Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Илмий кенгашининг 2020 йил 9 сентябрдаги 5/20-сон қарорига 2-илова |
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4125-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулайманова номидаги Республика суд экспертиза маркази фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда суд экспертларини малакасини ошириш тизимини ташкил қилиш тўғрисида”ги 206-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 мартдаги “Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш бўйича низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 180-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 544-сон қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази (бундан буён матнда Марказ деб юритилади)да давлат суд экспертиза муассасалари суд экспертларининг ҳуқуқий билими ва малакасини ошириш ҳамда нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини қайта тайёрлаш, малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш курсларини (бундан буён матнда Ҳуқуқий билим ва малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курслари деб юритилади) масофадан ўқитишни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
- Умумий қоидалар
- Масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали ҳуқуқий билим ва малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш онлайн (видеомаърузалар, маслаҳатлар, назорат турларини масофадан туриб реал вақт режимида ўтказиш) ва оффлайн (масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-методик ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) шаклида амалга оширилади.
- Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
масофавий ўқитиш – таълим тизимининг барча таркибий қисмларини (мақсад, мазмун, метод, таълимнинг ташкилий шакллари, таълим воситалари) ўзида акс эттирувчи ва интернет-технологияларнинг ўзига хос воситалари ёки интерфаолликни назарда тутувчи бошқа воситалар билан амалга оширилувчи, ўқитувчи ва таълим олувчининг масофадан амалга оширилувчи хатти-ҳаракати;
ўқув контенти – таълим жараёнида фойдаланиш учун масофавий таълим платформасига жойлаштириладиган видео дарслар, тақдимотлар, маърузалар, адабиётлар (манбаалар) ва ўқув-методик материаллар;
видеоконферецналоқа – масофада жойлашган абонентларнинг реал вақт режимида видео ахборотни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда алмашиш имкониятини яратувчи видеоалоқа хизмати;
видеоконференция – масофавий ўқув тизимида қўлланиладиган видео-технологиялардан бири бўлиб, бундай таълим жараёнида тингловчи ва профессор-ўқитувчи ўртасидаги муносабатлар (ўзаро алоқа) махсус жиҳозлар ёрдамида реал вақт режимида амалга оширилади;
вебинар – глобаль Интернет тизимида видеомаъруза, веб-конференция ва онлайн учрашув ўтказиш имконини яратиш, кўргазмали тақдимотларни видео-эшиттиришлар билан бир қаторда ихтиёрий сессия қатнашчисига қулай кўринишдаги файллардан фойдаланиш ҳамда модуллар бўйича масъул профессор-ўқитувчидан маслаҳат олиш;
буюртмачи – ходимлар ёки шахсан ўзи масофавий таълим тизимида ҳуқуқий билим ёки малака ошириш ёхуд қайта тайёрлаш истагини билдирган юридик ва жисмоний шахслар;
тингловчи – Марказ директори буйруғи билан ҳуқуқий билим ёки малака ошириш ёхуд қайта тайёрлаш курсига қабул қилинган шахс;
техник мутахассис – онлайн шаклида масофадан ўқитиш курсларини видеоконференция ва вебинар махсус дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тизимини техник қўллаб-қувватлашни амалга оширувчи шахс;
тьютор (консультант, маслаҳат берувчи шахс) – масофавий ҳуқуқий билим ва малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш жараёнида тегишли ўқув модули бўйича тингловчилар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва йўналтирувчи, методик ёрдам кўрсатувчи, ўқиш ва билиш назоратини амалга оширувчи шахс.
- Масофавий ўқитиш курслари тингловчиларнинг ҳуқуқий билими, малакаси ва касбий даражасининг доимий ўсиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва ҳар томонлама кўмаклашиш, замонавий талабларга мувофиқ уларни мунтазам равишда ҳуқуқий билими ёки малакасини ошириш ёхуд қайта тайёрлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш асосида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш сифатини тубдан оширишга йўналтирилади.
