ЎЗАРО ТЎҚНАШГАН АВТОМОБИЛЛАРНИНГ ИДЕНТИФИКАЦИЯ ҚИЛИШДА ТРАСОЛОГИК ЭКСПЕРТИЗАНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИ

   Ф.А.Хамраева – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази давлат суд эксперти.

 

Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари ва транспорт воситаларини бошқариш қоидаларини бузиш билан боғли жиноят (маъмурий) ишларни тергов қилишда, кўп ҳолларда, содир бўлган йўл-транспор ҳодисаси айбдорлари ҳодиса жойидан яширинган тергов вазиятлари учраб туради. Бундай ҳолатларда, тергов органлари олдида, қидирилаётган автомобилни содир бўлган ҳодисада иштирок этганлигини исботлаш вазифаси туради. Бу ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга суд-трасологик экспертиза амалий ёрдам бериши мумкин. Мазкур илмий мақоланинг ҳажми кичиклигини инобатга олиб, шунингдек, турли йўл-танспорт ҳодисалари жараёнида ҳосил бўладиган изларнинг хилма-хиллиги ва кўплигини ҳисобга олган ҳолда, ўзаро тўқнашган аавтомобилларни идентификация қилиш масаласига тўхталиб ўтмоқчимиз.

Шундай қилиб, тўқнашиб кетган аниқ бир транспорт воситасини аниқлашда, объектив табиий қонуниятлар асосида ишлаб чиқилган криминалистик идентификация қоидаларига таяниш лозим бўлади, чунки айнан уларга асосланиш кўрилатган иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга ёрдам беради. Хусусан, бу каби ҳолатларда қуйидаги учта постулатни (қонуният, қоида) инобатга олиш зарур:

а) моддий борлиқнинг (дунё) буюм (предмет) ва ҳодисалари индивидуал ва бетакрордир (такрорланмас);

б) моддий борлиқнинг объектлари нисбатан ўзгармасдир (барқарор);

в) моддий борлиқинг объектлари ва ҳодисалари ўзаро боғлиқ (сабабий алоқадорликда) ва ўзаро таъсирлашади.

Айнан шу ҳодисалар, текширилаётган (қидирилаётган) автомобилларда, уларни иденификация қилиш имконини берадиган белгиларни ҳосил бўлиш шароитларини бир-биридан фарқлашга ёрдам беради. Бу каби белгилар турлича ва хилма-ҳил бўлиши мумкин. Масалан, идентификациялаётган объектнинг хосса ва хусусиятлари ҳажмидан келиб чиқиб, бундай белгилар умумий (бир гуруҳ объектларнинг хосса ва хусусиятларини акс эттирувчи) ва хусусий (гуруҳ ичидан аниқ бир объектни ажратиш имконини берадиган) бўлиши мумкин. Идентификацияланаётган объектнинг айнан қайси томони (қисми, элементи) белгиларни ҳосил қилганлигига боғлқ ҳолда, белгилар ташқи тузилиш (ранги, шакли, ўлчамлари, сиртининг рельеи ва ҳ.к.) ва ички тузилиш (материали, тузилиши, физикавий, кимёви, биологик хусусиятлари ва ҳ.к.) белгиларига бўлинади. Ундан ташқари, айрим белгилар предметнинг (буюм) мазмун-моҳиятини акс эттиради ва улар “зарур белгилар” (масалан, фақат автомобилга тегишли белги, велосипедга эмас) деб аталади, бошқа бир белгилар буюмни мазмуни акс эттирмайди (масалан, фақат транспорт воситаларига тегишли бўлмаган нуқсонларни ифодаловчи белгилар).

Далилларни идентификация қилиш ва баҳолаш учун жуда муҳим бўлиб, белгиларни индивидуаллаштирувчи (алоҳидалаштирувчи – айнан бир объектгагига хос бўлган) ва гуруҳий (объектларнинг маълум бир гуруҳига хос бўлган) турларга ажратиш ҳисобланади.

Йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган жойда автомобилларга хос бўлган белгиларнинг ўзи билан эмас, балки уларнинг акслари – излар билан ишлашга тўғри келади. Айнан шу изларнинг турлича таҳлил қилиш усуллари идентификация жараёнининг асоси ҳисобланади. Бу идентификация жараёни дастлабки тадқиқот ва баҳолаш, алоида (батафсил) тадқиқотлар, таққослаш тадқиқотлари ва тадқиқотлар натижаларини баҳолаш каби босқичлардан иборат бўлади[1].

Дастлабки тадқиқот ва баҳолаш босқичида аввало автомобилларнинг тўқнашиш ҳолати мавжудлиги аниқланади. Жумладан, ҳодиса содир бўлган жойда автомобилларнинг бир-бири билан тўқнашганлик белгилари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

– текширилаётган автомобилнинг кузови ва бамперидаги яққол ифодаланган бурчакли чегара ҳамда шаклга эга эзилишлар, шунингдек қатиқ автомбилнинг объект билан тўқнашганлигини билдирувчи бошқа шикастланишлар;

– автомобилнинг турли агрегат ва механизмларининг, тўқнашишнинг ката кнетик энергияисини ифодаловчи жиддий шикастланишлари;

– автомобилнинг ёриткич фаралари, пешойна ва ён ойналари шишасининг синган парчалари, бампер бўлаклари ҳамда ҳодиса содир бўлган жойда аниқланган автомобилга тегишли бўлмаган бшқа қисмлар;

– бошқа транспорт воситасидан келиб чиққан, бегона лок-бўёқ қопламасининг парчалари (қолдиқлари, қатламли тушган излари);

– йўл қатнов қисмидаги, икки ва ундан кўпроқ транпсорт воситаларининг тормозланиши натижасида ҳосил бўлган резина излари.

