Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази ташкил этилганлигининг 70 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Суд экспертиза: кеча ва бугун” Форуми

✅Жорий йилнинг 30 июнь куни Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази ташкил этилганлигининг 70 йиллигига бағишланган “Суд экспертиза: кеча ва бугун” Форуми бўлиб ўтди.

Ушбу форумда Марказ директори А.Ҳалилов нутқ сўзи билан иштирок этди:

Ассалому алайкум, ҳурматли тадбир қатнашчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказига хуш келибсизлар!
Марказимиз ташкил этилганлигининг 70 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган ушбу тадбирда Сизлар билан кўришиб турганимиздан бениҳоят мамнунмиз!
Авваламбор, ушбу қутлуғ санада, байрам тадбирига ташриф буюрган ҳамда онлайн иштирок этаётган барча Меҳмонларимиз, ҳамкорларимизга, яқин ҳамкасбларимизга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман.
Хурматли, тадбир қатнашчилари, рухсатингиз билан Суд экспертиза соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, бу йил 70 йиллигини нишонлаётган Марказимиз тарихи ва унинг фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтсам.
Марказимиз Тошкент илмий-тадқиқот криминалистика лабораторияси сифатида ташкил этилган бўлиб, ўз фаолиятини 1951 йилнинг июнидан айрим турдаги ҳужжатшунослик экспертизаларини ўтказишдан бошлаган.
1958 йил 1 апрелда лаборатория асосида Марказий Осиёда биринчи Тошкент суд-экспертиза илмий-тадқиқот институти ташкил қилинган.
Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, Ҳукуматимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг экспертиза хизматини ривожлантириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Марказга суд-экспертиза масалалари бўйича илмий-услубий ҳамда мувофиқлаштирувчи идора мақоми берилган.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда, жиноятчиликнинг олдини олиш ва уни фош этишда, ҳеч муболағасиз, Марказ ходимларининг ўрни муҳим эканлигини қайд этиш лозим деб ҳисоблайман. Марказ суд экспертиза йўналишида ўзига хос мактаб яратган ва хозирги кунда ҳам бу мактаб вакили бўлиш ҳар бир ушбу соҳа мутахассисига шараф ҳисобланади.
Ушбу муборак кунда, кўп йиллар самарали меҳнат қилган, суд экспертизасининг ривожланишига катта ҳисса қўшган фахрий устозларимиз Миновар Умаров, Вали Умаров, Борис Пинхасов, Саттор Отахўжаев, М.М.Биркин, А.М.Питиримов, П.Татулянс, М.Богдасарова, А.Д.Жураев, Б.С.Хидоятов, Б.К.Эрнафасов сингари суд экспертлар ва олимларни эслашни жоиз деб билдик. Шунингдек фахрий экспертларимиздан Рокия Ахмедова, Нигора Абрарова, Эркин Чуряков, Элвира Медвезская, Замира Махмудова, Музаффар Мақсудов, Одил Нумоновлар ўз меҳнатлари билан бугунги кунда ҳам Марказнинг ривожланишига катта ҳисса қўшиб келишмоқда.
Албатта, шу ўринда юридик фанлари доктори, академик, Адлия вазири ва Oлий суднинг раиси лавозимларида ишлаган Хадича Сулаймонованинг ушбу соҳа ривожига қўшган ҳиссаси беқиёсдир.
Марказимизнинг ҳар бир ходими Хадича Сулаймонова каби етук инсон ва ўз касбининг илғор мутахассиси бўлиб етишишига ҳамда Марказ ҳам шу инсон номига муносиб бўлишга интилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан қабул қилинган ҳамда изчил амалга оширилаётган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар доирасида сўнгги беш йилда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган туб ислоҳотлар, экспертлик соҳаси истиқболига доир қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳада янги босқични бошлаб берди.
Жумладан, 2017 йилда қабул қилинган Ҳукуматнинг 206-сонли қарори асосида барча вилоятларда Марказимизнинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Шунингдек, экспертларнинг малакасини замон талаблари даражасида ошириш учун Ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда бу ерда нафақат Марказ ва бошқа давлат суд экспертиза муассасалари экспертларининг ҳуқуқий билимлари, балки янги ташкил этилаётган нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларини ҳам қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу даврда жами 1 284 нафар суд экспертларининг ҳуқуқий билимлари ва малакалари оширилди.