- Ҳуқуқий билим ва малака ошириш ҳамда қайта тайёрлашнинг масофавий шакли (кейинги ўринларда Масофавий таълим шакли деб аталади) заруратга қараб буюртмачи билан келишган ҳолда ишлаб чиқилган тегишли ўқув дастурлари асосида Марказ томонидан ташкил этилади.
- Масофадан туриб амалга ошириладиган таълим ахборот-коммуникация технологияларига асосланади, тегишли соҳа йўналишларнинг ўқув дастурига мос ҳолда ишлаб чиқилган ўқув-методик ресурслар асосида ва асосий ишдан ажралмаган ҳолда ташкил этилади.
- Масофавий шаклдаги курсларда машғулотларни ўтказганлик учун ўқув юкламасининг ҳажми профессор-ўқитувчиларининг ўқув юкламаси ҳажмини ҳисоблашнинг вақт меъёрлари асосида аниқланади.
- Масофавий таълим жараёнига юқори малакали ҳуқуқшунос олимлар, тажрибали амалиётчи ходимлар ва хорижий давлатлардан мутахассисларни белгиланган тартибда шартнома асосида (шу жумладан, соатбай ҳақ тўлаш асосида) жалб қилиниши мумкин.
- Ҳуқуқий билим ёки малака ошириш ёхуд қайта тайёрлаш курслари тингловчиларнинг билимини назорат қилиш, баҳолаш ва якуний аттестациясини ўтказиш Марказнинг ички ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
- Масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали ҳуқуқий билим ва малака ошириш ёки қайта тайёрлаш харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
- Онлайн шаклида ташкил этиладиган масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали ҳуқуқий билим ва малака ошириш ёки қайта тайёрлаш курсларида ўқиш давомийлиги давлат талабларида белгиланган муддатларда, оффлайн шаклида ташкил этиладиган масофавий малака ошириш курсларида ўқиш давомийлиги кўпи билан уч ойни ва қайта тайёрлаш курсларида ўқиш давомийлиги камида олти ойни ташкил этади.
- Масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали ҳуқуқий билим ва малака ошириш ёки қайта тайёрлаш курсларини муваффақиятли тамомлаган ва якуний аттестацияда муваффақиятли ўтган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификат берилади.
- Масофавий таълимнинг мақсад ва вазифалари
- Масофавий ўқитиш тизимининг мақсади – онлайн ва офлайн ўқитиш технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда ўқув курсларини ташкил этиш, курс тингловчилари ҳамда ташкилотчиларининг ўзаро виртуаль алоқасини таъминлаш ҳамда курс материалларини ишдан ажралмаган ҳолда интернет тармоғи орқали ўзлаштириш, шунингдек ўзлаштириш натижаларини мониторингини юритишдан иборат.
- Масофавий таълимнинг асосий вазифалари:
сифатли таълим олиш ва интеллектуал қобилиятларни ривожлантиришда шахснинг эҳтиёжларини қондириш;
мутахассисларнинг касбий даражасини ошириш ва уларнинг мустақил билим олиш эҳтиёжларини қондириш;
мамлакатнинг ҳар қандай ҳудудида ва унинг ташқарисида тенг таълим олиш имкониятларини тақдим этиш;
ўқитишнинг замонавий технологияларини жорий этиш йўли билан таълим олиш сифатини ошириш;
узлуксиз таълим олиш учун шарт-шароитлар яратиш ва интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш;
таълим хизматларининг барча турлари ва шаклларини такомиллаштириш ҳамда ривожлантириш;
давлат талабларига мувофиқ модуллар асосида юқори сифатли ўқитишни таъминлаш.
- 3. Масофавий таълимташкилотчиларива уларнинг вазифалари
- Масофавий таълим ташкилотчилари Марказ ва буюртмачилар ҳисобланади.
