусусиятларини таҳлил қилиш билан ҳам шуғулланади. Ёнғин содир бўлиш жараёнида мол-мулк йўқ бўлиб кетади, инсонлар азобланади ва ҳалок бўлишади. Ёнғинлар тўғрисида ҳар куни кўплаб суд, тергов ва терговга қадар текширув жараёнлари олиб борилмоқда. Воқеа манзарасини тиклаш учун улар ёнғин-техник экспертизасига мурожаат қилишади. Ёнғин учун жавобгар шахсни қидириш, уни моддий жавобгарликка тортиш ёки маънавий зарарни қоплаш учун зарурдир. Агар одамлар ёнғинда вафот этган бўлса, ўт қўйишда айбдор деб топилган шахс жиноий жавобгарликка тортилади. Ёнғин хавфсизлиги учун жавобгар шахсларга ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган. Бу уларнинг қасддан қилган ҳаракатлари, ўз вазифаларини бажаришда бепарволик ёки ҳаракатсизлик ёнғинни қўзғатиш учун хизмат қилганда содир бўлади.
Ёнғиннинг сабаблари ва шароитларини аниқлаш келажакда бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун катта аҳамиятга эга. Масалан, эски носоз электр симлари турар-жой биносидаги хонадонларда ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлган бўлса ва ёнғин-техник экспертизаси буни бирма-бир кўрсатиб, бу тўғрида профилактик тавсия берган бўлса, у ҳолда бошқа хонадонларда электр симларни янги, замонавийсига алмаштириш орқали ёнғинларнинг олдини олиш мумкин. Кўпгина холатларда ускуналардаги кимёвий моддалар, ёнувчи моддаларнинг сизиб чиқиши ҳам ёнғинга олиб келади. Бундай ҳолатларни эксперт ўрганиб, ёнғинни сабабини аниқлаш билан бир вақтда, унинг олдини олишга қаратилган профилактик тавсия хам ишлаб чиқади ва бу хам келажакда ёнғинларни олдини олишга хизмат қилади.
Ёнғин-техник экспертизаси объекти бўлиб, нафақат бинолар, балки бошқа ёнғин содир бўлган иншоот, қурилма, транспорт воситалари яъни енгил ва юк машиналари, кема (яхталар, юк кемалари, қайиқлар ва бошқалар), темир йўл транспортлари, маданият объектлари, қишлоқ хўжалиги бинолари, боғлар, хиёбонлар ва бошқалар хизмат қилиши мумкин.
Экспертиза терговга қадар текширув ишнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда бошланиши мумкин. Бундан ташқари, экспертиза терговга қадар текуширув процессида бўлган ҳар қандай иштирокчининг талабига биноан тайинланиши мумкин, булар – ёқиб юборилган мулк эгаси, гумон қилинувчи ёки айбланувчи, суғурта компаниясининг вакили, фуқаролик иштирокчилари (даъвогар ёки жавобгар) ҳисобланади. Процесс иштирокчиларининг вакиллари экспертиза тайинлаш тўғрисида мурожаат (илтимоснома) қилишлари мумкин.
Ёнғин-техник экспертизасини ўтказиш учун содир бўлган ёнғинга нисбатан ёниш жараёнлари, ёнувчан моддаларнинг хусусиятлари, ёнғин хавфсизлиги соҳасида махсус билимларга эга бўлган мутахассис-эксперт (ёки мутахассис-экспертлар гуруҳи) иштирок этиши керак. Бундан ташқари, ёнғин-техник экспертиза соҳасидаги мутахассис, экспертлик фаолиятини амалга ошириш ва уни тайинлашнинг ҳуқуқий асосларини билиши шарт. Эксперт ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини мукаммал билиши керак.
Эксперт хулосаси тўғри танланган услубларга таянган холда аниқ тадқиқотлар асосида, мукаммал тузилган бўлиши зарур, чунки терговга қадар текширув ишлари жараёнида, одил қарор қабул қилиш учун, хулоса асосий далил сифатида хизмат қилиши мумкин.
Ёнғин-техник экспертизаси лабораторияси эксперти
Б.Б.Мирзаев