Қайта тайёрлаш ўқув курcи тингловчилари томонидан малакавий иш (реферат)ни бажариш, ҳимояга тақдим этиш ва баҳолаш тартиби тўғрисида НИЗОМ

  Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Илмий кенгашининг 2020 йил 9 сентябрдаги 5/20 – сон қарорига 3-илова
  1. Умумий қоидалар
  2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
    17 январдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4125-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 мартдаги “Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этишга оид низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 180-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг
    2020 йил 8 сентябрдаги “Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 544-сон қарорига асосан ишлаб чиқилди ва нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд экспертлари (кейинги ўринларда Суд экспертлари деб аталади)ни қайта тайёрлаш ўқув курсининг тингловчилари томонидан малакавий иш (реферат)ни бажариш қўйиладиган талабларни, тақризлаш ва ҳимояга тақдим этиш тартибини ҳамда баҳолаш мезонларини белгилайди
  3. Малакавий иш (реферат) (кейинги ўринларда Малакавий иш деб юритилади) қайта тайёрлаш курслари ўқув дастурларини ўзлаштириш жараёнида суд экспертлик мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш курсининг тингловчилари эгаллаган билимлари асосида муайян бир ҳуқуқ соҳасидаги илмий-амалий муаммони мустақил равишда, назарий ва амалий жиҳатдан тадқиқ қилиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган ўқув жараёнининг якуний босқичи ҳисобланади.
  4. Қайта тайёрлаш курси тингловчилари томонидан малакавий ишни тайёрлаш, ҳимояга тақдим этиш ва баҳолашнинг мақсади бўлиб тингловчиларда таҳлилий фикрлаш, янги билим ва кўникмаларни мустақил равишда эгаллаш ҳамда улардан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш ҳисобланади.
  5. Малакавий ишни бажаришдан мақсад тингловчиларда таълим йўналиш бўйича назарий ва амалий билимларни мустаҳкамлаш ҳамда улар томонидан илмий-методик ишнинг мантиқий тугалланган ечимини мустақил бажарилган иш сифатида шакллантириш ва тақдим этишдан иборат.
  6. Малакавий ишни тайёрлаш, ҳимояга тақдим этиш ва баҳолашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

тингловчиларда тадқиқот мавзуси доирасида муаммоларни аниқлаш кўникмаларини шакллантириш;

аниқланган мавзу доирасида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, илмий-амалий мақолалар, суд-тергов амалиёти материаллари, статистик маълумотлар ва бошқа материаллар билан тизимли ишлаш кўникмаларини ривожлантириш;

тингловчилар томонидан ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш;

тингловчиларнинг мустақил тадқиқот билан шуғулланиш кўникмаларини ривожлантириш ва методик жиҳатдан йўналтириш;

тадқиқот мақсадини амалга ошириш учун белгиланган услубларни тўғри татбиқ этиш;

тадқиқот иш ва унинг хулосаларини мантиқий кетма-кетлик ва юридик-лингвистик қоидалар асосида тўғри расмийлаштириш кўникмаларини ривожлантириш.

  1. Тингловчилар малакавий ишни курс якунида ёзма шаклда тайёрлайди.
  2. Қайта тайёрлаш курси тингловчилари томонидан малакавий ишни ҳимоя қилиш Қабул комиссиясида амалга оширилади.
  3. Малакавий ишнинг мавзуси
  4. Малакавий иш мавзуси мутахассислик кўникмаларини ривожлантиришнинг, шунингдек экспертлик (тадқиқот) методикасининг долзарб жиҳатларига боғланиш ва илмий – услубий асосланган тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилган бўлиш лозим.
  5. Малакавий ишларнинг намунавий мавзулари рўйхати масъул бўлим ёки лаборатория (бундан кейин матнда Таркибий бўлинма деб юритилади) ёхуд Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази (бундан кейин матнда Ўқув маркази деб юритилади) томонидан шакллантирилади ва Қабул комиссияси томонидан тасдиқланади.
  6. Малакавий иш мавзулари рўйхати ўқув жараёнининг биринчи ҳафтасида тингловчиларга эълон қилинади.
  7. Тингловчиларга малакавий иш мавзуларини танлаш ҳуқуқи берилади.
  8. Тингловчи томонидан танланган мавзудан келиб чиқиб, унга педагог ходимлар ёки амалиётчи мутахассислар орасидан илмий раҳбар бириктирилади. Тингловчининг малакавий иш мавзуси ва унга бириктирилган илмий раҳбар Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
  9. Малакавий иш мавзуси ва малакавий ишнинг илмий раҳбари (бундан кейин матнда Илмий раҳбар деб юритилади) Ўқув маркази тақдимномасига биноан ўқув жараёни бошлангандан кейин икки хафта муддат ичида Марказ директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
  10. Илмий раҳбар мавзу тасдиқлангандан кейин бир хафта муддат ичида тингловчига мавзуга доир материалларни тўплаш ва малакавий ишни бажариш бўйича бегишли (1-илова) топшириқ варақасини беради.
  11. Тингловчи топшириқ варақасини олгандан сўнг малакавий иш мавзусига оид материалларни тўплай бошлайди. Топшириқ варақаси раҳбар ҳамда Ўқув маркази томонидан тасдиқланади. Топшириқ варақасида малакавий иш мавзуси, таркибий бўлинма, тингловчининг исми, шарифи, отасининг исми (агар тингловчи ишлаётган бўлса ташкилот номи ва лавозими) кўрастилади. Топшириқ варақаси малакавий ишни бажариш давомида тингловчида сақланади.