- Марказ:
масофавий ўқитиш фаолиятига ўқув-услубий раҳбарликни амалга оширади;
масофавий таълим усули орқали ўқитиладиган ўқув курслари учун ўқув дастурларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда унинг мунтазам янгиланиб боришини таъминлайди;
ҳуқуқий билим ва малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курсларининг тегишли ўқув-услубий ресурсларини ишлаб чиқади, курслардаги ўқув машғулотларини онлайн ва оффлайн шаклларида ташкил этишни янада такомиллаштиради;
инновацион илмий ютуқларни, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни, масофадан ўқитишни кенгайтиришни назарда тутувчи техника ва технологияларни таълим тизимига жорий этади;
ўқув курсида таълим олиш ва ўқитиш жараёни мониторингини олиб боради.
- Буюртмачилар:
кадрларни масофавий ўқув курсига жалб этиш ҳақида буйруқ чиқаради (шахс ариза беради) ва унинг нусхасини Марказга юборилишини ҳамда платформага жойлаштирилишини таъминлайди;
масофавий таълим олувчи кадрлар таркибини шакллантиради ва масофавий ўқув курси бошланиши эълон қилинган кундан эътиборан уч кунлик муддатда Марказнинг расмий веб-сайти орқали масофавий таълим платформаси дастурига улар (шахс ўзи)ни рўйхатдан ўтишини ташкиллаштиради;
тингловчилар сафига қабул қилинган кадрларининг масофавий ўқув курсларида қатнашишларини таъминлайди;
кадрларга масофавий таълим олиш жараёнида зарур шарт-шароитлар яратиб беради;
масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали ҳуқуқий билим ва малака ошириш ҳамда қайта тайёрлашнинг ўқув-методик материалларини ишлаб чиқишга кўмаклашади.
- Масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали ҳуқуқий билим ва малака ошириш ёки қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш
- Масофадан ўқитиш интерфаоллик, бошланғич билимлар, индивидуализация, идентификация, ўқитишнинг тартиби, ўқитишнинг очиқлиги ва мосланувчанлигини таъминлаш принципларига асосланади.
- Масофавий таълим шакли бўйича ўқитиш жараёнида тингловчилар фаолияти, таълим жараёнини мувофиқлаштириш ва йўналтириш Суд экспертларининг малакасини ошириш ўқув маркази (бундан буён матнда Ўқув маркази деб юритилади) ходимлари таркибидан Марказ директорининг буйруғи билан бириктириладиган тьютор (консультант, маслаҳат берувчи шахс) томонидан амалга оширилади.
- Масофадан ўқитиш усуллари асосидаги курсларда ўқув машғулотлари онлайн ва оффлайн шаклларда ташкил этилади.
4.1.Онлайн шаклида масофадан ўқитиш курсларини ташкил этиш
- Видеоконференция ва вебинар махсус дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Ўқитишнинг мазкур усуллари тингловчи ва профессор-ўқитувчилар ўртасида ўзаро алоқани таъминлаш учун махсус жиҳозлар билан таъминланган махсус хоналарда реал вақт режимида амалга оширилади.
- Масофадан ўқитиш Марказ ва буюртмачи билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган ўқув дастури ва ўқув режаси асосида ташкил этилади.
- Онлайн шаклида масофадан туриб ўқишга қабул қилинган ходимлар касбий йўналиши бўйича гуруҳларга (қоида тариқасида 10 нафардан кам бўлмаган, бироқ
25 нафардан ошмаган) бўлинган ҳолда ўқитилади, уларнинг ўқиш вақти ва муддати буюртмачи томонидан тақдим этилган буюртмага мувофиқ Марказ томонидан тайёрланган ҳамда тегишли тартибда тасдиқланадиган тақсимот-режага мувофиқ белгиланади.
Ходимларнинг масофавий таълим олиш учун жойлардан махсус жиҳозланган ўқиш хоналарига етиб келиши тақсимот-режага асосан тегишли буюртмачилар томонидан таъминланади.
- Онлайн шаклида масофадан ўқитиш таълим иштирокчилари профессор-ўқитувчилар, тингловчилар ва администратордан иборат бўлади.