2019 йил 17 январь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалиётда илк бор нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари яратилди ва Ҳукуматимизнинг 180-сонли қарори билан нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди.
Марказ лабораторияларини халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида, 2020 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси кўмагида ISO/IEC 17025 халқаро стандартига мувофиқ аккредитация қилиниб, мувофиқлик сертификатига эга бўлдик. Мазкур аккредитация Марказга тадқиқотларни халқаро стандартлар даражасида бажариш имконини беради ҳамда мазкур лабораториялар томонидан берилган хулосаларнинг халқаро миқёсда шубҳасиз тан олиниши, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини нафақат мамлакатимиз ҳудудида, балки халқаро судларда ҳам ишончли ҳимоя қилинишига ҳамда одил судлов таъминланишига хизмат қилади.
Марказ нафақат суд экспертиза тадқиқотларини амалга ошириш, балки янги экспертиза турлари ва услубиётларни жорий этиш бўйича ҳам кенг кўламли илмий-тадқиқот ишларини амалга оширмоқда.
Хусусан, олиб борилган илмий изланишлар натижасида кейинги 2 йил ичида Суд лингвистика, Суд компьютер-техник, Суд автомобиль йўллари, Суд электротехника, Суд психологик, Озиқ-овқат маҳсулотлари суд экспертизаси каби янги экспертиза турлари яратилиб, суд экспертлик жараёнига татбиқ этилди ва натижада Марказда амалга ошириладиган суд экспертлик турлари 50 тага, мутахассисликлар эса 69 тага етказилди.
Марказ ходимлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот муассасалари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш натижасида 53 та услубий қўлланма ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, суд экспертлик фаолиятига татбиқ этилди ҳамда “Замонавий суд-экспертиза имкониятлари” номли ўқув қўлланма чоп этилди.
Давлат суд экспертиза муассасалари томонидан ўтказиладиган бир хилдаги суд экспертизаларини ўтказиш бўйича идоралараро услубиётлар рўйхатини юритиш тартиби тасдиқланиб, услубиётларнинг рўйхати расмий веб-сайтимизда мунтазам янгиланиб келинмоқда.
Марказ ходимлари ва экспертлари томонидан ўтган 2020 йилда турли давлат органлари ва ташкилотларига 1660 та профилактик таклифлар берилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган ҳамда қонунийликни таъминлаш юзасидан жами 2506 маротаба ҳуқуқий тарғибот тадбирлари, ҳудудий семинар ва вебинарлар ташкил этилди.
Шунингдек, Марказнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида “Sudex дан гапирамиз” ва “Эксперт жавоби” номли янги рукнлар яратилиб, унда эксперт ходимлар томонидан фуқаролардан келиб тушган саволларга аудио ва видео кўринишида жавоб берилиши йўлга қўйилди.
Суд экспертиза фаолиятига замонавий Ахборот коммуникация технология ютуқларини жорий этиш мақсадида “Суд экспертизалари ҳисоби тизими” ва “Электрон таълим платформаси” ахборот тизимлари ҳамда аҳолига суд-экспертлик соҳасига доир маълумотларни тезкор етказишга қаратилган “sudexpert.uz” ахборот портали, экспертиза учун ашёвий далилларни идентификациялаш дастури ишлаб чиқилиб, фаолиятга татбиқ этилди.
Сўнгги йилларда Марказ томонидан суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Россия Федерал суд экспертиза маркази, Украина Адлия вазирлигининг суд экспертиза миллий илмий маркази, Беларусь Републикаси давлат суд экспертиза қўмитасининг Илмий-амалий маркази билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Ҳозирда Туркия, Малайзия, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Арманистон суд экспертиза муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувга эришилиб, шартномалар имзолаш жараёнида турибди. Шунингдек, Марказнинг Бутунжаҳон суд экспертлари ассоциациясига (IAF) аъзо бўлиши юзасидан зарурий чоралар кўрилмоқда.