Топшириқ варақаси малакавий иш билан биргаликда Қабул комиссиясига тақдим этилади.

  1. Малакавий ишни тайёрлаш ва унинг мазмунига қўйиладиган талаблар
  2. Малакавий иш тингловчининг экспертиза тадқиқоти ўтказиш амалиётини ҳуқуқий таҳлил қилишга, назарий билимлар ва амалий кўникмаларини шакллантиришга, ҳуқуқий манбалар билан ишлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шарҳлаш ва қўллаш кўникмаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган бўлиш лозим.
  3. Малакавий ишнинг мазмуни ва белгиланган муддатларда тайёрланишга, шунингдек илмий раҳбар билан келишлган муддатларда ундан конструктив йўналишлар олишга тингловчи шахсан масъул ҳисобланади.
  4. Илмий раҳбар:

малакавий иш режасини тузишда тингловчига кўмаклашади;

малакавий ишни тайёрлаш бўйича маслаҳатлар беради;

илмий, методик, ўқув ва бошқа адабиётлар, маълумот ва архив материалларини ҳамда тегишли маслаҳатларни тавсия этади;

тингловчига мавзуга оид топшириқ ва кўрсатмалар беради;

малакавий ишнинг ўз вақтида тайёрланиш ҳамда белгиланган талаблар асосида тўғри расмийлаштирилишни назорат қилади;

малакавий ишга хулоса беради;

малакавий ишни тайёрлашда қайтарилиш ёки бошқа манбалардан сўзма-сўз кўчирилишга йўл қўйилмайди.

  1. Малакавий иш қуйидаги таркибий қисмлардан:

мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда титул варақ;

мундарижа;

кириш;

асосий қисм;

хулоса;

фойдаланилган адабиётлар рўйхати;

иловалар (мавжуд бўлса) иборат бўлади.

  1. Малакавий ишнинг кириш қисми қуйидагиларни:

малакавий иш мавзусининг долзарблиги ва унинг асосланиш;

малакавий ишнинг объекти ва предмети;

малакавий ишнинг мақсади ва вазифалари;

малакавий ишни тайёрлашда фойдаланилган адабиётлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қисқача ўзаро таҳлили;

малакавий ишнинг назарий ва амалий аҳамияти;

малакавий иш тузилмасининг тавсифини ўз ичига олади.

  1. Малакавий ишнинг асосий қисми камида икки бобдан иборат бўлиб, боблар ҳажм жиҳатидан ўзаро мутаносиб бўлиш керак.

Асосий қисмида қуйидагилар кўрсатилиш лозим:

малакавий ишни тайёрлашда фойдаланилган адабиётлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва илғор хорижий тажрибаларнинг қиёсий таҳлили;

малакавий ишнинг амалий қисми баёни.