- Онлайн масофавий таълим бошланишдан 10 дақиқа олдин масофавий таълим ўқув курси тингловчилари белгиланган жойда бўлишлари лозим.
- Камера тўғридан-тўғри аудиторияга ўрнатилган бўлиши ва маърузачи камера объектига қараб машғулот ўтказади ва машғулотни бошлашдан аввал ўзини таништиради.
- Онлайн масофавий таълим тизимининг доимий ишчи ҳолатида бўлиши учун жойлардаги техник мутахассис ва Марказ администратори томонидан тегишли қурилмаларнинг техник ҳолати назорати амалга оширилади.
- Онлайн масофавий таълим бошланишидан аввал видеоалоқа тизими олдиндан техник мутахассислар ва Марказ админстратори томонидан синовдан ўтказилиб, ишчи ҳолатга келтирилади.
- Вебинар машғулотларни олиб бориш учун педагогларнинг олдига веб-камера ўрнатилиб, у томонидан ташкил этилган машғулот тармоқ орқали намойиш этилади.
Машғулот иштирокчилари ўртасидаги алоқа веб-илова хизмати орқали таъминланади. Вебинарга уланиши учун тингловчи ўз манзилини сайт манзилидаги браузер қаторига киритиши зарур.
- Вебинар машғулотлари тўғрисида Марказ расмий веб-сайтида эълон берилади ва унда машғулотнинг номи, вебинар машғулотни олиб борувчи ҳақида маълумот, машғулот санаси, бошланиш вақти ва давомийлиги, машғулот мақсади ва вазифалари ва кутилаётган натижалар кўрсатилади.
4.2.Оффлайн шаклида масофадан ўқитиш курсларини ташкил этиш
- Масофавий таълим курслари бошланиши тўғрисидаги маълумот машғулотлар бошланишидан 10 кун олдин Марказ веб-сайтининг “Масофавий таълим бўлими”га жойлаштирилади.
- Буюртмачи масофавий таълим тизимида ҳуқуқий билим ёки малака оширадиган ёхуд қайта тайёрлаш курсида иштирок этадиган тингловчилар тўғрисидаги рўйхатни шакллантириб, ушбу рўйхатни ўқув курси бошланишидан ўн кун олдин Марказга тақдим этади ва шу асосда Марказ директорининг буйруғи билан курс иштирокчилари масофавий таълим курси тингловчилари сафига қабул қиланади.
- Марказ директорининг буйруғи билан масофавий таълим курсига қабул қилинган тингловчиларга администратор томонидан амал қилиш муддати бир ойгача бўлган электрон логин ва парол берилади, қайта тайёрлаш курсларида эса бу муддат камида олти ойни ташкил этади.
- Буюртмачи масофавий ўқув курси бошланган кундан эътиборан беш кунлик муддатда тингловчилар сафига қабул қилинган (ходим)ларни Марказ расмий
веб-сайти орқали масофавий таълим платформасида шахсий профилини шакллантириш ва уларни рўйхатдан ўтишини ташкиллаштиради. - Тингловчи ўзига тегишли логин ва парол ёрдамида Марказ веб-сайтининг “масофавий таълим бўлими”га кириб, ўзига тегишли малумотларни тасдиқлайди ва тингловчининг ўқув ресурсларидан фойдаланишига рухсат берилади.
- Тингловчи “масофавий таълим бўлими”да жойлаштирилган ўқув курсига тегишли ўқув модуллари мавзу (маъруза, видеомаъруза, тақдимот слайдлари, глоссарий)си билан танишади ва модуллар бўйича берилган топшириқларни бажаради. Тингловчи томонидан модуллар бўйича топшириқларни бажариш белгиланган кетма-кетликда амалга оширилади.
