Порахўрлик, коррупция, таъмагирлик, терроризм каби жиноят ишларини фош этишда суд- фонография экспертизаси муҳим аҳамиятга эга.
Бу турдаги экспертизани ўтказиш суд ва тергов идораларининг кўплаб мурожаатларини ҳисобга олиб, Марказий Осиёда биринчи бўлиб, 1992 йилда юридик фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби Борис Ильич Пинхасовнинг ташаббуси билан Адлия вазирлигининг Х.Сулаймонова номидаги Республика илмий-тадқиқот криминалистика марказида (ҳозирги РСЭМ) бошланди.
Дастлаб ушбу бўлим (ҳозирда лаборатория) ходимлари Россия Ички Ишлар илмий-тадқиқот криминалистика Марказида мутахассислик бўйича малака оширишган. Кейинчалик марказ раҳбари таклифига асосан ташриф буюрган Россиялик мутахассислар – ҳуқуқшунослик фанлари номзодлари Э.К.Ребгун ва М.В.Хитиналар Республика илмий-тадқиқот криминалистика маркази ходимлари билан ўз иш тажрибаларини ўртоқлашганлар.
Айни вақтда Марказ Республикамизда суд- фонография экспертизаси рус ва ўзбек тилида ўтказиш ташкил қилинган муассаса ҳисобланади. Зарур ҳолларда тегишли мутахассислар жалб этилиб, бошқа тилдаги фонограммаларни ҳам тадқиқот қилиш имкони бор.
Суд-фонография экспертизасини Республикада ривожлантириш йўлида С.А.Атаходжаев, Т.А.Саркисова, Б.И.Карпачёв, Г.Константинова, В.В.Жук, Б.Н.Гафуров, М.Р.Абдураимов, М.Н.Ли, С.З.Олимоваларнинг хизматлари каттадир.
Жумладан, Галина Алексеевна Константинова Марказда 1990 йилдан меҳнат фаолиятини бошлади. Дастлаб у масалаларни автоматик ечиш гуруҳида илмий ходим лавозимида ишлади.1993 йилдан эса, суд-фонография экспертизаси ва масалаларни автоматик ечиш бўлимига мудир қилиб тайинланди. Г.А.Константинова ўз меҳнати билан Марказда суд-фонография экспертизаси бўлимининг ишини йўлга қўйишга ўз ҳиссасини қўшган.
1995 йилдан бўлимга, шу бўлимда катта илмий ходим лавозимида ишлаб келаётган В.В.Жук раҳбарлик қила бошлаган. У суд-фонография экспертизаси бўлимида ўтказилаётган инструментал (асбоб-ускунали) тадқиқотларни маҳорат билан бажарган.
1996 йилдан эса бўлимга (ҳозирги вақтда лаборатория) Абрарова Нигара Бакиевна раҳбарлик қилиб келмоқда.
Дастлаб, бўлимда фақатгана катта ҳажмдаги фонограммалар бўйича тадқиқотлар ўтказилиб улар бўйича хулосалар берилар эди. Мана шу тадқиқотларни ўтказиш учун овоз ва нутқни таҳлил қилиш учун мў
лжалланган асбоб-ускуналардан фойдаланилар эди. Мисол тариқасида улардан баъзиларини санаб ўтамиз:
- Овоз ва нутқни тадқиқот қилувчи Германияда ишлаб чиқарилган CSL-4300– дастурланган комплекс жамлама;
- «Sound Cleaner» (Россия) – аудиоёзувларни шовқинлардан тозаловчи дастур;
- «Золушка-97» (Россия) – нутқ сигналларини шовқинлардан тозаловчи қурилма;
- «Цезарь- Soft» (Россия) – мосламаси зарур холларда аудиоёзувлар матнини тезлаштирган тарзда ёзиб олиш имконини берувчи дастурий таъминот (транскрайбер);
- “Marantz” PMD221U ва CP430 кассетали профессионал магнитофонлар;
- “SONY SEQ-411”- график эквалайзер.
«Золушка-97» (Россия)- нутқ сигналларини тозаловчи қурилма бўлиб, 1 каналли ва 2 каналли режимда ёзиб олинган фонограммалар шовинларни тозалашга мўлжалланаган воситадир. «Золушка-97» воситаси асосан рақамли адаптив филтрлаш усулида нутқ сигналларидаги шовқинларни, халақитларни тозалайди. Восита асосан реал (аниқ) вақт доирасида шовқинли нутқ сигналларини автоматик тарзда тозалашга ёрдам берарди.