  1. Малакавий ишнинг хулоса қисмида мавзу бўйича умумлаштирилган хулоса, таклиф ҳамда тавсиялар қисқа ва аниқ кўрсатилади.
  2. Малакавий ишга унинг мазмунини баён этиш учун бевосита зарур бўлган, мавзуга доир қўшимча маълумотларни ўз ичига олган материаллар илова қилиниш мумкин.
  3. Малакавий иш тингловчи томонидан мустақил равишда тайёрланиб, муаллифликни ўзлаштириш (плагиат)га йўл қўйилмайди. Малакавий ишда қоғоз ёки электрон кўринишда нашр қилинган ўзга матндан олинган манбаага ҳеч қандай ҳавола қилмаган ҳолда ишлатиш ёки олинган манбаага ҳавола қилинган бўлсада, лекин ўзлаштиришларнинг ҳажми ва характери тингловчининг ишни ёки унинг аксарият қисмини мустақил ёзилганлигига шубҳа уйғотадиган даражада ўзлаштирилган бўлса плагиат деб топилади. Бундай вазиятда тингловчининг малакавий иш 0 балл билан баҳоланади.
  4. Тадқиқот ишда фойдаланилган илмий-амалий мақолалар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, статистик маълумотлар, суд қарорлари ва бошқа амалиёт материаллари, хорижий тиллардаги адабиётлар таҳлили тўлиқ, шунингдек уларда билдирилган фикрлар юзасидан тингловчининг танқидий ёндашуви мавжуд бўлиш, хулосада илгари сурилган тавсиялар эса малакавий ишнинг асосий қисми билан узвий боғлиқ бўлиш лозим.
  5. Малакавий ишнинг бажарилиш ҳолати бўйича ҳисобот муддатлари Ўқув маркази томонидан белгиланади. Тингловчи малакавий ишнинг бажарилиш ҳолати ҳақида раҳбар ва Ўқув марказига ҳар ўн кунда ҳисобот беради.
  6. Раҳбар ва Ўқув маркази малакавий ишнинг тайёрлик даражасини аниқлаб боради. Ўқув маркази малакавий ишларнинг бажарилишни мониторингини юритади.
  7. Малакавий иш таълим олиб борилган тилда ёки Ўқув маркази тавсиясига мувофиқ хорижий тиллардан бирида ҳам бажарилиш мумкин.
  8. Малакавий ишнинг мазмунига қуйидаги талаблар қўйилади:

танланган мавзунинг долзарблигини асосланиш;

ишнинг мақсади ва вазифаларининг тўғри белгиланиш;

бажарилаётган илмий-услубий ишнинг ўрганилиш ҳолати таҳлил қилиниш ва умумлаштирилиш;

иш ижодий тавсифга эга бўлиш, тингловчининг илмий-методик ишни мустақил бажаришга қобилияти борлигини кўрсатиш;

самарали ечимлар методик жиҳатдан асослаб берилиш ва экспертлик фаолиятида қўллаш йўлларини кўрсатилиш;

хулосалар тўғри шакллантирилиш, натижалар таҳлил қилиниш ва уларни қўллаш бўйича таклифлар киритилиш лозим.

  1. Малакавий ишни расмийлаштириш ва ҳимояга тақдим этиш
  2. Малакавий иш матни А4 форматда стандарт оқ қоғознинг бир томонида қўлёзма шаклида ёзилади. Унда матн тушунарли, мантиқан тугалланган, чиройли ёзувда бўлиш талаб этилади. Малакавий ишнинг ҳажми ўртача 25 (йигирма беш) бетдан кам бўласлиги керак ва иловалар бунга кирмайди.
  3. Малакавий иш матни варақнинг чап томонидан 30 мм, юқори ва пастки қисмидан 20 мм, ўнг томонидан 15 мм қолдириб, бир хил (кўк) рангдаги шарикли ручкада ёзилади (чизма схемалар қаламда бажарилади). Малакавий ишнинг матнида ўчирилган сўзлар ва ўзгартиришларга йўл қўйилмайди.
  4. Малакавий ишнинг бетлари изчил кетма-кетликда рақамланиш лозим, бунда иловалар алоҳида рақамланади. Бетнинг тартиб рақами варақнинг пастки ўнг бурчагида 2 рақамидан бошлаб ёзилади. Биринчи бетида 1 рақами қўйилмайди. Хатбоши беш-олти белгига тенг ва бир хилда бўлиш лозим.
  5. Белгиланган тартибда расмийлаштирилган малакавий иш тингловчи томонидан малакавий иш раҳбарига тақдим этилади.
  6. Малакавий иш раҳбари ва таркибий бўлинма раҳбари малакавий ишни талаб даражасида бажарилганлиги ҳақидаги ўз хулосаларини Ўқув маркази мудирига тақдим этади.
  7. Малакавий иш илмий раҳбари малакавий иш тўғрисида 1-2 бетдан иборат ёзма хулоса тайёрлайди ва таркибий бўлинма раҳбари билан биргаликда имзолайди, хулосада қўйидаги малакавий иш мезон кўрсаткичлари баён этилади:

а) тайёрланиш сифати;

б) мавзунинг долзарблиги, назарий ва амалий аҳамиятининг очиб берилиш;

в) мустақил бажарилганлиги ва ижодий ёндошилганлиги;

г) мақсад ва натижаларнинг мослиги;

д) белгиланган тартибда расмийлаштирилганлиги;

е) ахборот технологиялардан фойдаланилганлиги;

ж) хулоса ва тавсияларнинг асосланганлиги;

з) мавзуга оид фойдаланилган адабиётларнинг тўғри танланганлиги.

  1. Малакавий иш таркибий бўлинма раҳбари ва малакавий иш илмий раҳбарининг хулосаси билан малакавий ишни ҳимояга тавсия этиш учун Ўқув марказига тақдим этилади.
  2. Қабул ўтказилишдан, қоида тариқасида икки ҳафта олдин Қабул комиссияси малакавий ишни дастлабки ҳимоядан ўтказади.
  3. Тингловчи дастлабки ҳимояда тайёрлаган тўлиқ ҳолатдаги тадқиқот иш билан иштирок этиш шарт.
  4. Дастлабки ҳимояда комиссия тингловчининг малакавий иш бўйича тайёргарлигини текширади, камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар беради. Дастлабки ҳимояда иштирок этмаган ёки тайёргарлиги қониқарсиз деб топилган тингловчига Қабул комиссиясида малакавий ишни ҳимоя қилишга рухсат этилмаслиги мумкин.
  5. Малакавий иш тингловчи томонидан бир нусхада тайёрланиб, Қабул ўтказилишдан камида бир ҳафта олдин илмий раҳбар хулосаси ва электрон варианти (СD дискда) билан бирга Марказнинг Ўқув марказига топширилади. Ўз вақтида топширмаган тингловчилардан малакавий иш фақат Марказ директорининг рухсати билан қабул қилиниш мумкин.
  6. Тингловчиларнинг малакавий ишлари Марказ Ўқув маркази томонидан Қабул комиссиясига ҳимоя учун тақдим этилади.
  7. Ўқув маркази томонидан ҳимояга тавсия этилган малакавий иш тегишли ихтисослик бўйича ташқи тақризга юборилиш мумкин.
  8. Тақризчилар сифатида олий ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасаларининг профессор – ўқитувчилари жалб қилиниши мумкин.
  9. Ташқи тақриз малакавий иш кўрсаткичлари асосида тайёрланади.

  1. Малакавий иш ҳимоясини ташкил қилиш
  2. Тингловчиларнинг малакавий ишни ҳимоя қилиши тасдиқланган жадвал асосида Қабул комиссияси томонидан ўтказилади.
  3. Малакавий иш ҳимояси Қабул комиссиясининг очиқ мажлисларида ўтказилади ҳамда комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.
  4. Малакавий иш ҳимояси оғзаки равишда, иш ёзилган тилда ўтказилади. Ҳимоя жараёни, қоида тариқасида, аудио, фото ва видеоёзувда қайд этилади.
  5. Тингловчига малакавий ишни ҳимоя қилиш учун 10-15 дақиқа вақт берилади. Ҳимоя жараёнида тингловчига малакавий иш бўйича тайёрланган тақдимотни намойиш этиш тавсия этилади.
  6. Малакавий иш ҳимояси замонавий ахборот технологиялари воситасида тақдимот (презентация) шаклида ташкил этилади ва ўтказилади.
  7. Ўқув марказида малакавий ишлари ҳимоясини тақдимот шаклида ташкил этиш учун махсус жиҳозланган ўқув хоналари белгиланиш мумкин.
  8. Қабул комиссияси малакавий ишга қўйилган талабларга риоя қилинганлигини аниқлаш ва баҳолашда мазкур Низомнинг
    2-3-бобларида назарда тутилган қоидаларга асосланади.
  9. Қайта тайёрлаш курси тингловчиларининг малакавий ишлари қуйидаги мезон кўрсаткичлари (бундан буён матнда малакавий иш кўрсаткичлари деб юритилади) асосида 100 баллик тизимда баҳоланади:

а) тайёрланиш сифати;

б) мавзунинг долзарблиги, назарий ва амалий аҳамиятининг очиб берилиш;

в) мустақил бажарилганлиги ва ижодий ёндошилганлиги;

г) мақсад ва натижаларнинг мослиги;

д) белгиланган тартибда расмийлаштирилганлиги;

е) ахборот технологиялардан фойдаланилганлиги;

ж) хулоса ва тавсияларнинг асосланганлиги;

з) мавзуга оид фойдаланилган адабиётларнинг тўғри танланганлиги;

и) тақдимот ва берилган саволларга жавобларнинг тўлиқлиги.

  1. Малакавий иш кўрсаткичлари ҳимояда иштирок этган Қабул комиссиясининг ҳар бир аъзоси томонидан қўйилган баллар ўртачаси ҳисобидан аниқланади.
  2. Ҳимоя жараёнида Қабул комиссиясининг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил равишда ҳар бир тингловчига алоҳида балл қўяди (2-илова)ва Қабул комиссияси котиби томонидан умумлаштирилади (3-илова).
  3. Қабул комиссиясининг бутун фаолияти ва тингловчиларга қўйилган баллар мажлис баённомаси билан расмийлаштирилади.
  4. Малакавий иш Қабул комиссияси томонидан 100 баллик тизим асосида бутун сонлар билан баҳоланади. Малакавий иш бўйича тўпланган балл белгиланган умумий баллнинг 55 фоизидан ортиқ бўлганда тингловчи қониқарли баҳоланган деб ҳисобланади ва тингловчиларга шу куннинг ўзида эълон қилинади.
  5. Якуний аттестация якунлари бўйича қониқарсиз баҳо олган тингловчиларга кейинги қайта тайёрлаш курсида такроран топширишга имконият берилади.

Такроран малакавий ишни ҳимоя қилишни истаган талабгор кейинги қайта тайёрлаш курси Қабул комиссияси мажлиси ўтказилишдан бир ой олдин Қабул комиссия раиси номига ариза билан мурожаат қилади. Бундай ҳолатда такроран топшириш имконияти фақат бир марта берилади.

  1. Ҳимоя қилинган малакавий иш тингловчига қайтарилмайди ва Марказда бир йил давомида сақланади.
  2. Малакавий иш ҳимояси натижаларини апелляция тартибида кўриб чиқиш
  3. Тингловчи малакавий иш ҳимояси натижаларидан норози бўлган тақдирда малакавий иш бўйича баллар эълон қилингандан сўнг уч кунлик муддатда Қабул комиссияси раиси номига апелляция шикоятини бериш мумкин. Мазкур ҳолатда Марказ директорининг буйруғи билан апелляция комиссияси тузилади.
  4. Апелляция комиссияси аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
  5. Апелляция комиссияси малакавий иш ҳимоясида тингловчининг берган жавобларини видео тасмаларни кўриш орқали қайта текширувдан ўтказади ва шу куннинг ўзида хулосасини эълон қилади. Апелляция комиссияси томонидан малакавий ишни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишга йўл қўйилмайди.
  6. Тингловчининг аризасини кўриб чиқиш натижаси бўйича апелляция комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

қўйилган балларни ўзгаришсиз қолдиради;

қўйилган балларни ўзгартиради.

Тингловчининг апелляция шикоятини кўришда унинг илгари олган рейтинг баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.

  1. Якуний қоидалар
  2. Мазкур низомда белгиланган қоидаларнинг қўлланилиш бўйича низолар қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.
  3. Мазкур Низом Марказнинг Илмий кенгаши қарори билан тасдиқланган.

Киритилди:

Суд экспертларининг малакасини

ошириш ўқув маркази мудири                                                      У.Эрназаров

Келишилди:

Директорнинг экспертлик фаолияти

ва илмий ишлар бўйича ўринбосари                                            У.Узаков

Адлия вазирлиги Юридик таълим ва суд

экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш

бошқармаси етакчи мутахассиси                                                 М.Бозоров

Кадрлар бўлими бошлиғи                                                             А.Ниязметов

Бош юрисконсульт                                                                        Б.Махсадов

Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик

билан алоқалар бўлими бошлиғи                                                С.Саидходжаев

Сифат менеджементи бўлими бошлиғи                                     Д.Тошева

Skip to content