- Тингловчининг ҳуқуқий билим ёки малака ошириш ёхуд қайта тайёрлаш йўналиши бўйича дастлабки билим, кўникма ва малакасининг шаклланганлик даражасини аниқлаш учун синов тести ўтказилиши мумкин. Тест синовларидан олинган натижалар ўқиш жараёнига таъсир кўрсатмайди.
- Тингловчи ҳуқуқий билим ва малака ошириш ёки қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш жадвалига қатъий амал қилиши ҳамда ўқув жараёнларида шахсан ўзи иштирок этиши ва ўқув курси бошланган кундан эътиборан беш кунлик муддатда масофавий таълим платформаси орқали шахсий маълумотларини тасдиқлаши шарт.
- Ўқув курси бошланган кундан эътиборан беш кунлик муддатда масофавий таълим платформаси орқали шахсий маълумотларини тасдиқламаган ва белгиланган ўқиш муддати давомида ўқув дастурини якунламаган тингловчи масофавий таълим курсидан ўтмаган деб ҳисобланади ва қайднома варақасида қайд этилади. Бундай ҳолда тингловчи ўқув курсини қайтадан ўқийди.
- Тингловчи ўқув режадаги ҳар бир модулни ўзлаштиргандан кейин тегишли назорат топшириқларини бажаради. Бунда тингловчига ҳар бир модул бўйича умумлашган тест саволлари берилади. Тест саволлари тегишли ўқув дастури модуллари доирасида тузилади. Тест синовларининг натижалари шу вақтнинг ўзида эълон қилинади.
Мазкур тест синовининг натижалари тингловчининг ўқиш давомидаги ўзлаштириш кўрсатгичлари якуний тест синови ҳамда имтиҳон (суҳбат)да қатнашишига тўсқинлик қилмайди.
- Якуний тест синови оффлайн шаклида тест топшириқларини бажариш ҳамда суҳбат шаклидаги имтиҳон онлайн шаклида реал вақт режимида ёхуд Марказда ташкил этилиши мумкин. Якуний аттестация бўйича биринчи босқичдаги тест синовлари ва иккинчи босқичдаги билет орқали суҳбат шаклидаги имтиҳон ўтказиш тартиби Қабул комиссиясининг қарори билан белгиланади.
- Тингловчи синов имтиҳони оффлайн шаклида тест топшириқларини бажариш усулида топширганида унга ўқув курси давомида ўқитилган барча мавзулар бўйича тузилган 100 тадан кам бўлмаган миқдорда тест саволлари масофавий таълим платформаси орқали тақдим этилади. Тингловчи ушбу тест саволларини бажаради ва унинг натижаси дарҳол эълон қилинади. Максимал балнинг 55 фоизидан юқори балл тўплаган тингловчи синов имтихонидан ўтган ҳисобланади. Белгиланган баллни тўплай олмаган тингловчиларга яна бир бор тест синовини қайта топшириш учун имконият берилади. Қайта топширишдан ҳам ўтаолмаган тингловчи масофавий таълим курсини қайта ўқиши шарт.
- Тингловчилар томонидан топширилган тест натижалари автомотик равишда масофавий таълим платформаси дастури орқали қайднома варақасида умумлаштирилади ва ушбу қайднома варақаси Ўқув маркази мудири, тюьтор ва админстатор томонидан имзоланади. Мазкур қайднома варақасида тўпланган натижалар сертификат расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.
- Масофавий таълим иштирокчилари ва уларнинг вазифалари
- Масофавий таълим иштирокчилари таълим олувчилар (тингловчи), профессор-ўқитувчилар, тьютор, администратор ҳисобланади.
- Тингловчи:
ўқув курси учун белгиланган вақт режимида тегишли ўқув материалларини модуллар кесимида тўлиқ ўзлаштириш;
модулни ўзлаштириш учун берилган топшириқларни ўқув курси режимида белгиланган вақтда ва шахсан бажариш;
ҳар бир модул якуни бўйича синов топшириш;
Марказдан берилган логин ва паролни ҳамда шахсий кабинетидан бошқа шахсларга фойдаланиш учун рухсат бермаслик;
ҳар бир модул натижаси бўйича оралиқ ва якуний тестларни топшириш;
тизимда ташкил этилган семинар, конфренция, давра суҳбати ва бошқа тадбирларда қатнашиш;
курс якуни бўйича белгиланган шаклдаги сўровномада иштирок этиш ва таклифлар билдириш.