Аналогли аудиоёзувлар ҳар турдаги кассетали магнитофонлар ёрдамида эшитилиб, улар бўйича тадқиқотлар ўтказилар эди. Қуйидаги расмда суд-фонография экспертизаси лабораториясида фойдаланилган асбоб-ускуналар акс эттирилган. Жумладан: “SONY” ва “PANASONIC” магнитофонлари фонограммаларни тасмага ёзиш, кўчириш баравар холда ёзилаётган ёзув товушларини эшитишга қулайлик яратиб берадиган воситадир. Ундан ташқари улар, аудиокассетадан 2-чи аудиокассетага кўчириш вазифаларини ҳам бажарган.
Германияда ишлаб чиқарилган CSL-4300– дастурланган комплекс жамланма – овоз ва нутқни тадқиқот қилувчи мослама;
Мазкур расмдаги дастурланган комплекс жамлама – CSL-4300 (Германия) – овоз ва нутқни тадқиқот қилувчи аппарат бўлиб, аппаратнинг асосий вазифаси магнит тасмада ёзилган аналог форматдаги ёзувларни рақамли форматга ўтказиб бериш, компьютерга мўлжалланган форматларга (*.NSP, *.WAV ва ќ.к.) сақлаш вазифасини ҳам бажарган.
Кенг чизиқли «С1-48Б» русумли осциллограф орқали магнит тасмада ёзиб олинган суҳбатларнинг электроакустик хусусиятларини ўрганиш воситаси бўлган. Кенг чизиқли «С1-48Б» осциллограф ёрдамида суҳбат сигналларининг ёзув давомийлиги жараёнида ёзув узлуксизлигида бузилишлар, узилишлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини кўрсатиб беришга мўлжалланган воситадир. Унда ёзув сигналларини тасвирлайдиган экрани эга бўлиб, экран орқали ёзув параметрларининг ўзгариши визуал тарзда кузатиши мумкин бўлган.
Бундан ташқари, лаборатория ходимлари ўз фаолияти жараёнида илмий-тадқиқот, услубий ва ҳуқуқий тарғибот ишларни амалга оширганлар.
Ҳозирги кунда суд-фонография экспертизаси лабораториясида видеоёзувлар, рақамли товуш ёзиш қурилмаларига (масалан: уяли телефон, рақамли диктофон, рақамли диск, компакт диск, флеш-карта хотираси, видеокузатув камераси ва б.) яширин равишда ёзиб олинган ауди-видеооёзувларни (фонограммаларни) тадқиқот қилиш имкониятлари мавжуд. Ушбу тадқиқотларни ўтказиш учун бўлимда турли хилдаги замонавий асбоб-ускуналар ва дастурий таъминотлар мавжуд. Суд-фонография экспертизасини бажарувчи ходимлар тўрт кишидан иборат, шулардан иккитаси ёш мутахассислар. Лабораторияга ишга олинган ёш мутахассислар нафақат аудитив, визуал, лингвистик, инструментал (асбоб-ускунали) тадқиқотларни ўзлаштирибгина қолмай ўз устида тинимсиз ишлаб, фонограммаларда мавжуд бўлган электроакустик монтаж белгиларини аниқлаш бўйича тадқиқотларни ҳам амалга оширади.
Жумладан, тадқиқот учун тақдим қилинган фонограммаларда электроакустик монтаж белгилари мавжуд ёки йўқлиги сигналларни таҳлил қилувчи дастурлар – «Sony Sound Forge », «Adobe Audition », дастурий таъминот «pinnacle Studio version 12.0», видеога ишлов берувчи «Adobe Premiere Pro» дастури ва «ProCoder » конвертори; аудио ва видео файллардаги техник маълумотларни ўзида акс эттирувчи «MediaInfo» дастури ва аудио ва видео файлларни ички тузилиши тўғрисидаги маълумотларни ўзида батафсил акс эттирувчи ўн олтиталик файл редактори, яъни «Tiny Hexer» дастури ва “ИКАР-Лаб II” дастурий таъминотлар экспертиза ўтказиш жараёнида кенг равишда қўлланиланиб келинмоқда.
Бугунги кунга қадар лаборатория ходимлари суд-фонография экспертизаси учун долзарб бўлган мавзулар, бўйича илмий изланишлар олиб бориб, экспертлар учун қуйидаги услубий қўлланмаларни ишлаб чиқишди:
- Рақамли технологиялар асосидаги аудио ва видео ташувчиларни ҳамда электроакустик монтаж белгиларининг комплекс тадқиқоти.
- Рақамли ташувчилардан фойдаланиб ёзиб олинган ўзбек тилидаги фонограммалардаги нутқ сигнали параметрларига (ўлчамига) тозалаш воситаларининг (фильтрларнинг) таъсири.
- Сўзловчининг шахсини овози ва нутқи бўйича аниқлаш.
