Охирги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилиб келинаётган ислоҳотлар инсон ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлаш, қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, бунда судларнинг роли ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича судларда низоларни ҳал этиш жараёнида далилларга баҳо бериш, процессуал қонун талабларига мувофиқ, далиллар алоқадорлиги ва мақбуллиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. Муайян бир ишни кўришда экспертиза тайинлаш ва уни ўтказиш, экспертнинг хулосасига ҳуқуқий баҳо бериш ва уни далиллар мажмуи тариқасида ишга даҳлдорлигини аниқлаш судьялардан масъулиятни талаб қилади.
Айни пайтда, судлар амалиётида суд экспертизасини ўтказишда муайян бир муаммолар ва камчиликлар юзага келган. Мазкур институтни судлар фаолиятида қўллаш ундан самарали фойдаланишда ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ушбу ислоҳотларни амалиётга жорий этиш, судларда экспертиза тайинлаш билан боғлиқ муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судида семинар машғулоти ташкил этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти Садоқат Аллаберганова хабар қилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар суди фуқаролик ва иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъатлари судьялари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари судьялари, туманлараро иқтисодий суди судьялари, Адлия вазирлиги қошидаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази экспертлари, Судьялар Олий кенгаши қошидаги Олий мактаб тингловчилари иштирок этди.
— Фуқаролик ишлари бўйича судларда муайян ишларни ҳал қилишда махсус билимга эга бўлган фан, санъат, техника каби қатор соҳалар бўйича махсус билимга эга шахслар, яъни экспертларнинг хулосасига таянилади. Фуқаролик процессуал Кодексининг 6-боби “Фуқаролик суд ишларини юритиш иштирокчилари” деб номланади. Унга кўра, ишда иштирок этувчи шахслар билан бирга одил судловни амалга оширишда кўмаклашувчи шахслар – экспертлар ҳам алоҳида тилга олинган.
Фуқаролик процессуал Кодексига асосан суд ишни кўриб чиқишда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт. Суд фуқаролик ишини кўраётганда ишга оид далилларни бевосита текшириши ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатувларини, экспертларнинг хулосаларини ва мутахассисларнинг маслаҳатларини (тушунтиришларини) эшитиши, ёзма далиллар билан танишиши, ашёвий далилларни кўздан кечириши шарт ҳисобланади.
Амалиётда муаммолар, ўз ечимини кутаётган масалалар йўқ эмас. Шу боис ҳам бугунги семинар “Суд экспертизаларини ўтказиш амалиёти”га бағишланди. Бундан мақсад эса амалиётда вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирларни белгилаш, суд ишларини чўзилиши ва фуқароларнинг оворагарчиликларининг олдини олиш, қонуний, асосли, адолатли қарор қабул қилишга эришиш, – дейди Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов.
Тадбирда ФИБ Миробод туманлараро суди судьяси Жасурбек Мамаюсупов Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини жадал ривожлантириш, нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш мақсадида, шунингдек 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида Президентимизнинг 2019 йил 17 январь куни қабул қилинган “Суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4125 сонли қарорнинг мазмун-моҳияти хусусида тўхталиб ўтди.
— Ушбу қарорда илмий тадқиқотлар натижаларини суд-экспертлик фаолиятига татбиқ этиш, суд экспертизаларини ўтказиш услубиётини такомиллаштириш, давлат суд-экспертиза муассасаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналиши этиб белгиланган.
Шу билан бирга, мазкур Қарор нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертлари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш, суд экспертизаси соҳасида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тамомлаган шахсларга уларнинг касбий лаёқатини ва суд экспертларига тегишли ихтисослик бўйича қўйиладиган малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи суд эксперти сертификати берилиши, суд эксперти сертификатини олган шахслар ҳақидаги маълумотлар Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган Ягона реестрга киритилиши, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд эксперти томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда суд эксперти сертификатини олмасдан туриб, суд экспертизаси ўтказилишига йўл қўйилмаслиги, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертизасини ўтказишда давлат суд-экспертиза муассасалари каби функцияларни амалга ошириш, улар каби ҳуқуққа эга бўлиши ва мажбуриятларни бажариши ҳамда жавобгар ҳисобланишига оид вазифаларни ўз ичига олган. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ПҚ-4125 сонли қарор билан 2019-2020 йилларда суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланган, – дейди ФИБ Миробод туманлараро суди судьяси Жасурбек Мамаюсупов.
ФИБ Миробод туманлараро суди ташаббуси билан ташкиллаштирилган мазкур тадбир давомида Х.Сулайманова номидаги Республика суд экспертиза Маркази экспертлари, хусусан Мурод Каландаров, Асилбек Норматов, Нурулло Умурзаков билан фуқаролик ишларини кўрилишида суд экспертизасининг ўзига хос хусусиятлари, экспертиза ўтказишнинг процессуал тартиб-қоидалари, алоҳида экспертиза турларини ўтказишнинг хусусиятлари ҳамда мазкур соҳадаги ўзгаришлар, муаммо ва унинг ечимлари, экспертиза Марказлари билан хамкорлик механизмини сифатли йўлга қўйиш борасида фикр ва мулоҳазалар алмашилади.