Ҳурматли тадбир қатнашчилари, ушбу қутлуғ сана арафасида илк бор Марказ томонидан суд экспериза йўналишига ихтисослашган “Ўзбекистон суд экспертизаси” номли илмий журнали нашрдан чиқарилди ва унинг биринчи сонини Сиз азизларга тақдим қилаётганимиздан мамнунмиз.
Янги журналда соҳанинг етакчи олимлари ва мутахассисларининг илмий мақолаларини нашр этиш орқали халқаро илғор тажрибалар тақдим этилади, шунингдек, мамлакатимиз суд экспертларининг илмий ва амалий тадқиқотлари натижаларини эълон қилиш имконияти яратилади.
Ишончимиз комилки, журнал мақсадли профессионал мунозара ва таҳлиллар учун янги ва қизиқарли илмий майдонга айланади, янада самарали илмий мулоқотлар, янги ғоялар ва тадқиқот натижалари алмашинувига ёрдам беради, илмий-услубий таъминот, шу билан бирга суд экспертизаси йўналишларининг амалий фаолиятига рационализаторлик илмий ишланмаларини киритади.
Азиз, дўстлар ва ҳамкасблар, шу жойда, рухсатингиз билан яна бир янги платформа, “Электрон қўлланма”ни тақдим этмоқчимиз.
Бу электрон қўлланма терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда суд ходимлари учун Марказимизнинг имкониятларини ёритишга бағишланган бўлиб, аввалгиларидан, маълумотлар бир вақтнинг ўзида ҳам ёзма ҳам видео кўринишда тақдим этилганлиги билан фарқ қилади.
Шунингдек, суд экспертларга бериладиган наъмунавий саволлар, қарор ва ажрим нусхалари ҳамда керакли бошқа маълумотлар қўлланмадан ўрин олган.
Ушбу электрон қўлланманинг тайёрланишида катта амалий ёрдам берган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси ва унинг мутасадди ходимларига чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз.
Электрон қўлланма терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда суд ходимлари амалиётида фойдаси тегади деган умиддамиз.
Бугунги юбилей тадбирига бағишлаб, Адолат Марказининг Медиа студияси ҳамкорлигида “Суд экспертиза маркази 70 йил адолат хизматида. Тарих ва келажак” номли ҳужжатли фильм яратилди. Унда, Марказ фаолияти ва соҳада амалга оширилган ишлар, унинг тарихи ва келгусидаги режалар батафсил ёритилган. (Флешкада тақдим этилмоқда)
Шунингдек, Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда университет профессор-ўқитувчилари ва талабаларига Марказда амалий машғулот ҳамда тадқиқотлар олиб бориш учун зарур шарт шароитларни яратиш мақсадида “Амалий ҳуқуқшунослик” кафедраси ташкил этилди.
Шу билан бирга, Суд экспертиза соҳасида амалга оширилган ишларни келажак авлодларга етказиш мақсадида Марказ биносида “Марказ тарихи” музейига тамал тоши қўйилди ва суд экспертизаси тарихига оид экспонатлар билан бойитилмоқда.
Азиз дўстлар, амалга оширилган ишлар билан бирга олдинда ушбу соҳани янада ривожлантириш бўйича истиқболдаги режаларимиз бор, рухсатларингиз билан ушбу масалага бироз тўхталсам.
Биринчи навбатда, ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, суд-экспертлик фаолиятини кенгайтириш ҳамда суд экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини янада ошириш.
Иккинчидан, суд-экспертлик фаолиятида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, шу жумладан услубиётларни такомиллаштириш ҳамда соҳага илм-фан ва техника ютуқларини жорий этиш;
Учинчидан, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали суд экспертизаси хулосаларига бўлган эҳтиёжларини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда суд экспертизасининг янги турларини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш.
Тўртинчидан, суд-экспертлик фаолиятида кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ҳамда суд экспертларини тайёрлаш, уларнинг ҳуқуқий билимлари ва малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш;
Бешинчидан, . Эксперт хулосаларини халқаро миқёсда тан олиниши ва қўлланилишини таъминлаш мақсадида барча лабораторияларимизни, шу жумладан вилоят бўлимларимизни халқаро илмий-техник талабларга мослигини таъминлаган ҳолда уларни босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказиш.
Олтинчидан, Суд экспертиза соҳасига ахборот технологияларини янада кенгроқ жорий қилиш орқали экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш.

Еттинчидан, Марказнинг ҳудудий бўлимларида ҳам Одам ДНКси суд-биологик, Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини босқичма-босқич ташкил қилиш.
Юқоридаги вазифаларни Сиз азиз ҳамкасбларимиз билан ҳамнафас бўлиб, ҳамкорликда амалга оширишга ишонаман.
Бугунги ташкил этилган ҳалқаро экспертлар иштирокида илмий-амалий конференциядан мақсад суд экспертизанинг ҳозирги замон талабларидан келиб чиқиб, Марказ, шу жумладан республика суд экспертиза тараққиётини белгилаб олиш ҳамда барчамизга бу соҳадаги янгиликлардан боҳабар бўлиш, озми кўпми малакамизни ошириб олишдан иборат ҳисобланади.
Конференцияда мамлакатимиз ва бир қатор хорижий давлатларнинг ушбу соҳадаги етук олимлари ҳамда тажрибали суд экспертларининг маърузалари тингланиб:
Cуд экспертлик фаолиятининг илмий-назарий, услубий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, янги инновацион технологияларни жорий этиш ва ахборот хавфсизлиги сиёсати;
Криминалистик, суд тиббий, психологик, биологик, товаршунослик ва иқтисодий экспертизаларини ўтказиш имкониятлари ва ривожланиш истиқболлари,
Суд муҳандислик-техник, Одам ДНКси, Наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорлари тадқиқотларининг замонавий имкониятлари каби масалаларни муҳокама этиш режалаштирилган.
Ҳурматли меҳмонлар ва ҳамкасблар!
Ўйлаймизки, халқаро тажрибалар асосида ўзаро фикр алмашиш мақсадида ўтказилаётган бугунги тадбир натижалари келгусида малакали суд экспертларини тайёрлаш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларини амалиётга самарали татбиқ қилинишига ҳамда бу борада ҳамкорлигимизни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Сўзимнинг якунида “Суд экспертиза: кеча ва бугун” номли илмий-амалий конференциянинг иш фаолиятига муваффақият тилайман.
Яна бир бор, барчангизга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдирган ҳолда Марказимизнинг 70 йиллик юбилейи билан муборакбод этаман.
Эътиборингиз учун раҳмат!

Skip to content