- Суд-фонография экспертизаларининг объектлари-аналогли ва рақамли ташувчилар, товуш ёзиш воситалари, шунингдек суҳбат фонограммаларини ва таққослов намуналарини тадқиқотларининг айрим хусусиятлари.
- Суд-фонография экспертизаларини ўтказиш учун объектларнинг яроқлилигини, ҳамда текширилаётган фонограммаларнинг асли ёки нусхаси эканлигини аниқлаш.
Суд- фонография экспертизасининг бугунги кундаги имкониятлари
Суд-фонография экспертизасининг мақсади – тадқиқот қилинувчи фонограмма ёзиб олинган асбоб-ускунани, рақамли ташувчиларга ёзилган суҳбат (фонограмма)ни тадқиқот қилиш, суҳбат мазмуни, иштирок этган шахслар сони, жинси, суҳбат шароитлари ва бошқаларни аниқлашга қаратилгандир.
Суд-фонография экспертизасининг объектларига ва унинг ҳал қиладиган масалаларига қуйидагилар киради:
– аудио ва видео фонограмма;
-экспертизага тақдим қилинган стенограмманинг тадқиқот қилинувчи фонограмма мазмунига мос келиши ёки мос келмаслиги;
-ёзув сифати паст бўлган алоҳида ҳолатларда суҳбат стенограммасини тузиш;
-суҳбатда нечта шахс иштирок этганлигини, уларнинг шахсини, суҳбат қаерда (хонада, кўчада, автомашина салонида ва ҳ.к.) ёзиб олинганлигини аниқлаш;
– товуш ёзиш мосламалари (магнитофон, диктофон, рақамли диктофон, компакт ва рақамли дисклар, уяли телефон аппаратлари ва бошқалар);
– айрим ҳолатларда магнит тасма (аудокассета, видеокассета, микрокассета).
Суд фонография экспертизаси тергов ва суд томонидан тайинланган экспертизалар бўйича идентификацион, диагностик масалаларни ҳал қилиб келмоқда.
Суд фонография экспертизаси ҳал қиладиган масалалар қуйидагилар:
-суҳбат ёзиб олинган фонограммада электроакустик монтаж белгилари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш;
-тақдим қилиган фонограмма асли ёки нусхалигини аниқлаш;
-фонограммадаги овоз ва нутқнинг кимга тегишли эканлигини аниқлаш;
– тадқиқот қилиниши лозим булган фонограмма айнан қайси мосламада ёзиб олинганлигини аниқлаш;
– видеофонограммаларни тадқиқот қилиш ва ҳоказо.
Айни вақтда илмий-техника тараққиётининг суд-фонография экспертизаларини ўтказиш амалиётига таъсири, унинг ўз табиатига кўра турли жиҳозлар, кўплаб қурилма ва асбоб-ускуналар мажмуалари, инновацион технологиялар билан бир бутунликни ташкил этувчи дастурий таъминотдан иборат усуллардан кенг фойдаланилаётганлигида ўз ифодасини топди. Махсус турдаги компьютер билан 16-разрядли АЦП/ЦАП STC-118H ўзгартиргич товуш сигналларини таҳлил қилиш учун мўлжалланган «SIS», «Sound Cleaner» дастурий таъминотлари билан ўзаро боғланган ҳолда хизмат қилади. «SIS» программа таъминоти 16-разрядли АЦП/ЦАП STC-118H ўзгартиргич орқали ўтиб келаётган аналог форматдаги сигналларни махсус турдаги компьютер ўқий оладиган рақамли форматга ўзгартириб бериш вазифасини бажаради. Ёзиб олинган сигналллар «SIS» дастурий таъминоти ёрдамида ҳар хил кўринишдаги «*.DAT, *.AVI, *.MP3, *.WMA, *.WAV ва ќ.к» форматларда сақлаб олиш, ишлов бериш, ўзгартириш, ҳар хил чизиқли шовқинларни тозалаш, нормаллаштириш, фильтрлаш, частоталарини кучайтириш ва бошқа бир қанча функцияларни бир вақтнинг ўзида амалга оширади. Ундан ташқари лаборатория, товуш диапазон частоталарида электр сигналларини шакилланишини ва уларни таснифини ўлчаш учун мўлжалланган “Камертон” STC-Н246 ускуна билан жиҳозланган.
Юқорида қайд қилинганларни якунлаб, товуш ёзувларининг криминалистик экспертизаси (суд-фонография), умуман, товуш сигналларни қайд этиш, ижро этиш (қайта ишлаш) ва таҳлил қилиш воситаларининг тез ўсиши ҳисобига кескин ривожланиш босқичидан ўтмоқдалигини таъкидлаш жоиздир.