Таъкидлаш жоизки, юқорида санаб ўтилган излардан идентификация жараёнида, ҳодиса содир бўлган жойдан қочиб кетган автомобилнинг ўзи тақдим қилинганида фойдаланиш мумкин. Одатда, бундай автомобилни қидириш тезкор-қидирув йўллари билан амалга оширилади. Тергов ҳаракатлари жараёнида яширинган автоомбилни топишга эришилган бўлса ва у таъмирланмаган бўлса, бу автомобилда юқоридаги каби излар аниқланиши мумкин.

Эксперт кўздан кечириши жараёнида объектларнинг дастлабки тадқиқотлари ҳам бажарилади. Бу жараёнда, автомобилни идентификация қилишда қуйидаги излар муҳим аҳамият касб этади:

а) ҳар икки транспорт воситаларидаги ўзаро мос келган излар;

б) идентификацияланаётган автомобилдан синиб тушган (ажралиб қолган) шиша парчалари ва кузови қисмининг бўлаклари;

в) йўл қатнов қсмидаги ғилдирак излари.

Масалан, автомобиллардаги ўзаро мос келадиган излар (асосан жойлашиш баландлиги бўйича), статик ва динамик изларни тегишли методлар ва асбоб-ускуналар (ўлчаш, фотосуратларини солиштириш, микроскопик тадқиқотлар) ёрдамида тадқиқ қилиш қоидалари бўйича ўрганлиши мумкин. Бироқ таъкидлаш жоизки, ўзаро мос келувчи излар ҳар доим ҳам идентификация қилиш имконини бермайди, чунки айрим ҳолларда бундай изларни айнан текширилаётган икки автомобилларни тўқнашиши натижасида ҳосил бўлганлигини аниқ белгилашнинг иложи бўлмайди. Шунга қарамасдан, кўп ҳолларда айнан шу каби излар ёрдамида авомобилларни идентификация қилиш мумкин бўлади.

Шу сабабдан, автомобиллар тўқнашувларида қисмларга кўра бир бутунни аниқлаш бўйича трасологик тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, бу каби тадқиқотлар жараёнида, ҳодиса содир бўлган жойдан олинган ёриткич фараси шиша парчаларининг гуруҳий мансублиги билан бирга, айнан шу (ҳодиса содир бўлган жойдан олинган) парчалар айнан текширилаётган автомобилг тегишли эканлигини аниқлаш имкони юзага келади. Чунки, шиша маҳсулотлари шикастланганида ҳосил бўладиган шиша парчалари, уларнинг молекуляр тузилишига боғлиқ ҳолда, бетакрор шаклга ва бошқа индивидуал белгиларга эга бўлади.

Юқоридагилардан ташқари, транспорт воситаларининг гуруҳий идентификация қилиш жараёнида тормозланиш изларининг экспертизаси ҳам фойдали бўлиши мумкин. Бу каби экспертиза натижасида, тормозланиш изларини қолдирган автомобилнинг русумини тахминан аниқлаш мумкин бўлади. Бунинг учун автомобил ғилдиракларининг тормозланиш излари ҳошиялари орасидаги масофа текширилади, таъкидлаш жоизки, бу каби масофа бир русумдаги ёки бир сериядаги автомобиллар учун ўзига хос хусусиятга эга бўлади. Шунингдек, айнан тормозланиш излари ҳошияларининг кенглиги ҳам, транспорт воситаси ғилдираги шинаси ҳақида фикр юритишга имкон беради.

Кўриниб туридики, трасологик экспертиза ҳодиса содир бўлган жойдан яширинган автомобилларни идентификация қилишда жуда кенг имкониятларга эга. Бироқ, бу турдаги экспертиза тадқиқотларнинг натижалари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона, аниқланган белгиларнинг гуруҳий ва индивидуал хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўтказилиши лозим. Ундан ташқари, бу каби жиноят ишлари бўйича кўрилаётган иш ҳолатларини тўлиқ аниқлаш мақсадида, суд-автотехникавий ҳамда материаллар, ашёлар ва буюмларнинг криминалистик экспертизаларини ҳам тайинлаш тавсия этилади. Чунки, юқорида таъкидланган барча турдаги экспертизаларни ўтказиш натижасидагина юз берган ҳодиса ҳақида аниқ маълумотлар бера олиши мумкин. Шу сабабли, терговчиларга Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 173-моддасида белгиланган қоидаларга қатъий риоя этиш тавсия этилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, ҳар қандай фан соҳаси каби криминалистика ҳам ривожланиб боради ва шу боис, криминалистлар (олимлар, амалиётчи ходимлар) трасологик экспертизаларни ўтказиш методикалари самарадорлиги, ушбу методикаларни қўллаш натижаларида олинган белгиларнинг идентификацион аҳамиятини янада ошириш ва юксалтириш борасида мунтазам фаолият олиб бормоқдалар.

 

[1] Kriminalistika: darslik. I-jild. – T.: TDYI nashriyoti, 2008. – Б. 30; Криминалистика: учебник. / Под ред. А.Г.Филиппова. – М.: Высшее образование, 2007. – С. 29-30.

Skip to content