- Профессор-ўқитувчилар тингловчилар учун ўқув-методик қўлланмалар, маъруза, видеомаъруза, тақдимот слайдлари ва глоссарийлар тайёрлайди ва тингловчилар билан онлайн ва оффлайн муносабатлар ўрнатган ҳолда ўқитишни амалга оширади.
- 46. Тьютор:
ўқув курси натижаси бўйича ҳисоботларни тайёрлайди, қайднома варақасини тасдиқлайди;
тингловчиларни ўқув жараёнларида бўладиган ўзгаришлар билан хабардор қилади;
тингловчилар ва профессор-ўқитувчиларга масофавий таълим тизимини ташкиллаштириш бўйича маслаҳатлар беради;
таълим олувчиларнинг ўзлаштириш натижаларини рўйхатга олади;
тингловчилар фаоллиги мониторингини юритади.
- 47. Тингловчилар билан доимий алоқа боғлаш, тингловчиларга зарур методик ёрдам бериш, машғулотларни бажариш юзасидан назоратни амалга ошириш ва тингловчилар билимларини баҳолаш тьюторнинг вазифаларига киради. Тьютор топшириқларнинг тингловчи томонидан бажарилишини холисона баҳоланиши учун жавоб беради. Тьютор билан алоқа электрон почта, телефон ва бошқа электрон алоқа воситалари ёрдамида амалга оширилади.
- 48. Администратор:
расмий веб-сайтнинг узлуксиз ишлашини, ундаги маълумотларни мунтазам янгилаб борилишини ва хавфсизлигини таъминлайди;
тизимга техник хизмат кўрсатади ва тингловчиларга тизимдан фойдаланиш ва технологик масалалар бўйича маслаҳатлар беради;
масофавий ўқув курсларида таълим олувчиларнинг аутентификация (логин ва парол асосида фойдаланувчининг аслини аниқлаш) қилинишини таъминлайди.
- Масофавий таълим курслари учун ўқув контентларни яратиш
- 49. Масофавий таълим курслари учун ўқув контентлари профессор-ўқитувчилар ва тегишли мутахассислар томонидан тайёрланади ва Марказнинг Илмий кенгашида муҳокама қилиниб, масофавий таълим жараёнида фойдаланиш учун тавсия этилгандан сўнг масофавий ўқитиш платформасига жойлаштирилади.
- 50. Марказ профессор-ўқитувчиларининг масофавий таълим платформасида жойлаштирилган материаллар мажмуаси амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни эътиборга олган ҳолда ҳар чоракда янгилаб борилади.
- Якунловчи қоидалар
- 51. Марказнинг Ўқув маркази Марказда ҳуқуқий билим ва малака оширган ёки қайта тайёргарликдан ўтган тингловчиларнинг умумий статистикасини юритиб боради, тингловчилар ҳақидаги маълумотларни масофавий таълим тизимига киритади ва масофавий таълим жараёнларини кузатиб боради.
- 52. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Киритилди:
Суд экспертларининг малакасини
ошириш ўқув маркази мудири У.Эрназаров
Келишилди:
Директорнинг экспертлик фаолияти
ва илмий ишлар бўйича ўринбосари У.Узаков
Адлия вазирлиги Юридик таълим ва суд
экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш
бошқармаси етакчи мутахассиси М.Бозоров
Кадрлар бўлими бошлиғи А.Ниязметов
Бош юрисконсульт Б.Махсадов
Халқаро ҳамкорлик ва жамоатчилик
билан алоқалар бўлими бошлиғи С.Саидходжаев
Сифат менеджементи бўлими бошлиғи Д.Тошева