Замонавий ахборот технологияларини амалиётга тадбиқ этиш – давр талаби

Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий соҳада, шу жумладан ахборот-коммуникация технологиялари, замонавий ахборотлашган жамиятни шакллантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан ва аниқ мақсадни кўзлаб амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда ахборот-технологиялари ривожи энг юқори чўққиларга эришилганлиги натижасида дунёнинг ривожланган давлатлари, жумладан мамлакатимизда ҳам давлат органлари ва идораларининг иш юритувида электрон ҳужжат тарзида иш юритиш оммалашиб бормоқда.

Суд экспертизаси амалий фаолият соҳаси сифатида турли хил элементларнинг, шу жумладан муаммоларни тартибга солиш, манфаатдор томонларнинг ҳолати ва функцияларини, техник воситалар тизими ва илмий асосларнинг мураккаб тизимидир. Шунинг учун бундай мураккаб тизим техник воситалардан фойдаланмасдан мавжуд бўлмайди ва ривожланмайди. Бугунги кунда улар орасида ахборот технологиялари алоҳида ўрин эгаллайди.

Суд экспертизаси деганда, илм-фан, технология, амалий фанлар бўйича махсус билим талаб қилинадиган ва эксперт, суд, суд-тергов органи, суриштирувчи шахс томонидан экспертиза ўтказиладиган масалалар бўйича тадқиқот ўтказиш ва эксперт хулосасини беришдан иборат бўлган, терговчи томонидан муайян бир ишда исботланиши лозим бўлган ҳолатларни аниқлаш учун протсессуал ҳаракат тушунилади.

Замонавий амалиётда жиноятларни аниқлаш ва тергов қилиш жараёнида турли хил математик ва ҳисоблаш ускуналари жумладан замонавий ахборот технологиялари воситаларидан кенг фойдаланилади.

Кўплаб тадқиқотларда кўп қиррали кибернетик усуллардан кенг фойдаланилади ва ушбу усуллар ўзининг универсаллиги билан ажралиб туради.

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ қонун устуворлигини таъминлаш ва суд ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар қаторида 2019-йил 17-январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4125-сон «Суд экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарори қабул қилинди.

Мазкур “Йўл харитаси”нинг 20-банди ижроси юзасидан автоматлаштирилган ахборот-қидирув тизимлари ва компьютер дастурлари, электрон маълумотлар базаларини жорий қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Ушбу чора тадбирлар дастурига биноан суд экспертиза муассасаларида қуйидагиларни назарда тутувчи автоматлаштирилган ахборот-қидирув тизимлари ва компьютер дастурлари, электрон маълумотлар базаларини жорий этиш кўзда тутилган:

– суд экспертларининг автоматлаштирилган иш ўринларини ташкил этиш;

– эксперт хулосаларини рўйхатга олиш ва буюртмачиларга юбориш, шунингдек, суд экспертларининг қўшимча материаллар тақдим этилишини сўраб киритган илтимосномаларини юбориш ва уларни тақдим қилиш муддатларини қисқартириш мақсадида идоралараро электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий қилиш;

– кўрилаётган иш натижасидан манфаатдор бўлган томонлардан бирининг ёки бошқа шахсларнинг фойдасига хулоса олиш учун суд экспертига таъсир кўрсатиш ҳолатлари, шунингдек, суд эксперти томонидан коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида тадқиқот объектларини шифрлаш (кодлаш) тизимини тўлиқ жорий этиш;

– суд экспертизаларини ўтказиш кетма-кетлиги, шунингдек, уларнинг муддатини тўхтатиш ва узайтиришни назорат қилиш имконияти.

     Ушбу чора тадбирлар дастурига кўра, 2019 йил июль – 2020 йил декабрь ойлари оралиғида “Суд экспертизалари ҳисоби тизими” ахборот тизимини (кейинг ўринларда Тизим) ишлаб чиқиш ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар билан интеграция қилиш белгиланган.

Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида ҳам бу борада бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган 2020 йилда Марказга оптик алоқа тармоғи ва ички локал тармоқ тўлиқ тортилди, 40 Мб/с бўлган интернет тармоғига уланди ва интернет “Kerio Control” дастури ёрдамида тартибга солинмоқда.

Марказнинг расмий веб сайти sudex.uz тўлиқ, янгидан ишлаб чиқилди ва маълумотлар билан тўлдириб борилмоқда.

Марказнинг расмий электрон почта манзили ва вилоят бўлимлари билан маълумот алмашинувни амалга ошириш учун почта сервер ишлаб чиқилди ва ҳужжатлар алмашинуви электрон кўринишга ўтказилди.

Марказнинг facebook.com ижтимоий тармоғида расмий саҳифаси очилди ва Марказ расмий веб сайти Киберхавфсизлик маркази ДУК томонидан ахборот хавфсизлиги бўйича экспертизадан ўтказилди. Бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларга фойдали бўлган маълумотлар билан тўлдириб борилмоқда.

Шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупция ҳолатларини олдини олиш мақсадида ўтказиладиган тендер, конкурс ва танловлар Марказ расмий веб сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаси орқали он-лайн режимда узатилмоқда.

Шунингдек, Марказ АРМ А. Навоий номидаги Миллий кутубхона фондига уланди ҳамда “АРМАТ” электрон кутубхона дастури ўрнатилди ва бугунги кунда кутубхона фонди электронлаштирилмоқда.

Марказ “AV.IJRO.UZ” электрон ҳужжат айланиш тизимига уланди, бугунги кунда ушбу тизим орқали Марказда хужжатларнинг электрон айланиши йўлга қўйилган. Бу эса ҳужжатларни ўз вақтида қонуний ҳал этилиб, жавоблар юборилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Марказга IP телефон тармоғи ва алоқа қурилмалари ўрнатилди. Бугунги кунда Марказда “Grandstream Networks” компаниясининг телефон, мини АТС, VoIP шлюз қурилмаси ўрнатилган ва “SIP trunk” хизматига уланган. Бунинг натижасида келажакда “Call centre” хизматини ташкил этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПҚ-4125-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 20-банди ижроси таъминланиб, Марказ ва унинг вилоят бўлимлари тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга бўлган ягона “Суд экспертизалари ҳисоби тизими” ахборот тизими ишлаб чиқилди. Ушбу тизимнинг амалиётга жорий этилиши Марказ ва унинг вилоят бўлимларига экспертиза тайинлаш ҳақида келиб тушаётган ҳужжатларни ўз вақтида кирим қилиш, тадқиқотлар ўтказиш муддатларига қатъий риоя қилиш ҳамда тадқиқотлар натижасида берилган хулосаларни экспертиза тайинлаган орган ва фуқароларга қонунда белгиланган муддатларда юборишга хизмат қилмоқда.

Давр талабидан келиб чиқиб, Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази учун “Электрон таълим платформаси” онлайн тизими ишлаб чиқилди ва 2021 йилнинг дастлабки ойида 50 дан ортиқ тингловчиларни онлайн тарзда ўқитишга эришилди.

Марказда пуллик хизмат кўрсатишни қулайлаштириш мақсадида “payme” электрон пул ўтказмалари тизимига уланди. Бу эса жисмоний ва юридик шахсларга бир қанча қўлайликларга эга бўлишига хизмат қилмоқда.

 

Х. Сулаймонова номидаги
Республика суд экспертизаси
маркази директори ўринбосари
Т. Орзиев

Skip to content